Home / Долзарб мавзулар / Олимлар ҳаёти ва ижоди / Шайх Садуқ фиқҳшунослик осмонининг порлоқ юлдузи

Шайх Садуқ фиқҳшунослик осмонининг порлоқ юлдузи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ислом оламида илму маърифат ва фиқҳшунослик осмони ҳар доим ёрқин юлдузлар шоҳиди бўлган ва улар ўзларининг илм нурлари билан башарият фикри ва онгини ёритирувчи буюк шахслар ҳисобланишади. Шайх Садуқ номи билан танилган Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Бобуя ал-Қумий бу юлдузлардан бири саналади. У ўзининг нури билан жаҳолат ва нодонликнинг қаронғулигини равшан айлаган кишилардан биридир. Шайх Садуқ милодий йили 10-асрда ва қамарий йили билан 306 йилда Қум шаҳрида Бобуя номли буюк хонадонда дунёга келди[1].

Шайх Садуқ Бобуя хонадонининг энг буюк шахсиятларидан ҳисобланади. Унинг отаси Абул Ҳасан Али бин Ҳусейн бин Мусо бин Бобуя Исломнинг буюк донишмандларидан ҳисобланиб, шариъат аҳкомларида обру-эътиборли фақиҳ ва мужтаҳид эди. У ўн биринчи пешвоимиз ҳазрат Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) ва ул зотнинг ўғиллари, замонамиз соҳиби ва пешвоси Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)ларнинг замонида яшаган. Бу буюк аллома юксак эҳтиромга сазовор бўлгани сабаб Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) ўз мактубларида у кишини «Менинг Шайхим», «Ишонганим» ва «Фақиҳим» сўзлари билан тилга олганлар. У ўз замонида Қум шаҳри ва унинг атрофида яшовчи шиа мусулмонлари наздида улкан мартабага эга бўлиб уларнинг мазҳабий пешвоси ҳисобланарди. Шу боис, Қум шаҳрида кўп уламо ва муҳаддислар бўлишига қарамай, халқ шариъат аҳкомларида бу алломага мурожаат қилишарди. Уламолар ҳам бу олимнинг фатволарини маъсум имомларнинг ҳадислари деб ҳисоблардилар. Бу буюк олим турли илм-маърифат соҳаларида, фиқҳ ва дин мавзуларида 200 га яқин китоб ва асарлар ёзган.

Бу буюк олим Қумда бир дўконнинг эгаси эди. Бу бузруквор ота фақиҳлик илмининг чўққисига етган бўлишига қарамай, ўзининг кичик дўконидан касб этадиган ҳалол ризқдан ҳамда зоҳидлик ва қаноатлилик билан ўз ҳаётини ўтказарди.

Албатта, у 50 ёшга етгунига қадар фарзандли бўлмаган эди. Тарихдан маълум бўлишича, ғайбати суғро даврида ўн иккинчи имомимиз ҳазрат Маҳдий (а.ж)нинг учинчи ноиблари Ҳусайн ибн Равҳ Нувбахтийнинг илк ноиблик даврида Қум шаҳрида Шайх Садуқ дунёга келди ва ўша сана ҳижрий қамарий 306 йил бўлгани айтилади. Шайх Садуқнинг отаси Бағдод шаҳрига Нувбахтийнинг олдига бориб Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)дан унинг ҳақига фарзандли бўлиши учун дуо қилишларини сўради. Шунда Имом Маҳдий (а.ж)дан шундай жавоб берилди:

«أن الإمام دعا له وأنّه سيولد له ولدٌ مبارك يَنفع الله به».

«Имом у учун дуо қилдилар ва тез кунларда баракотли бир ўғил туғилишини ва Аллоҳ таоло уни фойдали инсон қилишини айтдилар»

Ҳазрат Имом Маҳдий (а.ж) дуолари билан Шайх Садуқ ва унинг оғайниси Ҳусайн дунёга келди[2].

Шайх Садуқ замонамиз раҳнамоси ва пешвоси бўлган Имом Маҳдий (а.ж) қилган дуоларининг тафсилотини ўзининг «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ» номли китобида келтирган. Бу китобда шундай дейилади: Тўхтаган вақтимда Абу Жаъфар Муҳаммад Бин Али Асвад ҳадис ҳамда Аҳли-Байт (алайҳимус салом)нинг илмларини ўрганиш учун катта иштиёқ ва завқ билан устозларнинг дарсларига бориб қатнашишимни кўрарди. Шунда у менга деди:

«Илмни ўрганишга бўлган сенинг завқ ва иштиёқингнинг ажабланарли томони йўқ. Чунки, сен Имом Маҳдий (а.ж) дуоси билан дунёга келгансан».

Шайх Садуқ бошланғич диний илмларни болалик давридан бошлаб ўз отасининг олдида ўрганди. У илм ўрганиш учун жиддий сайъ-ҳаракат қиларди. Отасининг таълим беришидан ташқари, у бошқа буюк узтозларнинг дарслари ва илмий мажлисларига қатнашар, уларнинг билимларидан баҳра олар эди. Отаси риҳлат қилганидан кейин Шайх Садуқ ҳижрий-қамарийнинг 329-йилида Ислом умматини ҳидоят этиш ва ҳадисларни тўплаб нашр этиш каби муҳим ва оғир вазифани ўз зиммасига олди.

Шайх Садуқ Аҳли-Байтдан бўлган маъсум имомларнинг ҳадисларини ёд олиб уларни сақлаб қолиш ва шунингдек, турли бобларга бўлиб нашр этишни ўз фаолиятининг сарлавҳаси қилиб олган эди. У ушбу мақсадга эришиш учун илмий марказларга эга бўлган бир неча мамлакатларга сафар қилиб, илмий йиғилишларда иштирок этарди. Шайх Садуқ ўзининг ҳиммати билан яккаю ёлғиз ҳолда исломий илмларнинг сайёр Қомусига айланган эди. Унинг маърифат ва билимга эга бўлиши барча исломий ўлкаларга тарқалган эди. Бу шуҳрат шу даражада эдиким, Шайх Садуқ исломий ўлкаларда фатво бериш ҳақ-ҳуқуқига эга бўлган эди.

Мисрдан ҳамда Ироқ заминадаги Куфа ва Басрадан ва бу икки шаҳарнинг ўртасида жойлашган Восит ва Мадоин каби исломий шаҳарлардан ҳозирги имкониятларнинг йўқлиги ва барча қийинчиликлар борлигига қарамасдан Шайх Садуқга саволларнинг жўнатилиши Аҳли-Байт мадрасасининг бу буюк аллома ва фақиҳининг ўта донғи таралганидан ҳамда маънавий нуфуз ва илмий юксакликка эга бўлганидан дарак беради.

Шайх Садуқ ҳақиқатни кўра оладиган чинакам исломшунос олим эди. У ўз замонасида ривож ва равнақ топган чалғитувчи ғояларга эргашмай, ўша даврдаги илмий мубоҳасалар ва усуллардан ибрат-намуна олиб ҳадисларни ёзиб олиш билан шуғулланди. Шайх Садуқ ўз сафарларининг давомида бир неча маротаба турли исломий мазҳабларнинг илмий мажлисларида иштирок этиб, ўзининг теран ғояларини баён қилиш билан бирга ушбу мазҳаблар устозларининг илмидан баҳраманд бўлди.

Шайх Садуқ китоб ва асарларнинг кўплиги ва маълумотларнинг кенглиги жиҳатидан мисли йўқ шахслар жумласидан эди. Суриялик ёзувчи ва тарихчи Хайриддин Аз-Зереклий «Ал-Аълом» унвонли машҳур китобида Ислом оламининг бу буюк алломаси ҳақида шундай ёзади:

«Шайх Садуқ номи билан танилган Муҳаммад Бин Али бин Ҳусейн сингари олим Қум шаҳри уламолари орасида учрагани йўқ. У Рей шаҳрида яшарди, Хуросон ва шарқий минтақаларда юқори мартабага эга бўлган киши эди. У Рей шаҳрида оламни тарк этди ва ўша жойда дафн этилди. Унинг ёзган асарлари 300 китобни ташкил этади».

Ҳукумат томонидан шиаларга босим ва тазйиқлар ўтказилгани сабаб Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ)га Қум шаҳрида яшаш қийинлашди ва шунинг учун аҳолининг ҳаммаси шиа бўлган Балх диёрининг қишлоқларидан бири томон ҳижрат қилдилар. У ернинг шиалари бу буюк алломани иссиқ кутиб олиб олқишлайдилар ва у кишидан бир фиқҳий китоб ёзишларини сўрайдилар. Бу буюк аллома уларнинг талабига мувофиқ ўзининг улкан аҳамиятга эга ва таниқли китоби бўлмиш «Ман лаа яҳзуруҳул-фақийҳ»ни мазкур қишлоқда ёзди. Фиқҳий мазмундаги ҳадисларни ўз ичига олган ушбу ўта қимматли асар Аҳли-Байт издошларининг кутуби арбаъа, яъни ҳадис соҳасида битилган 4 та аслий китоблардан бири деб қабул қилинди[3].

Сўнг Рей шаҳрининг подшоси Рукнуд-Давлаҳ Дейламий Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ)ни ушбу шаҳарга келиб истиқомат қилишга чақирди ва бу чақириққа кўра Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ) у ерга бориб бир муддат ҳаёт кечирди ва ўша диёрнинг шиа подшоси ва унинг таниқли доно вазири Соҳиб бин Ибод ҳузурида юқори иззат-эҳтиром ила истиқомат қилиб, ўша даврдаги шиаларга илмий-маърифий ва маънавий раҳнамолик қилиш у буюк алломанинг зиммасига тушди.

Сўнг Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ) турли исломий ўлкаларга, жумладан Хуросон, Ҳамадон, Сарахс, Мовароуннаҳр, Нишобур, Балх, Бухоро ва Самарқандга сафар қилиб Аҳли-Байт илмларини кенг ёйди ва мусулмонларни ҳаётбахш бўлган исломий маорифдан баҳраманд этди. Шунингдек Ҳаж амалини бажариш учун Ҳижозга ва маъсум имомларни зиёрат қилиш учун эса Ироққа йўл олди. Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ушбу сафарида Куфа ва Бағдод шаҳарларидаги олимлар алломанинг илмидан фойдаландилар. Кейин у йирик аллома Эронга қайтиб келиб, 381 ҳижрий қамарий йили Рей шаҳрида оламдан кўз юмди ва ўша шаҳарда дафн этилди. Кейинчалик у буюк алломанинг қабри атрофида Ибн Бобуя қабристони юзага келди[4].

Шайх Садуқнинг устозлари

Муҳаддис Нурий Шайх Садуқнинг устозларини 198 нафар деб зикр қилган, аммо муҳаққиқ Абдурраҳим Раббоний эса Шайх Садуқ устозларининг сонини турли исломий ўлкалардаги буюк ровийлардан иборат 250 нафардан ошиқ деб айтган. Шайх Садуқ устозлари сонининг кўплиги у киши жуда кўп исломий ўлкаларга сафар қилгани учундир. Шайх Садуқ устозларининг энг муҳимларини қуйида келтирамиз:

1. Шайх Садуқнинг отаси Шайх Али ибн Ҳусайн ибн Мусо ибн Бобуя ал-Қуммий

2. Шайх Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Аҳмад ибн Валид ал-Қуммий

3. Шайх Муҳаммад ибн Мусо ибн Мутаваккил

4. Шайх Аҳмад ибн Зиёд ибн Жаъфар ал-Ҳамдоний

5. Шайх Муҳаммад ибн Али Можилуя

6. Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Исҳоқ ат-Толиқоний

7. Шайх Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Масрур

8. Шайх Ҳусайн ибн Аҳмад ибн Идрис.[5]

9. Шайх Аҳмад ибн Али ибн Иброҳим ал-Қуммий

10. Шайх Али ибн Муҳаммад ал-Қазвиний

11. Шайх Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Шозон

12. Шайх Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Қулавайҳ ал-Қуммий

13. Шайх Али ибн Аҳмад ибн Меҳрёр

14. Шайх Абул Ҳасан Хаютий

15. Шайх Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ибн Асвад

16. Шайх Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Кулайний

17. Шайх Аҳмад ибн Зиёд ибн Жаъфар ал-Ҳамдоний[6]

Шайх Садуқнинг айрим устозлари Абдул Воҳид ибн Муҳаммад Нишобурий, Ҳоким Байҳақий ва Муҳаммад ибн Умар ибн Жаъобий каби шахслар бўлган[7].

Шайх Садуқнинг шогирдлари

Шайх Садуқ кўплаб исломий ўлкаларга сафар қилиб у ердаги илмий марказларга юзлангани сабабли Қум, Рей ва Бағдод шаҳрларида жуда кўп сонда шогирдлар ва донишмандлар у кишининг илмидан баҳра олиб юқори илмий даражаларга етишдилар. Шайх Садуқдан таълим олган ва у буюк зотдан ҳадис ривоят қилган етукли фуқаҳо ва уламоларнинг сони юздан ошиқ деб айтилган. Шайх Садуқнинг шогирдлари орасида энг йирик ва энг даҳо киши Шайх Муфид бўлган. Зеро, Шайх Муфид Ислом дини ва шиа мазҳабига жуда кўп хизматлар қилган. Шайх Муфиддан ташқари Шайх Садуқдан таълим ва баҳра олган айрим алломаларнинг исмларини намуна сифатида зикр қиламиз:

1. Шайх Муфид номи билан танилган Муҳаммад ибн Муҳаммад ан-Нуъмон Укбарий ал-Бағдодий 413 ҳижрий йили.

2. Саййид Муртазо Аламул Ҳудо 436 ҳижрий йили.

3. Буюк Рижол олими Нажошийнинг отаси Али ибн Аҳмад ибн Аббос ал-Куфий.

4. Абу Муҳаммад Ҳорун ибн Мусо ат-Талукбарий.

5. Муҳаммад ибн Талҳа ан-Наъолий ал-Бағдодий (Хатиб Бағдодий устозларидан).

6. Шайх Садуқнинг оғайниси Абу Абдиллоҳ Ҳусайн ибн Али ибн Ҳусайн ибн Мусо ибн Бобуя ал-Қуммий.

7. Шайх Сиқатуддин Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Али ибн Мусо ибн Бобуя ал-Қуммий (Шайх Садуқ оғайнисининг ўғли).

8. Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Қуммий (Қум тарихи китобининг муаллифи).

9. Шайх Абу Абдиллоҳ Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ал-Ғазоирий.

10. Саййид Абул Баракот Али ибн Ҳасан Жавзий Ҳусайний Ҳиллий.

11. Абул Қосим Али ибн Муҳаммад ибн Али ал-Хазоз.

12. Абу Закариё Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Ҳамроний.

13. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ал-Асвад.

Шайх Садуқнинг асарлари

Бу йирик аллома ўзининг 75 йиллик умри давомида жуда кўп китобларни таълиф этиши исломий илмларни ривожлантиришда унинг фавқулодда интилишидан ҳамда юксак ҳиммат эгаси эканидан ва ҳорғинликни билмайдиган сайъ-ҳаракатларидан далолат беради.

Шайх Тусий ўзининг «ал-Феҳрист» номли китобида ёзишича, Шайх Садуқ 300 жилд китоб таълиф этган[8]. Нажоший ўзининг «Рижол» китобида Шайх Садуқнинг 198 та китобининг номини зикр қилган[9].

Шайх Садуқ китобларининг аксарияти тафсир, ҳадис, ахлоқ, ақида, фиқҳ ва рижол каби турли мавзуларда битилган. Унинг асарлари орасидан намуна сифатида энг муҳимларидан айримларини бу ерда келтирамиз:

«Ман лаа яҳзуруҳул-фақийҳ», Фақиҳ унинг ҳузурида бўлмаган киши учун (кутуби арбаъа, яъни ҳадис соҳасида битилган 4 та аслий китобнинг иккинчиси)

«Ал-Муқниъ», фиқҳий масалалар ва аҳком хусусида

«Илал-уш-Шаройиъ», Шариъат аҳкомларининг ҳикматлари ва уларнинг чиқарилганлик сабаблари ҳақида.

«Ат-Тавҳид», Аллоҳ таолонинг тавҳид ва ягоналигини ҳамда Унинг сифатларини баён қилувчи ҳадислар тўплами.

«Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», Имом Маҳдий (а.ж)нинг бор эканликлари ва ул ҳазратнинг узоқ вақт кўзлардан ғойиб бўлишларини ақлий ва нақлий (ҳадисий) нигоҳдан исботлаш ҳақида.

«Ал-Хисолул мамдуҳаҳ вал мазмумаҳ», Ахлоқий фазилатлар ва разилликларни баён қилувчи ҳадислар мажмуи.

«Уюни ахборир-Ризо»

«Савобул аъмол ва ъиқобул аъмол»

«Ал-Амолий», Дарс мажлисида айтган ҳадислари.

«Сифотуш-шиъа», шиаларнинг сифат ва хусусиятлари ҳақида.

«Исботу вилояти Алиййин», Ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг вилоят ва пешволикларини исботлаш ҳақида.

«Маъониюл ахбор»

«Ат-Таарих»

«Ал-Мавоиз»

«Ат-Тақийя»

«Ан-Носиху вал Мансух»

«Ас-сиррул мактум илал вақтил маълум»

«Ал-Маърифат»

«Ал-Ботилул улувву ват-Тақсир»

«Мусодақотул ихвон»

«Исботул васияҳ»

«Ал-Масобиийҳ»

«Мисбоҳул Мусоллий»

«Ал-Ҳидояту фил усули вал фиқҳи»

«Ал-Мавоъизу вал ҳикам»

«Даъоимул Ислом»

«Ал-Маноҳий»

«Ал-Авоилу»

«Ал-Авохиру»

«Айрим амалларнинг ва баъзи ойларнинг фазилатлари ҳақида бир неча рисола»

«Турли фиқҳий ва ғайри фиқҳий мавзулар бобида бир неча рисолалар»

«Пайғамбар (с.а.о), имомлар (а.с) ва айрим саҳобаларнинг фазилатлари бобида бир неча китоб»

«Пайғамбар (с.а.о) ва имомлар (а.с)нинг зоҳидлигини баён қилиш бобида бир неча китоб»

«Халқ сўраган саволларнинг жавоби бобида бир неча китоб»

Шайх Садуқ (рҳ.а) жасадининг 800 йилдан ошиқ вақт ўтгач соғлом ҳолда қолиши

Шайх Садуқнинг қабри вақт ўтиши билан Муғулларнинг ҳамласи-ю, Хоразмшоҳийлар ва Темурийларнинг урушлари ҳамда турли табиий ҳодисалар сабабли бир неча маротаба бузулиб ер билан яксон бўлди ва йиллар давомида тупроқ уюмлари остида номаълум ҳолатга айланган эди. Шундай ҳолатга айланган эдики, 1238 ҳижрий шамсий йил Қожорийлар сулоласидан бўлган Фатҳали Шоҳ даврида мазкур қабр ва унинг атрофида экинзор ва «Боғе Муставфий» номли катта бир Боғ барпо этилган эди[10].

Аммо ўша йили кўп ёмғир ёғиб катта сил юзага келди ва Рей шаҳри атрофидаги экинзорлар ва боғларни сув босди ҳамда айрим жойларни бузиб ташлади, жумладан Шайх Садуқ қабри ва унинг атрофи тўкилиб йиқилди ва қабр ёнида катта чуқур пайдо бўлди. Ўша жойларни таъмирламоқчи бўлганларида бир ертўла кўзга кўринди, сув унинг бир қисмини йиқитган эди.

Бу ҳодисанинг ортидан яна бир ҳайратланарли воқеа юз берди. Ушбу воқеанинг тафсилотини кўп уламолар ўз китобларида келтирганлар, жумладан Саййид Муҳаммад Боқир «Равазот» китобида[11], Мизро Муҳаммад Танкобуний «Қисасул уламо» китобида, Абдуллоҳ Момқоний «Танқийҳул мақол» китобида, Хуросоний «Мунтахабут-Таворийх» китобида, Шайх Аббос Қуммий «Фавоидур-Разавийяҳ» китобида ва Муҳаммад Шариф Розий «Ахтароне Фурузоне Рей» (Рей шаҳрининг порлоқ юлдузлари) китобида ва шунингдек, Шайх Садуқнинг «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ» китоби муқаддамасида ва «Ал-Хисолул мамдуҳаҳ вал мазмумаҳ» китоби муқаддамасида мазкур воқеанинг тафсилотини баён қилинган.

Текшириб кўриш учун ертўлага тушганларида, баданининг барча аъзолари соғлом ва тозза ҳолда бўлган бир жасадни кўрдилар. Ушбу жасадда ҳеч бир айб-нуқсон ва камчилик кўринмасди, чиройли ва нуроний юз билан ухлаган ҳолда эди ва ҳануз ҳино ранги унинг тирноқларида кўриниб турарди. Бир қўлининг тирноқларини олган ва у бир қўлининг тирноқини олмаган эди, соқоли кўксига тушиб турар эди ва бадани шундай янги ва тозза ҳолда эдики, гуё эндигина ҳаммомдан чиққандек ва фақат кафаннинг чириб титилиб кетган иплари жасад атрофида тупроқ устига тушиб ётган эди[12].

Ушбу хабар тезлик билан Рей шаҳри ва Теҳронда тарқалиб, Фатҳали Шоҳнинг қулоғигача етиб борди. Фатҳали Шоҳ ўзи шахсан келиб жасадни кўрмагунча ертўлани ёпмасликни буюрди. Подшо уламолар, нуфузли ва таниқли шахслар билан бирга, улар орасида Оғо Муҳаммад Оли Оғо Кермоншоҳий, ўша замоннинг қадрли ҳаким ва файласуфи Мирзо Абул Ҳасан Жилва, Оятуллоҳ Мулло Муҳаммад Рустам Ободий ва Аллома Саййид Маҳмуд Маръаший Нажафий (Оятуллоҳ Маръаший Нажафийнинг оталари) бор эди, вазиятни яқин дан кўриб кўздан кечириш учун ўша жойга келдилар-да, ертўлага тушиб жасадни эндигина кўмилган соғлом ва тозза ҳолда кўргач, тарқалган хабар тўғри эканлигини тасдиқлаб, бу борада кўпроқ маълумот касб қилиш ва жасаднинг кимга тааллуқли эканини билиб олиш учун излана бошладилар. Ертўлада ўрганиш ва изланиш натижасида бир қабр тошига дуч келадилар. Унинг устига араб тилида шундай деб ёзилган эди:

«هذَا الْمَرْقَدُ لِلْعَالِمِ الْكَامِلِ الْمُحَدِّثِ، ثِقَةِ الْمُحَدِّثِينَ، صَدُوقِ الطَّائِفَةِ، أَبِي جَعْفَرٍ مُحَمَّدِ بْنِ عَلِيٍّ بْنِ حُسِيْنِ بْنِ مُوسَي بْنِ بَابُويَهْ القُمِّي»

Бу етукли олим муҳаддис, муҳаддисларнинг ишончлиси, (шиалар) тоифасининг ростгуйи, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Мусо ибн Бобуя ал-Қуммийнинг қабридир.

Ушбу қабр тоши топилиши билан тўлиқ ўрганиб чиқилгач ва бунинг натижасида уламолар ва халқнинг ишонган кишилари ушбу жасад Шайх Садуқ (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг жасади эканини тасдиқлагач, ҳеч бир шак-шубҳага ўрин қолмаган эди. Сўнгра Фатҳали Шоҳ буйруғи билан ертўлада пайдо бўлган чуқурни беркитиб, унинг устидан муносиб шаклда мақбара қурилди ва ўта чиройли кўринишда ойна билан безалди.

Оятуллоҳ Маръаший Нажафий бу ҳақда айтадилар:

Отам Аллома Саййид Маҳмуд Маръаший Нажафий шундай дердилар:

«Мен у буюк зотнинг қўлини ўпдим ва Шайх Садуқнинг вафот ва дафнидан чамаси тўққиз юз йил ўтган бўлса-да, у кишининг қўли ҳали мулойим ва латиф эди»[13].

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Қум шаҳри Эрон пойтахти Теҳрон шаҳри жанубида 125 километр масофа узоқликда жойлашган.

[2]. Муаллифлар гуруҳи, «Риёзул уламо ва Ҳиёзул фузало» 4-жилд, 10-бет; Саййид Сомир Ҳошим ал-Амидий ал-Ҳусайний, Маъас-Садуқ ва китобиҳи ал-Фақийҳ, ҳадисшунослик журнали, 1418-ҳижрий йили, 2-сони.

[3]. Ҳусайн Али Яздоний, «Афғонистонда шиалик тарихи», Машҳад, Баҳром нашриёти, 1370-ҳижрий шамсий йил, 253-бет.

[4]. Маҳдий Нийлипур, «Фарҳангэ жавон», 1-жилд, 73-бет.

[5]. Шайх Муҳаммад ибн Бобуя ал-Қуммий (иккинчи Садуқ), Имом Маҳдий ҳақидаги ихтисосий ўрганиш маркази, 05.06.2013

[6]. Ар-Раббоний аш-Широзий Абдурраҳим, «Маъониюл Ахбор» китобининг муқаддамаси, 1361 ҳижрий шамсий йили, 69 ва 72-бетлар

[7]. Ҳасан Торамий «Фиқҳ ва фуқаҳолар тариҳи», Паёме Нур Олигоҳи нашриёти, 1384-ҳижрий шамсий йили, 30-бет.

[8]. Шайх Тусий «ал-Феҳрист», 204-бет.

[9]. Нажоший, «Рижол», 389 ва 392-бет.

[10]. «900 йилдан сўнг олимнинг соғлом жасади», Тибён маданий ва ахборот коммуникация муассасаси, 2019-01-29.

[11]. Муҳаммад Боқир Хонсорий, «Равазотул жаннот», Қум, Исмоилён нашриёти, 1390 ҳижрий шамсий йил, 6-жилд, 132-бет.

[12]. «Уламолар ва буюк инсонлар/ Ибн Бобуя Муҳаммад», Илмий Ҳавза Базаси, 2019-01-29.

[13]. «900 йилдан сўнг олимнинг соғлом жасади», Тибён маданий ва ахборот коммуникация муассасаси, 2019-01-29.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Саидризо Ализода (1887-1945)

Саидризо Ализода 1887 – йил, 15 – февралда Самарқандда таваллуд топган. Отаси ҳожи мир Махсум …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.