Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Фалақ сураси / Фалақ сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

Фалақ сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 113-Фалақ сурасининг тафсири билан хизматингиздамиз.

  1. Ушбу сурадаги «Ғосиқ» сўзидан нима маъно назарда тутилганини биласизми? Нима учун унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраш керак?
  2. Унинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўрашимиз керак бўлган النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ «ан-наффаасаати фил-уқад»дан мурод нима?
  3. Шарр ва ёмонликни ҳам Аллоҳ яратганми?
  4. شَرِّ مَا خَلَقَ “Шарри маа холақо” жумласини қандай изоҳлаш керак?

Ушбу суҳбатимизда бизга ҳамроҳ бўлинг.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ ﴿١﴾‏ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ ﴿٢﴾‏ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ ﴿٣﴾‏ وَمِن شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ ﴿٤﴾‏ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ ﴿٥﴾‏

  1. [Эй Пайғамбар,] айтгин: Тонг Парвардигоридан паноҳ сўрайман.
  2. У яратган нарсаларнинг ёмонлигидан.
  3. Ва ҳар ерни қоплаган пайтда қоронғу туннинг ёмонлигидан.
  4. Ва тугунларга дам соладиган жодугарларнинг ёмонлигидан.
  5. Ва ҳасад қилган вақтда ҳар бир ҳасадчининг ёмонлигидан.

“Фалақ” сўзи “Фажр” каби ёрмоқ маъносини англатиб, кечанинг қоронғусини ёки тонгнинг ёруғини ёрмоқлик дегани.

Оятдаги «غاسِق» «Ғосиқ» сўзидан мурод қоронғулик келтирувчи кечанинг аввалидир. Бошқа бир оятда айтилганидек:

﴿أَقِمِ الصَّلَاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَىٰ غَسَقِ اللَّيْلِ﴾

«Қуёш оғишидан тун қоронғусининг охиригача намозни тўкис адо қил» (Исро сураси, 78-оят)

Балки «غاسِق» «Ғосиқ» деганда маънавий зулматларни ўзи билан олиб келадиган ва уни ёядиган қоронғулик келтирувчи ҳар бир нарса тушунилади.

Ёвуз одамлар ҳужум ва ҳамла қилиш ёки фитна уюштириш учун туннинг қоронғулигидан фойдаланганликлари сабабли, биз тунда содир бўладиган ёмонликлардан Худодан паноҳ сўраймиз.

Оятдаги «نَفَّاثَات» «Наффаасаат» сўзи «نَفَثَ» «Нафаса» сўзидан келиб чиққан бўлиб, дам солиш маъносини англатади ва «Уқад» «عُقَدٌ» сўзи эса «عَقْدٌ» «Ақд»нинг кўплиги бўлиб, тугун маъносини англатади.

Ҳар нарсада ёмонлик содир бўлишининг эҳтимоли бор, ҳатто илм, эҳсон ва яхшилик, шижоат ва довюраклик ҳамда ибодат каби комиллик ва етуклиликларнинг ҳам офатлари бор. Илмнинг офати ғурур, эҳсон ва яхшиликнинг офати миннат қилиш, ибодатнинг офати ўзидан кетиш, шижоат ва довюракликнинг офати эса зўравонлик ва шафқатсизликдир.

Шикаст етишининг уч асосий тамойили мавжуд:

  1. Душман томонидан ҳужум қилишга тайёрлик.
  2. Қоронғулик каби ҳужум қилиш учун қулай имкониятлар.
  3. Бўшлиқ ва заиф жойларнинг борлиги.

Ҳа, душман қоронғуликлар, бўшлиқлар ва шикаст етадиган заиф жойларнинг кетида бўлади.

Ёмон тарғибот-ташвиқотлар, уйдирма гапларни тўқишликлар, чақимчилик ва гап ташувчиликлар, айғоқчиликлар ва миш-миш гапларни тарқатишлар ояти каримадаги «النَّفَّاثاتِ فِي الْعُقَدِ» тугунларга дам соладиган жодугарликка мисоллардир, яъни улар бу ишлари билан одамлар орасидаги мустаҳкам алоқалар ва ўзаро меҳр-муҳаббатларни заифлаштириш учун зарба беришади. Баъзилар васваса ва шубҳа қилиш билан эр-хотинлар ўртасида фитна ва келишмовчилик келтириб чиқаришади:

﴿فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ ۚ﴾

«Улар у икковидан эр-хотиннинг орасини ажратадиган нарсани ўрганишарди». (Бақара сураси, 102-оят)

Аллоҳ таоло яратган ҳамма нарса яхши ва чиройли бўлса ҳам:

﴿الَّذِي أَحْسَنَ كُلَّ شَيْءٍ خَلَقَهُ ۖ﴾

«У барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир» (Сажда сураси, 7-оят)

Лекин агар ҳар нарса ўзининг тўғри йўналишидан четга чиқса, шарр ва ёмонга айланади. Мисол тариқасида, темир ўзи яхши ва фойдали бўлса-да, лекин агар ундан пичоқ ясалса, уни суиистеъмол қилиш ва ундан нотўғри фойдаланиш имкони пайдо бўлади: مِن شَرِّ مَا خَلَقَ﴿ Яъни, ёмонлик махлуқотлар ва яралганлар томонидан содир бўлади, Яратувчи томонидан эмас ва яратилишдан ҳам келиб чиқмаган.

Хатарлардан Аллоҳдан паноҳ сўраш тилда «أَعُوذُ بِاللَّهِ» “Аллоҳдан паноҳ сўрайман” деб айтиш билан ҳосил бўлмайди, балки айтишдан ташқари амал қилиш ҳам зарурдир. Худди шундай пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари мискин, етим ва асирни таомлантирар эканлар, айтадилар:

﴿إِنَّا نَخَافُ مِن رَّبِّنَا يوْمًا عَبُوسًا قَمْطَرِيرًا﴾

«Дарҳақиқат, биз қўрқинчли ва шиддатли бир кунда Парвардигоримиздан қўрқурмиз». (Инсон сураси, 10-оят) Аллоҳ таоло Қуръонда уларнинг ушбу амаллари эвазига шундай марҳамат қилади:

﴿فَوَقَاهُمُ اللَّهُ شَرَّ ذَلِكَ الْيَوْمِ وَلَقَّاهُمْ نَضْرَةً وَسُرُورًا﴾

«Аллоҳ уларни ўша куннинг [Қиёмат кунининг] ёмонлигидан сақлади ва уларнинг юзларига тароват, дилларига эса сурур бахш этди» (Инсон сураси, 11-оят) Демак, «إِنَّا نَخَافُ مِن رَّبِّنَا» «Биз Парвардигоримиздан қўрқамиз», деб айтишнинг ўзи кифоя эмас, балки амал билан бирга бўлиши керак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига бир хунук одам келиб, юзининг хунуклигидан у ҳазратга шикоят қилди. Шу пайт ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) ерга тушиб, ўша хунук юзли одамга Аллоҳнинг саломини етказиб деди: Аллоҳ таоло сенга мурожаат қилиб айтади:

«اما ترضى أن حشرت على جمال‏ جبرييل»

«Қайта тирилганингда Жаброил каби гўзал бўлишни хоҳламайсанми?».

Ушбу сўзни эшитган у киши хурсанд бўлиб, барча ибодатлар ва мустаҳаб амалларни бажаришга қарор қилди.

Оламда мутлақ ёмонлик мавжуд эмас ва Аллоҳ таоло уни яратмаган, балки қанчадан қанча кўп нарсалар борки, бир қарашдан шарр ва ёмон бўлиб кўринса, бошқа қарашдан эса хайр ва яхшидир. Мавлавий бу борада ўзининг Маснавий китобида айтади:

زهر مار، آن مار را باشد حيات‏                           ليك آن، آدمى را شد ممات‏

پس بَد مطلق نباشد در جهان‏                              بَد به نسبت باشد، اين را هم بدان‏

Илоннинг заҳари ўша илонга ҳаёт бахш этар. Лекин у заҳар одамнинг ўлимига олиб келар.

Демак, дунёда мутлақ ёмонлик бўлмас. Ёмонлик нисбий бўлур, буни ҳам билгин!

Ҳаётдаги баъзи қийинчиликлар ва изтироблар ёмон эмас, балки ўсиш ва такомил топиш рамзидир. Мавлавий яна айтади:

گندمى را زير خاك انداختند                               پس ز خاكش خوشه‏ ها برساختند

بار ديگر كوفتندش ز آسيا                                 قيمتش افزون و نان شد جان فزا

باز نان را زير دندان كوفتند                               گشت عقل و جان و فهم سودمند

باز آن جان، چون كه محو عشق گشت‏                  يُعجب الزّراع آمد بعد كشت‏

Тупроқ остига бир дона буғдой ташлашди. Сўнг унинг тупроғидан бошоқлар етиштиришди.

Яна бир бор уни Тегирмонда янчишди. Ошди унинг нархи, жонга қувватбахш нонга айланди.

Яна нонни тишлар остида янчишди. Бу гал буғдой ақл-у жон ва фойдали тушунчага айланди.

Яна у жон севгига ғарқ бўлгач, юъжибуз-зурроъ деҳқонларни ажаблантирди хабари келди-да, кейин экди экинни.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўз умр йўлдошингизга нисбатан яхши муносабатда бўлинглар, деб буюради ва агар сизда уларга нисбатан ёқтирмаслик ҳолати бўлса-да, зора бунда яширин хайру-баракот бордир, деб марҳамат қилади:

﴿وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ ۚ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا﴾‏

«Ва аёлларингизга яхши муносабатда бўлинг. Агар уларни ёқтирмасангиз, дарҳол ажрашишни ўйламанг. Шоядки, сиз бирор нарсани ёқтирмассиз, лекин Аллоҳ кўпгина яхшилик унда қўйгандир». (Нисо сураси, 19-оят)

Баъзида аёл чиройли бўлмаслиги мумкин, лекин улуғ, етукли ва обрўли фарзандларнинг онаси бўлади.

Ҳаётимиздаги кўп кўнгилсиз ва аччиқ воқеа-ҳодисалар бизнинг истеъдодларимиз ва қобилиятларимизни гуллаб-яшнатиб, бизда сабр-тоқат ва чидамлилик ҳолатини ривожлантиради ҳамда инсон қалбини хоксор ва камтарин қилади:

﴿فَأَخَذْنَاهُم بِالْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ لَعَلَّهُمْ يَتَضَرَّعُونَ﴾

«Шояд тазарруъ қилсалар, деб уларни машаққат ва уқубатларга тутдик». (Анъом сураси, 42-оят)

Тун художўй инсонлар учун ибодат ва дуо-илтижо вақтидир:

﴿يَتْلُونَ آيَاتِ اللَّهِ آنَاءَ اللَّيْلِ وَهُمْ يَسْجُدُونَ﴾

«Аллоҳнинг оятларини сажда қилган ҳолларида кечасида тиловат қиладиган кишилар ҳам бор». (Анъом сураси, 113-оят) Аммо ноинсонлар учун кеч вақти фитна уюштириш, таҳдид ва ҳужум қилиш вақтидир:

﴿وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ﴾‏

«Ва ҳар ерни қоплаган вақтда қоронғу туннинг ёмонлигидан». (Фалақ сураси, 3-оят)

Мустаҳкам муносабатлар ва дўстликларни тебратадиган ҳар қандай сўз ёки хатти-ҳаракат «نَفَّاثَات» «Наффаасаат» бўлиб, унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраш керак.

Инсоннинг Аллоҳдан паноҳ сўраши Аллоҳ Ўз паноҳига олишини талаб этади, акс ҳолда паноҳ сўрашга буюрмоқлик беҳуда бўлади.

Фалақ сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда тақдим этамиз. Яна кўришгунча, Меҳрибон Аллоҳнинг паноҳида омон бўлинг! 

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.