Home / Савол-жавоблар / Ижтимоий-иқтисодий / Спиртли ичимлик бўлган ресторанда ишлашга рухсат берилганми?

Спиртли ичимлик бўлган ресторанда ишлашга рухсат берилганми?

 

Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят. Саволим шуки, спиртли ичимлик ёки чўчқа гўшти пишириладиган ресторанларда ишлаш ёхуд Исроилга ёрдам берадиган муассасаларда фаолият юритиш шариати исломияда тақиқланганми?

Яъни қуйидаги иш ва касблар ҳаром этилганми?

1. Мусулмон ва мусулмон бўлмаганларни чўчқа гўшти ёки спиртли ичимлик билан меҳмон қиладиган жойда ишлаш.

2. Исроил давлатига молиявий ёрдам кўрсатадиган компания ва муассасаларда ишлаш.

Жавоблар учун олдиндан раҳмат.

Ҳурмат билан Муҳаммад

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ва алайкум ассалом. Мужтаҳидларимизнинг мазкур саволларингизга жавоблари қуйидагича:

Юқоридаги савол Оятуллоҳ ал-Узмо Саййид Али Ҳусайний Хоманаийдан қуйидагича: Чўчқа гўштини консервалаш ёки тунги клуб, ишратбозлик ва фисқ-фужур жойларда ишлашга шариатда рухсат берилганми? Ва бундан келган даромад ва иш ҳақи қандай ҳукмга эга? – деб сўралганда шундай жавоб берганлар:

«Чўчқа гўшти ва спиртли ичимликларни сотиш, тунги клубларни ҳамда ишратбозлик, фисқ-фужур, фоҳишабозлик, қимор ўйинлари ва майхўрлик жойлар ва шунга ўхшашларни яратиш ва бошқариш жоиз эмас ва бу йўллар билан пул топиш ҳаромдир. Инсон бу ишлар эвазига олган маошининг эгаси бўлмайди».

Манба: Оятуллоҳ Хоманаий, «Ажвибатул-истифтоъот», 239-бет, 1088-савол ва шунингдек, 242-бет, 1095-савол ва 243-бет, 1096-бет.

Мусулмонлар яҳудийларнинг компания ва муассасаларига ишга ўтишлари агар улар Исроилга ёрдам беришларини билсалар, у ерда ишлаш жоиз бўладими? Ва агар Исроилга ёрдам беришларини билмаган тақдирда ўша жойларда ишлаб кунлик даромад олиш қандай ҳукмга эга? – деб сўралган саволнинг иккинчи қисмига шундай жавоб берганлар:

«Ундай жойларга ишга ўтиш жоиз эмас ва уларнинг берган иш ҳақи ва маошлари ҳаромдир. Иккиланганда ҳам бундай ташкилотларга кирмаслик керак».

Манба: Оятуллоҳ Хоманаий, «Имом Хумайний тавзийҳул масоилининг ҳошияси», 2-жилд, 813-бет.

Юқоридаги саволнинг жавоби Оятуллоҳ ал-Узмо Саййид Али Ҳусайний Систонийнинг фатволарига биноан қуйидагича:

Ҳеч бир мусулмонга спиртли ичимликни ҳатто уни ҳалол деб ҳисоблаганларга ҳам етказиб бериши жоиз эмас. Шунингдек пиёла, коса ва идишларни ювиш ва умуман майхўрликка хизмат кўрсатиш ҳисобланган ҳар қандай ишни бажариш жоиз эмас (242-масала).

Мусулмон кишига ресторанларда спиртли ичимликлар сотиш ва мижозларга олиб бориб қўйиш ёки спиртли ичимликлар ичилган идишларни ювиб тозалаш каби ишларни қилиш жоиз эмас. Шунингдек, бундай ишларни қилиш эвазига иш ҳақи ва маош олиш ҳаромдир, баъзилар пул бизга керак бўлгани сабаб бундай ишларни қилишга ўзимизда зарурат ва эҳтиёжмандлик сезганмиз, – деб ишларини оқлашлари тўғри бўлмай қабул қилинмайди (243-масала).

Мусулмон киши ўйин-кулги бўладиган, умуман ҳаром ишларга олиб борувчи гуноҳ-маъсият ва бузуқликлар рўй берадиган жойларга бориб ишлаши жоиз эмас (244-масала).

https://www.sistani.org/persian/book/53/235/

Демак, мужтаҳидларимизнинг фатволаридан келиб чиқиб айтамизки, спиртли ичимлик ёки чўчқа гўшти пишириладиган ресторанларда ишлаш ёхуд Исроилга ёрдам берадиган компания ва муассасаларда фаолият юритиш шаръан жоиз эмас ва бундай иш тақиқланган ҳамда бундай ишлар билан қўлга киритилган даромат ва пул ҳалол бўлмайди.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.