Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Наҳжул Балоғада имом Маҳдий (а.с) ҳақларидаги башоратлар

Наҳжул Балоғада имом Маҳдий (а.с) ҳақларидаги башоратлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳазрат Али (алайҳис салом) айтадилар:

وَقَد طَلَعَ طَالِعٌ، وَ لَمَعَ لاَمِعٌ، وَ لاَحَ لاَئِحٌ، وَ اعتَدَلَ مَائِلٌ، وَ استَبدَلَ اللَّهُ بِقَومٍ قَوماً، وَ بِيومٍ ‏يوماً، وَ انتَظَرْنَا الْغِيرَ انْتِظَارَ الْمُجدِبِ الْمَطَرَ، وَ إِنَّمَا الأَئِمَّةُ قَوَّامُ اللَّهِ عَلى خَلْقِهِ، وَ عُرَفَاؤُهُ ‏عَلَى عِبَادِهِ….‏

«Ёришувчи ёришди, ярқировчи шуъла ёрқин нурларини сочди, ошкор бўлувчи ошкор бўлди, йўлдан оғган ҳақ йўлга қайтди. Аллоҳ баъзи қавмни бошқа қавм билан алмаштирди ва шу йўсинда кунларни ўз тақдири билан ўтказди. Биз ёмғир ёғишини кутаётган киши каби имомни кутдик (Аллоҳ таоло шундай қилиб қўйдики, ҳамиша одамларни ҳақ йўлга бошловчи имомлар бўлмай иложи йўқ. Жаннатга борувчи ҳар бир банда уларни танимай иложи йўқ. Шунингдек, дўзахга борадиганлар уларни инкор қилганлардир.) Шубҳасиз, имомлар Аллоҳнинг халойиққа тайинлаган раҳнамоларидир ва бандаларнинг орифларидир ». (Наҳжул Балоға, 152-хутба)

Исломда ЗАМОНА ИМОМИ ва ПЕШВОСИНИ танимоқ ҳамма мусулмонларнинг зиммасидаги вазифа бўлиб, ушбу вазифа ЗАМОНА ИМОМИнинг илоҳий мақомини, илмий даражасини, ахлоқий, ижтимоий ва сиёсий сийрати (юриш-туриши)ни таниш ва унинг раҳнамолигига эътиқод қилишдан иборат.

Табиийки, жаннатга киришга шарт қилинган нарса – бу ЗАМОНА ИМОМИни қалбаки таниш эмас, балки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тайин қилган ҳақиқий ИМОМни танишдир. Зеро, ўзини Ислом умматининг раҳбари деб эълон қилган қалбаки «имомлар» ҳам бўлишган. Масалан, Муовия ибн Абу Суфён, Марвон ибн Ҳакам, Абдулмалик ибн Марвон каби халифалар ўз умрларини Аҳли-Байт (алайҳимус салом)ни ўлдириш, мўминларга жабру ситам қилиш, зиндонларни бегуноҳ одамлар билан тўлдириш каби ёвуз ишлар билан ўтказишган. Мана шундай золим шахсларни Ислом умматининг раҳнамоси ва пешвоси деб қабул қилганлар ҳам бўлган ва ҳозирги кунда ҳам бундайлар оз эмас.

Ҳолбуки, юқорида исми зикр этилган Ислом умматининг хоин раҳбарларини ва уларнинг гумашталарини танимоқлик жаннатга киришнинг шарти деб айтадиган бўлсак, унда ҳеч бир оқил одам бу гапни қабул қилмайди.

Бошқа тарафдан эса имомни таниш деганимизда, унинг туғилган санаси, ота-онасининг исми ва туғилган маконинигина назарда тутмаймиз, балки танишдан асл мақсад ИМОМнинг илоҳий мақомини, илмий даражасини, ахлоқий, ижтимоий ва сиёсий сийрати (юриш-туриши)ни таниб олиб, ундан кейин ул зотнинг имоматини (пешволиги ва йўлбошчилигини) эътироф этиб эътиқод қилишдан иборат. Кўпгина ҳадиси шарифларда ушбу маърифат жаннатга кириш шарти ва бу маърифатга эга бўлмаслик эса дўзах аҳлидан бўлишнинг сабаби дейилган.

إِنَّمَا الأَئمَّةُ قَوَّامُ اللَّهِ عَلى خَلْقِهِ، وَ عُرَفاؤُهُ على عِبادِه

Юқорида Наҳжул Балоғадан келтирилган жумланинг маъносига эътиборингизни қаратмоқчимиз: «Шубҳасиз, имомлар Аллоҳнинг халойиққа тайинлаган раҳнамоларидир ва бандаларининг орифларидир». Бу жумланинг маъно-мазмунига кўра, ҳар бир замон учун Аллоҳ таоло томонидан тайин этилган ИМОМ ва ЙЎЛБОШЧИ бўлур. Шиалар эътиқод қиладиган ўн икки ИМОМдан бошқа мазкур сифатларга жавоб берувчи ҳеч бир раҳбар йўқдир. Бу борада бошқа мазҳабларнинг ҳам қилган эътирофлари мавжуд.

Шундай қилиб, бизнинг замонамиз ҳам Аллоҳ таолонинг ҳужжати бўлмиш ИМОМ ва ПЕШВОдан холи эмаслигини тушуниб етишимиз лозим. Ул зот ўн иккинчи ИМОМ ва ПЕШВО ҳазрат имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин)дан ўзга киши эмас.

Ҳа, имом Маҳдий ҳозирда тирик ва мавжуд бўлиб, ул зот бошқа маъсум имомлар каби мусулмонларнинг ишлари устидан назорат олиб борадилар. Буюк илоҳиётчи ва файласуф олим Муҳаққиқ Тусий (қуддиса сирруҳу) бу борада айтади:

وجوده لطف، و تصرفه لطف آخر، و عدمه منّا؛

«Имом Маҳдийнинг вужуди лутф-марҳаматдир ва ул зотнинг ишларимизга қиладиган тасарруфи яна бир лутф-марҳаматдир. Ва кўзларимиздан ғойиб бўлгани эса биздандир».

Манба: Алломанинг «Шарҳу тажрийд» ва Қўшчининг “Шарҳу тажрийд”ига мурожаат қилишингиз мумкин.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.