Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а.ж) ҳамма ерда ҳозир ва борлар

Имом Маҳдий (а.ж) ҳамма ерда ҳозир ва борлар

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     

Устозимиз Ҳужжатул Ислом Теҳроний айтардилар:

Биз ёшлик чоғимизда Оятуллоҳ Саййид Абдул Карим Кашмирий ҳузурида эдик. Мен қуйидаги воқеани у кишининг ўзидан эшитганман.

Оятуллоҳ Кашмирий айтардилар: Ҳиндистонда бир риёзатчи шахс (ўз нафсининг устида ишлаб, оғир риёзатлар ва қийинчиликлар чекканлиги сабабли нотабиий ишларни қила оладиган киши) бор эди. Ўша риёзатчи шундай қудратга эдики, ҳар кимнинг ўзининг ва онасининг исмини унга айтсак, унинг тирик ёки ўлганини ва қаерга кўмилганини бизга айтарди.

Биз ундан бир нечта одамни сўрадик, у тамоман тўғри жавоб берди. Масалан, биз ундан Оятуллоҳ Буружердий ҳақларида сўрадик. У: «Кум Кум», деб жавоб берди. Яъни Қум шаҳрини назарда тутган эди. У киши тирикми ёки оламдан ўтганларми? деб сўрадик. У: «Вафот этганлар», деб айтди. Оятуллоҳ Кашмирий Кашмир шаҳридан бўлганликлари учун ҳинд тилини билардилар.

Бу риёзатчи биз кимни назарда тутганимизни англаб етиш қобилиятига эга эди. Масалан, исмлар жуда кенг тарқалганлиги сабабли, бутун дунёда Муҳаммад исмли ва онасининг исми ҳам Фотима бўлган бир неча минг киши бўлиши мумкин. Аммо бу одамдан сўралганда, минглаб инсонлар орасидан ким назарда тутилганини тушунарди. У дунёнинг шарқини ва ғарбини кўришга ва кўзда тутилган одам қаерда эканлигини, ернинг устидами ёки остида эканлигини айтиб бериш қудратига эга эди.

Оятуллоҳ Кашмирий айтадилар: Биз бу риёзатчидан Имом Маҳдий (а.ж) ҳақларида сўраш учун жуда қулай вақт кўриб, қани ул ҳазрат қаерда эканлар ва бу шахс бу ҳақда нима дея олади?! деган мақсадда ундан Имомнинг исмларини «Маҳдий» ва оналарининг исмини «Фотима» дедик. Бу риёзатчи шахс бироз кутиб турди-да, бундай одам борлигини била олмадим ва сиз кўзда тутган одамнинг исми бу эмас, деб жавоб қайтарди. Биз ҳам хато айтганимизни пайқадик. Зеро, замонамизнинг Валийси ва Пешвосининг исми Муҳаммаддир, аммо Маҳдий эса ул ҳазратнинг лақаби (унвони)дир. Ул ҳазрат оналарининг исмини ҳам Наржис деб айтишимиз керак эди, ҳазрат Фотима (с.а) эмас.

Шунда биз ўша риёзатчига: «Биз назарда тутган кишининг исми Муҳаммад ва онасининг исми эса Наржис», дедик. Риёзатчи киши бир неча лаҳзалик танаффусдан кейин унинг юзининг ранги ўзгарди ва бир оз довдираб қолиб, бир неча қадам орқага юрди-да, бир неча марта: Бу одам ким? Бу ким? деб сўради. Биз ундан Нима бўлди? Нимага бундай сўраяпсан? дедик.

Бўлган воқеани айтаётиб шу жойига етиб келганда, Оятуллоҳ Кашмирий йиғлай бошладилар ва сўзларини давом эттириб дедилар:

Биз риёзатчига: «Бу киши бизнинг замонамиз Имоми ва Пешвосидир», дедик. У деди: Дунёнинг қаерига бормай, бу киши ўша ерда бор эди, ҳамма жойда бор эди. Бу одам бўлмаган бирор жой йўқ эди.

اَللَّهُمَّ عَجِّلْ لِوَلِيِّكَ الْفَرَجَ

Эй Аллоҳим, Имомимизнинг зуҳурларини тезлаштир ва бизларни ул ҳазратнинг ҳақиқий ёрларидан айла!!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.