Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а.ж) бизнинг товушимизни эшитишадиларми?

Имом Маҳдий (а.ж) бизнинг товушимизни эшитишадиларми?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     

Агар ҳаётимизда бирор мушкул ёки қийинчиликка дучор бўлганимизда, замонамиз Пешвоси ва Валийсига юзланиб ул ҳазратни ёрдамга чақирсак, бизни эшитадиларми? деган савол баъзиларда туғилиши мумкин. Худди шу саволни айрим Аҳли-Байт издошлари имомларимиздан сўраганлар.

Бу борада ўнинчи пешвоимиз Имом Али ибн Муҳаммад ал-Ҳодий (алайҳис салом)дан ҳам сўралган эди. Ул ҳазрат даврларида узоқ шаҳарлардан бирида яшовчи бир киши мактуб ёзиб ул ҳазратга: «Мен сиздан йироқдаман. Баъзан ҳаётимда эҳтиёж ва мушкуллар пайдо бўлади, шунда мен нима қилай?» деб савол беради.

Имом Ҳодий (алайҳис салом) унинг саволига жавобан шундай марҳамат қиладилар:

«إِنْ كَانَتْ لَكَ حَاجَةٌ فَحَرِّكْ شَفَتَيْكَ»

«Агар бирор ҳожатинг бўлса, лабларингни қимирлат, (мен гапингни эшитаман)».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 53-жилд, 306-бет.

Юқоридаги ҳадиси шарифдан маълум бўладики, маъсум имомларимиз ўз шиаларининг ҳолидан доим хабардордирлар, уларнинг гапини эшитадилар ҳамда уларнинг ҳожат ва мушкулларидан огоҳдирлар.

Бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан ҳамда олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқдан (алайҳис салом)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

«إذَا ضَلَلْتَ فِي الطَّرِيقِ فَنَادِ «يَا صَالِحُ» أَوْ «يَا ابَا صَالِحٍ» أَرْشِدْنَا إِلَي الطَّرِيقِ رَحِمَکُمُ اللهُ»

«Агар [текисликларда ёки чўлу биёбонларда] йўлдан адашиб қолсангиз, у ҳолда «Эй Солиҳ» ёки «Эй Або Солиҳ» бизни қутқазинг, бизга йўл кўрсатинг, Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, деб (ёрдамга) чақиринг».

Манба: Шайх Садуқ, «Ман лаа яҳзуруҳул-фақийҳ» 2-жилд, 298-бет, 2506-ҳадис.

Шунга асосан, раббоний уламолар ва Аҳли-Байт издошлари бўлган мўминлар нафақат чўлу биёбонларда йўқолиб қолганда, балки ўзларининг маънавий ва шукуҳли мажлислари ва йиғилишларида, ҳаттоки «Ғайбати Кубро» даврида барча ғоявий, амалий ва илмий адашувларда ҳамда моддий ва маънавий қийинчиликларда, замонамиз Пешвоси ва Валийси бўлмиш Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)ни «Абу Солиҳ» номи билан ёрдамга чақириб ул ҳазратга юзланганлар.

Қачонки пичоқ суягингга етса…

Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)дан ёрдам сўрашнинг улкан таъсири ҳақида юз берган бир воқеани бу ерда келтирмоқчимиз.

«Абулвафо Шерозий» исмли бир киши Абу Али Илёс ҳукмронлиги даврида ўлим билан таҳдид қилиниб қамоққа ташланди. Абулвафо Шерозий маъсумларни ёрдамга чақириб уларга юзланади.

У кечаси тушида Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни кўради. Ул ҳазрат унга шундай марҳамат қиладилар:

«وأمَّا الْحُجَّةُ فَإِذَا بَلَغَ مِنْكَ السَّيْفُ لِلذِّبْحِ وَ أَوْمَأَ بِيَدِهِ إِلي الْحَلْقِ فَاسْتَغِثْ بِهِ فَإِنَّهُ يُغِيثُكَ وَهُوَ غِيَاثٌ وَ كَهْفٌ لِمَنْ اسْتَغَاثَ فَقُلْ يَا مَوْلَايَ يَا صَاحِبَ الزَّمَانِ أَنَا مُسْتَغِيثٌ بِكَ الغَوْثَ أَدْرِكْنِي».

«Аллоҳнинг Ҳужжатига юзлангин, агар пичоқ суягингга етиб қилич сўйиш учун бўйнингга қўйилса «қўллари билан томоқларига ишора қилдилар», ундан [Маҳдийдан] ёрдам сўра. Зеро, у сенга ёрдам беради ва у ёрдам сўраган кишининг додига етувчи ва паноҳкоридир. Шунда айтгин: Эй Мавлоим, эй Соҳибаззамон (замонамиз Соҳиби), мен сиздан ёрдам сўрайман, додимга етинг, мени қутқаринг».

Абулвафо айтади: «Мен бу сўзларни тушимда айтар эканман, уйқудан уйғониб кетдим. Шу вақтнинг ўзидаёқ Абу Али Илёснинг одамлари келиб, мени унинг олдига олиб боришди».

– Кимга юзланиб ёрдам сўрадинг? – деб сўради мендан Абу Али Илёс.

– Мен: «Инсониятнинг халоскорига, ночорларнинг ва мушкул аҳволга тушганларнинг паноҳкорига юзланиб ёрдам сўрадим», – деб унга жавоб қайтардим.

Сўнгра маълум бўлдики, Абу Али Илёсга тушида: «Агар сен бизнинг дўстимизни қўйиб юбормасанг, сени йўқ қиламиз ва ҳукуматингни ағдарамиз… », – деб айтган эканлар.

Кейин у Абулвафога пул ва совғалар бериб, уни қўйиб юборди.

 Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 53-жилд, 323-бет.

Ушбу мавзуга доир, Аҳли-Байт издоши бўлган бир мусулмон киши кундалик ҳаётида ўз маъсум Имоми ва Пешвоси бўлган Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) билан алоқа сақлаши зарурлиги хусусида айрим уламо ва мужтаҳидларимизнинг сўзларини бу ерда келтирамиз.

Марҳум Оятуллоҳ Мийлоний айтардилар:

Ҳар куни бироз бўлса-да, замона Имоми (Имом Маҳдий) билан дардлашинг. Шиа бўлган мусулмоннинг куни тун ва туни кун бўлса-ю, лекин Имомини асло эсламаса, бу яхши ҳолат эмас.

Агарда инсон яхши кайфиятда бўлмаса ҳам, бир неча дақиқа ўтириб масалан, «Мафотиҳул Жинон» китобидаги бирор дуони олиб ўқисин, ўзимизнинг мана шу тилимизда Имом Маҳдий (а.ж) билан саломлашсин ва ул ҳазратга дилидаги гапларини айтиб кўнгил ёрсин.

Марҳум Оятуллоҳ Баҳжат бу борада юқори маъноли бир сўзни айтардилар:

Оғизингиз билан қулоғингиз орасидаги масофа бир қаричдан ҳам озроқдир. Оғзингиздан чиққан гап қулоғингизга етиб боришидан олдин, Имом Замон (Имом Маҳдий)нинг қулоқларига етиб боради.

У зот жуда яқиндир, инсон кўнглидаги ғам-ташвишларини ва қайғу-ҳасратларини ул ҳазратга изҳор қилса, ҳазрат эшитадилар. Ул ҳазрат билан гапиринг ва алоқа ўрнатинг. Хилватда (ёлғизликда) Имом Маҳдий (а.ж)ни ёдга олинг❗️

  Оятуллоҳ Баҳжат (раҳматуллоҳи алайҳ) яна шундай дедилар:

Қийинчиликлардан халос бўлишнинг ягона йўли хилват ва ёлғизликда замомамиз Валийси ва Пешвосининг фаражи (ғойиблик пардаси ортидан чиқишлари) учун дуо қилиш билан чекланган, бу шунчаки ҳар доим қилинадиган тилдаги одатий дуо эмас, балки холисона ният билан сидқидилдан қилинадиган дуодир❗️

✍️Имом Маҳдий (а.ж)нинг манзили ҳақида

Аллома Ҳасанзода Омулийдан: «Имом Замон (Имом Маҳдий)нинг манзили қаерда?» «Имомни қаердан топиш мумкин?», деб сўралганда, У киши шундай жавоб қайтарганлар:

Имом Маҳдий (а.ж)нинг манзили Қуръони Каримдаги Қамар сурасининг 55-оятидир. Унда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

فِي مَقْعَدِ صِدْقٍ عِندَ مَلِيكٍ مُّقْتَدِرٍ ﴿٥٥

«Ростгўйлик ўриндиғида, қудратли Подшоҳ ҳузуридадирлар»

Қаерда ростгўйлик ва тўғрилик бўлса,

Қаердаки фирибгарлик ва алдамчилик бўлмаса,

Қаерда Аллоҳ таолони зикр қилиш ва ёдга олиш бўлса,

Ул ҳазрат ўша жойда бўладилар …

Шуни унутмайликки, Имом Маҳдий (алайҳис салом) Аллоҳ таолонинг танлаган охирги Валийси ва Ҳужжатидир. Ҳадиси шарифларда ул ҳазратнинг вужуди қуёш билан солиштирилган. Қуёш ҳар доим бор бўлиб чарқлаб туради ва бутун ер юзига ўз нурини сочади, лекин у баъзан булутлар ортига яшириниб кўздан ғойиб бўлади. Ўша ҳолда агарчи қуёшни кўрмасак ҳам, аммо унинг борлигини яхши биламиз ва ундан баҳра оламиз. Зероки, унингсиз ҳаёт йўқлигига ишончимиз комил!!

Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг борлиги ҳам худди шундай!! У буюк зотсиз гўё иймон-ишонч ва эътиқод йўқдек. Ва қуёш яна булут ортидан чиқиб, бутун ер юзига нурини сочганидек, бир кун келиб Имом Маҳдий (а.ж) ҳам орамизга қайтиб келадилар ва бутун инсониятга адолат ва ҳақиқат йўлини кўрсатадилар ҳамда инсониятни зулму зўравонлик ва ёвузликлардан қутқазадилар.

Ўша ёруғ кунни кўриш умидида интизор бўлиб қоламиз!

Сўзимиз ниҳоясида қўлимизни дуога кўтариб, Парвардигори оламдан сўраймиз:

Парвардигоро, кўзларимизга шундай қобилият бергинки, замонамиз Пешвоси ва Валийси бўлган Имом Маҳдий (а.ж)нинг нуроний жамолларини кўра олсин ва ул ҳазратнинг меҳрибон нигоҳларига сазовор бўлсин!

Қулоқларимизни ҳам ул ҳазратнинг илоҳий ва малакутий садоларини эшитишга тайёр ва лойиқ айла! Омин!!

«عَزِيزٌ عَلَيَّ أَنْ أَرَى الْخَلْقَ وَلَا تُرىٰ، وَلَا أَسْمَع لَكَ حَسِيساً وَلَا نَجْوىٰ»

«Менга қийиндир одамларни кўрай-у, лекин сиз кўринмасангиз ва сиздан ҳис қилинарли сас-товуш ҳамда дуо-илтижо эшитмасам» (Нудба дуосидан бир қисм).

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.