Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а.с)нинг Куфа шаҳрига йўллаган элчиси Муслим ибн Ақил тарихи ҳақида

Имом Ҳусайн (а.с)нинг Куфа шаҳрига йўллаган элчиси Муслим ибн Ақил тарихи ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ 

Куфа аҳлининг ёзган мактублари

Муовиянинг ўлимидан сўнг имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Язидга байъат қилмаганлигидан ва шунингдек, ул ҳазратнинг Маккага етиб келганларидан Куфа аҳли хабар топгач, Куфа шиалари Сулаймон ибн Суради Хузоий уйида йиғилдилар. Сулаймоннинг гапларидан кейин Сулаймон ибн Сурад, Мусаййиб ибн Нажия, Рафоат ибн Шаддод, Ҳабиб ибн Мазоҳир ва бошқа мўъминлар имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Маккадан Куфага келишлари учун даъваднома [чақириқ мактуби] ёзишди.

Ушбу мактуб имом Ҳусайн (алайҳис салом)га Рамазон ойининг 10-куни Макка шаҳрига етказилди. Куфа аҳли томонидан юқоридаги чақириқ мактубидан бошқа мактублар ҳам юборилар эди, уларнинг сони 150 тага етар эди. Ўша мактублардан бирининг маъноси қўйидагича эди:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га мўъмин ва мусулмонлардан мактуб: Аллоҳга ҳамду санодан кейин тезлик билан бизлар томонга шошилинг. Зероки, Куфа аҳлининг кўзлари сизнинг йўлингиздадир ва фақатгина сизни кутмоқдалар. Шундай экан, шошилинг, шошилинг, шошилинг. Вассалому Алайкум ва Роҳматуллоҳи ва Барокатуҳ».

Маълум ривоятларга кўра, Куфа аҳли томонидан «12 мингга яқин шамширлар сиз билан бирга, сизни ҳимоя қилишга тайёрдир. Шунинг учун, Куфага келишни кечиктирманг» мазмунидаги мактублар келган эди.

Ҳазрат Муслим ибн Ақилнинг Куфага йўл олиши ва имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг мактубини ўқиб бериши

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) дастлаб ўз яқинларидан бўлган ўз амаки ўғли ва синглисининг умр йўлдоши Муслим ибн Ақилни Куфа аҳлининг мактубларига жавобан Куфа шаҳрига юбордилар.

Ҳазрат Муслим (алайҳис салом) ўз ҳамроҳлари билан Куфа томон йўл олиб, ҳижратнинг 60-йили Шаввол ойининг 5-куни Куфа шаҳрига кириб келдилар ва у ерда Мухтор ибн Абу Убайда Сақафий уйига келдилар. Табарий ривоятига кўра, Муслим ибн Авсажа уйига келганлари айтилган. Мўъминларнинг кўпчилиги шу ерда жамландилар ва Муслим ибн Ақил (алайҳис салом) имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг мактубларини уларга ўқиб эшиттирдилар. Улар ушбу мактубни эшитиб, йиғладилар ва ўша мактуб қўйидагича битилганди:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ушбу мактуб Ҳусайн ибн Али томонидан мўъмин ва мусулмонларга. Аммо баъд. Бизга Ҳоний ва Саъид сизларнинг мактубингизни етказдилар. Бу иккиси сизлар томонингиздан охирги мактубни олиб келганлардандир. Мен сизларнинг ҳамма айтган ва талаб қилган нарсаларингиздан хабардор бўлдим. Кўпчилигингизнинг гапингиз бизнинг имомимиз ва раҳбаримиз йўқ. Сиз бизларнинг олдимизга келинг. Шояд Аллоҳ сиз туфайли бизларни ҳидоят қилса, деган сўзлардан иборат эди. Шундай экан, Мен бугун биродарим, амаки ўғлим ва менинг ишончли вакилим, ўз хонадоним аҳлидан бўлган Муслим ибн Ақилни сизлар томон юбордим. Агар Муслим менга сизларнинг мактубингизда ёзилган нарсаларни тасдиқлаб мактуб ёзса, мен тез кунларда етиб келаман, ИншоАллоҳ:

Ўз жонимни ўртага қўйиб қасам ичаманки, кимда-ким пешво бўладиган бўлса, у Аллоҳнинг китоби билан ҳукм қилади ва адолат билан иш юритади ва ҳақ динда диндорлик қилади, Аллоҳ буюрган нарсаларни ихлос билан бажарадиган бўлади. Вассалому Алайкум ва Роҳматуллоҳи ва Барокатуҳ».

Куфа халқининг ҳазрати Муслим ибн Ақилга байъат-қасамёд қилиши борасида

Куфа ҳокимлигини Муслим ибн Ақилга топшириш мақсадида мусулмонлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, у ҳазрат ҳузурига келиб байъат-қасамёд қилар эдилар. Шу тартибда 18000 нафар одам ул ҳазратга байъат қилдилар. Муслим ибн Ақил бўлган нарсаларни имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ўз мактубида ёзди. Шу вақтда Куфа ҳокими Нуъмон ибн Башир эди. Язиднинг тарафдорлари Куфада рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан уни хабардор қилиш учун унга мактуб ёзишди. Язид ўз яқинлари билан маслаҳат қилгач, ўша вақтдаги Басра ҳокими бўлган Убайдуллоҳ ибн Зиёдни Куфа шаҳрига ҳоким этиб тайинлади ва унинг қўли билан Куфани Муслим ибн Ақил ва унинг тарафдорларидан озод қилмоқчи бўлди. Язид Убайдуллоҳ ибн Зиёдга Куфанинг бугунги вазиятидан хабар берилган мактубида: Куфа ҳокимлигини тўлиқ ихтиёрига олиб, у ерни мухофаза қил деб буюради.

Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳийлалари ва таҳдидлари ҳақида

Убайдуллоҳ ибн Зиёд ушбу мактубни ўқигач, сафарга отланди-да, оғайниси Усмон ибн Зиёдни Басрада ўз ўрнига ҳоким этиб тайинлаб, ўзи Куфа томон йўл олди. Куфага яқинлашганида қора салла бошига қўйиб, оғзини бир мато билан боғлади ва ҳамроҳлари билан бирга Куфага кириб борди.

Аммо Куфа аҳли имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни тез кунларда келишларини эшитишган эди, шунинг учун Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг Ҳошимийлар қиёфасида келганини кўриб, имом Ҳусайн (алайҳис салом) келдилар деб ўйлаб, уни кўтиб олишга очиқ чеҳра ва хурсандчилик билан чиқдилар.

ЭЙ ПАЙҒАМБАРНИНГ ЎҒЛИ ХУШ КЕЛИБСИЗ!-деб кутиб олдилар. Одамлар кўпчилик бўлиб жамлангандан кейин Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳамроҳларидан бири Муслим ибн Урва деган шахс: «эй одамлар тарқалинглар. Бу Ҳусайн ибн Али (алайҳис салом) эмас, балки Куфанинг янги ҳокими Убайдуллоҳ ибн Зиёддир», – деб дод солди. Лекин кўпчилик бу гапни қабул қилмади ва баъзиларни гумонда қолдирди.

Ҳаво қоронғулашиб Ибн Зиёд ва унинг ҳамроҳлари Дорул-имора [ҳокимлик] қасри эшиги олдига келишди, аммо ҳали ҳам маълум бир гуруҳ одамлар уни имом Ҳусайн (алайҳис салом) деб ўйлар эдилар.

Нуъмон ибн Башир Дорул-иморада, яъни ҳокимлик қасрида бўлиб, қаср эшикларини беркитиб олганди ва ҳеч кимни қасрга киришга қўймасди. Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳамроҳларидан бири: «Эшикни очгин», – деб дод солди.

Нуъмон ибн Башир эса ҳамон имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз ҳамроҳлари билан бирга Дорул-имора қасрини қўлга киритиш мақсадида келган деб ўйлаб, қаср тепасидан пастга қараб: «Эй Пайғамбарнинг ўғли, Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, бу ердан кет, қўлимдаги омонатни сенга бермайман, сен билан жанжал қилишга ҳожат ҳам йўқ», – деди.

Убайдуллоҳ ибн Зиёд қаср эшиги олдига келди. Нуъмон ибн Башир ҳам пастга тушди ва Убайдуллоҳ ўзини таништириб: «Эшикни оч, бу оқшом жуда узун кеча бўлди», – деди. Бир аскарлардан бири Убайдуллоҳдан бу сўзни эшитиб, одамларга: «тарқалинглар. Бу имом Ҳусайн (алайҳис салом) эмас, балки Маржонанинг ўғли», – деди.

Шундан сўнг қаср эшигини очишди ва Ибн Зиёд қасрга кирди. Одамлар кирмаслиги учун эшикни ёпишди, кейин одамлар тарқалишди. Эртаси куни эрталаб Ибн Зиёд одамларга Язиднинг ҳокимлиги ва қаттиқ қўллигини айтиб уларни қўрқитди ва: «Кимки, бизга қарши чиқса, унинг қони ҳам, моли ҳам биз учун мубоҳдир», – деди.

Шунингдек, Ибн Зиёд қабила бошлиқлари ва катта ҳурматли кишиларга: «Агар Язиднинг душманларини билсангиз ва бизга хабар бермасангиз, ўз уйингиз эшиги олдида дорга осиласиз ва ойлик маошингиздан маҳрум бўласиз», -деди.

Ҳайратланарли томони шундаки, Ибн Зиёд келганида одамлар уни имом Ҳусайн (алайҳис салом) деб ўйлаб жуда кўтаринки руҳда кутиб олишган эди. Эртасига одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишар эди. Қирқ мингдан ортиқ одам: «Биз Сиз билан биргамиз», деб дод солишарди. Ҳатто бир аёл: «Аллоҳу Акбар, Пайғамбарнинг Ўғли» деб дод соларди ва шунингдек, одамлар ҳам баралла овоз билан такбир айтар эдилар.

Айғоқчиларнинг Ибн Зиёдга етказган хабарлари

Ҳазрат Муслим ибн Ақил Ибн Зиёднинг Куфага келганлиги ва унинг шидатли маърузалари, қабила бошлиқлари, ҳурматли кишиларнинг жони бундан кейин хатарда эканлигидан хабар топгач, Мухторнинг уйидан Ҳоний ибн Урванинг уйига бордилар. Мусулмонлар эса яширинча ва пинҳон ҳолда у ҳазратнинг олдига бориб келардилар.

Ибн Зиёд ўз ғуломларидан бири Муаккал исмли шахсни ўз ҳузурига чақирди-да, унга уч минг дирҳам бериб: «Муслим ибн Ақилни топгин ва ўзингни унга шунчалик яқин қилгинки, унинг ишончли одамларидан бири бўлиб ол ва унинг дўстлари билан ҳам яқин бўлганингдан кейин бу маблағни уларга душман билан урушганда ишлатиш учун ёрдам деб бер ва ўзингни гўё улар билан биргаликда ҳамфикрдек қилиб кўрсат. Пулни олишлари билан сенга аниқ ишонишади. Кейин эрталаб ҳам, кечқурун ҳам Муслим олдига бор, уни қаерда ва нима иш қилаётганини бил ва бизга маълумотини етказ» -деди.

Муаккал айтган ишни бажарди ва Муслим ибн Ақилнинг атрофидагилар уни ўзларидан ҳисоблашди. У ўзини шундай тутдики, ҳазрат Муслим ибн Ақилнинг ёнига биринчи бўлиб борар ва охирги навбатда у ҳазратнинг олдидан чиқар эди. Шунингдек, у ҳамма ишларнинг хабарини бирма-бир Ибн Зиёдга етказиб турар эди.

Одамларнинг бевафолиги ва Муслим ибн Ақилнинг ғариблиги борасида

Берилган хабарларга асосланиб Ибн Зиёд Ҳоний ибн Урвани ўз ҳузурига чақириб уни огоҳлантирди. Шундан кейин, одамлар секин-аста у ҳазратнинг атрофидан қўрқиш туфайли тарқалишди. Вазият шундай ҳолга келдики, Муслим ибн Ақил намоз ўқиганларида ўн минглаб одамлар у киши билан бирга намоз ўқир эдилар, аммо Шом намозини ўқиб бўлгач, фақат ўттиз киши қолганди. Намоздан кейин Муслим ибн Ақил Бобул Кинда деган эшик олдига келганларида, у кишининг ёнларида ўн киши қолди. Ўша эшикдан чиққанларида эса ёнларида ҳеч ким ҳатто бир киши ҳам қолмади ва ул ҳазрат яккаю ёлғиз ҳолда ўз йўлларини давом эттирдилар.

У ҳазрат ғариб ва мазлум ҳолда ҳайрону саргардон бўлиб, гоҳ ўнг томонга, гоҳ эса чап томонга ҳаракатланиб бориб, Куфа шаҳри кўчаларининг бирига кирдилар ва қаерга бораётганларини ўзлари ҳам билмасдилар.

Йўлда кетаётиб, бир аёл ўз уйи олдида ўғлини кутаётганини кўрдилар. У аёлнинг исми Тавъа эди. Ҳазрат Муслим ибн Ақил унга: «Эй Аллоҳнинг канизи! Бир оз сув олиб кел, ташнаман, – дедилар». У аёл уйидан бир идишда сув олиб чиқди ва у ҳазратга берди. Сувни ичиб ўша жойда бир оз ўтирдилар. Тавъа эса у ҳазратни танимагани учун: «Эй Аллоҳнинг бандаси, Сени бу ерда туришинг муносиб эмас, ўз уйингга бор» – деди.

Тавъа кекса ёшли аёл бўлиб, шиа ва Аҳли-Байт дўстларидан эди. Аммо Муслим ибн Ақилни танимасди. Шу вақтда у ҳазрат унга: «Эй Аллоҳнинг канизи, Менинг бу шаҳарда уйим йўқ! Бугун Мени ўз уйингда меҳмон қилишга имконинг борми? Келгусида Мен ҳам бу илтифотингга муносиб жавоб қайтарардим», – дедилар.

Тавъа: «Сен кимсан?», – деди.

У ҳазрат: «Мен Муслим ибн Ақилман. Куфа аҳли Менинг атрофимда жамланишгач, Мендан ажралишди ва Мени ёлғиз ҳолда қолдириб ўз уйларига тарқалиб кетишди», – дедилар.

Тавъа: «Сиз ҳақиқатдан ҳам Муслим ибн Ақилмисиз?», – деди.

У ҳазрат: «Ҳа, Мен Муслим ибн Ақилман», – дедилар.

Тавъа: «Агар ундай бўлса, уйга киринг», – деди.

Ҳазрат Муслим ибн Ақил уйга кирганларидан кейин Тавъа у ҳазратнинг хизматларини қилди ва бир оз вақт ўтгач, Тавъанинг ўғли Билол ҳам уйга келиб, бўлган воқеадан хабардор бўлди.

Тавъа бу нарсадан ўғли хабардор бўлишини истамас эди. Аммо ўғли «Ўша уйда ким борлигини айтасиз», деб онасини мажбур қилгани сабабли, ўғли ҳеч кимга айтмасликка қасам ичгач, бу кеча ҳазрат Муслим ибн Ақил бизнинг меҳмонимиз деб унга билдирди.

Тавъанинг ўғли Билол бироз ором олиб, бу оқшомни ўтказди. Тонг отгач, Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Ашъас ҳузурига бориб, бўлган воқеани унга айтиб берди. Абдурраҳмон бу хабарни отаси Муҳаммад ибн Ашъасга етказди. Муҳаммад ибн Ашъас Ибн Зиёднинг яқинларидан бири бўлиб, у бу хабарни Ибн Зиёдга етказди.

Ибн Зиёд воқеадан хабар топгач, Муҳаммад ибн Ашъасга: «бориб Муслим ибн Ақилни бу ерга олиб келгин», – деди.

Муҳаммад ибн Ашъас, Убайдуллоҳ ибн Аббос Салимий билан бирга етмиш нафар ёки уч юз нафар жангчини олиб, Тавъанинг уйи томон йўлга тушдилар.

Тавъа ҳазрат Муслим ибн Ақилга меҳрибонлик кўрсатиб, у ҳазратга ҳурмат ва хизмат қилди. Овқат қилиб келди, лекин у ҳазрат овқат емадилар. Ўша кечада бир оз ухлаб дам қилдилар-да, сўнг туриб ибодат билан машғул бўлдилар. Тавъа Бомдод намозининг азони вақтида у ҳазратга вузу олишлари учун сув олиб келди ва шунда: «Эй Мавлойим, бу кеча ҳеч ухламадингиз», – деди. Унга ҳазрат Муслим бугун бир оз ухлаганимда олами руъёда [тушимда] амаким Амирал Мўъминин Али (алайҳис салом)ни кўрдим, ул ҳазрат менга: «Тезроқ биз томонга шошил», – дедилар.

Муслим ибн Ақил: «Менинг умрим охирги кунига етган кўринади», – дедилар-да, вузу олиб намоз ўқидилар ва дуо билан машғул бўлдилар. Шу вақтда душманнинг юриб келаётган товушини эшитдилар ва тезда дуоларини тугатдилар. Шунда ҳазрат Муслим ибн Ақил ўз-ўзларига: «ўлимдан қочиб қутула олмайсан, ташқарига чиқ», – дедилар-да, қуролларини олиб, жангга тайёргарлик кўриб чиқдилар.

Бу ҳолатни кўрган Тавъа: «Эй, Амирал мўъминин! Ўлимга тайёргарлик кўраябсизми?», – деди.

Ҳазрат Муслим ибн Ақил (алайҳис салом)«Ҳа, Тавъа, ундан қутулишнинг чораси йўқ, бироқ Сен ўз вазифангни бажардинг ва кўп эҳсон ва яхшилик қилдинг. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қиёмат кунидаги шафоатидан баҳраманд бўлдинг», – дедилар.

Шу вақтда Ибн Зиёднинг уч юз нафар лашкари Муслим ибн Ақил (алайҳис салом)ни ҳибсга олиш учун Тавъанинг уйига келдилар. Муслим ибн Ақил улар уйни вайронага айлантирмасинлар, деб ўз шамшири билан уларга ҳамла қилиб, уларни уйдан ташқарига олиб чиқдилар ва уйдан ташқарида улар билан кучли олиша бошладилар. Душманларнинг бир гуруҳи у ердаги уйларнинг томига чиқиб, Муслим ибн Ақилга тошлар отишди ва уларнинг яна бир гуруҳи найзаларнинг учига оловни боғлаб у ҳазратга томларнинг тепасидан туриб ташлана бошлашди. Муслим ибн Ақил яккаю ёлғиз ҳолда улар билан кўчада довюракларча мардона жанг қилар ва уларни бирин-кетин ер тишлатар эдилар.

Ислом Тарихи Саҳифаларида битилган маълумотларга кўра, ҳазрат Муслим ибн Ақил уйнинг эшигини ўзи учун қалқон қилиб олиб жанг қилдилар ва душманнинг бир юз саксон нафарини ўлдирдилар.

Муҳаммад ибн Ашъас бу тенгсиз жангда нотавон ҳолда ночор қолиб Убайдуллоҳ ибн Зиёдга: «Менга ёрдам учун лашкар юбор», – деб мактуб ёзди. Ибн Зиёд унга лашкар юборганидан кейин ҳам, яна Муҳаммад ибн Ашъас ундан ёрдам учун лашкар сўради. Шунда Ибн Зиёд унинг талабига жавобан: «Сени мотамингда онанг йиғласин!! Наҳотки бир нафар одам сизларнинг шунча нафарингизни ўлдирса-я!!! Агар сизларни ундан ҳам қувватлироқ одам билан, яъни имом Ҳусайн (алайҳис салом) билан жанг қилишга юборсам, нима қилар экансизлар?!», – деди.

Муҳаммад ибн Ашъас унинг сўзларига жавобан: «Сен мени Куфанинг баққоллари ёки деҳқонларидан бири билан жанг қилишга юбордим деб ўйлаябсанми? Сен мени ўта шижоатли арслон ва бақувват бир эркак билан, унинг қўлидаги шамшири Пайғамбарнинг шамширидек бўлган бир довюрак киши билан жанг қилишга юборганингни билмаяпсанми?!», – деди.

Ибн Зиёд бу сўзларни эшитиб, яна 500 нафар отлиқ аскарни ёрдамга юборди ва: «агар у тирик қолса ҳолингизга вой бўлсин, мен сизларни тирик қўймайман», – деди.

Шундан сўнг Муҳаммад ибн Ашъас, Муслим ибн Ақилга: «Биз Сенга ҳеч нарса қилмаймиз, ҳеч бир сабабсиз ўзингни ўлимга юзлантирма», – деди.

Лекин ҳазрат Муслим ибн Ақил (алайҳис салом) уларнинг қўлидан омонликда эканига ишонч бўлмагани учун РАЖАС ўқиб душманга ҳамла қилар ва уларга катта жароҳатлар етказар эдилар.

Муҳаммад ибн Ашъас иккинчи маротаба Муслим ибн Ақилга: «Сенга ёлғон айтиб фириб берганим йўқ, Сен омонликдасан, булар Сенинг амаки ўғилларингдир, улар Сени ўлдирмоқчи эмаслар», – деди

Ҳазрат Муслим ибн Ақил эса урилган найзалар, отилган камон ўқлари ва тошлар тегиши таъсирида у кишининг муборак баданларида чуқур жароҳатлар пайдо бўлган эди ва шунингдек, тан жароҳатлари натижасида кўп қон йўқотган эдилар. Ул ҳазрат бир оз дам олдилар ва ундан сўнг жангни давом эттира олмадилар. Жангга тайёргарлик кўриш мақсадида Тавъанинг уйи девори олдига бориб, деворга суяндилар.

Яна Муҳаммад ибн Ашъас: «Сен омонликдасан», – деди. Муслим ибн Ақил: «Мен омонликдаманми», – дедилар. Шунда ҳамма лашкарлар бир овозда «Ҳа, Сен омонликдасан», – дейишди.

Шу вақт бир катта мато олиб келиб, Муслим ибн Ақилни унга ўраб, шу захоти улар ваъдаларини буздилар ва Муслим ибн Ақилнинг атрофига жамланиб, унинг қўлидан шамширини олдилар. Муслим ибн Ақилнинг кўзида ёш жорий бўлиб: «бу сизларнинг биринчи ҳийлаларингиз эди ва сизлар ваъдангизга амал қилмадиларинг», – дедилар.

Муслим ибн Ақилнинг Убайдуллоҳ ибн Зиёд билан қилган мунозаралари ҳақида

Ҳазрат Муслим ибн Ақилни Ибн Зиёд ҳузурига асир қилиб олиб келишди, бироқ Муслим ибн Ақилни Ибн Зиёд ҳузурига олиб келишганида, Муслим ибн Ақил унга салом бермадилар.

Бу ҳолатни кўрган қўриқчилардан бири: «Амирга ва ҳокимга салом бер», – деди.

Муслим ибн Ақил унга: «Сенинг ҳолингга вой бўлсин!! У Мен учун Амир ҳам эмас, Ҳоким ҳам эмас», – дедилар.

Ибн Зиёд у ҳазратга: «Салом беришинг ёки салом бермаслигингнинг менга фарқи йўқ, барибир сени ўлдирамиз», – деди

Муслим ибн Ақил унга: «Агар сен мени ўлдирсанг, бу янгилик эмаску! Чунки, сендан ҳам ёмонроқ одам мендан яхшироқ одамни ўлдирган», – дедилар.

Ибн Зиёд у кишига: «Эй итоатсиз бузғунчи, ўз Раҳбарингга қарши чиқиб, мусулмонларнинг бирлигини буздинг ва фитнилар бўлишига сабаб бўлдинг», – деди.

Муслим ибн Ақил унга: «Эй Зиёднинг ўғли, мусулмонларнинг бирлигини Муовия ва унинг ўғли Язид бузди, фитна ва турли бузғунликларни эса сен ва сенинг отанг чиқардингиз. Аллоҳ таолодан энг ёмон одамнинг қўли билан шаҳид бўлишимни менга насиб этишини умид қиламан», – дедилар.

Ибн Зиёд: «Сен шундай нарсани орзусида экансан, Аллоҳ уни шу ишни бажарадиган одамнинг қўли билан амалга оширади», – деди.

Шунда Муслим ибн Ақил: «Эй Маржонанинг ўғли, ким бу ишни амалга оширишни ўз зиммасига олади», – дедилар.

Ибн Зиёд: «Муовиянинг ўғли Язид ўз зиммасига олади», – деди.

Муслим ибн Ақил бу сўзга жавобан: «Аллоҳга шукроналар бўлсинки, Биз Аллоҳнинг розилигига розимиз, Аллоҳ биз ва сизлар ўртангизда Ўзи ҳукм қилсин», – дедилар.

Ибн Зиёд Муслим ибн Ақилга қаттиқ ғазабланганидан ҳазрат Али, Ҳасан ва Ҳусайн (алайҳимус салом)лар шаънига ножўя ва нараво гапларни айтиб ҳақоратлади.

Шунда Муслим ибн Ақил: «Сен ва сенинг отанг ҳақоратга лойиқсизлар, истаганингни қил эй Аллоҳнинг душмани», – дедилар.

Ибн Зиёд Бакр ибн Ҳамронга Муслим ибн Ақилни қаср тепасига олиб чиқиб ўлдиришни буюрди. Бакр ибн Ҳамрон ҳазрат Муслим ибн Ақилни қаср тепасига олиб чиқаётганида Муслим ибн Ақил Аллоҳга тасбиҳ ва зикр айтар эдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га салавот айтиб: «Парвардигоро, Ўзинг биз билан улар ўртасида ҳукм қилгин», – дердилар.

Бакр ибн Ҳамрон Муслим ибн Ақилдан қаттик зарба олгани учун у ҳазратга нисбатан қалбида арази бор эди. Шунинг учун у ҳазратни қаср тепасига олиб чиқиб, муборак бошини танасидан жудо қилди. Узилган бошни ерга, жасадни эса қаср тепасидан пастга ташлади. Ана шу ҳолатда имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Куфа шаҳрига йўллаган элчисини шаҳид қилдилар.

Муслим ибн Ақилнинг васиятлари

Яна бир бошқа манбаларда айтилишича, ҳазрат Муслим ибн Ақил кўп жароҳатланиб, заифлашиб қолган ҳолда асир олингач, Дорул-иморага [ҳокимлик қасрига] олиб келишганида, у ҳазрат қаттиқ чанқаган эдилар. Аммо қаср дарвозаси олдида бир гуруҳ одамлар қасрга кириш учун кутиб турган эдилар. Амр ибн Ҳарис исмли бир шахс ҳам ўша жойда кутиб турарди, унинг ёнида бир кузада сув ҳам бор эди. Ҳазрат Муслим ибн Ақил деворга суянган ҳолда: «Менга ичиш учун сув беринглар», – дедилар.

Амр ибн Ҳарис ўз қулларидан бирини сув билан ҳазрат Муслим ибн Ақил ёнига юборди. Қуллардан бири сувни Муслим ибн Ақил олдига олиб келди. Муслим ибн Ақил сувни қўлига олиб ичмоқчи бўлганида баданидаги жароҳатлардан оққан қон туфайли сув қон аралаш бўлди. Қонга беланган сувни тўкиб бошқа сув олиб келишганида, у ҳазрат энди ичмоқчи бўлганиларида, сув яна қон аралаш бўлди. Учинчи марта сув олиб келишганида, у ҳазрат яна ичмоқчи бўлганларида муборак оғизларидаги олдинги тишлари идишдаги сувга тушиб, сув яна қон аралаш бўлди. Шунда ҳазрат Муслим ибн Ақил: «Аллоҳга ҳамд ва санолар бўлсин. Агар бу сув менга насиб этганида мен уни ичган бўлар эдим. Аммо ташна бўлишим қисматимда бор экан», – дедилар. Шу ҳолда Ибн Зиёд юборган одам Муслим ибн Ақилни қаср ичига олиб кириш учун келди.

Муслим ибн Ақил Дорул-имора қасрига кирдилар. Ибн Зиёд ўзининг беҳаё гапларидан кейин: «Сен албатта ўлдириласан», – деди. Муслим ибн Ақил: «Энди ўлдирилар эканман, васият қилишимга рухсат бергин», – дедилар унга. Ибн Зиёд ҳам рухсат берди.

Ҳазрат Муслим ибн Ақил ўша жойда Умар ибн Саъдни кўрдилар ва унга: «Эй Саъднинг ўғли, Мен билан Сенинг ўртангда қариндошчилик алоқаси бор, шунинг учун Сенга васиятимни айтмоқчиман. Сен ўша васиятимни бажаргин. Лекин васиятим пинҳонадир», – дедилар. Умар ибн Саъд васиятни эшитишдан бош тортди. Ибн Зиёд эса унга: «Ўз амакинг ўғли васиятини қабул қилгин», – деди. Умар ибн Cаъд ўрнидан туриб Муслим ибн Ақил билан бирга одамлардан узоқлашиб четга ўтдилар ва бу ҳолатни Ибн Зиёд кузатиб турар эди.

Муслим ибн Ақилнинг Умар ибн Саъдга қилган васиятлари:

  1. Менинг Куфа шаҳридан етти юз дирҳам қарзим бор. Менинг қиличимни ва совутимни сотиб, қарзимни адо қилгин.
  2. Мен ўлдирилганимдан кейин жасадимни Ибн Зиёддан олгин ва уни дафн этгин.
  3. Бирор кишини имом Ҳусайн(алайҳис салом)ҳузурига юбориб, ул ҳазратни бу ерга келишидан қайтаргин! Зеро, Мен ул ҳазратга: «Куфага келинг, одамлар Сиз билан биргадир, – деб мактуб ёзган эдим. Ҳозир ул ҳазрат Куфа томон йўлга тушганлар деб ўйлайман», – дедилар.

Умар ибн Саъд, Ибн Зиёд ёмон фикрга бормаслиги учун Ибн Зиёд ёнига келиб Муслим ибн Ақилнинг васиятларини унга айтди. Ибн Зиёд Умар ибн Саъдга: «Ишончли одам хиёнат қилмайди, яъни агар сен ишончли одам бўлганингда эди, сенга пинҳона васият қилган Муслим ибн Ақилга хиёнат қилмасдинг ва унинг васиятини фош этмасдинг», – деди.

Шунда Убайдуллоҳ ибн Зиёд Умар ибн Саъдга қараб: «Аммо унинг қарзини адо қилиш сенинг ихтиёрингдадир ва уни дафн этишнинг ҳам ҳеч қандай қийинчилиги йўқ. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) тўғрисида айтадиган бўлсак, агар унинг биз билан иши бўлмаса, бизнинг ҳам у билан ишимиз йўқ», – деди.

Шундан сўнг Ибн Зиёд Муслим ибн Ақилга юзланиб қаттиқ ғазабланган ҳолда: «Сени бизларнинг ишимиз билан нима ишинг бор, ўзинг ҳам Мадинада май ичмас эдингми?», – деди.

Муслим ибн Ақил унга жавобан: «Аллоҳ номи билан онт ичиб айтаманки, сен ёлғон сўзлаяпсан. Сен майхўрликда мендан кўра лойиқроқсан, майхўрликка шунақа одам лойиқки, итлардек тилини мусулмонлар қонига уради ва Аллоҳ таоло ўлдирилишини ҳаром қилган одамни ўлдиради», – дедилар.

Ибн Зиёд Муслим ибн Ақилнинг Ҳақ Сўзларини эшитишга бошқа тоқати қолмаганидан жаллодга у ҳазратнинг бошини танасидан жудо қилиб қаср тепасидан ерга улоқтиришни буюрди.

Оқибат шаҳидлар саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Куфа шаҳрига йўллаган элчиси Муслим ибн Ақил ўз Мавлоси ва Пешвоси имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг мурожаатномасини Куфа халқига тўлиқ етказиб зиммасидаги илоҳий вазифани шарафли бажаргач, у ҳазрат ҳижрий қамарийнинг 60-йили, Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни, яъни Арафа куни Убайдуллоҳ ибн Зиёд буйруғи билан ўлдирилиб, Карбалонинг дардли воқеаси рўй беришидан чамаси бир ой олдин имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ҳидоятли ёруғ йўлида шаҳид бўлдилар.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Куфа томон йўлда келаётиб, Муслим ибн Ақилнинг шаҳид бўлганини эшитгач, таъсирланиб йиғладилар ва кўп ўринларда, айниқса Карбало заминида ва оғир лаҳзаларда Муслим ибн Ақилни эсладилар. Бу эса Муслим ибн Ақил ўз замонасининг Пешвоси ва Имомининг ризолигини касб этиб, ул зотнинг қалбидан жой олганидан дарак беради.

Аллоҳ таоло У Буюк Зотларнинг ёруғ ва ҳидоятбахш йўлидан боришни ва ҳазрат Муслим ибн Ақил (алайҳис салом) каби замонамиз Пешвоси ва Соҳиби Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ризолигини касб этиб, ул ҳазратнинг муборак қалбидан жой олишни ҳаммамизга насиб-рўзи айласин! Омин!!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.