Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади? (11)
Image processed by CodeCarvings Piczard ### FREE Community Edition ### on 2015-12-17 17:46:49Z | http://piczard.com | http://codecarvings.com

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади? (11)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳни кўз билан кўриш масаласи Аҳли-Байт ҳадисларида

Мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг тавҳид ва яккахудолик ҳақидаги хутбаларига ҳамда Сарвари олам зурриётларидан бўлган маъсум имомлардан Аллоҳни кўз билан кўриш хусусида ворид бўлган ҳадисларни ўрганиб чиққан киши ул ҳазратларнинг таълимотларида Аллоҳни кўз билан кўриш мутлақо мумкин эмаслиги ва Аллоҳ таолони кўз билан кўриш у ерда турсин, ҳатто қалбларнинг ўй-хаёллари ҳам Уни идрок эта олмаслигини тушуниб етади. Биз бу ерда ушбу мавзуга доир айрим ҳадисларни намуна сифатида кўздан кечирамиз.

Мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) «Ашбоҳ» деб номланган хутбада шундай деб марҳамат қилганлар:

۱. قال الإمام علي عليه السلام في خطبـة الأشباح: «الاَوَّلُ الَّذِي لَمْ يَكُنْ لَهُ قَبْلٌ فَيَكُونَ شَيءٌ قَبْلَهُ، وَالْآخِرُ الَّذِي لَيْسَ لَهُ بَعْدٌ فَيَكُونَ شَيْءٌ بَعْدَهُ، وَالرَّادِعُ أَنَاسِيَّ الْأَبْصَارِ عَنْ أَنْ تَنَالَهُ أَوْ تُدْرِكَهُ».

1. «Аллоҳ Унинг учун олдин бўлмаган аввалдир, токи Ундан олдин бирор нарса бўлса ва У Унинг учун кейин бўлмаган охирдир, токи Ундан кейин бирор нарса бўлса. Ва У кўзларнинг қорачиғини Ўзини кўриш ва идрок этишдан тўсган Зотдир».[1]

٢. وقد سأله ذِعلبٌ اليماني فقال: هل رأيت ربَّك يـا أمير المؤمنين؟ فَقَالَ عَلَيْهِ السَّلَامُ: «أَفأَعْبُدُ مَا لَا أَرَى؟» فَقَالَ: وَكَيْفَ تَـرَاهُ؟ فَقَالَ: «لاَ تُدْرِكُهُ الْعُيُونُ بِمُشَاهَدَةِ الْعِيَانِ، وَلكِنْ تُدْرِكُهُ الْقُلُوبُ بِحَقَائِقِ الْإِيمَانِ، قَرِيبٌ مِنَ الْأَشْيَاءِ غَيْرَ مُلَامِسٍ، بَعِيدٌ مِنْهَا غَيْرَ مُبَايِنٍ». نهج البلاغة، الخطبة 179.

2. Зиълиб ал-Ямоний ҳазрати Али (алайҳис салом)дан: «Сиз Раббингизни кўрганмисиз, эй мўминлар амири?», деб сўради. Шунда у ҳазрат: «Кўрмаган нарсамга ибодат қилармидим?», дедилар. Зиълиб деди: Уни қандай кўргансиз? У ҳазрат унга жавобан: «Кўзлар Уни ошкора кўра олмас, лекин қалблар Уни иймон ҳақиқатлари ила идрок этар. У нарсаларга ёпишмаган ҳолда яқиндир ва нарсалардан ажралмаган ҳолда улардан узоқдир», дедилар.[2]

وقال عليه السلام: «الْحَمْدُ لله الَّذِي لاَ تُدْرِكُهُ الشَّوَاهِدُ، وَلاَ تَحْوِيهِ الْمَشَاهِدُ، وَلاَ تَرَاهُ النَّوَاظِرُ، وَلاَ تَحْجُبُهُ السَّوَاتِرُ». نهج البلاغة، الخطبة 185.

3. Бошқа бир хутбада ул ҳазрат айтадилар: «Ҳамду-мақтовлар сезгилар Уни идрок эта олмайдиган, жой-маконлар Уни қамраб ололмайдиган, кўзлар Уни кўра олмайдиган ва тўсиқлар Уни тўса олмайдиган Аллоҳ учундир».[3]

4. У ҳазрат бошқа бир хутбада Аллоҳ таолонинг сифатлари ва Унинг илмини баён қилар эканлар, шундай марҳамат қиладилар:

وقال عليه السلام: «الْحَمْدُ للهِ الَّذِي بَطَنَ خَفِيَّاتِ الْأُمُورِ، وَدَلَّتْ عَلَيْهِ أَعْلاَمُ الظُّهُورِ، وَامْتَنَعَ عَلَى عَيْنِ الْبَصِيرِ؛ فَلاَ عَيْنُ مَنْ لَمْ يَرَهُ تُنْكِرُهُ، وَلاَ قَلْبُ مَنْ أَثْبَتَهُ يُبْصِرُهُ، سَبَقَ فِي الْعُلُوِّ فَلاَ شَيءَ أَعْلَى مِنْهُ، وَقَرُبَ فِي الدُّنُوِّ فَلاَ شَيْءَ أَقْرَبُ مِنْهُ، فَلاَ اسْتِعْلاَؤُهُ بَاعَدَهُ عَنْ شَيْءٍ مِنْ خَلْقِهِ، وَلاَ قُرْبُهُ سَاوَاهُمْ في المَكَانِ بِهِ، لَمْ يُطْلِعِ الْعُقُولَ عَلَى تَحْدِيدِ صِفَتِهِ، ولَمْ يَحْجُبْهَا عَنْ وَاجِبِ مَعْرِفِتِهِ، فَهُوَ الَّذِي تَشْهَدُ لَهُ أَعْلاَمُ الْوُجُودِ، عَلَى إِقْرَارِ قَلْبِ ذِي الْجُحُودِ، تَعَالَى اللهُ عَمَّا يَقولُ الْمُشَبِّهُونَ بِهِ وَالْجَاحِدُونَ لَهُ عُلوّاً كَبِيراً!». نهج البلاغة، الخطبة 49.

5. «Пинҳон нарсаларни билган, очиқ-ойдин аломатлар Унинг борлигига далолат қилган ва кўрувчининг кўзига кўринмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Уни кўрмаганнинг кўзи Уни инкор этмас, Унга ишонганнинг қалби Уни кўрмас. У юксакликда ҳаммадан ўзиб кетди, демак, Ундан юқорироқ ҳеч нарса йўқ ва айни пайтда шу қадар бизга яқинки, Ундан яқинроқ нарса йўқ. На Унинг юксаклиги яратганларининг бирортасидан Уни узоқлаштирди, на Унинг яқинлиги яратилганларни Унга тенглаштирди. У Зот ақлларни Ўзининг сифатини аниқлаб олишда хабардор этмади ва Уни таниш учун зарур бўлган маърифатдан уларни тўсиб қўймади. У шундай Зотки, борлиқ аломатлари Уни инкор этувчиларнинг қалбан иқрор бўлишига гувоҳлик беради. Аллоҳ Уни махлуқотларга ташбеҳ қилувчиларнинг айтадиган сўзларидан ва Уни инкор этувчиларнинг ўйлашларидан анча юқори ва юксакдир».[4]

Юқоридаги хутбалардан ташқари у ҳазратнинг чуқур маъно-мазмунли бошқа хутбалари ҳам Аллоҳ таолони қалблар иҳота қила олмаслиги, инсонларнинг кўзлари У Буюк Зотни кўра олмаслиги ва У барча айб-нуқсонлардан пок ва муназзаҳ эканлиги ҳақида кўплаб илм-маърифатларга тўлиб-тошган. Биз намуна сифатида уларнинг айримларини бу ерда келтирдик.

Бундай илм-маърифатлар мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)дан Наҳжул Балоға китобида ҳамда у ҳазратдан бизга етишган дуоларда жуда кўпдир. Аллома Мажлисий Биҳорул анвор китобида ривоят қилишича, бир куни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттобнинг мажлисига борганида, Каъб ал-Аҳбор ҳам ўша ерда эди. Умар унга: «Эй Каъб, Тавротни ёдлаганмисан?», деди. Каъб ал-Аҳбор: «Мен Тавротнинг кўп қисмини ёд олганман», деди. Мажлисда ўтирган кишилардан бири Умарга: «Ундан сўрагин, Аллоҳ таоло Ўз Аршини яратишидан олдин қаерда эди ва Аршини унинг устига ўрнатган сувни нимадан яратган?», деди. Умар унга: «Эй Каъб, Бу ҳақда бирор нарса биласанми?», деди. Каъб ал-Аҳбор деди: «Ҳа, Тавротда айтилишича, Аллоҳ таоло таоло қадимдир ва Аршни яратишдан олдин Қуддуснинг қоя тоши устида ҳавода турарди. У Аршни яратмоқчи бўлганида, бир тупурди-да, Унинг тупугидан ҳайқироқ, тошқин ва теран денгизлар пайдо бўлди. Аллоҳ у ерда Ўзининг остида турган қоя тошнинг бир қисмидан Аршни яратди ва қолгани эса ўша Қуддус масжидидаги қоя тошдир».

Ибн Аббос айтади: Мажлисда ҳозир бўлган Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом) бу сўздан ранжиб, ўринларидан турдилар-да, кийимларини силкитиб, мажлисдан чиқиб кетмоқчи бўлганларида, Умар ул ҳазратни ўз жойларига қайтишлари учун қасамёд этди ва оқибат ул ҳазрат ҳам жойларига қайтдилар. Умар у ҳазратга юзланиб: «Эй илм-маърифатга чўнғувчи киши, бу баҳсга киришинг. Сиз бу ҳақда нима дейсиз?», деди. Шунда Али (алайҳис салом) Каъб ал-Аҳборга юзланиб: «Сенинг диндошларинг [яҳудийлар] хатога йўл қўйиб, Аллоҳнинг Китобини [Тавротни] ўзгартириб юборишди ва Аллоҳга нисбатан ёлғон гаплар тўқиш учун йўл очиб қўйишди. Вой ҳолингга эй Каъб, ўша сен тасаввур қилган қоя тош Аллоҳнинг юксаклиги ва улуғлигини ўзида мужассам этмай, Унинг буюклигини ўзида сиғдира олмайди ҳам. Сен ишора қилган ҳаво эса Унинг вужудини қамраб ололмайди ва агар қоя тош ва ҳаво Унинг билан бирга азалдан бор бўлса, унда у иккиси ҳам Унинг сингари қадимдир. Аллоҳ таоло биз Унинг учун жой-макон борлигига ишониб, ўша маконга ишора қилишимиздан анча юқори ва юксакдир. Аллоҳ таоло худосизлар айтганидек эмас ва жоҳиллар ўйлагани сингари ҳам эмас, балки Аллоҳ таоло бор эди, лекин Унинг макони йўқ эди, шу даражадаки, ақл Уни идрок эта олмас. Аллоҳ ҳақида: «У мавжуд эди», деб айтишимиз эса Аллоҳнинг борлигини баён қилиш учун етарли эмас, лекин бу ўша Аллоҳнинг инсонга ўргатган сўзларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

﴿خَلَقَ الْإِنسَانَ * عَلَّمَهُ الْبَيَانَ﴾

«У инсонни яратди. Унга баённи ўргатди» (Ар-Роҳман сураси, 3 ва 4-оятлар).

Демак, мен: «Аллоҳ бор эди» деб айтишим ҳам Аллоҳ таоло менга Унинг оят-нишоналари ва буюклиги ҳақида сўзлашим учун ўргатган баёндир. Парвардигор Ўзи хоҳлаган нарсага қудрати бўлган ва бордир, барча нарсаларни қамраб олган ва олгувчидир. Сўнгра У хоҳлаган нарсасини Унда янги фикр-ўйлов пайдо бўлмай туриб яратди ва У ирода қилган нарсасига шак-шубҳа йўл топмади. Аллоҳ таоло ёруғлик ва нурни йўқдан яратди, сўнгра зулматни ундан яратди. Нурни йўқдан яратганидек, зулматни ҳам йўқдан ярата оларди. Кейин ўша зулматдан бошқа бир нурни яратди ва у нурдан бир ёқут яратиб, ўша ёқутга етти осмон ва етти ернинг қуйуқлиги каби қуйуқлик берди. Сўнгра Аллоҳ таоло ёқутни ёқиб юборди ва у Худонинг ҳайбати таъсирида эриб, ҳайқироқ ва тошқин сувга айланди ва у қиёматга қадар доимо гувиллаб туради. Сўнг Аллоҳ таоло Аршни Ўз нуридан яратиб, уни сув устига қўйди. Аршнинг ўн минг тили бор бўлиб, уларнинг ҳар бири ўн минг сўз ила Аллоҳга тасбеҳ айтади ва ҳеч бир сўз бошқа сўзга ўхшамайди. Арш сув устида қарор топган эди ва унинг атрофида эса тумандан ҳижоблар [пардалар] бор эди. Бу ҳақда Қуръонда ҳам айтилган:

﴿وَكَانَ عَرْشُهُ عَلَى الْمَاءِ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًاۗ﴾

«У сизларнинг қайсиларингиз амал қилиш жиҳатидан яхшироқ эканингизни синаш учун У Зотнинг Арши сув устида эди» (Ҳуд сураси, 7-оят).

Эй Каъб, Вой ҳолингга! Сенинг айтишингча, денгизлар Унинг тупурган тупуригидан юзага келган Зот, Қуддуснинг қояси ёки сен айтган ўша ҳаво Уни қамраб олишидан буюкроқдир». Шу вақт Умар кулиб: «Будир тўғри жавоб! Илму-маърифат мана шундай бўлур, сен эга бўлган нарса каби эмас, эй Каъб!», деди.[5]

Аҳли Байтдан бўлган қолган маъсум имомлардан ривоят қилинган ҳадисларда ҳам, у зотлар Аллоҳ таолони кўз билан кўриш на бу дунёда, на охиратда мутлақо номумкин ва маҳол эканлигини таъкидлаб уқтирганлар. Биз бу ерда ушбу ҳадиси шарифлардан айримларини намуна сифатида келтирамиз:

۱. روى الصدوق عن عبد الله بن سنان، عن أبيه قال: حضرت أبا جعفر (محمد الباقر عليه السلام) فدخل عليه رجل من الخوارج فقال له: يا أبا جعفر أيَّ شيء تَعْبُدُ؟ قال: «اللهَ»، قال: رأيته؟ قال: «لم تـره العيون بمشاهدة العيان ولكن رأته القلوب بحقائق الإيمان، لا يُعْرَف بالقياس ولا يُدْرَك بالحواس، ولا يُشْبِهُ بالنَّاس، موصوفٌ بالآيات، معروفٌ بالعلامات، لا يجور في حكمه، ذلك الله لا إله إلَّا هو» قال: فخرج الرَّجل وهو يقول: ﴿‏اللَّهُ أَعْلَمُ حَيْثُ يَجْعَلُ رِسَالَتَهُ﴾.

1. Шайх Садуқ, Абдуллоҳ ибн Санондан ва у эса отасидан ривоят қилиб деди: «Мен Абу Жафар [Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)] ҳузурларида эдим. Шунда Хавориж тоифасидан бир киши у ҳазратнинг олдларига кириб, у зотга: «Эй Абу Жафар, сиз нимага ибодат қиласиз?», деб сўради. Ул ҳазрат: «Аллоҳга», деб марҳамат қилдилар. У яна: «Уни кўрганмисиз?», деди. Ул ҳазрат унга жавобан дедилар: «Кўзлар Уни ошкора кўра олмас, лекин қалблар Уни иймон ҳақиқатлари ила кўрадир. У қиёслаш билан танилмас ва сезгилар билан идрок этилмас ҳамда одамларга ўхшаш ҳам эмас. У оят-мўъжизалар билан васф этилган, белги-аломатлар билан танилган. У Ўзининг ҳукмронлигида зулму жафо қилмас. Ана ўша Аллоҳдир, Ундан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқдир». Санон деди: Шунда мазкур шахс ушбу оятни: «Аллоҳ Ўз рисолатини [пайғамбарлик вазифасини] қаерга қўйишни яхшироқ билгувчидир», (Анъом сураси, 124-оят) айтаётиб чиқиб кетди».[6]

ما روي عن الإمام علي بن موسى الـرضـا عليه السلام في مناظـرتـه مـع أحد المحدِّثين بـاسم أبي قـرة، ذكر أبـو قـرة الحديث الموروث عن الحبر الماكر كعب الأحبار من أنَّـه سبحانه قسَّم الرؤية والكلام بين نبيَّيْن فقسَّم لموسى عليه السلام الكلام ولمحمَّدٍ صلَّى الله عليه آله وسلَّم الرؤية.

فقال أبو الحسن عليه السلام: «فَمَنِ المبلِّغُ عَنِ اللهِ إلَى الثَّقلين الجنَّ والإنس إنَّه ﴿لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴾، ﴿وَلَا يُحِيطُونَ بِهِ عِلْمًا﴾ و ﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾؟ أليس محمَّدٌ صلَّى الله عليه وآله وسلَّم؟» قال: بلى.

قال أبو الحسن عليه السلام: «فكيف يجيء رجل إلى الخلق جميعاً فيخبرهم أنَّه جاء من عند الله، وأنَّه يدعوهم إلى الله بأمر الله، ويقول إنَّه: ﴿لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴾، ﴿وَلَا يُحِيطُونَ بِهِ عِلْمًا﴾ و ﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾ ثمّ يقول: أنا رأيته بعيني وأحطت به علمًا وهو على صورة البشر، أمـا تستحيون؟! أما قدرت الزنادقة أن ترميه بهذا، أن يكون أتى عن الله بأمر ثمّ يأتي بخلافه من وجه آخر».

  1. Сафвон ибн Яҳё ривоят қилади: Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом)нинг Абу Қурра исмли муҳаддислардан бири билан юритган баҳсларида Абу Қурра яҳудийларнинг маккор донишманди бўлмиш Каъб ал-Аҳбордан мерос қолган ҳадисни тилга олди. Мазкур ҳадисда Аллоҳ таоло кўз билан кўриш ва сўзлашишни икки пайғамбар ўртасида тақсимлаб, Мусо (алайҳис салом)га сўзлашмоқликни ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га эса кўз билан кўрмоқликни ато этган, деб айтилганди.

Шунда Имом Абул Ҳасан Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) дедилар: «Ким Аллоҳ таоло томонидан икки тоифага; жин ва инсонларга ушбу ҳақиқатларни етказган: لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ «Кўзлар Уни идрок эта олмас» (Анъом сураси, 103-оят), وَلَا يُحِيطُونَ بِهِ عِلْمًا﴿ «Улар Уни илм ила қамраб ололмаслар» (Тоҳо сураси, 110-оят), لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴿ «У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (Шуро сураси, 11-оят)? Бу ҳақиқатларни одамларга етказган Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) эмасмидилар?». Абу Қурра: Ҳа [худди шундай], деди.

Имом Абул Ҳасан Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом) дедилар: «Қандай қилиб бир киши бутун халойиқнинг олдига келса ва ўзининг Аллоҳ таоло томонидан юборилгани ва уларни Аллоҳнинг амри билан Аллоҳ томонга даъват қилаётгани ҳақида уларни хабардор қилиб Аллоҳ таоло ҳақида: «Кўзлар Уни идрок эта олмас» (Анъом сураси, 103-оят), «Улар Уни илм ила қамраб ололмаслар» (Тоҳо сураси, 110-оят) ва «У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (Шуро сураси, 11-оят), деб айтса-ю, сўнгра у: «Мен Аллоҳни ўз кўзим билан кўрдим ҳамда Уни илмим ила қамраб олдим ва У инсон шаклидадир», деса? [Сизлар Пайғамбарга бундай сўзларни нисбат беришдан] уялмайсизми?! Худосизлар Пайғамбарга нисбатан: «У Худо томонидан бир фармонни келтирди-ю, кейин эса унинг ўзи бошқа йўл билан бунинг аксини бажарди», деб бундай бўҳтон ва туҳмат қила олишмади!».[7]

Хулоса ва Натижа

Мўминлар қиёмат куни Аллоҳни кўз билан кўрадилар деган ақида ақл ва шариат нуқтаи назаридан тўғри эмас. Зероки ушбу ақида тажсим [яъни Аллоҳни жисм ва танага эга деб билиш] ва ташбеҳ [яъни Аллоҳни бошқа мавжудотларга ўхшатиш] тушунчасини талаб этади ва бу ақидага Аллоҳни кайфиятсиз ҳолда кўришни қўшимча қилиш эса зоҳирий ва юзаки бир масала бўлиб, бу ақиданинг мазкур муаммо ва ишкалини ҳал эта олмайди. Аллоҳни охиратда кўз билан кўришнинг ақлий ва нақлий далиллари кишини қониқтирадиган даражада эмас ва ушбу ақидани исботлаш учун далил қилиб кўрсатилган нарсалар уни исботлай олмайди. Қуръон оятлари ҳам Аллоҳ таолони кўз билан кўришни очиқ-ойдин инкор этади. Бунинг устига, Аллоҳ таолони кўз билан кўриш мумкинлигига далолат қилувчи далилларни қалб билан кўриш маъносида изоҳлаш мумкин ва бундай изоҳлашнинг ҳеч қандай ақлий ёки шаръий муаммоси бўлмай, балки имон тамойилига мос келади.

Аллоҳнинг жамолини охиратда кўриш ҳамда ташбеҳ ва тажсим ақидалари яҳудийлар томонидан мусулмонларнинг ақидавий тафаккурига киритилган бўлиб, сўз ва каломнинг зоҳирий маъноларини ушлаб олиб, унинг назарий тушунча ва теран маъно-маъмунлари устида тафаккур юритмайдиган ақидавий йўналишнинг пайдо бўлиши ҳам мазкур ақидаларнинг юзага келишига ёрдам берган.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Наҳжул Балоға, 91-хутба.

[2]. Наҳжул Балоға, 179-хутба.

[3]. Наҳжул Балоға, 185-хутба.

[4]. Наҳжул Балоға, 49-хутба.

[5]. Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 44-жилд, 194-бет.

[6]. Шайх Садуқ, «Ат-Тавҳид», Бобу: Маа жааъа фирруъйаҳ [кўз билан кўриш ҳақида келган ҳадислар боби], 5-ҳадис, 108-бет. Савол берувчи хаворижлардан эди.

[7]. Абу Мансур Аҳмад ибн Али ибн Абу Толиб Ат-Табарсий, «Ал-Иҳтижож», 2-жилд, 375-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.