Home / Долзарб мавзулар / Саҳобалар / Саҳобa деб айтилган Муовия ким бўлган ва У нима ишларни қилган?

Саҳобa деб айтилган Муовия ким бўлган ва У нима ишларни қилган?

 

1432) Савол: Саҳобa Муовия ким бўлган? Айтишларича, Муовия аҳли байтнинг қотили эмиш. Бу сўзларни катта исломий професcорлар гапиришмоқда. Шу гап тўғрими? Шайх Содиқ Самарқандийнинг бу ҳақдаги маърузаси қуйидагидир:

https://www.youtube.com/watch?v=s8euEo0sa_E

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Айрим сайтимиз ўқувчилари таҳририятимизга мурожаат қилиб, Шайх Содиқ Самарқандийнинг Муовияни оқлаш мақсадида қилган маърузасини бизга йўллаб юқоридаги саволларга жавоб беришни биздан талаб қилишди. Биз ҳам уларни диққат билан ўрганиб чиқиб ўзимизнинг қатъий жавобларимизни тақдим этмоқчимиз.

Даставвал шуни таъкидлашимиз лозимки, Муовия кўпгина мўътадил Аҳли суннат наздида суюкли саҳоба ҳисобланмай, унинг нопок ва қинғир қилмишларига нисбатан Аҳли суннат уламолари томонидан танқидий фикр-мулоҳазалар ҳам билидирилган. Жумладан, бу ҳақда юртимиз алломаси раҳматли Фозил Қори домла Муовияни жуда ҳам қаттиқ танқид қилиб ўта аниқ ва тўғри фикрларни билдирганлар. У кишининг маърузаларини қуйидаги линкдан тинглашингиз мумкин:

https://www.youtube.com/watch?v=LLB_wf_8ZYE

Лекин салафийлик ёки аниқроғи ваҳҳобийлик ақийдасига тобе бўлган кимсалар Муовияни ҳимоя қилишга ва унинг қинғир ишларини оқлаб ҳақиқатни яширишга ҳаракат қилишади. Токи, ўзларича Аҳли-Байт мазҳабига қарши чиқиб Аҳли суннат ниқоби остида ваҳҳобийлик ақийдасини сақлаб қолмоқчи бўлишади. Юқорида келтирилган Шайх Содиқ Самарқандийнинг маърузаси шулар жумласидандир.

Энди мазкур Шайхнинг айтган асоссиз гапларига жавобан Ислом тарихида рўй берган ва инкор этиб бўлмас баъзи воқеаларни айтиб ўтмоқчимиз:

1. Муовия пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида қайси жангларда қатнашган экан, токи унинг отининг туёғидан кўтарилган чангларнинг фазилати Умар ибн Абдул Азизнинг ўзидан ва унинг бутун хонадонидан афзал бўлсин?! Ва асосан Муовия ва унинг отаси Абу Суфён Макка фатҳ бўлгандан сўнг ночор қолганидан Ислом келтириб мусулмон бўлишди. Ҳолбуки, Сарвари коинотнинг мушрикларга қарши бўлган жанглари Макка фатҳ бўлишидан олдин юз берган ва у пайт Муовия ҳали Ислом келтирмаган бўлган.

2. Бунинг устига, Муовия Пайғамбаримиз (с.а.о) даврларидаги бирор жангда қатнашган бўлган тақдирда ҳам қайси бир мушрикни ўлдирган экан?! Ҳеч бўлмаса, бир кишининг номини тилга келтирсинлар-чи! Албатта, бу савол дастлабки уч халифага ҳам тааллуқлидир! Булар нафақат ҳеч бир мушрикни бирор жангда ўлдиришмаган, балки Сарвари оламнинг мушрикларга қарши уришган кўплаб жангларида уруш майдонидан қочиб кетишган. Ушбу ҳақиқатни Аҳли суннатнинг кўпгина тарихчи олимлари ўзларининг битган тарихий асарларида ёзиб қолдирганлар. Уларнинг айримларини қуйида келтирамиз.

3. Аҳли суннатнинг «Тарихи Табарий»; «Ал-имомату вас-сиёсаҳ» Ибн Қутайбаи Динаварий; «Тарихи Яъқубий»; «ат-Тарихул Комил» Ибн Асийр Жазарий; «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ» Ибн Касир; «Усдул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ» Ибн Асийр Жазарий; «Ал-истийъоб фий маърифатил-асҳоб» Ибн Абдул Барр ал-Қуртубий ва бошқа кўпгина мўътабар ва мўътамад китобларида Муовия дунёталаблик ва мансабпарастлик юзасидан Аҳли суннат наздида тўртинчи халифа деб тан олинган ҳазрати Али (алайҳис салом)га қарши бош кўтариб «Сиффийн» деган жойда мусулмонлар ўртасида қонли тўқнашувга сабабчи бўлган…. Ёки бўлмаса, Муовиянинг Ислом йўлида қилган жиҳодидан кўзланган мақсад ушбу «Сиффийн» жанги эканмикин?! Муовия «Сиффийн» жангида қўлига қилич олиб жанг майдонида ҳатто бир киши билан ҳам урушга чиқмаган ва асосан, Муовия жанговар мардонлардан бўлмаган, токи, унинг отининг туёғидан кўтарилган чангларнинг фазилати Умар ибн Абдул Азизнинг ўзидан ва бутун хонадонидан афзал бўлсин!

4. Юқоридаги мўътабар манбаларда айтилишича, Муовия Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг неваралари Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)ни ул зотнинг «Жаъда» исмли хотинлари орқали заҳарлаб ўлдирган, токи, Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) Муовиядан сўнг халифаликни қўлга киритмасин деб. Бу аччиқ ҳақиқатни деярли ҳамма тарихчи олимлар ўз китобларида келтирганлар ва бу аянчли воқеа улар ўртасида ихтилофий масала эмас. Бунга нима дейсиз Шайх Содиқ Самарқандий Ҳазратлари?! Ёки буни ҳам шиалар тўқиб чиқарган деб ўзингизни олиб қочасизми?! Ёхуд ушбу аччиқ воқеани ўз китобида келтирган Аҳли суннатнинг барча тарихчи оламларини «Булар ҳаммаси шиа бўлишган ёки шиалик эътиқоди таъсирида қолишган ёки булар ҳаммаси шиапарастлар», – деб қочиб қутулмоқчи бўласизми?! Агар шундай десангиз, Аҳли суннат алломаларининг ҳаммаси шиа бўлиб, суннийликдан ҳеч бир асар қолмайди-ку!

5. Муовия ваҳий котиби эмиш!!! Бу қандай мантиқсизлик ва ожизлик!!! Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларини ҳар доим ўқиш ва ёзишга чақирардилар ва ул зотга ваҳий нозил бўлганида уни барча саҳобаларга ўқиб берардилар, ҳаммани ваҳийни ёзиб қолдиришга тарғиб қилардилар. Шунинг учун, ёзиш ва ўқишни билган кўплаб саҳобалар ўзлари учун ваҳийни ёзиб олардилар ва кўплари ҳам уни ёд олардилар ва бу саҳобалар ўртасида оддий бир ҳолат бўлган. Буни фазилат деб бўлмайди, балки ҳақиқий фазилат Сарвари коинотнинг кўрсатган йўллари ва Суннатларига содиқ ва вафодор қолиб, бутун умри давомида шу йўсинда ҳаёт кечиришдир. Аммо Муовия эса буткул Қуръон ва Суннатдан оғиб, Шом диёрида ўзи учун подшоҳлик тожу тахтини яратиб олган ва бу тожу тахтни нобакор ўғли Язидга мерос қилиб топширган. Ислом тарихидан озгина хабардор бўлган ҳар бир инсон буларнинг ҳаммасини бир овоздан тасдиқлайди. Зеро, Ислом тарихида юз берган бу дардли воқеани Аҳли суннатнинг деярли барча тарихнавис олимлари ўз китобларида ёзиб қолдирганлар. Бу аччиқ ҳақиқатни шиалар айтган деб уларга тўнкаш билан қочиб қутулиб бўлмайди ва буни инкор этиш эса мутаассибликдан бошқа нарса бўла олмайди. Бу ҳақда юқорида келтирилган раҳматли Фозил Қори домланинг маърузаларини тинглаш янада масалани ойдинлаштиради.

6. Муовиянинг ва ундан кейинги бани Уммайя халифаларининг ҳукмдорлиги даврида Сарвари олам Аҳли-Байтларининг фазилатларини мусулмонлар онгидан ўчириб ташлаш учун айрим саҳобаларнинг фазилатлари ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг номларидан жуда кўп ҳадислар тўқилди. Ушбу ҳадисларнинг аксари санад жиҳатидан саҳиҳ ва ҳасан ҳадислар дейилган. Аҳли суннатнинг асрдошимиз бўлган зиёли олимларидан бири Аҳмад Амин ал-Мисрий Муовия ҳукмронлиги замонида ҳадис тўқиб чиқарилгани ҳақида шундай дейди:

کتب معاوية إلي عماله في جميع الآفاق ألَّا يُجِيزَ لأحدٍ منْ شيعة عليٍّ وأهْلِ بَيْتِه شَهَادةً، وکتب إليهم أن انظروا مَن قِبَلَکُم من شيعة عثمان و مُحِبِّيه و أهل ولايته، و الَّذين يروون فضائله و مناقبه فادنوا مجالسهم، و قرِّبوهم و أکْرِمُوهم، وَ اکْتُبُوا لِي بِکُلِّ ما يرْوي کُلِّ رجل منهم و اسمه و اسم أبيه و عشيرته، ففعلوا ذلک حتّي أکثروا من فضائل عثمان و مناقبه، لِما کان يبعثه إليهم معاوية من الصلات… و قال إِنَّه کتب إلي عمَّاله أَن «انْظُرُوا إِلي من قامت عليه الْبينة أنه يحِبُّ عليا و أهل بيته فَامْحُوهُ مِنَ الدِّيوان، وَ اسْقطُوا عطاءَهُ و رِزْقَهُ»

«Муовия бутун Ислом мамлакатларига тайинлаган ҳукмдорларига; Али ва унинг хонадони аҳлига эргашган ҳеч бир шиа ва тарафдорлари учун гувоҳлик беришга ижозат берилмасин деган қарорни чиқариб, Усмоннинг тарафдорлари, уни севувчи, уни валий ва пешво деб тан олган ҳамда Усмоннинг фазилатларини ва унинг маноқибини ривоят қилаётган шахсларни кўздан кечириб, уларни ўзингизга яқинлаштирингиз ва уларни улуғлангиз, улар орасидан ривоят қиладиган ҳар бир шахснинг барча ҳадисларини ва шунингдек, унинг исмини ва отасининг ва қавм-қариндошларининг исмини менга ёзиб юборингиз, деб уларга мактуб йўллади. Муовиянинг тайин этган ҳукмдорлари унинг буйруғини бажариб, Усмоннинг фазилатлари ва унинг маноқиби хусусида кўплаб ҳадислар тўқиб чиқаришди ва Муовия эса бу иш эвазига уларга инъом бериб турарди. Ва шунингдек, Муовия ўзининг ҳукмдорларига; бирор бир шахснинг Али ва унинг Аҳли-Байтини севгани ҳақида далил ва ҳужжат келтирилганини кўриб қолсангиз, ўша шахснинг исмини мусулмонлар байтулмолининг рўйхатидан ўчирингиз ва байтулмолдан унга ажратилган ризқ ва улушини бекор қилингиз, деб мактуб йўллади.»

Манба: Аҳмад Амин Мисрий, «Фажрул Ислом», 7-боб, 2-фасл, 275-бет, Ал-Мактабатул асрийяҳ нашрида эса 249-бет.

Шу сабабдан, Аҳмад Амин ал-Мисрийнинг фикрича, саҳобаларнинг фазилатлари ҳақидаги кўпгина ҳадислар Муовия ва бани Уммайя ҳукмронлиги даврида сиёсий ғаразлар билан тўқилган. У бу борада айтади:

إنَّ أکثر الأحاديث الموضوعة في فضائل الصَّحَابَةِ افْتُعِلَتْ في أيَّام بَنِي أُمَيَّة تقرُّبًا إِليهم بما يَظُنُّونَ أنَّهم يُرْغِمُونَ به أنوف بني هاشم

«Шубҳасиз, саҳобалар фазилатлари ҳақидаги тўқима ҳадисларнинг аксари бани Уммайя ҳукронлиги даврида уларга яқинлашиш мақсадида тўқилган. Улар бу ишлари билан бани Ҳошимнинг бурнини ерга ишқалаймиз деб ўйлардилар.»

Манба: Юқоридаги китоб, 6-боб, 2-фасл, 213-бет, Ал-Мактабатул асрийяҳ нашрида эса 197-бет.

Аҳли суннатнинг йирик олими бўлмиш Ибн Абил Ҳадид Муовия томонидан мўминлар амири Али (алайҳис салом)ни пастга тушириш ва ул зотдан олдинги уч халифани юқорига кўтариш мақсадида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) номларидан ҳадис тўқиб чиқариш учун айрим саҳоба ва тобеинлардан ташкил топган бир гуруҳнинг уюштирилгани ҳақида шундай дейди:

أنَّ معاوية وَضَعَ قَوْمًا مِنَ الصَّحَابَةِ وَقَوْمًا مِنَ التَّابعين علي رواية أخْبار قبيحةٍ في علي (ع)، تَقْتَضِي الطَّعن فيه و البراءَةَ منه؛ و جعل لهم علي ذلک جُعْلاً يرْغَبُ في مثله؛ فاختلفوا ما أرضاه، منهم أبو هُرَيرَةُ و عَمْرُو بْنُ عاصٍ و المُغَيرَةُ بْنُ شُعْبَةُ، و من التَّابعين عُرْوَةُ بْنُ الزُّبَير.

«Муовия имом Алига қарши нафрат уйғотадиган ва ул ҳазратни айблаб қоралайдиган нораво-қабиҳ ҳадисларни ривоят қилиш мақсадида саҳобалардан бўлган бир гуруҳни ва тобеинлардан бўлган бир тоифани уюштирди ва уларни бундай ишга рағбатлантириш учун маош тайин этди. Абу Ҳурайра, Амр бин Ос ва Муғайраҳ бин Шўъбаҳ ҳадис тўқийдиган мазкур саҳобалардан бўлиб, Урваҳ ибн Аз-Зубайр эса тобеинлар гуруҳидан эди.»

Манба: Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳи Наҳжул Балоға», 4-жилд, 63-бет.

Аҳли суннатнинг етукли рижол – ровийшунос олими Ибн Жавзий ҳазратлари ўзининг «Ал-Мавзуъаат» (тўқима ҳадислар) номли китобида тўқилган ҳадислар борасида шундай дейди:

قَدْ تَعَصَّبَ قوْمٌ لاخَلاقَ لَهُمْ يدَّعُونَ التَّمَسُّکَ بِالسُّنَّةِ فوَضَعُوا لِأَبي بکْرٍ فَضَائِلَ وفِيهمْ مَنْ قَصَدَ مُعَارَضَةَ الرَّافِضَةِ…

«Яхшиликдан бебаҳра бўлган мутассиб бир гуруҳ Расулуллоҳ суннатларини маҳкам тутиш даъвосини қилиб, рофизий (шиалар)га қарши туриш мақсадида Абу Бакр фазилати тўғрисида ҳадисларни тўқиб чиқаришди… »

Манба: Ибн Жавзий, «Ал-Мавзуъаат», китобул фазоили вал-масаалиб, бобун фий фазли Аби Бакр, 1-жилд, 225-бет, мактабату азвааис-салаф нашрида эса 2-жилд, 40-бет.

Ва шунингдек, Ибн Жавзий мазкур китобида бу ҳақида шундай ёзади:

و قَدْ تَرَکْتُ أحاديثَ کَثِيرَةً يَرْوُونَهَا فِي فَضْلِ أَبِي بَکْرٍ، فَمِنْهَا صَحِيحُ الْمَعْنَيٰ لَکِنَّهُ لَا يثْبُتُ مَنْقُولًا، وَ مِنْهَا مَا لَيسَ بِشَيءٍ وَ مَا أَزَالُ أَسْمَعُ الْعَوَامَ…

Мен Абу Бакр фазилати хусусида одамлар ривоят қиладиган кўпгина ҳадисларни зикр қилмай тарк эганман; негаки, уларнинг айримлари маъно жиҳатидан тўғри бўлса-да, лекин санад ва нақл қилиниши нуқтаи назаридан исбот қилинмаган ва шу мазмундаги бошқа ҳадислар эса маъносиз бўлиб, мен доимо уларни авом халқдан эшитаман…

Манба: Юқоридаги китоб, 1-жилд, 237-бет, мактабату азвааис-салаф нашрида эса 2-жилд, 64-бет.

7. Муовиянинг фитнаси ва макру ҳийласи билан Имом Ҳасан (алайҳис салом) қўшинларининг орасига тарқоқлик тушгани сабабли жанг юз бермай икки томон ўртасида сулҳ аҳдномаси тузилгач, Муовия бутун мусулмон ўлкаларининг ягона ҳукмдори бўлди. Шунда у сулҳномага қарши ўлароқ, жумъа намозининг хутбаларида мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)га лаънат айтишни буюрди ва бу бидъат амални унинг ўзи бошлаб берди.

Ибн Абил Ҳадид бу ҳақда ёзади:

أنَّ مُعَاوِيَةَ لَمَّا عَادَ مِنَ الْعِرَاقِ إِلَي الشَّامِ بَعْدَ بَيْعَةِ الْحَسَنِ (ع) وَاجْتِمَاعِ النَّاسِ إِلَيْهِ خَطَبَ فَقَالَ: أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ رَسُولَ اللهِ1 قَالَ لِي: «إِنَّکَ سَتَلِي الْخِلَافَةَ مِنْ بَعْدِي، فَاخْتَرِ الأَرْضَ الْمُقَدَّسَةَ، فَإِنَّ فِيهَا الأَبْدَالَ، وَقَدِ اخْتَرْتُکُمْ، فَالْعَنُوا أَبَا تُرَابٍ، فَلَعَنُوهُ…

«Имом Ҳасан байъатларидан кейин Муовия Ироқдан Шомга қайтиб келгач, ўша ерда тўпланган халоиққа хутба ўқиб шундай деди: Эй халоиқ, Расулуллоҳ менга дедилар: «Албатта сен мендан кейин халифаликни эгаллайсан. Шунда мақаддас сарзаминни танлагин, зероки, унда улуғвор инсонлар бор». Ва мен сизларни танладим. Демак, Абу Туробни лаънатлангиз, у ерда тўпланган халоиқ эса у буюк зотни лаънатлашди.»

Абу Туроб имом Али (алайҳис салом)нинг муборак куняларидир.

Манба: Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳи Наҳжул Балоға», 4-жилд, 72-бет.

Муовия ва бани Уммайя ҳукмдорларининг мўминлар амири Али (алайҳис салом)га нисбатан бўлган адовати шу даражага етиб борган эдики, кимда ким ул зотнинг фазилати хусусида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳадис ривоят қиладиган бўлса, уни қаттиқ жазолашар эди. У зотнинг фазилати ва афзаллиги тўғрисида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ҳадисларнинг сони жуда кўп ва машҳур бўлмаганида эди, бани Уммайя ва бани Марвон ҳукмдорлигининг истибдоди оқибатида, инсонлар орасида пайдо бўлган қўрқув сабабли ҳамда ушбу ҳукмдорларнинг Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларига бўлган душманлигининг энг чўққисига чиққанлиги туфайли ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг фазилати ва афзаллиги ҳақидаги ҳадисларнинг мусулмонлар онгидан маҳв бўлиб кетиши муқаррар эди.

Бироқ, мўминлар амири Али (алайҳис салом) Аллоҳ таоло томонидан тайинланган Расулуллоҳнинг вориси ҳамда барча мусулмонларнинг валийси ва пешвоси бўлгани сабабли, Аллоҳнинг изну фармони билан ул ҳазратнинг фазилати ва афзаллиги ҳақидаги ҳадислар мўъжиза каби сақланиб қолган.

Бани Уммайя халифалари орасида энг олийжаноб инсон бўлган Умар ибн Абдул Азиз ўзининг халифалик даврида бир неча яхши ишларни амалга оширди. Жумладан мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)га лаънат айтишни хусусан жума намозида бекор қилди. Унинг даврига қадар ул ҳазратга лаънат айтиш ёмон бир суннатга айланган эди. Шунинг учун бўлса керак, Шайх Содиқ Самарқандий Муовиянинг отининг туёғидан кўтарилган чангларнинг фазилати Умар ибн Абдул Азизнинг ўзидан ва унинг бутун хонадонидан ҳам афзалдир деган бемаъни ва асоссиз гапларни айтган.

8. Шайх Содиқ Самарқандий Муовияни ҳимоя қилиб нутқ сўзлаётиб Муовияга қарши айтилган гапларда шиаларнинг жудда катта таъсири борлигини ва бу гапларни айтганлар шиапараст кишилар бўлганини айтиб Муовиянинг қора юзини оқ қилиб кўрсатмоқчи бўлган. Мазкур Шайх бундай бемаъни гаплар билан шиалар баробарида ожиз ва нотавон эканлигини кўрсатган. Ҳолбуки, шиалар Ислом оламида суннийларга нисбатан камчиликдан иборат бўлишган. Озчиликни ташкил этган шиалар қандай қилиб ўз ақийдасини кўпчиликдан иборат суннийларга ўтказишган экан?! Бу гапнинг ўзи шиалар эътиқоди ҳақ ва тўғри экан деган тушунчани англатмайдими?! Ёки Муовиянинг айбларини айтганлар шиапараст кишилар бўлган деган гапни қандай тушуниш мумкин?! Бу гап Аҳли суннатнинг деярли барча тарихнавис ва сийратнавис олимлари шиапараст бўлишган деган тушунчани англатмайдими?!

9. Шайх Содиқ Самарқандий ҳазратлари!! Шиалар Аҳли-Байтга муҳаббатли бўлиш ва Аҳли-Байтга эргашиш керак деганда, ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг барча фарзандларини назарда тутмайдилар, балки Ғадийри Хумда сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан барча мусулмонларга мавло, пешво ва йўлбошчи қилиб тайинланган ўн икки кишидан иборат махсус зотларни назарда тутишади. Уларнинг биринчиси мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) ва охиргиси эса замонамиз Соҳиби ва Пешвоси Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)дирлар. Албатта, Сарвари коинотнинг жигарбандлари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) онамиз ҳам Аҳли-Байтнинг бошида турадилар. Аҳли-Байтнинг сони ҳақидаги шиаларнинг ақийдаси Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифлар асосидадир, ўз ёнларидан эмас.

Шиалар фақат Ё ҲУСАЙН, Ё ҲУСАЙН дейди ва Аҳли-Байтдан бўлган бошқа кишиларни эслашмайди, бунинг сабаби Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Эрон подшоси Касронинг қизига ўйланганидир, деб айтиш мутлақо жоҳиллик ва нодонликдир. Зеро, Биринчидан; шиалар наздида Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн бир даражада МАЪСУМ ИМОМ деб тан олинганлар ва шиалар бу иккала буюк зотларни бир хил тилга оладилар. Аммо Имом Ҳусайн (алайҳис салом) бор-йўқларини Аллоҳ таоло йўлида Карбало заминида фожиали тарзда фидо қилганлари учун шиалар ул зотга Ошуро ва Сафар ойлари мотам тутадилар. Иккинчидан; шиалик эътиқоди фақат эронликларга хос эмас, балки арабзабон бўлган Ироқ аҳолисининг деярли 70 фоизи шиалардан иборат ва шунингдек Саудия Арабистонининг Тоиф, Қатийф, Иҳсоъ ва Димом шаҳарларидан иборат шарқий ҳудудларида яшовчиларнинг деярли ҳаммаси шиалардан ташкил топган ва ҳатто Мадинаи Мунаввара аҳолисининг ярмини шиалар ташкил этадилар. Шу боис, Саудия Арабистонининг 10-15 фоизини шиалар ташкил этади. Шунингдек, бошқа араб давлатларида жумладан Баҳрайн мамлакати аҳолисининг кўпчилигини шиалар ташкил этадилар. Қувайт давлати ва Бирлашган Араб Амирликларида ҳам шиалар сони диққатга сазовордир. Ливанда ҳам шиалар талайгина ва уларнинг ҳаммаси арабзабонлардир. Ва шунингдек, Покистон ва Ҳиндистонда шиалар сони 90 миллиондан ошиқдир. Эндиликда эса шиалар барча исломий ўлкаларда яшайдилар. Биз бу ерда уларнинг айримларига ишора қилдик. Учинчидан; шиаларнинг илмий маркази дастлаб Мадинаи Мунаввара бўлган, кейин Ироқнинг Бағдод шаҳрига кўчган, сўнгра эса Ироқнинг Нажаф шаҳрига кўчган. Кўриб турганингиздек, шиалар Эрон ва эронликларга хос ва чекланиб қолмаган.

10. Шайх Содиқ Самарқандийнинг «Муовияга нисбатан кўп гаплар айтилиб келаяпти, шунинг учун биз манбани яхши билиб аҳли илмдан тасдиқлатиб, кейин олишимиз керак. Муовияга айтилган гаплар ҳаммаси туҳмат ва маломат гаплар. Биз ишончли манбалардан олиб кейин гапиришимиз керак. Акс ҳолда саҳобийнинг ҳақига ёмон гапларни гапириб қўйган бўламиз», – деб айтган гапларига жавобан яна шуни таъкидлаб айтишимиз керакки, Биз шиалар Муовига нисбатан айтилган гапларни юқорида зикр қилинган Аҳли суннатнинг мўътабар ва мўътамад манбаларидан олиб айтамиз ва мазкур манбаларнинг муаллифлари аҳли илм бўлган. Ва улар Муовияга нисбатан айтган гапларини ўз манбаларида тасдиқлаб келтирганлар. Сиз «манбани яхши билиб аҳли илмдан тасдиқлатиб, кейин олишимиз керак» деб кимларни ва қайси манбани назарда тутгансиз. Айтиб ўтганимиздек, Аҳли суннатнинг мўътабар ва мўътамад манбаларида Муовиянинг жуда кўп қинғир ишлари айтилган. Ёки сизнингча, ўша аҳли илм ва ишончли манбадан мурод сўнгги йилларда Муовияни оқлаш учун уни ҳимоя қилиб ёзган ВАҲҲОБИЙлар ва уларнинг китобларимикан?!

Сўзимиз ниҳоясида шуни айтмоқчимизки, Шайх Содиқ Самарқандий Ҳазратлари, Биз шиалар оқни оқ, қорани қора деб ўрганганмиз. Муовиядек буткул қора бир махлуқни ҳар қанча оқлашга уринманг, барибир уни мунофиқ, хоин ва ёмон одам бўлган деб биламиз. Ҳар ким саҳоба бўлиши билан тўғри инсон бўлавермайди, балки тўғрилик ва ҳаққонийлик мезони Сарвари коинотнинг кўрсатган йўллари ва Суннатларига содиқ ва вафодор қолиб, бутун умри давомида шу йўсинда ҳаёт кечиришидир, фақат саҳобий номини ташиб юриш эмас.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.