Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Ҳазрат Фотима –дунё аёллари учун энг яхши ибрат-намуна

Ҳазрат Фотима –дунё аёллари учун энг яхши ибрат-намуна

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Азизлар, эртага жумодиус-соний ойининг 20-куни пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг севимли қизлари, бутун дунё аёлларининг сарвари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳу алайҳо)нинг туғилган кунларидир. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, дунё аёллари учун энг юксак ибрат ва намуна бўлган Фотимаи Заҳро (саломуллоҳу алайҳо)нинг таваллуд кунларини барча мусулмонларга муборакбод этиб у буюк зот ҳақида ёзган қисқа мақоламизни эътиборингизга тақдим этамиз.

Биъсатнинг бешинчи йили Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазратнинг завжаи мутаҳҳаралари Хадичаи Кубро хонадони қувонч ва шукрона нурлари ила чароғон бўлди. Бу муқаддас хонадонда Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда «Кавсар» деб номлаган, Аллоҳнинг ризоси унинг ризосида, Аллоҳнинг ғазаби эса унинг ғазабида бўлган самовий ва илоҳий бир қизалоқ дунёга келди. Бутун оламлар учун раҳмат ва меҳрибонлик элчиси сифатида юборилган Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу покиза қизалоққа «Фотима», яъни ёмонликлардан узоқлаштирилган деб ном қўйдилар. Ўша қувончли кунда борлиқ олам узра ишқ куйи таралди, САМО малакари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни бу Илоҳий Ҳадя билан қутлашди.
Ҳазрат Фотимаи Заҳро самовий ва илоҳий шахсият соҳиби эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Ул зот ўз умр йўлдошлари ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳақида шундай айтадилар:

«У Илоҳий ва Раббоний пешво, нур ва рушнолик тажассуми, орифлар ва бутун мавжудот таважжуҳининг маркази, поклар хонадонининг пок фарзандидир. У ҳақгўй ҳидоятчидир. У имомат ва раҳбарликнинг марказидир».

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳу алайҳо) рисолат ва пайғамбарликнинг ранжу азобларига сабру тоқат қилган улуғвор оталарининг энг яқин кўмакдоши эдилар. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) доимо ҳазрат Фотимани инсон шаклидаги самовий мавжудот эканлигини, ундан жаннат ҳиди таралиб турганини ва жаннатда унинг номи битилганини айтардилар. Ҳазрат Фотима Арабистон ярим оролида жоҳилият ҳукм сурган замонда дунёга келдилар. Ўша пайтлари арабларда аёл ниҳоятда қадрсиз ҳисобланиб, қиз фарзанд туғилиши араблар учун шармандалик деб баҳоланарди.
Қуръони Каримнинг гувоҳлик беришича, уларнинг бирига қиз фарзанд туғилганлиги ҳақида хабар берилса, ғазабдан юзи қорайиб кетар, қизалоқни тириклай кўмиб ташлаш учун ҳозирлик кўра бошларди;

وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُم بِالْأُنثَىٰ ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدًّا وَهُوَ كَظِيمٌ ﴿٥٨﴾ يَتَوَارَىٰ مِنَ الْقَوْمِ مِن سُوءِ مَا بُشِّرَ بِهِ ۚ أَيُمْسِكُهُ عَلَىٰ هُونٍ أَمْ يَدُسُّهُ فِي التُّرَابِ ۗ أَلَا سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ ﴿٥٩

«Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлган ҳолда юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинарди. У (қиз)ни хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? (дерди). Огоҳ бўлинг, улар қилган ҳукм нақадар ёмон!» (Наҳл сураси, 58 ва 59-оятлар).

Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жоҳилларнинг бу одат ва удумига қарши ўлароқ, Фотимаи Заҳронинг дунёга келишидан жуда қувондилар. Ривоят қилинишича, ҳазрат Фотима оталарининг олдига кирган заҳоти пайғамбарлар хотами (сўнггиси) Сарвари олам ўринларидан туриб уни қарши олар, гоҳида қизларининг қўлларини ўпардилар.

Шубҳасиз, ҳазрат Фотимаи Заҳро ахлоқ ва маънавият, ақл-идрок ва билим, теран дунёқараш ва эътиқод, ҳусну жамол ва маънавий камолот ҳамда иймон бобида барча олам аёлларининг пешвоси ва сарваридир. Ул зот аёлнинг юксак шахсияти ва камолотини ҳашаматли яшаш тарзи ва турли-туман кийимлардан эмас, балки юксак маънавият ва Аллоҳ таолога бўлган теран маърифат ҳамда фарзандларни муносиб тарбиялашдан қидирардилар. Шу сабабли, ул ҳазрат ўзларининг ўта содда, аммо ҳикматларга лимо-лим, маънавий ва самимий ҳаёт тарзлари билан бутун аёлларга ибрат ва намуна бўлдилар.

Ҳазрат Фотима оилавий ҳаётда ҳам бача аёллар учун улкан намуна эдилар. Доимо ҳазрат Али (алайҳис салом) билан муносабатларининг янада самимий, янада мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилар, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасида умр йўлдошининг энг яқин кўмакдоши эдилар.

Кунлардан бирида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрат Али (алайҳис салом)дан сўрадилар:

– Фотима қандай аёл?

Имом ҳазратлари жавоб бердилар:

– Фотима Аллоҳга итоат қилишим учун энг яхши ёрдамчидир.

Мўминлар амири Али (алайҳис салом) умр йўлдошлари Фотимаи Заҳро ҳақида шундай айтадилар:

«Фотима ҳеч қачон мендан ранжимади, мени ҳам ҳеч қачон ранжитмади. Мен уни бирор-бир ишга мажбур қилмадим, у ҳам мени хафа қилмади. Аллоҳга қасам, мен ҳеч қачон Фотимани ғазаблантирадиган ишни қилмадим. Унинг чеҳасига назар ташлаганим чоғи қалбимдан ғам-ташвиш чекинарди, барча дардларни унутардим».

Ҳазрат Фотима (саломуллоҳу алайҳо)нинг хонадони таълим-тарбия маскани эди. Бу маърифат масканига юзлаб замондош аёллар ташриф буюриб, дин ва шариат ҳақидаги ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишар, келажакда ислом ақидасини одамларга таълим берадиган солиҳ ва комил фарзандлар тарбияланиб етишиб чиқар эди.

Бутун дунё аёлларининг сарварига хос фазилатлардан яна бири – бу ҳазрат Фотима (саломуллоҳу алайҳо)нинг ўта саховатлиликларидир. Ривоят қилинишича, ҳазрат Али ва Фотиманинг тўй кечалари Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадонларига бир камбағал аёл келиб, садақа сўрайди. Шунда Сиддиқаи Тоҳира Фотимаи Заҳро (саломуллоҳу алайҳо) ўз келинлик кўйлагини ўша аёлга садақа қилиб, ўзлари ҳазрат Али (алайҳис салом) хонадонига оддий кўйлакда борадилар.

Ливанлик машҳур християн адиб Сулаймон Каттоний ҳазрат Фотима ҳақида шундай ёзади:

«Фотимаи Заҳронинг мақом ва мартабаси тарихий асарлар ва ривоятларда айтилганидан кўра, анча юксакроқдир. Ҳазрат Фотиманинг кимлигини Муҳаммад (с.а.о)нинг қизи, Али (а)нинг завжаси, Ҳасан ва Ҳусейн (а)ларнинг онаси ва дунёдаги энг улуғ аёл эканлиги яққол намоён этади».

Мақоламиз сўнггида яна бир бор ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳу алайҳо)нинг таваллуд топган кунларини муборакбод этиб, яратган Эгамиздан пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларининг ҳақиқий издошларидан бўлишни сўраб қоламиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.