Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а.ж)нинг Ғариблиги Ҳақида

Имом Маҳдий (а.ж)нинг Ғариблиги Ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ 

Ушбу мақоламизда Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг ғариб ва яккаю ёлғиз эканликлари ва ул ҳазрат ғойиблик пардаси ортидан чиқишлари учун қўлимиздан келгунча ҳомийлик қилишимиз зарурлигини изоҳлаб бермоқчимиз.

Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) дунёга келишларидан 200 йилдан ҳам ошиқ вақт олдин мўъминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) келажакда ўз наслларидан келадиган ўн иккинчи пешвоимиз Имом Маҳдий (а.ж)нинг ўз замоналарида одамлар томонидан яккаю ёлғиз, ғариб, қувилган ва сарсон-саргардон ҳолда қолдирилгани ҳақида олдиндан хабар берганлар.

Асбағ ибн Нубота айтади: Мен мўъминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг шундай деб марҳамат қилганларини эшитдим:

حَدَّثَنَا عَلِيُّ بْنُ أَحْمَدَ بْنِ مُحَمَّدِ بْنِ مُوسَى بْنِ عِمْرَانَ رَضِيَ اَللَّهُ عَنْهُ قَالَ حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ أَبِي عَبْدِ اَللَّهِ اَلْكُوفِيُّ قَالَ حَدَّثَنَا سَعْدُ بْنُ عَبْدِ اَللَّهِ عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ عَبْدِ اَلْحَمِيدِ وَ عَبْدِ اَلصَّمَدِ بْنِ مُحَمَّدٍ جَمِيعاً عَنْ حَنَانِ بْنِ سَدِيرٍ عَنْ عَلِيِّ بْنِ اَلْحَزَوَّرِ عَنِ اَلْأَصْبَغِ بْنِ نُبَاتَةَ قَالَ سَمِعْتُ أَمِيرَ اَلْمُؤْمِنِينَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ يَقُولُ: صَاحِبُ هَذَا اَلْأَمْرِ اَلشَّرِيدُ اَلطَّرِيدُ اَلْفَرِيدُ اَلْوَحِيدُ.

«Бу иш Соҳиби [келажакда бутун инсониятнинг Пешвоси ва Раҳнамоси бўладиган Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)Шарид [Сарсон-Саргардон], Тарид [Қувилган], Фарид [Яккаю Ёлғиз қолган] ва Ваҳид [Танҳо]дир».

Манба: Шайх Садуқ, «Камолиддин ва Тамомун-Неъмаҳ», 303-бет, Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 51-жилд, 120-бет.

Эй Сарваримиз ва Раҳбаримиз, биз ожиз бандаларни Кечиргайсиз! Шу даражада ўзимизнинг кундалик ҳаётимизга берилиб кетдикки, сизни жуда оз эслайдиган бўлдик! Қалбимиз сиз томон камроқ интиладиган ва озроқ соғинадиган бўлди.

Эй Мавлоимиз ва Пешвоимиз, биз ўзимизга Сизнинг Мунтазирингиз [Сизнинг келишингизни кутувчилар] деб ном бердигу… бироқ бизнинг интизор дафтаримизни варақлаб кўздан кечирсангиз, кўрасизки, биз интернет саҳифалари-ю веб сайтлар ва каналларни Имомимиздан кўра кўпроқ таниймиз! Баъзан ҳатто эрта тонгда ҳам ўз веб-саҳифамизни ва сайтларимизни текширамиз, лекин аҳдимизни эса йўқ! Бизларга нималар ҳам қилишганига бир қаранг …

Боз устига уялмай замонамиз Соҳиби ва Пешвоси Имом Маҳдий (а.ж)га тезроқ келинг! Биз Сизнинг келишингизни кутаяпмиз, деб ҳам айтамиз!!!

Биз биринчи пешвоимиз ҳазрат Али (алайҳис салом) давридаги одамларнинг ул ҳазратга эргашмай ва ҳомийлик қилмай, ул зотни яккаю ёлғиз ва ғариб ҳолда қолдирганликларини эшитиб, ўша замон одамларини лаънатлаймиз. Худди шундай имом Ҳусайн (алайҳис салом) давридаги одамлар ул ҳазратни яккаю ёлғиз ва ғариб ҳолда қўйганликларини тарих саҳифаларида ўқиб ва эшитиб, ўша замон одамларини лаънатлаймиз. Биз ҳам замонамиз Соҳиби ва Пешвоси Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг ғойиблиги вақтида У Буюк Зот ғойиблик пардаси ортидан чиқишлари учун шароит ва замин яратмасак, ўзимизнинг кундалик такрорий ва моддий ҳаётимизга берилиб, ул зотга вафодорлигимиз ва ҳомийлигимизни амалда кўрсатмасак, очиқроқ қилиб айтганда, ул ҳазратни яккаю ёлғиз ва ғариб ҳолда қолдирсак, бир кун келиб келажакдаги одамлар ҳам Имом Маҳдий (а.ж) даврида яшаганлар ул ҳазратга ҳомийлик қилмай, У Буюк Зотни яккаю ёлғиз ва ғариб ҳолда қолдиришган деб бизни лаънатлагайлар.

Худо кўрсатмасин! Бирортамизнинг отамиз қамоққа тушиб қолса, бизлар учун кечалари уйқу бўлмайди. Кеча-ю кундуз тиришиб, югура-югур қилиб қандай йўллар билан бўлмасин, отамизни қамоқдан олиб чиқамиз. Аммо биз ва сиз учун оталаримиздан ҳам азиз ва шарафли бўлган, ҳаммамизнинг маънавий отамиз Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг «Кубро Ғайбати», яъни Узоқ Муддатли Ғайбатлари (кўздан ғойиб бўлишлари)дан 1112 йил ўтмоқда, бизлар эса У Буюк Зот билан ҳеч ишимиз бўлмай, ҳаттоки баъзан эсдан чиқариб ўзимизни кундалик оддий ҳаёт ташвишлари ва юмушлари билан банд қилиб қўйганмиз.

Нақадар БЕРУҲ ва МАЪНАВИЯТСИЗ ҲАЁТ!!!

Ҳолбуки, ҳаммамизнинг бутун фикр-зикримиз ва саъй-ҳаракатимиз Имом Маҳдий (а.ж)нинг ғойибликдан чиқишлари учун шароит ва замин яратмоқлик бўлиши керак.

Замонамиз Пешвоси ва Раҳнамоси Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) таълимотларини нашр этиш ва ул ҳазратни жамиятимиздаги одамларга таништириш учун қўлимиздан келган ҳеч бир ишни аямаслигимиз керак. Бутун санъат ва маҳоратимизни, жумладан компютер билан ишлаш, фотосуратлар ва плакатлар тайёрлаш, бадиий матнлар ва мақолалар ёзиш, маърузалар қилиш ва ҳоказоларни амалга ошириб қўлимиздан келгунча ҳаракат қилмоғимиз зaрур.

Юқорида айтилганларнинг ҳеч бирини қила олмаган тақдирда, ҳеч бўлмаса Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ҳақларидаги маълумотларни танишларимизга етказайлик ва бу билан яшаб турган жамиятимизга У Буюк Зотни таништирайлик ва ул ҳазрат келишларининг интизорида бўлиш нақадар улкан иш эканини уқтирайлик!!! Шундагина биз Аллоҳнинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси Имом Маҳдий (а.ж)га ёр ва мададкор бўламиз, иншоАллоҳ.

Биз Имом Маҳдий (а.ж)га ёр ва мададкор бўлиш қанчалик юқори мартаба ва мақом эканини қаердан ҳам билардик. Агар Худо қабул қилса, биз Имом Маҳдий (а.ж)га ёр-асҳоб ва хизматкор бўла олсак, нақадар юқори мақом ва мартабага эришган бўламиз! Аллоҳга қасамки, Имом Маҳдий (а.ж)га ёр ва мададкор бўлиш мақомининг юксаклиги бизнинг фикримизга сиғмайди. Биз бу ерда бу мақомнинг нақар улуғ эканини баён қилишга ҳаракат қиламиз. Ҳар лаҳзада ва дуоларимизнинг бошида ушбу мақом ва мартабани Аллоҳ таолодан бизга ато этишини сўрайлик. Токи, Аллоҳ таоло ҳаммамизга Имом Маҳдий (а.ж)нинг ғойиблик вақтларида ҳамда У Буюк Зот зуҳур қилганларида ёр-асҳоб ва мададкор бўлишни насиб-рўзи қилсин!

Алломаи олами вужуд [Борлиқ оламнинг донишманди] олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

قَالَ الصَّادِقُ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «وَلَوْ أَدْرَکْتُهُ لَخَدَمْتُهُ أَيَّامَ حَيَوٰتِي».

«Агар Имом Маҳдийнинг даврига етолсам эди, бутун ҳаётим кунларида унга хизмат қилардим».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 51-жилд, 148-бет, 6-боб, 22-ҳадис.

Буюк олим Мирзо Ҳусайн Нурий ўзининг «Нажмус-Соқиб» номли китобида сир-асрорли ва етукли шиа олими Кафъамийнинг «Мисбоҳ» номли китобидан иқтибос келтириб айтади:

«Ҳазрати Валиййи Аср Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) атрофларида ҳамма вақт ва ҳар замонда баъзи кишилар ул ҳазратга ёр-мададкор ва хизматкор сифатида бор бўлиб, улар Имом Маҳдий (а.ж) буюрган ишларни бажарадилар.»

Буюк олим Кафъамий «Мисбоҳ» унвонли китобида келтирган тартибга биноан Имом Маҳдий (а.ж) ғойиблиги чоғида ул ҳазрат атрофидаги ёр ва мададкорлар тўрт ҳалқа ва мартабага эга бўлиб, биринчи ҳалқа ва мартабада 4 нафар «Автод», иккинчи ҳалқа ва мартабада 7 нафар «Абдол», учинчи ҳалқа ва мартабада 40 нафар «Нуқабо» [нақиблар, яъни йўлбошчи ва раҳнамолар] ва тўртинчи ҳалқа ва мартабада эса 360 нафар «Рижолул Ғайб» [Ғайб кишилар]дан иборат. Инсонлар орасида кимлиги маълум бўлмаган кишилар бўлганлари учун уларга «Рижолул Ғайб» дейилган. Ушбу тўрт ҳалқа ва мартабадаги кишилар Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) атрофларини ўраб олиб У Буюк Зотнинг хизматида бўлган хос инсонлардир.

Кўплик шаклида бўлган «Автод» калимаси арабча сўз бўлиб, унинг бирлиги «Ватад» қозиқ маъносидадир. Биринчи ҳалқа ва мартабада бўлган 4 кишига «Автод» деб айтилганининг сабаби, улар замонамиз Пешвоси ва Йўлбошчиси Имом Маҳдий (а.ж) каби ернинг ўз ўқи атрофидан узилиб кетмай ўз мадорида [орбитасида] мустаҳкам туришига cабаб бўлганларидир. Уларнинг вужуди қозиқ сингари ерни ўз жойида ушлаб тургани учун уларга «Автод», яъни қозиқлар дейилган. Иккинчи ҳалқа ва мартабадаги 7 кишига нисбатан айтилган «Абдол» калимаси ҳам арабча сўз бўлиб, унинг бирлиги «Бадал», яъни ўрнини босувчи дегани. Зероки, иккинчи мартабадан жой олган ва «Абдол» деб ном олган кишилар айрим ишларда биринчи ҳалқадаги кишиларнинг ўрнини босадилар. Қолган ҳалқа ва мартабадаги кишиларга нисбатан қўлланган номлар ҳам арабча сўз бўлиб, уларнинг маъноси юқорида айтиб ўтилди

Ушбу ёр ва мададкорлар Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) зуҳур қилганларида ул ҳазратнинг хизматида бўладиган 313 кишидан ташқаридирлар. Булар шу кеча-кундузда бизнинг ҳозирги замонимизда Ғайбат асридаги Имом Маҳдий (а.ж)нинг хизматида бўлган кишилардир. «Мафотиҳул Жинон» китобида Ражаб ойининг яримидаги амалларда келган «Умму Довуд» дуосида Имом Маҳдий (а.ж)нинг хизматида бўлган юқоридаги кишиларга салом берилган:

السَّلَامُ عَلَى الْأَبْدَالِ وَالْأَوْتَادِ

«Умму Довуд» дуосидаги «Абдол» ва «Автод»дан мурод, Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) атрофларини ўраб олган кишилардир. Улар ҳар замонда борлар. Агар биз учун биринчи ҳалқа ва иккинчи ҳалқа қаторидан жой олиш қийин иш бўлса, яъни «Абдол» ва «Автод» бўлиш мушкул бўлса, учинчи ва тўртинчи ҳалқадан бўлиш қийин иш эмас. Имом Маҳдий (а.ж) ҳозирдаёқ, шу кеча кундузда ўзларига ёр-асҳоб ва мададкор қабул қилиб оладилар. Буларнинг умри замонамиз Соҳиби Имом Маҳдий (а.ж) каби узоқ эмас, балки оддий умр кўрадилар ва уларнинг ҳар бири дунёдан ўтиши билан халқ орасидан дину динёнати, иймон-эътиқоди комил бўлган бир киши унинг ўрнини эгаллайди; оддий инсонлардан бир киши, кўзимизга муҳим кўринмаган ва биз уни ҳисобга олмаган бир киши жойига келади. Мисол тариқасида савдогар, ҳунарманд, аттор, муаллим, руҳоний ва бошқалардан бир киши Имом Маҳдий (а.ж)нинг хизматларида бўладиган ёр-асҳоблардан бири этиб тайинланади ва унинг зиммасига маълум бир маъмурият ва вазифа юкланади.

Агар «Абдол» ва «Автод» бўлмоқлик мушкул бир иш бўлса, лекин учинчи ва тўртинчи ҳалқадан бўлиш мумкиндир. Ҳатто агар учинчи ва тўртинчи ҳалқадан бўлмоқлик ҳам мушкул ва қийин иш деб айтадиган бўлсак, ҳеч бўлмаганда шундай яшайлик ва ҳаётимизда шундай йўл тутайликки, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) биз шиаларга ва Аҳли-Байт издошларига назар солганларида, У Буюк Зотнинг муборак қалблари биздан шод ва хурсанд бўлсин!! Агар биз юқорида айтилган тўрт ҳалқа ва мартабадан бирортасида бўла олмасак-да, ҳеч бўлмаса У Буюк Зотнинг қалбларини шод ва хурсанд қилайлик!! Ножўя ишларимиз, маъсият ва гуноҳларимиз билан ул ҳазратга жабру жафо қилиб муборак ва муқаддас қалбларини ранжитмайлик.

Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) кўринмаган ҳолда орқадан туриб саҳнани бошқараётганларини тушуниб етишимиз нақадар ширин ва умидбахш ҳолат!! Аллоҳ таолога қасамки, агарчи ғойиблик пардаси ортидан бўлса-да, Имом Маҳдий (а.ж) қўллари биз шиаларнинг орқасида бўлмаганда эди, шиалар ер юзидан буткул йўқ қилинган бўлардилар. Фақат ҳижрий йилининг еттинчи асрида муғулларнинг босқинчилиги шиаларнинг ер юзидан йўқ бўлиши учун етарли эди. Бунинг устига, муғулларнинг шарқ томондан ҳужуми ғарб томондан салиб юришлари билан бир замонда рўй берганди. Салиб юришлари билан муғулларнинг ҳамласи бирлашган ҳолда қайчининг икки дами каби Исломни қирқиб ташлаб нобуд қилишга бел боғлашган эди. Лекин ҳайратланарли томони шунда бўлдики, ногаҳон бани Аббос ҳукмдорлиги сулоласи таг-томири билан йўқотилди ва Аҳли-Байт издошлари бўлган шиалар эса бу ўртада сақланиб қолди.

Эслатиб ўтиш жоизки, бани Аббос халифалари бир неча асрлар давомида Аҳли-Байтдан бўлган маъсум имомларимизга ва уларнинг издошлари бўлган шиаларга ўта оғир азият-озорлар берган ва уларни қатл ом [оммавий қирғин] қилган эдилар. Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан ҳижрий йилининг еттинчи асрида муғуллар ҳамласи билан салиб юришлари биргаликда зулму зўравонликка асосланган, маркази Бағдод шаҳри бўлган бани Аббос халифалигининг ер юзидан буткул йўқ бўлишига олиб келди.

Агар бирор шахс Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг ғойиблик пардаси ортидан ҳимоя қилишлари ва бошқаришлари натижасида шиаларнинг салиб юришлари ва муғуллар босқинчилиги сингари ўта ҳалокатли вазиятларда ҳам сақланиб қолганини қабул қилмаса, табиийки бу нарсани тўсатдан юз берган бир тасодифий ҳолат деб билади. Аммо бу олам аниқ ҳисоб-китоб билан бошқарилишини билган киши буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг сўнгги Ҳужжати ва Валийси Имом Маҳдий (а.ж)нинг раҳнамолиги ва бошқаруви билан бўлганини яхши билади.

Бизлар ҳам Аҳли-Байтнинг издошлари ва шиалари сифатида дунёқарашимизда, фикр-мулоҳазаларимизда ва ҳисоб-китобимизда бу ҳақиқатларни эътиборга олишимиз керак.

Бу борада пешвоимиз ва сарваримиз Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг бизга марҳамат қилган қимматли сўзларини кўздан кечирамиз:

إنّا غيرُ مُهْمِلِينَ لِمُرَاعَاتِكُمْ، وَلَا نَاسِينَ لِذِكْرِكُمْ، وَ لَوْلَا ذَلِكَ لَنَزَلَ بِكُمُ الْبَلَاءُ، وَاصْطَلَمَكُمُ الْأَعْدَآءُ، فَاتَّقُوا اللهَ جَلَّ جَلَالُهُ وَظَاهِرُونَا

«Биз сизларнинг ҳолингизни кузатишда ва назорат қилишда эътиборсиз бўлмагаймиз ва сизларни ёдга олишни унутмагаймиз, агар шундай бўлмаса эди, бало-мусибатлар ҳар томондан сизларга ёғилган бўларди ва душманлар сизларни нобуд қилган бўлар эдилар. Демак, Аллоҳ таолодан қўрқингиз ва бизга ҳомийлик қилингиз».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 53-жилд, 175-бет.

Саъдий Шерозий ушбу мазмунда «Бўстон» китобининг охирида эшитишга сазовор жуда маъноли бир шеър айтган:

ای سرو بالای سهی کز صورت حال آگهی

Эй қади қомати расо ва ҳамманинг ҳолидан хабардор бўлган киши

وز هر که در عالم بهی ما نیز هم بد نیستیم

Сиз оламдаги ҳар бир кишидан яхшисиз, биз ҳам ёмон эмасмиз;

گفتی به رنگ من گلی هرگز نبیند بلبلی

Ҳеч булбул менинг рангимдаги гулни кўрмагайдир дедингиз;

آری نکو گفتی ولی ما نیز هم بد نیستیم

Ҳа, яхши дедингиз, аммо биз ҳам ёмон эмасмиз;

ای شاهد هر مجلسی و آرام جان هر کسی

Эй ҳар бир мажлиснинг гувоҳи ва ҳар бир кишининг ороми жони;

گر دوستان داری بسی ما نیز هم بد نیستیم

Агарчи яхши ёр-дўстларингиз кўп бўлса ҳам, биз ҳам ёмон эмасмиз;

گفتی که چون من در زمی دیگر نباشد آدمی

Мендек ер юзида бошқа бирор одам йўқ дедингиз;

ای جان لطف و مردمی ما نیز هم بد نیستیم

Эй фазлу марҳаматли ва одамлар жони, биз ҳам ёмон эмасмиз.

Эй Сарваримиз ва Мавлоимиз, биламиз Сизнинг яхши ёр-дўстларингиз бор!! Аммо биз каби ожиз ва гуноҳкорларга ҳам фазлу марҳамат ва иноят кўзи билан назар солинг!!

Мен ўзимни айтаман: Эй Пешвоим ва Сарварим, мен ёмонман, Сизга лойиқ ва муносиб эмасман!! Аммо ишончим комилки, Сиз шу даражада яхшисизки, мени ўзингиздан қувмайсиз. Сизнинг йўлингизда, Сиз билан бирга ва хизматингизда бўлмоқчи бўлган кишини рад этиб қайтармайсиз!!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.