Home / Савол-жавоблар / Рўзадор вирусга қарши чора сифатида буруннинг олд-ички қисмига ёғ суртса бўладими?

Рўзадор вирусга қарши чора сифатида буруннинг олд-ички қисмига ёғ суртса бўладими?

Ассалому алайкум Нажот Кемаси Таҳририяти. Саволим бор эди. Рўзадор антисептик, яъни вирусга қарши чора сифатида буруннинг олд-ички қисмига ёғ суртса бўладими? У ёғ ҳалқумгача бормайди.

Рўзадор оғзини тузли сувда чайиши мумкинми? Фақат оғиз бўшлиғида, томоғигача бормайди.

  • Ҳурмат билан
  • Умида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳи ва Баракотуҳу Ҳурматли Муслима Опамиз.

Ушбу саволингизга мукаммал жавоб бериш учун дастлаб рўзани ботил қиладиган, яъни бузадиган амалларни кўриб чиқамиз.

Шариати исломияда қуйидаги амаллар рўзани ботил қилади:

  1. Емоқ ва ичмоқ.
  2. Аллоҳга, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вва олиҳи васаллам)га ва у зотнинг барҳақ халифалари бўлмиш маъсум имомларга ёлғон гапни нисбат бериш, яъни у буюк зотлар номидан бирор сўз ёки ҳадисни айтиш.
  3. Жинсий алоқа қилиш.
  4. Онанизм йўли билан ўзини жунуб қилиб қўйиши.
  5. Ҳалқумга қалин чангнинг етиб бориш.
  6. Бошнинг ҳамма қисмини сувга суқиш.
  7. Бомдод азонига қадар жунуб, ҳайз ва нифос ҳолатида қолиш.

Жунуб бўлган ёки ҳайз ва нифосдан покланган киши бомдод азонидан олдин ғусл қилиши керак. Агар бомдод азонига қадар ғусл қилмаса, у ҳолда ўша куннинг рўзаси ботил бўлади.

  1. Суюқлик моддалар билан клизма қилиш;
  2. Қусмоқлик.

Юқоридаги амаллар агар қасддан амалга оширилса, рўзанинг ботил бўлишига сабаб бўлади, лекин агар ушбу амаллар унутиш ёки бошқа шахс томонидан мажбурлаш билан бўлса, унда рўза бузилмайди.[1]

Рўзадор учун макруҳ бўлган бир неча амаллар бор бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

  1. Кўзга дори қуйиш ёки сурма суртиш, агар унинг таъми ёки ҳиди томоққа етиб борса.
  2. Қон олдириш, ҳаммомда ювиниш каби рўзадорни заифлантирадиган амалларни бажариш.
  3. Бурунга дори қуйиш, агар дори ҳалқумга етиб боришини билмаса, макруҳ амал саналади, лекин агар дори томоққа етиб боришини билса, бурунга дори қуйиш жоиз эмас.
  4. Хушбўй ўсимликларни ҳидлаш, (диққат қилайлик атир-упадан фойдаланиш эмас. Зеро, атирдан фойдаланиш макруҳ эмас).
  5. Аёлнинг сувда ўтириши.
  6. Супозитуарлардан [Свечидан] фойдаланиш.
  7. Эгнидаги кийимни намлаш.
  8. Тиш тортиш ва оғиздан қон чиқишига сабаб бўладиган ҳар қандай иш.
  9. Ҳўл мисвок билан тишларни ювиш.
  10. Кераксиз ва муайян мақсадни кўзламаган ҳолда оғизни сувда ёки бирор суюқликда чайиш.
  11. Умр йўлдошига тегиниш ва уни ўпиш.

Эркак маний чиқишини истамаган ҳолда ўз умр йўлдошини ўпиши ёки шаҳватини қўзғайдиган бирор иш қилиши ҳам макруҳ амалдир.[2]

Рўзани ботил қиладиган ҳамда рўзадор бажариши макруҳ бўлган амаллар билан танишиб чиққач, энди сиз берган саволларнинг жавобига келсак;

Рўзадор антисептик, яъни вирусга қарши чора сифатида буруннинг олд-ички қисмига ёғ суртса бўладими? У ёғ ҳалқумгача бормайди, деган саволга жавобан, юқорида айтилганлардан маълум бўлишича, бу иш шубҳасиз, рўзани бузадиган амаллардан эмас, балки рўзадорга макруҳ бўлган амаллардан бири бўла олади. Зероки, рўзадорга макруҳ бўлган амалларнинг учинчиси бурунга дори қуйиш бўлиб, агар дори ҳалқумга етиб борса ва рўзадор дорининг ҳалқумга етиб боришини билмаса, у ҳолда макруҳ амал саналади. Лекин агар рўзадор дорининг ҳалқумга етиб бормаслигини аниқ билса ва дорини бурнига қўйганда ёки буруннинг олд-ички қисмига суртганда ҳалқумга етиб бормаса, унда ушбу иш макруҳ ҳам бўлмайди.

Худди шундай, рўзадор оғзини шур сувда чайиши мумкинми? Фақат оғиз бўшлиғида, томоғигача бормайди, деган саволга жавобан, юқорида айтилганлардан маълум бўлишича, рўзадор оғзини сувда ёки бошқа суюқлик моддасида чайиши, албатта, фақат оғиз бўшлиғида бўлиб, томоғигача бормайдиган бўлса, бу иш муайян мақсадни кўзламаган ҳолда фақат чақоқликни бартараф этиш мақсадида бажарилса, у ҳолда макруҳ амал ҳисобланади. Лекин рўзадор маълум бир қабул қилинадиган мақсадда, масалан оғзи ёки тишининг оғриғини тўхтатиш мақсадида, оғзини тузли сувда ёки бошқа суюқлик моддасида чайиса, унинг бу иши макруҳ ҳам саналмайди.

Сўзимиз ниҳоясида муҳим ва ингичка бир масалага ишора қилмоқчимиз. У ҳам бўлса, намоз, рўза ва ҳаж каби ибодат амалларини бажараётганда, бирор амал макруҳ дейилса, ўзгача маънони англатишини айтиб ўтмоқчимиз. Агар ибодат амалларининг бирортасини бажараётиб, ибодат амаллари асносида бу ишни қилиш макруҳ деб айтилса, у ҳолда маъноси бу макруҳ деб айтилган амални бажарган тақдирда, қилаётган ибодат амалининг савоби озайди дегани. Аммо ибодат амалларидан ташқарида бирор иш макруҳ дейилса, мисол тариқасида; от, хачир, эшак гўштини ейиш ёки кун чиқиши ва ботишидан олдин ухлаш макруҳ амал деб айтилса, бунинг маъноси ушбу амалларни тарк этиш ва бажармаслик афзал дегани. Лекин бажарган тақдирда ҳам гуноҳ бўлмайди.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Саййид Козим Яздий, «Ал-Урватул Вусқо» китоби, 3-жилд, 541 ва 576-бетлар, Қум шаҳри, Муассатун-нашрил ислаамий, 1419-ҳижрий қамарий.

[2]. Шайх Муҳаммад Ҳасан Нажафий, «Жавоҳирул калом» китоби, 16-жилд, 314-бетда 324-бетгача.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.