Home / Ўгит ва насиҳатлар / Даҳвул-Арз нима дегани?

Даҳвул-Арз нима дегани?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ 

  Зул-Қаъда ойининг 25 куни «Даҳвул-Арз», яъни ернинг кенгайиши куни бўлиб, бу кунда Аллоҳ таолонинг амр-фармони билан ер Каъба қурилган жойдан бошлаб сув устидан қуриб келиб ёйила бошлади. Шунинг учун бу кун «Даҳвул-Арз», яъни ернинг сув устидан қуриб ёйилган куни деб номланган.

Бу борада чуқурроқ маълумот берадиган бўлсак, «Даҳв» сўзи «ёймоқ ва кенгайтирмоқ» маъносини англатади ва баъзилар ҳам уни бирор нарсани асл жойидан силжитиш деб изоҳлаганлар. «Даҳвул-Арз», яъни ернинг ёйилиши ва кенгайишидан олдин дастлаб тўфонли ва тошқин ёмғирлар натижасида ер юзининг бутун қисмини сув қопланган эди.

Бу сувлар аста-секин ер тубига ва унинг чуқурликларига жойлашиб, сув остидан қуруқлик пайдо бўлди ва бу қуруқлик кундан-кунга кенгайиб борди. Бошқа томондан, ер дастлаб жарликлар ва яшаб бўлмайдиган тепаликлар ва қияликлар шаклида эди. Кейинчалик узлуксиз ҳолда кучли ва тўфонли ёмғирлар ёғиб, ернинг баландликларини ювди, жарлик ва водийларни ёйиб текислади. Аста-секин, инсон ҳаёти ва экин-текин учун текис ва фойдаланишга яроқли ерлар пайдо бўлди. Ернинг ушбу ёйилиши ва кенгайиши йиғиндисига «Даҳвул-Арз» дейилган.

Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадисга кўра, ер Зул-Қаъда ойининг 25 куни Каъба қурилган жойдан кенгая бошлайди.

Қуръонда «Даҳвул-Арз»нинг келгани ҳақида

Қуръон муфассирларининг сўзига кўра, ушбу ояти карима:

وَالْأَرْضَ بَعْدَ ذَٰلِكَ دَحَاهَا

«Ва ундан сўнг ерни ёйиб-текис қилди» (Нозиот сураси, 30-оят) «Даҳвул-Арз» масаласини баён қилган ва «оятдан кўзланган маъно шуки, дастлабки тошқин ёмғирлар натижасида ҳосил бўлган сувлар бутун ер юзини қопланганди. Бу сувлар аста-секин ернинг тубига ва чуқурликларига жойлашди ва натижада қуруқликлар сув остидан пайдо бўлиб, ҳозирги ҳолатга келгунча кун сайин кенгайиб борди.» Ва биринчи пайдо бўлган қуруқлик муқаддас Каъбанинг жойи эди.

Келажакда ҳам бу мақаддас макон, яъни Каъба шарофати билан ер юзи Халифатуллоҳ [Аллоҳнинг Халифаси] унда қарор топишига лойиқ бўлади. «Даҳвул-Арз» Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ва буюк неъматлари кенг тарқалган кундир.

Бу борада бошқа бир оятда бошқа таъбир билан шундай дейилган:

وَهُوَ الَّذِي مَدَّ الْأَرْضَ

«Ва У [Аллоҳ] ерни ёйган Зотдир» (Раъд сураси, 3-оят)

Ушбу оятнинг тафсирида ҳам шундай дейилган:

«Худо ерни одамзот ҳаётига ҳамда ўсимликлар ва тирик жонзотларнинг яшашига муҳайё ва муносиб бўлган тарзда ёйди. У тоғларни емириш ва қоя тошларни тупроққа айлантириш билан чуқурликлар ва хавфли қияликларни тупроқ билан тўлдириб, ерни текис ва яшашга яроқли қилиб қўйди. Ҳолбуки, ернинг дастлабки қияликлик ва бурмалари одамларга яшашга имкон бермайдиган ҳолатда бўлган».

 «Даҳвул-Арз» кечаси ҳам шарофатли ва жуда буюк кечалардандир. «Даҳвул-Арз» кечаси буюк пайғамбарларнинг, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) ва ҳазрат Исо (алайҳис салом)ларнинг туғилган кечасидир ва бу кеча ибодат ва хилват аҳли бўлганларга Аллоҳнинг хос инояти бўлган кечадир. Бу кеча Аллоҳнинг раҳмати ёғилган кечадир ва бу кечада ибодат қилган кишига улкан ажр-мукофот бор.

 Шунингдек, «Даҳвул-Арз» куни замонамиз Пешвоси ва Валий бўлган Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ғойибликдан чиқадиган кун деб айтилган.

 «Даҳвул-Арз» кунининг амаллари:

  1. «Даҳвул-Арз» куни ниятида ғусл қилмоқлик;
  2. Рўза тутиш;

 «Даҳвул-Арз» куни йил бўйи рўза тутиш фазилати билан ажралиб турадиган тўрт кундан биридир ва бу кун рўза тутган киши учун осмон билан ер ўртасидаги ҳамма нарсалар мағфират ва кечирим сўрашади.

Бир ҳадисда айтилишича, ушбу куннинг рўзаси ❌етмиш йиллик рўза❌ кабидир ва бошқа ҳадисда эса бу кунда рўза тутиш етмиш йиллик гуноҳнинг каффорати эканлиги айтилган ва кимда-ким бу кунни рўза тутиб, тунни ибодатда ўтказса, унга  юз йиллик ибодат  ёзилади. Бу кунда Аллоҳнинг фазлу раҳмати кенг ёйилгандир.

  1. Икки ракъат намоз: Куннинг бошида, қуёш бир оз кўтарилгач (Чошгоҳ вақти) икки ракъат намоз ўқиш мустаҳабдир. Ҳар бир ракъатда:

▪️ Бир марта Ҳамд сураси

▪️ Беш марта Шамс сураси

ўқилади ва салом бериб намозни тугатгач, қуйидаги зикр айтилади:

️ لا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ اِلَّا بِاللهِ الْعَلِيِّ الْعَظِيمِ

▫️ Кейин қуйидаги дуо ўқилади:

▪️يا مُقِيلَ العَثَراتِ اَقِلْنِي عَثْرَتِي، يا مُجِيبَ الدَّعَوَاتِ أَجِـبْ دَعْـوَتي، يـا سامِعَ الْأَصْواتِ اِسْمَعْ صَوْتِي، وَارْحَمْنِي وَتَجاوَزْ عَنْ سَيِّئَاتِي وَما عِنْدِي، يَا ذَاالْجَلالِ وَالاْكْرامِ

▫️ «Эй хато-качиликлардан кечувчи Зот, Менинг хато-камчилигимдан кечгин! Эй дуо-илтижоларни ижобат қилувчи Зот, Менинг дуо-илтижоимни ижобат этгин! Эй товушларни эшитувчи Зот, товушимни эшитгин! Менга раҳм қилгин ва Менинг ёмонликларимдан ва мендаги нарсалардан гуноҳ-нуқсонлардан кўз юмгин! Эй Буюклик ва Икром эгаси бўлган Зот».

  1. Шайх Тусий (раҳматуллоҳи алайҳ) тавсия қилган дуони ўқимоқлик ва шунингдек Кафъамий «Мисбоҳ» номли китобида ҳам ушбу дуони ўқишни мустаҳаб деб келтирган:

️ اللَّهُمَّ دَاحِیَ الْكَعْبَةِ وَ فَالِقَ الْحَبَّةِ وَ صَارِفَ اللَّزْبَةِ وَ كَاشِفَ كُلِّ كُرْبَةٍ أَسْأَلُكَ فِی هَذَا الْيَوْمِ مِنْ أَيَّامِكَ الَّتِی أَعْظَمْتَ حَقَّهَا وَ أَقْدَمْتَ سَبْقَهَا وَ جَعَلْتَهَا عِنْدَ الْمُؤْمِنِينَ وَدِيعَةً وَ إِلَيْكَ ذَرِيعَةً وَ بِرَحْمَتِكَ الْوَسِيعَةِ أَنْ تُصَلِّیَ عَلَى مُحَمَّدٍ عَبْدِكَ الْمُنْتَجَبِ فِي الْمِيثَاقِ  …..

 Дуонинг тўлиқ матнини ўқиш учун Мафотийҳул Жинон китобига мурожаат қилинг.

  1. Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом)ни зиёрат қилмоқлик.

 Буюк олим Мирдомод ўзининг «Арбаъа айём», яъни тўрт кун номли рисоласида «Даҳвул-Арз» кунининг амалларини баён қилганда Имом Ризо (алайҳис салом)ни зиёрат қилишни энг афзал мустаҳаб амаллардан деб билган.

 «Даҳвул-Арз» куни каби махсус кунларни Аллоҳ таоло бандалари Унга кўпроқ яқинлашишлари учун қўйгандир.

☘️ «Даҳвул-Арз» кунининг аҳамияти шундаки, у дунёнинг ўта муҳим феномени ва воқеа-ҳодисаси бўлиб, инсонларнинг ер юзида яшашларини мумкин қилган ҳамда ушбу воқеа-ҳодиса борлиқнинг яралиши ва Аллоҳнинг мўъжизаси бўлиб қолган.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ МАЪЛУМ ЭМАСЛИГИ ҲАҚИДА

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Муборак Рамазон ойида эканлигига барча мусулмонлар ишонадилар ва бу масалада …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.