Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Ўн икки имомга (алайҳис салом) деб айтиш мумкинми ва бу сўз фақат Пайғамбарларга ишлатилмайдими?

Ўн икки имомга (алайҳис салом) деб айтиш мумкинми ва бу сўз фақат Пайғамбарларга ишлатилмайдими?

Ассалому алайкум Ҳурматли Нажот Кемаси Таҳририяти. Сизларга 2 та саволим бор.

Биринчи саволим: Нима сабабдан бизлар шиалар 12 Имомларимизга (алайҳис салом) ЁКИ онамиз Фотимага (саломулоҳи алайҳо) деб айтамиз?

Иккинчи саволим: (Алайҳис салом) деб фақат Пайғамбарларга ишлатилмайдими?

Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат.

  • Ҳурмат билан
  • Саид Акбар

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ. Ҳурматли биродаримиз.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони Каримда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га салавот-у дурудлар айтишни биз мўъмин-мусулмонларга буюриб шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

«Аллоҳ ва унинг малоикалари Пайғамбарга салавотлар айтурлар, эй иймон келтирганлар сизлар ҳам ул зотга салавот айтингиз ва салом йўллангиз». (Aҳзoб сурaси, 56-oят)

Демак, ушбу ояти каримага биноан, биз мусулмонлар қачонки сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг муборак номларини тилга олсак, ул зотга салавот ва саллом айтишимиз керак. Сарвари коинот бир ҳадисда у ҳазратнинг муборак исмлари тилга олинганда уни эшитиб, салавот айтмаган киши бахилдир, деб марҳамат қилганлар:

البَخِيلُ مَنْ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيَّ

«Менинг исмим кимнинг олдида зикр қилинса [тилга олинса], лекин у менга салавот айтмаса, у одам бахилдир»

Юқоридаги ояти карима нозил бўлганда, мусулмонлар «ё Расулаллоҳ, сизга қандай салавот айтайлик?» деб сўрашди. Шунда ул зот:

لاَ تُصَلُّوا عَلَيَّ الصَّلَوةَ الْبَتْرَاءَ

«Менга нуқсонли салавот айтманглар», – деб марҳамат қилдилар. Шунда саҳобалар: Унда қандай салавот айтайлик? – деб сўрашганда, ул ҳазрат:

اَللَّهُمَّ صَلِّ عَلَىٰ مُحَمَّدٍ وَعَلَىٰ آلِ مُحَمَّدٍ

«Аллоҳумма солли ало Муҳаммад ва оли Муҳаммад», яъни «эй Аллоҳим, Муҳаммад ва унинг ханадони аҳлига салавот-у дуруд йўллагин», – деб салавот айтинглар, дея жавоб бердилар[1].

Демак, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ушбу кўрсатмаларига биноан, у зотнинг Аҳли-Байтлари ва хонадонлари аҳли бўлган ҳазрати Фотимаи Заҳро ва ўн икки имомларнинг муборак исмларини тилга олганда, (алайҳис салом) ёки (саломулоҳи алайҳо), яъни уларга Аллоҳнинг салавот-у дурудлари бўлсин, деб айтамиз.

Албатта, шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, Сарвари оламнинг Аҳли-Байтлари деганда, шак-шубҳасиз, у зотнинг завжалари ва умр йўлдошларини ўз ичига олмайди. Зеро, Муслим бин Ҳажжож «Сақалайн» ҳадисини ривоят қилганидан кейин шундай дейди: Язид ибн Ҳайён саҳобий бўлмиш Зайд бин Арқам (разияллоҳу анҳу)дан: «Пайғамбаримиз Аҳли-Байтлари кимлар? Улар ул зотнинг завжаларими?», – деб сўради. Шунда Зайд бин Арқам унга жавобан деди:

«لَا وَايْمُ اللهِ إِنَّ الْمَرْأَةَ تَکُونُ مَعَ الرَّجَلِ الْعَصْرَ مِنَ الدَّهْرِ ثُمَّ يُطَلِّقُهَا فَتَرْجِعُ إِلَيٰ أَبِيهَا وَ قَوْمِهَا. أَهْلُ بَيْتِهِ أَصْلُهُ وَعُصْبَتُهُ الَّذِينَ حُرِمُوا الصَّدَقَةَ بَعْدَهُ».

«Йўқ, ундай эмас. Аллоҳга онт бўлсинки, аёл киши маълум бир муддат эрининг ёнида бўлади. Кейин мабодо эри уни талоқ қиладиган бўлса, бу аёл ўзининг отаси ва қариндошлари ёнига қайтиб кетади. Аҳли-Байт деганда, Пайғамбаримизнинг асл ва негизлари, яъни ул зотнинг наслу насабларидан бўлган энг яқин қариндошлари назарда тутилади. Улар ул зотдан кейин садақа олишдан маҳрум бўлган кишилардир».[2]

Юқорида келтирилган ояти карима ва ҳадиси шарифдан келиб чиқиб шуни айта оламизки, (алайҳис салом) деб айтиш фақат Пайғамбарларгагина ишлатилмай, балки Аллоҳ таоло бутун инсонларни тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун танлаган илоҳий раҳбарлар ва йўлбошчилар бўлмиш ўн икки маъсум имомларнинг исмларини ҳам тилга олганда, (алайҳис салом) деб айтиш кераклиги ошкора маълум бўлади. Чунки, барча гуноҳлардан пок ва маъсум бўлган ўн икки имомларимиз ҳам худди Пайғамбарлар сингари бутун инсониятга рушду ҳидоят йўлини кўрсатиш ва ҳидоят йўлига етаклаб бориш учун танлаган илоҳий раҳнамолар ва пешволар бўлганликлари учун Пайғамбарларга (алайҳис салом) деб айтганимиздек, ҳазрати Фотимаи Заҳрога (саломулоҳи алайҳо) ва ўн икки имомларимизга ҳам (алайҳис салом) деб айтамиз.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ушбу ҳадиснинг Аҳли суннат наздидаги айрим манбалари қуйидагилардир:

  • Ибн Ҳажар, «Ас-савоиқул муҳриқаҳ», Миср, «Мактабатул Қоҳира»нинг иккинчи нашри, 11-боб, 1-фасл, 146-бет.
  • Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 5-жилд, Аҳзоб сурасининг 56-ояти тафсирида.
  • Абдурраззоқ, Ибн Аби Шайба, Аҳмад ибн Ҳанбал, Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Нисоий, Ибн Можаҳ ва Ибн Мардавайҳ каби саҳиҳ ва муснад китобларининг соҳиби бўлмиш ҳадичи олимлар мазкур ҳадисни Каъб ибн Ажраҳдан ва у эса азиз Пайғамбаримиздан ривоят қилган.

[2]. Муслим бин Ҳажжож, «Сaҳиҳи Муслим», 7-жилд, «Фaзoилу Aли ибн Aбу Тoлиб» бoби, Миср чопи, 123-бeт.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.