Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Аср сурасида Аллоҳ таоло Асрга қасам ичишидан қайси Асрни назарда тутган?

Аср сурасида Аллоҳ таоло Асрга қасам ичишидан қайси Асрни назарда тутган?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ 

Аллоҳ таоло Аср сурасида «وَالعَصْرِ» «Асрга қасам», деб марҳамат қилган. Замон нуқтаи назаридан бир Эрталаб вақти бор ва бир Аср, яъни кечқурун вақти. Босим ва сиқув кўп бўлган замонларни Аллоҳ таоло «Аср» деб айтган. Одамзод ер юзида яшаб келаётгандан бери, яъни ҳазрат Одам (алайҳис салом) замонларидан бери бу дунёда икки муҳим воқеа ва икки улкан аҳамиятли Аср бўлган ва келгусида бўлади:

Бири Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбарликка танланганлик Асри бўлса, иккинчиси эса Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг ғойиблик Асри ёки ул ҳазратнинг зуҳур қилганлари (ғойиблик пардаси ортидан чиққанлари)даги илк Аср кўзда тутилган. Аср сўзи эса «сиқув ва босим» деган маънони англатади.

Юқорида айтилган маънодан ташқари, тушдан кейинги вақтга Аср (кечқурун) деб айтамиз, чунки одам эрталабдан кечгача тинимсиз ишлаган ва чарчаган. Шу сабабдан бу замонга «Аср вақти» дейилади. Агар толиқиш ва босим бўлмаганда эди, ҳаёт ва келажак ҳам бўлмасди. Эрталабдан кечгача ишлаб меҳнат қилиб, пул топган одам тўғри чарчайди, аммо чўнтагига пул киради, натижада унинг оиласи ва болалари роҳат-фароғатда бўлади.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбарликка танланганлик Асрида мусулмонлар ўта оғир сиқув ва тазйиққа дучор бўлгандилар. Мушриклар уларни Абу Толибнинг шиъбида (икки тоғ оралиғида) қамал қилган эдилар ва уларга сув ва нон бермасдилар. Ва мушриклар Пайғамбар (с.а.о)ни Маккадан Мадинага ҳижрат қилишга мажбур қилдилар. Агар мушриклар томонидан бу сиқув ва тазйиқлар бўлмаганида эди, биз ҳозир мусулмон эмас, балки мушрик ва кофир бўлган бўлардик.

Ва Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг кўзлардан ғойиб бўлганлик Асрида ҳам биз мусулмонлар ва Аҳли-Байт издошлари сиқув ва босим остидамиз, бу жуда оғир сиқув ва босимдир, фақат биз бу ҳолатга кўникиб қолганмиз ва шунинг учун ҳам биз وَضَاقَتِ الْأَرْضُ وَ مُنِعَتِ السَّمَاءُ ер торайиб осмоннинг хайру баракотлари тўсилганини тушуна олмаймиз. Ҳозир шундай бир замон бўлдики, дунёнинг қаерига борманг, Ислом дини кўрсатмаларига амал қилган ҳолда диндор бўлиб яшаш ёниб турган оловни қўлида ушлаб туришга ўхшайди. Шу таъбир билан маъсум имомларимиздан ҳадис ривоят қилинган.

Инсон эрталаб уйидан диндор ва иймонли ҳолда чиқиб кетади ва оқшом уйига қайтаётганда эса динини ва иймонини қўлдан бериб қўйган бўлади. Ҳозирги биз яшаётган замонда одамизот маънавиятсизлик ҳолатига учраб маънавий сиқув ва босим остида бўлгани сабаб ўзини осонликча тўғрилай олмайди ҳамда инсоний камолот ва мукаммаллик сари интилиб муваффақият қозона олмайди, бу йўлда турли тўсиқ ва муаммоларга дуч келади. Зеро, замонамиз одамлари инсон доимо тўғри сўз бўлишини, ҳақиқатни айтишини, ҳасад ва кўра олмасликдан йироқда бўлишини ёқтирмайдилар.

Боз устига фаҳш ишлар, фасод-бузуқлик ва ахлоқсизликлар ҳар томондан ёғилиб турибди. Бундай вазиятда инсон Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зот Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомлар ҳамда замонамиз пешвоси Имом Маҳдий (а.ж) кўрсатган йўлдан бориши жуда мушкулдир.

Демак, бу икки муҳим Асрдан бири, яъни Пайғамбаримиз (с.а.о) юборилишларининг Асри ўтган ва бу Аср бизнинг бахт-саодатимизни таъминлаган. Ва агар фақат бир сўзга амал қилсак, дунё ва охират саодати бизни қамраб олади ва бутун ҳақиқатлар бизнинг вужудимизда руёбга чиқади. Ўша бир сўз қуйидаги жумладир:

لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّـهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ

«Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят)

Етиб келиш арафасида бўлган кейинги Аср эса Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг зуҳур қилиши Асри бўлиб, биз ҳаммамиз ўзимизни Шаҳидлар Саййиди Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёр-асҳоблари каби Ҳабиб ибн Мазоҳир, Ҳоний ибн Урва, Муслим ибн Ақил, ҳазрат Али Акбар ва ҳазрат Қосим ибн Ҳасан (а.с)лар сингари тайёрлашимиз керак.

Ер юзида тирик бўлган ва ҳатто оламдан ўтган Худонинг хос бандалари Имом Маҳдий (а.ж) зуҳур қилган вақтда ул ҳазратга ёр-мададкор бўлиш учун келадилар. Аллоҳ таоло Асҳоби Каҳф (ғор эгалари)ни бу дунёга қайтаради.

Агар Қудратли Аллоҳ таоло Имом Маҳдий (а.ж)нинг ғайбат пардаси ортидан чиқиб зоҳир бўлишларини истаса, У бизнинг орамиздан ўз устида ишлаб ўзини тайёрлаган кишиларни бир жойга тўплайди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا مَن يَرْتَدَّ مِنكُمْ عَن دِينِهِ فَسَوْفَ يَأْتِي اللَّـهُ بِقَوْمٍ يُحِبُّهُمْ وَيُحِبُّونَهُ أَذِلَّةٍ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ أَعِزَّةٍ عَلَى الْكَافِرِينَ يُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّـهِ وَلَا يَخَافُونَ لَوْمَةَ لَائِمٍ ۚ ذَٰلِكَ فَضْلُ اللَّـهِ يُؤْتِيهِ مَن يَشَاءُ ۚ وَاللَّـهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

«Эй иймон келтирганлар, сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган кишиларни келтиради. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли-марҳамати бўлиб, хоҳлаган кишига ато этади. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи зотдир» (Моида сураси, 54-оят).

Бу буюк тавфиқни осонликча қўлдан бермайлик, олий ҳиммат билан доим олдинга ҳаракат қилайлик, сустлик ва заифлик биз томон келишига йўл қўймайлик. Агар ҳозирдаёқ Имом Маҳдий (а.ж)нинг зуҳурлари (ғойиблик ҳолатидан чиқишлари) эълон қилинса, бутун юмушимизни четга суриб «Лаббайк» деб чиқайлик ва ул ҳазратга эргашайлик.

Бу йўлда бўшашмайлик, озчилик бўлганимиз учун маҳзун ва ғамгин ҳам бўлмайлик! Зеро, Аллоҳ таоло биз билан ва биз устунмиз. Фақат шарти шуки, тақволи ва иймонли бўлайлик;

وَلَا تَهِنُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَنتُمُ الْأَعْلَوْنَ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

«Бўшашманглар! Ғамгин ҳам бўлманглар! Сизлар устундирсиз, агар иймонли бўлсаларингиз» (Оли Имрон сураси, 139-оят).

Тўғри ва Ҳақ йўлни танлаган ва Имом Маҳдий (а.ж)нинг интизорида бўлган инсонни албатта, Шайтон қўрқитади ва уни йўлдан адаштириш учун доим чалғитиб туради;

إِنَّمَا ذَٰلِكُمُ الشَّيْطَانُ يُخَوِّفُ أَوْلِيَاءَهُ فَلَا تَخَافُوهُمْ وَخَافُونِ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

«Шубҳасиз, бу Шайтонки ўз дўстларини [кофирларнинг қудратидан] қўрқитади. Бас, агар иймонли бўлсаларингиз, улардан қўрқманглар, Мендангина қўрқинглар» (Оли Имрон сураси, 175-оят)

فَمَن تَبِعَ هُدَايَ فَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

«Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф-қўрқиш йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар» (Бақара сураси, 38-оят).

إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّـهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا فَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

«Шубҳасиз, «Раббимиз фақат Аллоҳдир» деган, сўнгра [ўз сўзи устида] қаттиқ турган кишиларга хавф-қўрқиш йўқдир ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар» (Аҳқоф сураси, 13-оят).

Ҳаётим, оилам, фарзандларим ва савдо-сотиқим нима бўлади? деб ғамгин бўлмайлик ва хавотир ҳам қилмайлик. » كَلَمْحِ الْبَصَرِ « кўзимизни юмиб очгунча Имомимиз зуҳур қилганларини кўришимиз мумкин.

Шуни унутмайликки, Имом Маҳдий зуҳур қилганларидан сўнг инсонлар ҳаёти биз ўйлагандан ҳам яхшироқ бўлади. Ўша кун учун ўзимизни тайёрлайлик ва унинг интизорида бўлайлик!

Ул ҳазрат ўзларининг бошқа бир нуроний ҳадисларида бизга йўл кўрсатиб шундай буюрадилар:

«فَأَغْلِقُوا أَبْوَابَ السُّؤَالِ عَمَّا لَا يَعْنِيکُمْ وَلَا تَتَکَلَّفُوا عِلْمَ مَا قَدْ کَفَيْتُمْ وَأَکْثِرُوا الدُّعَاءَ بِتَعْجِيلِ الْفَرَجِ فَإِنَّ ذَلِکَ فَرَجَکُمْ».

«Сизларга фойдаси бўлмаган нарсалар ҳақида савол сўраш эшикларини ёпинглар ва сизларга зарур бўлмаган нарсаларни билиш учун ўзингизни машаққатга қўйманглар. Менинг фаражим (зуҳурим) учун кўп дуо қилинглар. Зероки, бу (Менинг фаражим) сизларнинг ҳам фаражингиздир».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 53-жилд, 181-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.