Home / Савол-жавоблар / Эр-хотин ўртасидаги маҳрамлик алоқаси ва қазо рўзаларнинг каффорати ҳақидаги савол-жавоблар

Эр-хотин ўртасидаги маҳрамлик алоқаси ва қазо рўзаларнинг каффорати ҳақидаги савол-жавоблар

Ассалому алайкум Нажот Кемаси Жамоаси. Яхшимисизлар? Саволим бор эди. Ҳанафий мазҳабидаги инсон маърузасида, ўлган аёлга эри номаҳрам бўлади, деб ушбу мавзуда ҳазрати Али (а.с)ни мисол тариқасида келтирганлар адашадилар, деди. Чунки, улар жаннатда ҳам бирга бўлишлари аниқ. Лекин оддий инсонларда бундай эмас, деб тушинтирди. Лекин Дулҳам хонимга эри талоқ бериб, кейин Имом Ҳусайн (а.с)ни қўшинларига қўшилди-ку! Ёки булар у кишининг ҳам шаҳид бўлишларини ҳисобга олишадими? Ўзимда шак йўқ! Лекин саволнинг жавобини билсам, яхши деб ўйлайман!

Яна бир муҳим савол. Намозини қарзини ўқишимиз шарт. Лекин рўзани каффорасини берса бўладими? 27 йил учун бирданига бериш мумкинми? Ва у қанча бўлади? Буғдой, ун, нон ёки гуруч миқдорида? Дунёдан ўтган Ота-оналаримизни қарз рўзалари учун ҳам каффора берсак бўладими?

Жавоблар учун олдиндан катта раҳмат!

  • Ҳурмат билан
  • Гулчеҳра

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳи ва Баракотуҳу Ҳурматли Муслима Опамиз. Алҳамдулиллаҳ, яхшимисиз. Аллоҳ таолога беадад ҳамду-сано ва шукроналар бўлсин!

Биринчи саволингизда ўлган аёлга эри номаҳрам бўлиши ҳақида сўрагансиз. Ушбу саволга жавобан, дастлаб муҳим бир масалани айтишимиз лозим. У ҳам бўлса шундан иборат: Шариат аҳкомлари ҳамма учун баробар бўлиб, барча инсонлар, ҳатто сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва у зотнинг барҳақ ворис ва давомчилари бўлган ҳазрати Али (алайҳис салом) ҳам Аллоҳ таолонинг шариати исломия қонунлари олдида тенг ва баробардирлар. Шундай экан, ҳеч ким шариат қонунлари баробарида мустасно қилинмаган. Албатта, агар бирор ҳукм Сарвари оламга ва у ҳазратнинг ҳақиқий ворис ва давомчиларга хос қилиб белгиланган бўлса ва бу борада шариати исломияда аниқ кўрсатма берилган бўлса, у ҳолда ушбу ҳукм Пайғамбаримиз (с.а.о)га ёки у ҳазратнинг ворисларигагина тааллуқли бўлган хос ҳукм деб айта оламиз. Мисол тариқасида, таҳажжуд (шаб) намозини ўқиш Пайғамбаримиз (с.а.о)га фарз қилинган ёки тўққизтагача аёлларни бир вақтнинг ўзида никоҳлаб олиш у буюк зот учун жоиз бўлган. Бу борада бизга ислом дини таълимотларида алоҳида кўрсатма берилган.

Юқорида айтилган ингичка ва муҳим мавзуни назарга олиб, шариати исломия аҳкомлари орасидаги маҳрам ва номаҳрам масаласини қисман ўрганиб чиқамиз. Бир-бирига буткул ёт-бегона ва номаҳрам бўлган аёл ва эркак Ислом динида кўрсатилган никоҳ сийғасини жорий этиш билан бир-бирига маҳрам бўлишади. Аёл киши номаҳрам эркаклардан ўзини беркитиши ва улар билан қўл бериб кўришишдан сақланиши вожибдир. Аммо никоҳ сийғаси ўқилганидан кейин аёл эркакка маҳрам бўлади. Аёл киши никоҳ ўқилиши орқали эркакка маҳрам бўлиши биланоқ, унинг эри бўлиб, улар эр-хотин ҳисобланадилар. Шунда эр-хотинлик муносабати уларга жоиз ва мумкин бўлади. Энди савол шуки, ушбу эр-хотинлик ва маҳрамлик алоқаси қачонгача давом этади? Ва ислом динида бу борада нима дейилган?

Аниқ ва қатъий жавоб шундан иборатки, барча исломий мазҳаблар иттифоқи назар билан ушбу масалани қабул қилиб айтадиларки, эр-хотин ўртасидаги маҳрамлик алоқаси икки ҳолатда ўртадан кўтарилади. Биринчиси, эр томонидан ўқиладиган талоқ сийғаси жорий этилса, иккинчиси эса, эр ёки хотиннинг вафот этишидир. Ҳар иккала ҳолатда ҳам аёлнинг иддаси бўлади ва идда муддати тугамагунича, маҳрамлик алоқаси давом этади. Яъни биринчи ҳолатда эр талоқ сийғасини ўқиб, аёлини талоқ қилгач, уч ой муддатигача эркак ва аёл бир-бирига маҳрам бўлиб қолаверади ва идда замони тугаши билан улар бир-бирига номаҳрам бўладилар. Вафот этганда ҳам худди шундай бўлади. Агар эр вафот этса, аёл тўрт ой-у ўн кун идда сақлаб кутиши керак. Бу борада Бақара сурасининг 234-оятида айтилган. Демак, идда вақтида эр аёлга ва аёл эрига маҳрам бўлиб қолаверади ва идда вақти тугаши биланоқ эр ва хотин бир-бирига номаҳрам бўлади.

Энди Ислом динидаги барча мазҳаблар иттифоқи назар билан қабул қилган юқоридаги масалани назарга олиб, саволга жавоб берадиган бўлсак, ўлган аёлга эри номаҳрам бўлади, деб айтилган гап мутлақо тўғри эмас ва бунинг устига ушбу масалада ҳазрати Али (алайҳис салом)ни мисол тариқасида келтирганлар адашадилар, деб айтилгани ҳам тўғри фикр бўлмаган. Негаки, юқорида айтиб ўтганимиздек, шариат аҳкомлари ҳамма учун бир хил ва баробар бўлиб, ҳеч кимни ундан мустасно қилиб бўлмайди. Эр ва хотиннинг жаннатда бирга бўлиш ёки бўлмаслиги масаланинг ҳукмини ўзгартирмайди. Тўғри, мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) билан у зотнинг завжаи мутаҳҳаралари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) жаннатда бирга бўлишлари аниқ. Лекин улар жаннатда бирга бўлишлари сабабли, ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) вафотларидан сўнг, у зотга ҳазрати Али (алайҳис салом) маҳрам бўлмаганлар. Балки ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) вафотларидан кейин ҳам у зотга эрлари ҳазрати Али (алайҳис салом) маҳрам бўлишлари, юқорида айтилган шариати исломия ҳукмига биноандир ва бу борада ҳамма инсонлар тенг ва борабардирлар. Яъни оддий инсонлар билан буюк зотлар орасида ҳеч бир тафовут йўқ. Агарда оддий инсонларда бундай эмас ва улар ушбу ҳукмдан мустаснолар деб айтадиган бўлса, унда албатта, Қуръони Карим оятларидан ёки санади саҳиҳ бўлган мўътабар ҳадиси шарифлардан далил келтирмоқлик зарур. Ҳолбуки, бу борада ҳеч бир қатъий далил мавжуд эмас.

Аммо шаҳидлар саййиди ва сарвари ҳазрати Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг вафодор ёрларидан бири бўлган Зуҳайр ибн Қайн Ал-Бажалий Карбало воқеасидан олдин ўз умр йўлдоши Дулҳам хонимни талоқ қилиб, сўнгра Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қўшинларига қўшилгани, Карбало воқеасидан кейин ўз оиласининг жонини Язиднинг одамларидан сақлаб қолиш учун бўлган. Зеро, Язиднинг одамлари томонидан Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёрларининг оила аъзоларига азият-озор етказилиши ва уларнинг асирликка олиниши ҳаммага маълум эди. Шунинг учун, Зуҳайр ибн Қайн ўз умр йўлдошининг жонини ва хавфсизлигини сақлаб қолиш мақсадида уни талоқ қилди. Токи, Дулҳам хонимни душманлар Зуҳайр ибн Қайннинг хотини деб ҳисобламасинлар. Демак, Зуҳайр ибн Қайннинг шаҳид бўлиши эр-хотин ўртасидаги маҳрамлик алоқаси сақланиб қолишига ҳеч қандай дахли йўқ ва асосан, эр-хотин ўртасидаги маҳрамлик алоқаси шаҳид бўлишга дахлсиз бир масаладир.

Намозни қарзини ўқишимиз шарт. Лекин рўзани каффорасини берса бўладими? деб сўраган навбатдаги саволингизнинг жавобига келсак, деярли ҳамма мужтаҳидларимизнинг фатволарига кўра, модомики инсон тириклик чоғида олдинги қазо рўзаларини тутиб беришга жисмоний куч-қувват ва соғлом баданга эга экан, қазо рўзаларини тутиши унга вожибдир. Лекин инсон ҳаётлик вақтида соғлиғини қўлдан бериб, касалликка чалингани сабабли узоқ йиллар давомида рўза тутишга қодир бўлмаса, фақат охирги йилнинг қазосини тутиб бериши вожибдир ва олдинги йилларда рўза тута олмаган ҳар бир кун учун каффорат беради.

Ёки ёши кексалиги сабабли, рўза тутиш унинг учун ўта машаққатли бўлса ва Рамазон ойидан кейин ҳам қазо рўзаларини тутишга куч-қуввати етмаса, унда рўза тута олмаган ҳар бир кун учун каффорат бериши зарур.

Тез-тез чанқоқлик тутадиган хасталикка дучор бўлган киши рўза тутганда, жуда машаққат ва қийинчиликка дуч келса ва Рамазон ойидан кейин ҳам қазо рўзаларини тутишга қодир бўлмаса, у ҳолда ҳам рўза тута олмаган ҳар бир кун учун каффорат бериши зарур.[1]

Энди юқорида айтиб ўтилган кишилар рўза тута олмаган ҳар бир кун учун қанча миқдорда каффорат бериши керак деган саволга жавобан, шуни айтишимиз лозимки, шариати исломияда рўза тута олмаган ҳар бир кун учун бир муд таом, яъни 750 грамм миқдорда буғдой, ун, нон ёки гуруч ва хурмо фақир ва кабағалга бериш керак. Рамазон ойининг бир ой, яъни ўттиз кун рўзасининг каффорати 22.05 (йигирма икки ярим) килограмм буғдой, ун, нон ёки гуруч ва хурмо бўлади. Қайси бирини каффорат сифатида тўлаш инсоннинг ўз ихтиёридадир. Ва имкон қадар кўпроқ фақир ва камбағалларга бериш керак.

«Фақир» ва «камбағал» деб, ўзининг ва қарамоғида бўлганларнинг яшаши учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак ва ҳоказоларни таъминлашда машаққат ва қийинчиликка дуч келиб, рўзғорини зўрға тебратадиган одамларга айтилади.

Яна шуни ҳам эътиборга олмоқ лозимки, қазо рўзаларнинг каффораси фитрия закотидан фарқли ўлароқ, каффора деб ажратилган нарсаларнинг айнан ўзи берилиши зарур. Унинг ўрнига пулининг ҳисобини чиқариб, фақир кишига пул бериб бўлмайди. Агарда зарурат ва ночорлик юзасидан пул берган тақдирда ҳам, ушбу пул қазо рўзаларнинг каффораси эканлигини ва бу пул билан фақат озиқ-овқат, яъни буғдой, ун, нон, макарон, гуруч ва хурмо сотиб олиш кераклигини ва ҳатто бу пул билан ёғ ва гўшт ҳам сотиб олиш мумкин эмаслигини айтиб, ўша фақир кишига бериш керак. Агар фақир киши бу пул билан фақат озиқ-овқат олишни қабул қилса, ўша ҳолдагина унга пулини бериш мумкин. Ҳатто агар каффорани ун ёки нон ёки макарон нархига ҳисоблаб берилган бўлса, фақир киши бу пул билан гуруч ёки хурмо сотиб ололмайди.

Бу айтганларимиз шариати исломияда белгиланган аниқ қонун-қоидалардир. Ушбу шариат аҳкомларини амалга оширишда эътиборли бўлишимиз керак.

27 йил қазо рўзалар учун унинг каффорасини бирданига бериш мумкинми? Ва у қанча бўлади? деб сўраган саволингизга жавобан шуни айтиш лозимки, агар сиз юқорида зикр қилинган кишилардан бўлсангиз, яъни қазо рўзаларини тутиб беришга қодир бўлмаган мазкур кишилардан бўлсангиз, унда 27 йил қазо рўзалар учун бирданига каффора беришингиз мумкин. Ҳар бир йилнинг, яъни яъни ўттиз кун рўзанинг каффорати 22.05 (йигирма икки ярим) килограмм буғдой, ун, нон ёки гуруч ва хурмо ҳисобида 27 га кўпайтирасиз, натижада 27 йил қазо рўзаларнинг каффорати аниқланади. Албатта, рўза каффораси учун белгиланган буғдой, ун, нон ёки гуруч ва хурмодан қайси бирини танлашингиз, ўзингизнинг ихтиёрингиздадир.

Дунёдан ўтган ота-оналаримизни қарз рўзалари учун ҳам каффора берсак бўладими? деб сўраган саволингизга жавобан шуни айтмоқлик лозимки, отанинг қазо намози ва рўзалари ва баъзи мужтаҳидларимизнинг фатволарига кўра, онанинг ҳам қазо намози ва рўзалари катта ўғил фарзандга вожиб бўлади, кичик ўғилга ёки қиз фарзандга эмас. Бироқ агар қиз фарзанд отаси ёки онасининг қазо намози ва рўзаларини адо этса, албатта, ўша қазо намоз ва рўзалар ота-онанинг зиммасидан соқит бўлиб, қиз фарзандга улкан ажр-савоб ато этилади.

Аммо агар ота-онангизнинг қазо рўзаларини тутмай, ўрнига каффорат бермоқчи бўлсангиз, улар ҳаётлик чоғларида қазо рўзаларини тутишга қодир бўлган ёки бўлмаганликларини аниқлаб олишингиз керак. Агар улар ҳаётлик чоғларида рўза тутиш учун етарли жисмоний куч-қувват ва саломатликка эга бўлган бўлсалар, у ҳолда уларнинг қазо рўзлари учун каффора тўлаш билан қазо рўзалар уларнинг зиммаларидан соқит бўлмайди. Аммо агар улар ҳаётлик чоғларида касаллик ёки кексалик ва шунга ўхшаш жиддий сабабларга кўра, рўза тутишга қодир бўлмаган бўлсалар, у ҳолда уларнинг қазо рўзалари учун каффора бериш жоиздир.

Ҳар ҳолда бу ишни бажариш катта ўғил фарзанднинг зиммасидаги вожиб амалдир, қиз фарзанднинг эмас!

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ушбу шариат аҳкомлари мужтаҳидларимизнинг Тавзийҳул масоил номли китобларидаги 1703, 1707, 1726 ва 1727-масалаларидан олинди.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.