Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / Марҳум Аллома Аминий билан Аҳли суннат уламолари ўртасида бўлиб ўтган қизиқарли суҳбат

Марҳум Аллома Аминий билан Аҳли суннат уламолари ўртасида бўлиб ўтган қизиқарли суҳбат

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Бир пайт Аҳли суннат уламолари қимматли «ал-Ғадийр» китобининг муаллифи бўлган Аллома Аминийни кечки овқатга таклиф қилишади. Аммо Аллома Аминий уларнинг таклифини рад этиб қабул қилмайдилар. Аммо улар Аллома Аминийни ўз йиғилишларига олиб бориш учун қаттиқ туриб олишади.

Аллома Аминий уларнинг оёқ тираб олгани учун ушбу чақириқни қабул қиладилар, бироқ фақат кечки овқатни тановул қилиш бўлсин ва ҳеч қандай баҳс-мунозара бўлмасин, деб шарт қўядилар ва улар ҳам Аллома Аминийнинг шартини қабул қилишади. Кечки овқатдан сўнг ўша мажлисда ўтирган тахминан 70-80 кишидан иборат катта бир гуруҳ сунний уламоларидан бири баҳс-мунозарани бошламоқчи бўлганида, Аллома Аминий: «Ҳеч бир баҳс-мунозара бўлмасин, деб келишган эдик», дедилар.

Лекин улар яна дедилар: «Ундай бўлса, мажлисимиз нуроний ва хайру-баракотли бўлиши учун ҳар бир киши шу ерда бир ҳадис ўқисин». Қолаверса, йиғилишда қатнашган уламоларнинг ҳаммаси ҳадис ҳофизлари эди. Ҳадис ҳофизи деб 100 минг ҳадисни ёд олган кишига айтилади. У ердаги Аҳли суннат уламолари бирин-кетин ҳадислар ўқий бошладилар. Токи, навбат Аллома Аминийга етиб келди. Шунда Аллома Аминий уларга дедилар:

Ҳадис айтиш учун шартим шуки, аввало ҳаммангиз мен ўқиган ҳадис санадининг тўғри ёки тўғри эмаслигига иқрор бўлгайсиз.

Шунда ҳамма уламолар қабул қилишди. Сўнгра Аллома Аминий дедилар:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ مَاتَ وَلَمْ يَعْرِفْ إِمَامَ زَمَانِهِ مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً»

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар: «Ким ўз замонасининг имоми ва пешвосини танимай ўлса, жоҳиллик ўлими ила ўлган бўлади».

[Ҳадиснинг қисқача изоҳи: Жоҳиллик ўлими билан ўлишнинг маъноси дунёдан кофир бўлиб ўтиш дегани.]

Аллома Аминий ушбу ҳадисни ўқигач, мажлисдаги ҳар бир олимдан ҳадиснинг тўғри ва мўътабар эканлиги ҳақида иқрор ва эътироф олдилар ва уларнинг барчаси ҳадисни тасдиқлашди.

Кейин Аллома Аминий Аҳли суннат уламоларига юзланиб: «Ҳаммангиз ушбу ҳадисни тасдиқлаганингиздан сўнг энди сизларга бир саволим бор», дедилар.

Фотима Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ўз замонасининг имоми ва пешвосини таниганмиди ёки танимаганмиди?

Агар таниган бўлса, ҳазрати Фотима (а.с.)нинг имоми ва пешвоси ким эди?

Мажлисдаги барча уламолар чорак соат ёхуд йигирма дақиқа жим бўлиб қолиб, бошларини эгиб турардилар ва уларнинг айтишга жавоблари бўлмагани учун бирин-кетин ўринларидан туриб, мажлисни тарк эта бошлашди. Шунда улар ўзларига дердилар: Агар ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ўз замонасининг имоми ва пешвосини танимаган эди, десак, у ҳолда ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) дунёдан кофир бўлиб ўтган, деб айтишимиз керак бўлади! Бутун оламлар саййидаси ва сарвари бўлган аёл кофир бўлиб оламдан ўтишдан йироқдир ва агар ҳазрати Фотима (а.с) ўз замонасининг имоми ва пешвосини таниганди, десак, унда қандай қилиб у ҳазратнинг имоми ва пешвоси Абу Бакр бўлган, деб айта оламиз? Ваҳоланки, Аҳли суннатнинг энг машҳур уламоларидан бўлган Имом Бухорий бу ҳақда шундай деган:

«مَاتَتْ وَهِيَ سَاخِطَةٌ عَلَيْهِمَا»

«Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Абу Бакр ва Умарга қаттиқ ғазаб қилган ҳолда оламдан ўтдилар».

Мажлисдаги Аҳли суннат уламолари Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом)нинг ҳақиқий имом ва пешво эканлигини тан олишга мажбур бўлганлари сабаб улардан бирор садо чиқмай сукутга чўмиб, хижолатли ҳолда мажлисни тарк этишди.

ИЗОҲ:

Аллома Аминий ўша мажлисдаги Аҳли суннат уламоларига етказган ўта ингичка ақидавий масалани яхшироқ тушиниб етиш учун юқоридаги Саҳиҳи Бухорийда ривоят қилинган ҳадисни чуқурроқ ўрганиб чиқамиз. Саҳиҳи Бухорийдаги ушбу ҳадис дастлаб Ибн Қутайба ад-Динурийнинг «Ал-Имомату ва ас-Сиёсаҳ» китобида келтирилган. Аммо Бухорий ва Муслим ушбу маънодаги ҳадисларни ривоят қилиб ўзларининг Ас-Саҳиҳ китобларида келтирганлар. Уларни биргаликда кўздан кечирамиз:

 «… فَهَجَرَتْهُ فَاطِمَةُ وَلَمْ تُکَلِّمْهُ فِي ذَلِكَ حَتَّىٰ مَاتَتْ. فَدَفَنَهَا عَلِيٌّ لَيْلًا، وَلَمْ یَؤْذَنْ بِهَا أَبَا بَكْرٍ»

«…Ҳазрати Фотима (саломуллоҳу алайҳо) вафот этгунига қадар Абу Бакрдан узоқлашиб, у билан бу ҳақда сўзлашмади. Ва Али Фотимани кечаси дафн этди ва бу ишдан Абу Бакрни хабардор қилмади».

Манба: Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», Китобул фароиз, 2-жилд, 186-бет, 6725 ва 6726-ҳадислар ва Муслим ибн Ҳажжож, Ал-Қушайрий, Ал-Нисобурий, «Саҳиҳул Муслим», 3- жилд, 1380-бет.

БИРИНЧИ ҲАДИС:

حدثنا أبو الوليد حدثنا ابن عيينة عن عمر وابن دينار عن ابن أبي مليكة عن المِسْوَر بن مَخْرَمَة أنَّ رسول اللّه صلَّى اللّهُ عليه وسلَّم قال: «فاطمةُ بَضْعَةٌ مِنِّي فَمَنْ أَغْضَبَهَا أَغْضَبَنِي».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар:

«Фотима менинг танамнинг бир бўлагидир. Ким уни ғазаблантирса, мени ғазаблантирган бўлади».

Манба: Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», Китобу фазоилис-саҳобаҳ, 12- Маноқиби қиробати Расулиллааҳ (с.а.в) боби, 710-бет, 3714-ҳадис ва шунингдек, Китобу фазоилис-саҳобаҳ, 29-Маноқибу Фотима (алайҳо салом) боби, 717-бет, 3767-ҳадис.

عَنِ ابْنِ أَبِي مُلَيْكَةَ، عَنِ الْمِسْوَرِ بْنِ مَخْرَمَةَ، قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلَّى الله عليه وسلَّم يَقُولُ وَهْوَ عَلَى الْمِنْبَرِ: «إِنَّ بَنِي هِشَامِ بْنِ الْمُغِيرَةِ اسْتَأْذَنُوا فِي أَنْ يُنْكِحُوا ابْنَتَهُمْ عَلِيَّ بْنَ أَبِي طَالِب فَلاَ آذَنُ، ثُمَّ لاَ آذَنُ، ثُمَّ لاَ آذَنُ، إِلاَّ أَنْ يُرِيدَ ابْنُ أَبِي طَالِب أَنْ يُطَلِّقَ ابْنَتِي وَيَنْكِحَ ابْنَتَهُمْ، فَإِنَّمَا هِيَ بَضْعَةٌ مِنِّي، يُرِيبُنِي مَا أَرَابَهَا وَيُؤْذِينِي مَا آذَاهَا»

Мусаввир айтади: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг минбарда шундай деганларини эшитдим:

«Ҳишом ибн Муғайранинг ўғиллари ўз қизларини Али ибн Абу Толибга никоҳлаб беришга рухсат сўрашди, лекин мен рухсат бермайман. Магар Али менинг қизимни талоқ қилиб, уларнинг қизини ўз никоҳига олган тақдирда рухсат бергайман. Зероки, Фотима вужудимнинг бир бўлагидир. Уни қайғуга соладиган нарса мени қайғуга солур ва уни ранжитган нарса мени ранжитади».

Манба: Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», Китоб ал-Никоҳ, 109- Заббур-рожули ъанибнатиҳи фил-ғойрати ва ал-инсоф боби, 6-жилд, 158-бет, 5230-ҳадис.

Муслим ибн Ҳажжож, Ал-Қушайрий, Ал-Нисобурий, «Саҳиҳул Муслим», Китобу фазоилис-саҳобаҳ, 15- Фазоилу Фотима бинтин-Набийй (с.а.в) боби, 7-жилд, 141-бет, 6201 ва 6202-ҳадислар.

ИККИНЧИ ҲАДИС:

«فَغَضِبَتْ فَاطِمَةُ بِنتُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ فَهَجَرَتْ أَبَا بَكرٍ، فَلَمْ تَزَلْ مُهَاجِرَتُهُ حَتَّىٰ تُوُفِّيتْ».

«Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қизлари Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Абу Бакрга ғазаб қилди ва то вафот этгунига қадар Абу Бакрдан узоқлашиб, унинг билан алоқани узди».

Манба: Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 57-Китобу фарзил хумус, 1- Фарзул хумус боби, 4-жилд, 42-бет, 3093-ҳадис.

Бухорий яна бир бошқа ривоятда шундай келтирган:

فَوَجَدَتْ فَاطِمَةُ عَلَىٰ أَبِي بَكْر فِي ذَلِكَ – قَالَ – فَهَجَرَتْهُ فَلَمْ تُكَلِّمْهُ حَتَّىٰ تُوُفِّيَتْ .

«Шундай қилиб, Фотима бу ишда [ўз ҳақ-ҳуқуқлари топталанишида] Абу Бакрга ғазаб қилиб ундан узоқлашди ва то вафот этгунича у билан гаплашмади».

Манба: Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», Китобул Мағозий, 38-Ғазвату Хайбар боби, 5-жилд, 802-бет, 4240-ҳадис.

Муслим ибн Ҳажжож, Ал-Қушайрий, Ал-Нисобурий, «Саҳиҳул Муслим», Китобул-жиҳод вас-сияр (Ал-Мағозий), 16 – Қовлун-Набиййи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа нуваррису маа торокнааҳу фаҳува содақатун» боби, 5-жилд, 154-бет, 4471-ҳадис.

Учинчи ривоятда эса шундай ёзади:

فَهَجَرَتْهُ فَاطِمَةُ، فَلَمْ تُكَلِّمْهُ حَتَّىٰ مَاتَتْ .

«Ҳазрати Фотима оламдан ўтгунга қадар Абу Бакрдан узоқлашиб, у билан сўзлашмади».

Манба: Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», Китобул фароиз, 3- Қовлун-Набиййи соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа нуваррису маа торокнааҳу содақатун» боби, 8-жилд, 3-бет, 6726-ҳадис.

НАТИЖА ВА ХУЛОСА

Аҳли суннат биродарларимиз наздида Қуръони Каримдан сўнг энг ишончли ва мўътабар манба бўлган «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳул Муслим» китобларида ривоят қилинган юқоридаги ҳадиси шарифларга кўра, ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Абу Бакрга ғазаб қилиб, ундан норози ҳолда дунёдан ўтганлари учун шак-шубҳасиз, ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Абу Бакрни ўз замоналарининг имоми ва пешвоси деб тан олмаганлар ва уни ушбу мақомга лойиқ кўрмаганлар ҳам, балки ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) мўминлар амири ва тақволилар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом)ни ўз замоналарининг имоми ва пешвоси деб билиб, ўз жонларини замоналарининг имоми ва пешвосига фидо қилганлар. Ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг ўзлари бу борада ҳазрати Али (алайҳис салом)га шундай деганлар:

قَالَتْ فَاطِمَةُ الزَّهْرَاءُ (عَلَيْهَا السَّلَامُ): رُوحِي، لِرُوحِكَ الْفِدَاءُ وَنَفْسِي لِنَفْسِكَ الْوَقَاءُ يَا أَبَا الْحَسَنِ! إِنْ كُنْتَ فِي خَيْرٍ كُنْتُ مَعَكَ وَإِنْ كُنْتَ فِي شَرٍّ كُنْتُ مَعَكَ

«Эй Абул Ҳасан, менинг руҳим сизнинг руҳингизга фидо бўлсин! Менинг жоним сизнинг жонингиз учун қалқон бўлсин! Агар сиз яхшиликда бўлсангиз, мен сиз билан биргаман ва агар қийинчиликда ҳам бўлсангиз, мен сиз билан биргаман.»

Манба: Шайх Маҳдий Ҳоирий Мозандароний, «Ал-Кавкабуд-дурриййу фий аҳваалин-Набиййи вал-Батули вал-Васий», 1-жилд, 196-бет; Муҳаммад Даштий, «Наҳжул Ҳаёт» китоби, 147-бет, 75-ҳадис.

Демак, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қизлари ва жигаргўшалари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ўз замоналарининг имоми ва пешвосини чуқур таниб ҳамда руҳан ва қалбан унга боғлиқ бўлиб, ўз имомларининг йўлида жонларини фидо қилдилар. Биз Аҳли-Байт издошлари бўлган мусулмонлар ҳам ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)ни ўзимизга ўрнак ва намуна қилиб олиб, жонимизни замонамиз имоми ва пешвоси ҳамда Аллоҳ таолонинг ер юзидаги сўнгги ҳужжати ва валийси бўлган ҳазрати Имом Маҳдий (алайҳис салом) йўлларида фидо қила олайлик. Ва шак-шубҳасиз, бу иш энг буюк ютуқ ва энг улкан нажотдир. Ва шундай буюк ишни қила олган тақдиримиздагина Аллоҳ таоло биздан рози бўлади.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.