Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий келганларида биринчи қиладиган ишлари форсларга қарши жанг қилиш бўладими?

Имом Маҳдий келганларида биринчи қиладиган ишлари форсларга қарши жанг қилиш бўладими?

Ассалому алайкум хурматли муаллиф, аҳли суннат биродарларимизнинг айтишларича, Имом Маҳдий чиқиб биринчи қиладиган ишларидан бири форслар билан жанг қилиб уларни енгиш бўлар экан, агар форслар деганда ҳозирги Эрон халқларини тушунадиган бўлсак, унда нега Имом Маҳдийни зуҳр қилишларини кутиб дуода бўлган шиалар билан жанг бўлади?!

Яна уларнинг айтишларича, Имом Маҳдий шиаларнинг ўн иккинчи имоми эмас, балки Имом Маҳдий биздан чиқади дейишади. ИЛТИМОС юқоридагиларга изоҳ ва тушунчалар берсангиз.

Хурмат билан Рустам

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Биродар.

Бу ҳақда дастлаб шуни айтиш лозимки, сиз илгари сурган ушбу масала Имом Маҳдий (алайҳис салом)га бўлган эътиқодни пучга чиқариш мақсадида тўқилган шубҳадир. Аҳли суннат биродарларимизнинг мўътабар манбаларида Имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳақларида олти мингга яқин ҳадис пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ва ушбу ҳадиси шарифлар орасида Имом Маҳдий (алайҳис салом) зуҳур қилганларида амалга оширадиган ишларидан бири форслар билан жанг қилиш эканлиги айтилмаган. Албатта, форс халқлари аввалдан Савари олам Аҳли-Байтларини яхши кўриб, у буюк зотларга эргашганлари учун бани Уммая ва бани Аббос ҳукронлиги даврида форсларга қарши Пайғамбаримиз номларидан кўп ҳадислар тўқилган ва афсуски, ҳозирги кунда ҳам ушбу тўқима ҳадислар Аҳли суннат биродарларимиз томонидан кўп тилга олинади. Бундай ҳадисларнинг тўқима эканлигини Аҳли суннатнинг рижол олимлари эътироф этишган.

Бундан ташқари, Имом Маҳдий (алайҳис салом) ғойиблик пардаси ортидан чиққанларида энг биринчи қиладиган ишлари ер юзидаги зулму-зўравонлик ва золим-ситамкорларни ҳамда зулму-жабрнинг илдизи бўлган ва дунё халқларини қаттиқ сиқув остига олган либерализм ва капитализм каби ғоявий тузумларни таг-томири билан йўқотадилар. Ул ҳазрат бирор бир халққа қарши зинҳор жанг қилмайдилар! Қандайига Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг келишлари учун шароит ва замин яратаётган Эрон ва форс халқларига қарши ул ҳазрат уруш қилишлари мумкин!! Бу гап Имом Маҳдий (алайҳис салом)га нисбатан уюштирилган катта бўҳтондир! Балки у ҳазрат айнан боболари Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг йўлларини тутиб, бутун халқларга меҳрибон ва жонкуяр бўладилар ва у зот зуҳур қилганларида, ер юзида зулму-зўравонликни таг-томири билан йўқотгач, ислом динининг ҳаётбахш таълимотлари асосида оламшумул ҳокимият яратиб, адолат ва ҳақиқатни бутун халқлар орасида кенг ёядилар.

Аммо Имом Маҳдий (алайҳис салом) шиаларнинг ўн иккинчи имоми эканлиги масаласига келсак, бу инкор этиб бўлмас бир ҳақиқатдир ва Пайғамбаримиздан содир бўлган Ғадийр ҳадисида ҳам Имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳақларида муфассал маълумот бериб, Имом Маҳдий (алайҳис салом)ни ўзларининг ўн иккинчи халифа ва ворислари эканини айтганлар.

Бунга қўшимча, шиалар Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг ота-оналари ким эканлиги, дунёга нечанчи йил келганликлари, ҳозир неча ёшда эканликлари, ул ҳазратнинг кўзлардан ғойиб бўлишларининг сабаблари, ғойиб бўлишларининг икки қисмга бўлингани; Суғро Ғайбати ва Кубро Ғайбати ва эндиликда ул ҳазрат кўзлардан ғойиб ҳолда мусулмонлар орасида ҳаёт кечираётганлари ҳақида муфассал маълумотга эгалар. Ва бир кун келиб Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф) Аллоҳ таолонинг амри билан ғойиблик ҳолатидан чиқишларини шиалар интизорлик билан кутиб, дуо қилиб буни Аллоҳ таолодан сўрайдилар. Албатта, бу ҳақда шиа уламолари томонидан кўплаб китоб ва асарлар битилган ва шиаларнинг барча диний маросим ва тадбирларида Имом Маҳдий (алайҳис салом)ни тилга олиб, у ҳазратнинг саломатликлари ва Аллоҳнинг амри билан тезроқ ғойиблик ҳолатидан чиқишлари учун Аллоҳ таолога дуо-илтижо қиладилар.

Аммо афсуски, Аҳли суннат биродарларимиз юқорида айтилганларнинг барчасидан буткул узоқ бўлиб, шунчаки Имом Маҳдий охирзамонда туғиладиган имомдир ва ҳалигача дунёга келмаган, деб қўядилар, холос ва Имом Маҳдий ҳақларида билиш ва ўрганиш томон мутлақо интилмайдилар ҳамда уларнинг ҳаётида Имом Маҳий (алайҳис салом)нинг ўринлари йўқ ва ТААССУФКИ, уларнинг у зот билан ишлари ҳам йўқ!! Улар бунинг устига, Имом Маҳдий биздан чиқади деб айтишлари ўта ҳайратли, ғалати ва ақл бовар қилмайдиган бир гапдир!!

Бу ҳақда қўшимча маълумотга эга бўлиш учун қуйидаги мақолани ўқишни тавсия этамиз:

https://najotkemasi.net/2023/03/imom-mahdiyga-bolgan-e%ca%bctiqod-haqida.html

  • Эҳтиром ила:

  • Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.