Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Фалақ сураси / Фалақ сурасининг таржимаси ва тафсири (2)

Фалақ сурасининг таржимаси ва тафсири (2)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 113-Фалақ сураси тафсирининг давомини тақдим этиш билан хизматингиздамиз. Олдинги суҳбатимизда Фалақ сурасини қисман таржима ва тафсир қилган эдик.

Биз ушбу суҳбатимизда қуйидаги саволларнинг жавобларини ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз:

  1. Наас сураси билан Фалақ сурасида ёмонликлардан паноҳ сўрашнинг фарқи нимада?
  2. Ҳасаднинг маъноси нима ва унинг ҳавасдан фарқи нимада?
  3. Ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг қарашларида ҳасад қандай йўл тутиш билан йўқолади?

Ушбу суҳбатимизда бизга ҳамроҳ бўлинг.

Барча ёмонликлар орасидан уч ёмонликнинг номи бу сурада тилга олинган:

  • Қоронғулик ҳамма жойларни қоплаган пайтдаги махфий ёмонликлар:

﴿وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ﴾‏

  • Нопок тилларнинг ёмонликлари: وَمِن شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ ‎﴿‏
  • Кўра олмасликлар ва салбий рақобатларнинг ёмонлиги: وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ﴿ ‎‏

Баъзи аёллар ўзларининг гўзаллиги ва нутқидаги мулойимлиги туфайли эркакларни қарорларида заифлаштириб, «نَفَّاثَات» «Наффаасаат» намунаси бўла оладилар.

«Наффаасаат» намуналаридан бири сеҳр ва жодудир. Шунинг учун уни ўргатиш ва қўллаш ҳаром қилинган.

Оятдаги «شَرِّ ما خَلَقَ» «У яратган нарсаларнинг ёмонлиги» барча ёмонликларни ўз ичига олса-да, лекин ояти каримада аҳамиятга эга бўлгани сабабли уч ёмонликнинг номи алоҳида тилга олинган:

«غاسِقٍ إِذا وَقَبَ‏- النَّفَّاثاتِ فِي الْعُقَدِ- حاسِدٍ إِذا حَسَدَ»

Паноҳ сўраш ҳар қандай ҳолатда зарур, хоҳ хатар бор бўлсин: «شَرِّ ما خَلَقَ» ёки камолотга эришиш ҳолати бўлсин:

﴿فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ﴾

«Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрагин». (Наҳл сураси, 98-оят)

Фалақ сурасида учта ташқи ёмонлик қаршисида Аллоҳнинг фақат биргина сифатига паноҳ тортиб Унга юзланамиз; «Ғосиқ»нинг, яъни қоронғу туннинг ёмонлигидан, «Наффаасаат»нинг, яъни дам солувчи жодугарларнинг ёмонлигидан ва ҳасад қилувчиларнинг ёмонлигидан «тонг Парвардигори» сифати билан Ундан паноҳ сўраймиз. Аммо Наас сурасида бунинг акси ўлароқ, биргина ички хавф-хатар ва ёмонликка қарши Аллоҳнинг уч сифатига паноҳ тортиб Унга юзланамиз; Қалб васвасасининг ёмонлигидан بِرَبِّ النَّاسِ ‏﴿ «одамларнинг Парвардигори»مَلِكِ النَّاسِ‏﴿ «одамларнинг Ҳукмдори» ва  ﴾إِلَٰهِ النَّاسِ﴿ «одамларнинг Илоҳи» сифатлари билан Ундан паноҳ сўраймиз.

Ҳасадгўйлик ҳақида бир оз суҳбат

Бошқалар эга бўлган комиллик ва етуклиликларни қўлга киритиш учун саъй-ҳаракат қилиш ҳавас ва қадрият ҳисобланади, бироқ кўра олмаслик юзасидан бошқаларнинг камолоти ва ютуғини йўқ қилишга уриниш эса ҳасад бўлади. Шу боис, ҳасадгўйлик салоҳиятсизлик ва тор фикрлиликдан дарак беради. Ер юзида содир бўлган биринчи қотиллик Одам Ато (алайҳис салом) фарзандларининг ўртасидаги ҳасадгўйлик сабабли эди ва Самода содир бўлган биринчи гуноҳ ҳам Иблиснинг Одам (алайҳис салом)га ҳасад қилиши эди. Ҳадиси шарифда айтилишича: «Ҳасадгўйлик иймонни ейди худди олов ўтинни еганидек».

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари бошига оғир воқеа-ҳодисалар ва мусибатлар тушиши ва у зотларнинг четга суриб ташланиши ҳасадгўйлик сабабли бўлган. Қуръони Каримнинг Нисо сураси 54-оятида бу борада шундай дейилган:

﴿أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَىٰ مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ ۖ فَقَدْ آتَيْنَا آلَ إِبْرَاهِيمَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَآتَيْنَاهُم مُّلْكًا عَظِيمًا﴾‏

«Ёки одамларга [яъни, Муҳаммад (с.а.в) ва ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларига] Аллоҳ марҳамат қилиб берган мартабага ҳасад қиладиларми?! Қандай ўринсиз ҳасад! Дарҳақиқат, Биз Иброҳим хонадонига ҳам китоб ва ҳикмат [пайғамбарлик] ато этгандик ва уларга буюк ҳукмронлик бергандик» (Нисо сураси, 54-оят)

Ҳасадчилик барча ёмонликлар орасида энг кўзга кўринган ёвузликдир. Чунки ҳасадгўй киши кўзлаган мақсадига етиш учун турли режалар тузади ва ҳийла-найранглар қилиб, ҳар хил ёмонликларга қўл уради.

Мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) бу борада айтадилар:

«الحسد داء عياء لا يزال إلَّا بهلك الحاسد أو بموت المحسود»

«Ҳасад хавфли касаллик бўлиб, у фақат ҳасадчининг ҳалок бўлиши ёки ҳасад қилинганнинг ўлими билангина ўртадан кўтарилади».

Ҳасадгўй киши аслида Худога эътироз билдиради ва «нимага Аллоҳ унга берган-у, менга бермаган», деб Унинг иродаси ва ҳикматига қарши чиқади.

Ҳасадчи шахс ҳеч қачон эзгу тилак ва насиҳат қилмайди ва ўзидаги ҳасадгўйлик хислати сабаб ўзидан бирор яхшилик бошқаларга етишига тўсқинлик қилади.

Қуръон кўп гуноҳларнинг илдизини ҳасад маъносидаги «بَغْيًا» “бағян” деб билади ва олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

«إنَّ الكفرَ أصلُه الحسد»

«Куфрнинг илдизи ҳасаддир».

Пайғамбарларга қарши чиққанлар: «أَبَشَرٌ يَهْدُونَنا» «Биздек бир инсон пайғамбар бўлиб, бизни ҳидоят қиларканми?», дердилар.

Ҳасадгўй кимса камтарин ва миннатдор бўлмай, ҳеч қачон бошқаларнинг камолоти ва ютуғига гувоҳлик бермайди ва натижада ҳақиқатни яшириш гуноҳига йўл қўяди.

Ҳасадчи одам одатда мунофиқ ва иккиюзламачидир. Ҳазрати Али (алайҳис салом) бу борада айтадилар:

«الحاسد يظهر وُدَّه في أقواله ويخفي بغضه في أفعاله»

«Ҳасадгўй дўстлигини гапларида изҳор этади, лекин нафрат ва аразини феъл-атворида яширади».

Фалақ сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда тақдим этамиз. Яна кўришгунча, барчангизни Меҳрибон Аллоҳнинг паноҳига топшираман.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.