Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Бир неча диний савол-жавоблар (3)

Бир неча диний савол-жавоблар (3)


Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят сизга омад тилайман. Бир неча саволларим бор, шуларни сизлардан сўрамоқчиман:
1. Эснаганда оғизни ёпиш керакми ёпмаса шайтон кирадими?
2. Аёл киши эри томонидан кимларга маҳрам-у кимларга номаҳрам бўлади ва яна бир савол ўз қариндошлари, яъни амма-холаларининг эрлари маҳрам бўладими?
3. Эркак кишининг қаери аврат ҳисобланади? Тиззадан тепада турган шортикларни кийиш мумкинми?
4. Ҳозирги кунда кўп ҳижобли қизлар тор кийим ва шимларни кийиб юришибди, айтингчи шу тўғрими ва яна румолни ҳам ёпиштириб ўрашади, айтингчи ҳақиқий кийиниш қандай бўлиши керак? Ҳозирги ёшлар қандай кийиниши керак, яъни ўғил боллар ҳам?
5. Ақиқанинг гўштини онаси ейиши макруҳ деган экансиз, нима учун? Менинг онам эса кўпроқ онаси есин деб айтадилар, қувват бўлсин деб.
6. Интернет орқали тил ўрганса бўладими, яъни форс тилини?
7. Ҳалол деб чиқарилган калбасаларни истеъмол қилса бўладими?
8. Жума куни мусулмонлар учун қандай кун, яъни қандай афзаллиги бордир?
9. Қабр устига тош қўйса бўладими у ерда ётганларга зарари йўқми ва яна аёл киши борса бўладими?
10. Аёл кишига маҳрга нима берса бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
1. Эснаганда оғизни ёпиш Ислом одобларидандир. Оғизни ёпмасдан эснаш макруҳ ва беадабликдир. Аммо Шайтон кирадими йўқми бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасмиз ва асосан маъсумлардан содир бўлган ҳадиси шарифларда бу борада бирор нарса дейилмаган.
2. Эри томонидаги қариндошлардан аёлга фақат қайнота, қайнотанинг отаси ва бобоси маҳрам бўлади. Лекин қайни ва қайноғалари маҳрам эмас. Хола ва аммаларининг эрлари ҳамда синглиси ва орасининг эрлари номаҳрамдирлар. Худди шундай аёлга эрининг тоға ва амакилари ҳам номаҳрам бўладилар. Номаҳрам бўлганлар билан қўл бериб кўришиш ҳаром бўлиб, улардан ўзининг белгиланган жойларини беркитиш эса вожибдир.
3. Эркак кишининг аврати киндигидан тиззаларининг юқорисигачадир. Яъни бу оралиқдаги баданининг қисми аврат бўлиб, уни беркитиш вожибдир. Шунинг учун калта шортик кийиш жоиз эмасдир.
4. Ҳижоб баданга ёпишиб турмаслиги ва шунингдек, рўмолни ёпиштириб ўрамаслик ва кўкрагининг шакли билиниб турмаслиги зарур. Аммо шим кийиш масаласига келсак, аёлларнинг шим кийишлари (албатта, ҳижоблари остидан) мустаҳабдир ва Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шим кийган аёлларни дуо қилганлар. Бир куни бир аёл туянинг устидан йиқилиб тушади. Ўша пайт Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалари билан ўтиб кетаётган эдилар. Йиқилган аёлнинг кўйлагининг этаги кўтарилиб кетади. Агар у аёл шим киймаганида эди, оёқлари ҳам кўринган бўлур эди. Шунинг учун Сарвари олам ўша аёлни дуо қиладилар. Аммо йигитларга нисбатан айтадиган бўлсак, улар ҳам ҳаёли бўлишлари керак. Жуда тор шим кийиш ёки шортик кийиш жоиз эмас. Чунки, бу кийим ҳам фасодга етаклайди.
5. Ақиқанинг гўштини туққан аёл ейиши макруҳ дейишимиздан сабаб, қўй сўйилаётганда икки жон саломат бўлсин, ҳар хил бало-қазодан асрасин, келадиган балоларга бу қўй каффорат бўлсин дейилади. Шунинг учун аёл ва чақалоқ касалланмаслиги учун бу гўштни емаслиги афзал. Аммо қувват бўлади дейилса, бошқа оддий қўй гўштидан унга пишириб бермоқ керак.
6. Интернет орқали форс тилини ўрганиш ҳақида бизнинг маълумотимиз йўқ.
7. Нафақат колбаса, балки ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотига ишончли ширкат томонидан «Ҳалол» маркаси урилган бўлса, сиз учун ҳужжатдир, бемалол есангиз бўлади.
8. Жума куни мусулмонлар учун улуғ кунлардан ҳисобланади. Бунинг бир неча сабаблари бор:
I. Жамоат намози ва хутба ўқилади, мусулмонлар ўзларининг мушкулотлари билан ўртоқлашиб уни ҳал қилишади.
II. Аллоҳ таоло бу кунни мусулмонлар дам оладиган кун деб эълон қилган.
III. Бу кун «Ҳажжул масокин», яъни фақирлар ҳажи дейилади. Ҳажга боришга қурби етмайдиган мусулмонлар етти марта жума намозига қатнашса, бир марта ҳажга борганлик савобини олади.
IV. Имом Замон ҳазрат Маҳдий (а.с) зуҳур бўладиган кундир.
9. Қабр устига тош қўйиш шаръий жиҳатдан ишкали йўқ. Аёл киши ҳам эркак кишига ўхшаб вафот этганида қабрга қўйилади. Шунинг учун қабристонга бориши нафақат ҳаром эмас, балки мустаҳабдир. Ҳар мусулмон эркак кишими ёки аёлми қабристон зиёратига бориб туриши керак. Бу ишга ҳам Қуръони Карим ва ҳамда ҳадиси шарифлар буюради.
10. Аёл кишига нимани маҳрга бериш икки ёшнинг ўзаро келишган нарсасига боғлиқ. Масалан, ҳаж сафари, тилла узук, юз ёки минг доллар ва ҳоказоларни аёлга маҳр қилиб белгилаш мумкин, яъни бу ҳақда ҳеч қандай аниқ тавсия айта олмаймиз. Лекин шу нарсани айта оламизки, яхши аёл иймонлироғи ва маҳрни камроқ олувчисидир. Шу нарсани билишингиз керакки, маҳр бу савдо-сотиқ эмас, балки аёлга бериладиган ҳадядир ва уни тасарруф қилиш фақат ўша аёлнинг ихтиёридадир.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.