Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Фалақ сураси / Фалақ сурасининг таржимаси ва тафсири (3)

Фалақ сурасининг таржимаси ва тафсири (3)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 113-Фалақ сураси тафсирининг давомини тақдим этиш билан хизматингиздамиз. Олдинги суҳбатимизда Фалақ сурасини қисман таржима ва тафсир қилган эдик.

Биз ушбу суҳбатимизда қуйидаги саволларнинг жавобларини ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз:

  1. Ҳасадгўликнинг келиб чиқиш негизи нимада?
  2. Ҳасадчининг хусусиятлари қандай бўлади?
  3. Ҳасадни даволаш учун қандай йўл тутиш керак?
  4. Ушбу оятлардан биз хулоса чиқаришимиз мумкин бўлган сабоқлар нималардан иборат?

Ҳасаднинг негизи нимадан иборат?

Бу ерда ҳасадни келтириб чиқарадиган айрим асосий омилларни айтиб ўтамиз:

Баъзида одамлар ўртасида ноўрин ажратиш ва камситиш уларни ҳасадгўйликка ундайди.

Баъзан одамлар бехабарлик юзасидан шароит ва талабларни ҳаммага баробар ва бир хил деб ўйлашади. Шу боис, улар бир одамдаги устунлик ва имтиёзни кўришлари биланоқ ҳасад қиладилар. Ҳолбуки, агар улар тафовут ва фарқларнинг ҳикмати ва сабабини билсалар эди, тинчланиб ҳасад қилмасдилар.

Ҳасадгўйлик пайғамбарлар хонадонида ҳам бўлган. Мисол тариқасида, ҳазрати Яъқуб пайғамбарнинг хонадонида у ҳазрат фарзандларининг ҳасадгўйлиги уларни ўз биродари ҳазрати Юсуфни қудуққа ташлашга ундади.

Ҳасадгўйлик доираси фақат моддий неъматларга чекланиб қолмай, балки баъзан одамларнинг иймонига ҳам ҳасад қилиб, уларни куфрга қайтаришни хоҳлайдилар:

﴿وَدَّ كَثِيرٌ مِّنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يَرُدُّونَكُم مِّن بَعْدِ إِيمَانِكُمْ كُفَّارًا حَسَدًا مِّنْ عِندِ أَنفُسِهِم مِّن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ الْحَقُّ ۖ﴾

«Аҳли китобнинг кўплари уларга ҳақ ошкор бўлгач, [улар Исломнинг ҳақ эканини билгач,] жонларидан келиб чиққан ҳасад туфайли, иймонли бўлганингиздан кейин сизларни кофирликка қайтармоқчи бўлишади». (Бақара сураси, 109-оят)

Маълумки, ҳасад ўзгаларнинг ютуғи ва неъматлари йўқ бўлишини исташдир. Акс тақдирда Аллоҳдан неъмат сўраш ҳасад эмас. Зероки, ҳазрати Сулаймон пайғамбар Аллоҳдан мислсиз ва тенги бўлмаган ҳукумат сўраганлар:

﴿قَالَ رَبِّ اغْفِرْ لِي وَهَبْ لِي مُلْكًا لَّا يَنبَغِي لِأَحَدٍ مِّن بَعْدِي ۖ إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ﴾

«Сулаймон деди: «Эй Раббим, мени мағфират қилгин ва мендан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган ҳукмронликни менга насиб этгин. Зеро, Сенинг Ўзинггина (барча яхшиликларни) бахшида этгувчисан». (Сод сураси, 35-оят)

Ҳазрати Али (алайҳис салом) эса Кумайл дуосида Аллоҳдан шундай деб сўрайдилар:

«وَاجْعَلْني مِنْ أَحْسَنِ عَبِيدِكَ نَصِيبًا عِنْدَكَ، وَأَقْرَبِهِمْ مَنْزِلَةً مِنْكَ، وَأَخَصِّهِمْ زُلْفَةً لَدَيْكَ…»

«Мени Ўз ҳузурингда энг яхши насибага эга бўлган, ўрин ва мартаба жиҳатидан Сенга энг яқин бўлган ва Сенинг даргоҳингда энг махсус яқинликка эга бўлган бандаларингдан айла!».

Ҳасадчилик хислатига барҳам бериб, уни даволаш учун инсоннинг ўйлаши шундай бўлиши керак:

Дунё жуда қисқа ва кичик бўлиб, унинг учун қайғуришга арзимайди.

Бизда ҳам бошқаларда бўлмаган неъматлар бор.

Аллоҳнинг Ўз бандаларига берган неъматлари ҳикмат ва донолик асосида тақсимланган, агарчи биз унинг ҳикматини билмасак ҳам.

Инсонга берилган неъмат қанча кўп бўлса, шунга яраша масъулияти ҳам катта ва оғир бўлади.

Бизнинг қилган ҳасадимиз самарасиз эканини ва бир банданинг бирор неъматни бировда кўришга кўзи йўқлиги учун Аллоҳ таоло Ўз фазлу-марҳаматини тўхтатмаслигини ҳамда биз ҳасад қилишимиз билан фақат ўзимизни қийнашимизни билишимиз керак.

Наас сурасидан олинадиган сабоқлар:

  1. Аллоҳдан паноҳ сўрашни тилга келтириш керак: قُلْ أَعُوذُ ﴿
  2. Хавф-хатарларнинг катталиги ва аҳамияти сабабли пайғамбарлар ҳам Аллоҳдан паноҳ сўрашлари керак.
  3. Аллоҳдан паноҳ ва ёрдам сўрамай туриб, ўзини ва жамиятни ислоҳ қилиш ва тузатиш мумкин эмас: ﴿قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ
  4. Ёмонликлар инсон қалби ва онгини қулфлаб қўйгани учун қулф ва тўсиқларни очувчи ва синдирувчи бўлган Ягона куч-қудрат Эгасидан паноҳ сўраш керак:  بِرَبِّ الْفَلَقِ﴿
  5. Дуо-илтижо қилганда кенг фикр ва қарашга эга бўлинг:  ﴾مِنْ شَرِّ ما خَلَقَ﴿ Барча мавжудотларни ўз ичига олади.
  6. Барча ёмонликлар орасида ҳасадгўйлик, ўртага тафриқа ва ихтилоф солиш, аҳд-паймон бузиш ва яширин фитналар уюштиришнинг ёмонлиги юқорироқ аҳамиятга эга:

﴿ مِنْ شَرِّ غاسِقٍ‏ … مِنْ شَرِّ النَّفَّاثاتِ‏ … مِنْ شَرِّ حاسِدٍ

  1. Душман шу қадар дам соладики, то унинг қилаётган тарғиботи самарали бўлсин. «نَفَّاثَات» «Наффаасаат» сўзи «نَفَّاثَة» «Наффасатун»нинг кўплиги бўлиб сийғаи муболаға шаклидадир.
  2. Васваса қилишлар натижасида эътиқодлар ва дунёқарашлар заифлашади. Зероки, айтилган гаплар таъсир қилади: مِنْ شَرِّ النَّفَّاثاتِ فِي الْعُقَدِ﴿
  3. Ҳасадгўйликнинг Аллоҳдан паноҳ сўрашдан бошқа давоси йўқ: قُلْ أَعُوذُ … إِذا حَسَدَ﴿
  4. Ёмон ҳолатлар рўёбга чиққандагина хавфли бўлади:  ﴾حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ﴿
  5. Ҳасадгўйлик одамларда бир оз бўлса-да, бор. Бу хислат тақозоси билан бирор ишга қўл уриш гуноҳдир: «إِذا حَسَدَ»

﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ﴾

«Барча ҳамд-мақтов, оламлар мураббийси бўлмиш Аллоҳга хосдир».

Келгуси суҳбатимизда Қуръони Каримнинг 112-Ихлос сураси таржима ва тафсири билан хизматингизда бўламиз. Яна учрашгунча барчангизни Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳга топшираман.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi. 

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.