Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Ихлос сураси / Ихлос сурасининг таржимаси ва тафсири (3)

Ихлос сурасининг таржимаси ва тафсири (3)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 112-Ихлос сураси тафсирининг учинчи қисми давомини тақдим этамиз.

Олдинги суҳбатимизда Ихлос сурасини қисман таржима ва тафсир қилган эдик. Ушбу суҳбатимизда эса қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз:

  1. Имом Жавод (алайҳис салом) Сомад сўзини қандай изоҳлаганлар?
  2. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Сомад сўзини қандай таҳлил қилганлар?
  3. Ҳазрати Али (алайҳис салом) Сомад сўзининг маъносини қандай баён ва таҳлил қилганлар?
  4. Ихлос сурасидаги ‏لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ﴾﴿ «Лам Ялид ва Лам Йуулад» ояти насронийлар, яҳудийлар ва мушрикларнинг Аллоҳни инсонийлаштирганлиги ҳақидаги ширк ғояларини қандай инкор этади?
  5. Ихлос сурасининг «Аллоҳус-Сомаду. Лам Ялид ва Лам Йуулад. Ва Лам Якуллаҳу Куфуван Аҳад» оятларидан олинадиган сабоқлар нималардан иборат?

Ихлос сураси оятларини тафсир қилишда бизга ҳамроҳ бўлинг!

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ‏

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан.

اللَّهُ الصَّمَدُ ﴿٢﴾‏

  1. «Аллоҳ ҳамма ҳожатлар ва мақсадларнинг манбаидир».

Диққатга сазовор бир неча фирк-мулоҳазалар:

“Сомад” мақсад қилмоқ маъносини билдиради. Аллоҳ Сомаддир, яъни барча мавжудотлар ўз ишларида Уни мақсад қилиб олишади ва ҳамманинг мақсади Удир. Тўққизинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Жавод (алайҳис салом) “Сомад” сўзининг маъноси ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

«سيدٌ مصمودٌ إليه، نظير آية ﴿وَأَنَّ إِلَىٰ رَبِّكَ الْمُنتَهَىٰ﴾»

«Барча мавжудотлар Унга юзланадиган ва Унга муҳтож бўлган Буюк Зотдир. Сомад сўзи ушбу оятнинг маъноси кабидир: «Ва ҳамманинг охири ва қайтиши Парвардигоринг томонигадир» (Нажм сураси, 42-оят)».

Учинчи пешвоимиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Сомаднинг маъносини сўраган Басралик кишига жавобан шундай дедилар:

«Сомаднинг маъноси ундан кейин келган жумлаларда айтилган, яъни «Лам Ялид ва Лам Йуулад» У туғмаган ва туғилмаган».

Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) «Сомад» сўзининг тафсирида айтадилар:

«هو الله الصمد الذى لا من شي‏ء و لا في شي‏ء و لا على شي‏ء، مبدع الأشياء وخالقها ومنشئ الأشياء بقدرته، يتلاشى ما خلق للفناء بمشيته ويبقى ما خلق للبقاء بعلمه».

«У Аллоҳ Сомаддир, яъни У ҳеч бир нарсадан пайдо бўлмаган, ҳеч бир нарсага кириб кетмаган ва ҳеч бир нарсанинг устида ҳам қарор топмаган. У нарсаларнинг вужудга келтирувчиси ва уларнинг яратувчисидир. У барча нарсаларга Ўз қудрати билан борлиқ ато этган. Фоний бўлиш учун У яратган ҳар бир нарса Унинг иродаси билан парчаланиб йўқ бўлиб кетади ва боқий қолиш учун У яратган ҳар бир нарса эса Унинг илми билан боқий қолади».

Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай деб марҳамат қиладилар:

«Агар лойиқ кишиларни топганимда, ушбуСомадкалимасидан тавҳид, ислом ва иймонни чиқариб кўрсатардим».

Ушбу оятдан олинадиган сабоқлар:

  1. Барча мавжудотларнинг диққат-эътибори истар ё истамас Унинг томонигадир: اللَّهُ الصَّمَدُ﴿
  2. У фақат Ҳожатсиздир, қолган ҳамма мавжудотлар Унга муҳтождирлар: اللَّهُ الصَّمَدُ﴿
  3. Фақат Аллоҳгина мақсад қилиб олишга сазовордир: اللَّهُ الصَّمَدُ﴿ «Ас-Сомад»даги “Алиф” ва “Лом” ҳарфлари ҳаср, яъни чеклаш учун келган.

Манба: Устоз Қироатий, «Тафсири Нур», 10-жилд, 641-бет.

  1. Яралган мавжудотлар барча ишларида Унга муҳтождирлар: اللَّهُ الصَّمَدُ﴿ Сомад сўзи мутлақ бўлиб, мавжудотларнинг барча моддий ва маънавий эҳтиёжларини ўз ичига олади.

لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ ﴿٣﴾

  1. У туғмаган ва туғилмаган. Яъни Унинг фарзанди йўқ ва У ҳеч кимнинг фарзанди эмас.

Диққатга сазовор бир неча фирк-мулоҳазалар:

Аллоҳнинг мавжудотлар билан алоқаси туғиш эмас, балки яратиш алоқасидир. У мавжудотларни яратади, яъни уларни туғмайди, балки йўқликдан борлиққа келтириб уларни мавжуд қилади. Чунки дунёга келган чақалоқ ота-онанинг зоти ва табиатидан бўлиб, аслида уларнинг бир бўлагидир. Ҳолбуки, ҳеч нарса Худонинг зотидан эмас ёки Унинг бир бўлаги ҳам бўла олмайди.

Кўпчилик мушриклар ва аҳли китоб кофирлар Аллоҳнинг фарзанди борлигига эътиқод қилишгани учун фарзанди йўқлигини билдирувчи «لَمْ يَلِدْ» “Лам Ялид” жумласи “Ва Лам Йуулад”дан олдин келган.

Мавжудотлар нафақат Аллоҳдан туғилмаган, балки ҳатто Ундан келиб чиқмаган ҳам, худди мева гулдан, дарахт уруғдан, сув булут ва булоқдан, олов ёғочдан, сўз оғиздан, ёзув қаламдан, ҳид гулдан, таъм овқатдан, фикр ақлдан, иссиқлик оловдан, совуқлик муздан, ўй-хаёллар онгдан ва қайғу, шодлик, қўрқув ва умид қалбдан келиб чиққани каби.

Ушбу ояти карима ҳам насронийларнинг Исо (алайҳис салом) Аллоҳнинг ўғли деб билган эътиқодини ва ҳам яҳудийларнинг Узайр Аллоҳнинг ўғли деб билган эътиқодини ҳамда фаришталарни Аллоҳнинг қизлари деб ўйлаган жоҳил ва бутпараст мушрикларнинг эътиқодини рад этади.

Манба: Устоз Қироатий, «Тафсири Нур», 10-жилд, 642-бет.

Ушбу оятдан олинадиган сабоқлар:

  1. Аллоҳнинг Сомад эканлиги ва ҳеч бир нарсага муҳтож эмаслиги Унинг фарзандга ва ота-онага эҳтиёжманд эмаслигига далилдир: اللَّهُ الصَّمَدُ. لَمْ يَلِدْ وَ لَمْ يُولَدْ﴿
  2. Аллоҳнинг вужудга келтирган сабаби йўқ ва У бирор нарсадан пайдо бўлмаган: وَلَمْ يُولَدْ﴿
  3. Туғилган нарса маълул, яъни пайдо бўлгандир ва шу боис, Худо бўла олмайди: وَلَمْ يُولَدْ﴿ Шундай экан, қандай қилиб насронийлар ҳазрати Исони Марямдан туғилган деб ҳисоблашса-да, лекин яна уни Худо деб биладилар?

وَلَمْ يَكُن لَّهُ كُفُوًا أَحَدٌ ﴿٤﴾‏

  1. Ва Унга тенг келадиган ҳеч ким йўқ.

Диққатга сазовор бир неча фирк-мулоҳазалар:

Оятдаги «كفو» «Куфвун» сўзи ўхшаш, тенгдош, каби ва сингари деган маънони англатади. Уйланганда ҳам, ўзингизга «Куфв» яъни тенг ва ўхшаш бўлган умр йўлдош танланг, деб тавсия қилинган. Яъни умр йўлдошингиз дин, иймон ва ахлоқда сизга тенг ва монанд бўлсин!

Аллоҳ Сомаддир, яъни Унинг бошқаларга ҳеч бир эҳтиёжи йўқ, лекин ҳамма Унга муҳтождир. Шунинг учун, Унинг тенгдоши бўлиши мумкин эмас. Зероки Унинг тенгдоши Унга эҳтиёжсиз бўлиши керак ва бу эса Худонинг Сомад эканлигига тўғри келмайди.

Олдинги оят фарзанд бўлишни ва фарзандга эга бўлишни Аллоҳдан инкор этган бўлса, бу оят эса Унинг бирон умр йўлдоши ва аёли борлигини Ундан инкор этади. Бошқа бир оятда бу борада шундай дейилган:

﴿مَا اتَّخَذَ صَاحِبَةً وَلَا وَلَدًا﴾‏

«У ўзига хотин ва фарзанд тутгани йўқ!». Яъни У Ўзига на хотин танлаган, на фарзанд кўрган. (Жин сураси, 3-оят)

Ушбу оятдан олинадиган сабоқлар:

  1. Ҳеч ким ва ҳеч нарса на зотида, на сифатида ва на амалида Аллоҳга ўхшаш эмасдир:

﴿‏وَلَمْ يَكُن لَّهُ كُفُوًا أَحَدٌ﴾

  1. Аллоҳнинг тенгдоши ва ўхшаши йўқ, токи борлиқ оламнинг ишларида Унга шерик бўла олса:

﴿وَلَمْ يَكُن لَّهُ كُفُوًا أَحَدٌ﴾‎‏

﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ﴾

«Барча ҳамд-мақтов, оламлар мураббийси бўлмиш Аллоҳга хосдир».

Келгуси суҳбатимизда Қуръоннинг 111-Масад сураси тафсири билан хизматингизда бўламиз. Аллоҳнинг паноҳида омон бўлинг!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.