Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а.ж) ғойибликдан чиққан вақтда ул ҳазратга биринчи бўлиб байъат-қасамёд қиладиганлар ҳақида

Имом Маҳдий (а.ж) ғойибликдан чиққан вақтда ул ҳазратга биринчи бўлиб байъат-қасамёд қиладиганлар ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Савол: Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг махсус ёр-асҳоблари сони неча кишидан иборат? Имом Маҳдий (а.ж) зуҳур қилган вақтларида ул ҳазратга биринчи бўлиб ким байъат-қасамёд қилади?

Жавоб: Мустафийз, балки мутавотир даражасига етган ҳадисларга кўра, замонамиз Пешвоси ва Соҳиби Имом Маҳдий (а.ж)нинг ёр-асҳоблари сони Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Бадр жангидаги қўшинлари сонига тенг, яъни 313 кишидан иборат.

Бу ерда икки истилоҳга қисқача изоҳ бериб ўтамиз. «Мутавотир» даражасига яқинлашган, аммо ҳали у даражага етмаган ҳадислар мажмуига «Мустафийз» ҳадислар дейилади.

Агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар [ҳадисни ривоят қилувчилар] тарафидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз (с.а.о) томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «Мутавотир» деб аташади.

Шайх Сулаймон ибн Иброҳим Қундузий Ҳанафий (ҳанафий мазҳаби уламоларидан) «Янобиъул маваддаҳ» номли китобида қуйидаги ояти кариманинг

وَلَئِنْ أَخَّرْنَا عَنْهُمُ الْعَذَابَ إِلَىٰ أُمَّةٍ مَّعْدُودَةٍ لَّيَقُولُنَّ مَا يَحْبِسُهُ

«Агар Биз улардан маълум муддатгача азобни кечиктирсак, албатта, улар: «Уни нима тўхтатиб турибди?» дерлар.» (Ҳуд сураси, 8-оят) тафсирида бешинчи ва олтинчи пешволаримиз Имом Муҳаммад Боқир ва Имом Жаъфар Содиқ (алайҳимас салом)лардан ҳадис ривоят қилади. Ушбу ҳадисда у буюк зотлар шундай марҳамат қилганлар:

«Дарҳақиқат, «маълум муддатгача» сўзидан ўша охир замонда Маҳдийнинг 313 нафар ёр-асҳоблари назарда тутилган бўлиб, улар Бадр жанги аҳлининг сони каби бир соат ичида тўпланадилар … ».

📙 Манба: Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобиъул маваддаҳ», 509-бет.

Муҳаммад ибн Муслим Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан ривоят қилган ҳадисда ул ҳазрат шундай марҳамат қиладилар:

«Маҳдийга Аллоҳ таоло томонидан биринчи бўлиб байъат-қасамёд қиладиган киши Жаброилдир ва шунингдек, одамлардан 313 киши унга байъат қилгайлар …»

Ва шунингдек, у Имом Боқирдан (алайҳис салом)дан ривоят қилади. Ул ҳазрат марҳамат қилиб дедилар:

«Биздан бўлган Қоим [адолат ва ҳақиқатни барпо этувчи] қўрқув билан ёрдам берилади ва ғалаба билан қўллаб-қувватланади.» Сўнг у ҳазрат дедилар: «Маҳдий чиқиш қилганида Каъбага суянади ва унинг атрофига 313 киши тўпланади … »

📙 Манба: Фазл ибн Ҳасан Табарсий, Аминул Ислом Табарсий номи билан танилган, «Иъломул Варо биаъломил Ҳудо», 433-бет.

Шуни таъкидлаш лозимки, юқорида айтилган 313 киши олдиндан келишмаган ҳолда Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш учун Маккага борадилар ва ўша пайт Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) Аллоҳнинг амр-фармони билан ғойиблик пардаси ортидан чиқиб, Каъбатуллоҳга суянган ҳолда: «Ана Бақиятуллоҳ», Мен Аллоҳнинг сақлаган Валийси ва Ҳужжатиман, деб ҳаммага эълон қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло томонидан фаришта Жаброил ва ўша 313 киши Каъбанинг ёнида биринчи бўлиб Имом Маҳдий (а.ж)га байъат-қасамёд қиладилар ва ҳадиси шарифларда айтилганидек, ушбу 313 киши Имом Маҳдий (а.ж)нинг атрофларини узукнинг қошидек ўраб оладилар.

Сўнгра ул ҳазрат Боболари Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шаҳри Мадинаи Мунаввара томон йўл оладилар. Шунда йўлда кетаётганларида ул ҳазратга юқоридаги 313 кишидан ташқари минглаб инсонлар байъат-қасамёд қилиб қўшиладилар. Аммо ушбу 313 киши Ғайбат асрида ўз устида ишлаб ўзларини руҳий ва маънавий жиҳатдан тайёрлаган юксак инсонлар бўлиб, улар бутун дунёни бошқарадиган биринчи даражали раҳбарлар бўладилар. Бироқ Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг қолган ёр-асҳоблари эса дунёни адолатли бошқаришда ушбу 313 кишига мунтазам равишда ёрдам берадилар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.