Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Дин ўзи нима ва диндор деб кимга айтилади?

Дин ўзи нима ва диндор деб кимга айтилади?

Ассалому алайкум Нажот кемаси жамоаси. Саволим бор эди; диндор деб кимга айтилади? Диндор деб фақат Ислом динига тобе бўлганларга айтиладими ёки яҳудий ва християн динида бўлганларга ҳам диндор деб айтиладими? Улар ҳам диндор бўла оладиларми? Ёки дин фақат Ислом дин бўладими ва қолган динлар дин эмасми? Умуман ўзи дин нима ва диндор ким?

Ҳурмат билан

Бекзод

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ва алайкум ассалом Ҳурматли Биродар.

Инсониятнинг бу дунёда саодатли ва покиза ҳаёт кечириши ва охиратда эса жаннат аҳлидан бўлиши учун Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан танланган хос инсонлар бўлмиш пайғамбарларга юборилган илоҳий таълимот ва кўрсатмаларга «ДИН» дейилади. Дин деб номланган ушбу таълимот ва кўрсатмалар ақоид ва дунёқараш ҳавзасини, нимани бажариш керагу нимани тарк этиш лозим бўлган илоҳий қонунлар, яъни шариат ҳукмлари ҳавзасини ҳамда гўзал юриш-туриш ва чиройли феъл-атворларни баён этувчи ахлоқ ҳавзасини ўз ичига олади.

Биз мусулмонларнинг эътиқодига биноан, «ДИН» Аллоҳ таоло томонидан белгилангани сабаб, шубҳасиз, тавҳид ва яккахудоликка асосланган бўлиб, Аллоҳ таоло инсонлар ҳидояти учун юборган «Улул азм» пайғамбарлар, яъни янги самовий ва илоҳий китобга эга, янги шариат ва кўрсатмалар келтирувчи беш нафар пайғамбарлар орқали инсониятга баён этилган. Улар ҳазрати Нуҳ (алайҳис салом), ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом), ҳазрати Мусо (алайҳис салом), ҳазрати Исо (алайҳис салом) ва ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)лар бўлиб, бирин-кетин ҳидоят байроғини қўлга олиб, тарихнинг хос бир босқичида инсонларнинг ҳидоят ва такомил топиши учун саъй-ҳаракат қилганлар ва башарият тўдасини бир босқичдан олиб ўтиб, кейинги босқичда уларни сўнгги «Улул азм» пайғамбарга топширганлар.

Мазкур пайғамбарларга юборилган янги самовий ва илоҳий китоб ҳамда янги таълимот ва кўрсатмалар асосида «ДИН»нинг асл тавҳидий маъно-моҳияти сақланиб қолган бўлса-да, бироқ ҳар бир даврнинг тақозоси ва шароитига кўра, айрим янги таълимот ва кўрсатмалар кейинги пайғамбарга туширилиши билан «ДИН»нинг узвий қисмлари бўлган ақоид ва дунёқараш, илоҳий қонунлар бўлмиш шариат ҳукмлари ва чиройли феъл-атворларни баён этувчи ахлоқий йўл-йўриқлар такомил топиб бораверган.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мазкур «Улул азм» пайғамбарлар ўртасидаги оралиқ замонда минглаб пайғамбарларни инсониятнинг ҳидояти ва саодати учун юбориб турган. Улар ўзларидан олдинги «Улул азм» пайғамбарларнинг келтирган дин, шариат ва самовий китобларини ўз замоналаридаги халққа баён қилиб бериш билан бирга, «Улул азм» пайғамбар келтирган динни сақлаб қолиш учун тиришиб бу йўлда улкан ҳисса қўшганлар. Ҳатто ҳазрати Довуд пайғамбар ва ҳазрати Ирмиё пайғамбар каби уларнинг баъзиларига олдинги динни мустаҳкамлаш учун саҳифалар ҳам нозил бўлган.

Охирги пайғамбар Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг замонига келганда, бу даврдаги инсоният карвони маърифат нуқтаи назаридан мақсадга анча яқинлашиб қолгани ва шунингдек, йўлни давом эттиришга ўзи қодир бўлгани боис, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келтирган сўнгги дин – Ислом дини энг тараққий топган дин бўлгани учун бошқа бир янги дин ва шариатнинг келишига ҳеч бир эҳтиёж йўқ эди. Шунинг учун, Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг наздида мақбул дин бу – энг сўнгги илоҳий дин бўлмиш Ислом, деб айтилган:

إِنَّ الدِّينَ عِندَ اللَّهِ الْإِسْلَامُ ۗ

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир» (Оли Имрон сураси, 19-оят).

Юқоридаги айтилганлардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, яҳудий ва християн динлари ҳам ўз замонасида тўғри ва Аллоҳ таолонинг наздида қабул бўлган динлардан ҳисобланган. Аммо охирги дин, яъни Ислом дини келганидан кейин эса Худонинг наздидаги ягона мақбул дин бу – Ислом дини бўлгани учун қолган динлар насх қилинган, яъни бекор қилинган ва шунинг учун ер юзидаги ҳамма инсонлар охирги дин бўлмиш Ислом динига иймон келтириб унга эътиқод қилишлари керак. Демак, ушбу маънода яҳудий ва християн динларига эътиқод қилувчиларни «диндор» деб бўлмайди.

Лекин шунга қарамай, Ислом динининг ҳақ эканлиги уларга ҳозирча исбот бўлмаган айрим яҳудий ва християнлар эса агар ўз динларидаги йўл-йўриқ ва кўрсатмаларнинг тўғрилигига ишониб амал қилсалар, уларга ҳам «диндор» деб айтиш мумкин. Зеро, бундайларга Ислом динида «мустазъаф», яъни ҲАҚ ва ҲАҚИҚАТ қулоғига етиб бормаган заиф ва нотавон инсонлар дейилади ва уларни қиёмат кунида дўзах аҳлидан деб айтолмаймиз, балки агар улар шу ҳолда оламдан ўтсалар, ҳадиси шарифларда айтилишича, улар жаннатнинг қуйи мартабасига ёки беҳишт ва дўзах ўртасидаги Аъроф деган жойга юбориладилар. Фақат шарти шуки, улар «мустазъаф» бўлиб қолишларида ўзларидан айб ўтмаган ва сустлик қилмаган бўлишлари зарур.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.