Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Ихлос сураси / Ихлос сурасининг таржимаси ва тафсири (2)

Ихлос сурасининг таржимаси ва тафсири (2)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 112-Ихлос сураси тафсирининг иккинчи қисми давомини тақдим этамиз.

Олдинги суҳбатимизда Ихлос сурасини қисман таржима ва тафсир қилган эдик. Ушбу суҳбатимизда эса қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз:

  1. Имом Ризо (алайҳис салом) тавҳид шартини қандай изоҳлаб таҳлил қилганлар?
  2. Ҳазрати Али (алайҳис салом) фарзандлари Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)га ёзган мактубларида тавҳид ва яккахудолик далилини қандай изоҳлаб таҳлил қилганлар?
  3. Бизнинг илм ва қудрат каби сифатларга эга бўлишимиз билан Аллоҳ таолонинг бу сифатларга эга бўлиши ўртасида қандай фарқ бор?
  4. Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) тавҳид ва яккахудоликнинг белгиси сифатида борлиқ оламнинг бошқарувидаги ҳамоҳангликни қандай изоҳлаб таҳлил қилганлар?
  5. «Қул Ҳуваллоҳу Аҳад» оятидан қандай сабоқлар олишимиз мумкин?

Ихлос сураси тафсирининг давомида бизга ҳамроҳ бўлинг!

Саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳимас салом) Аббосийлар сулоласининг халифаси бўлмиш Маъмуннинг мажбурлаши билан Мадинаи Мунавварадан Марв шаҳрига ҳижрат қилишга ночор бўлган сафарларида йўлда кетаётиб Нишобур шаҳрига етиб келганларида одамлар у ҳазратнинг атрофига тўпланиб, у зотдан ҳидоят йўлини кўрсатишларини сўрашади. Шунда Имом Ризо (алайҳис салом) атрофларига тўпланган одамларга шундай деб марҳамат қиладилар:

Отам оталаридан ва у зот ўз ота-боболаридан ва улар эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилганлар. Аллоҳ таоло ўз элчиси Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га шундай деб марҳамат қилади:

«كلمة لا إلهَ إلَّا الله حصني فمن دخل حصني أمن من عذابي»

«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ калимаси Менинг қалъамдир. Бас, ким Менинг қалъамга кирса, менинг азобимдан омон қолади».

Шунда Имом Ризо (алайҳис салом) сўзларида давом этиб:

«بشرطها و شروطها وأنا من شروطها»

«Албатта, ушбу тавҳид калимасининг шартлари бор бўлиб, мен унинг шартларидан бириман», дедилар.

Ул ҳазрат сўзларининг маъноси шуки, маъсум имомнинг вилояти ва раҳнамолигини тан олмасдан тавҳид ва яккахудолик мукаммал ва қабул қилиниш даражасида бўлмайди. Маъсум Имом кўзлардан ғойиб бўлган вақтда эса у зотларнинг фармонларига кўра, ҳавойи нафсдан, яъни нафснинг хоҳиш-истакларидан узоқ бўлган одил фуқаҳо ва мужтаҳидларга юзланиб, уларнинг раҳнамолигини қабул қилишимиз керак. Бинобарин, мукаммал тавҳид Аллоҳнинг ягоналигига ишониш ва эътиқод қилиш, фикр ва амалларимизни ҳар қандай ширкдан узоқ тутиш, маъсум раҳбарларнинг ҳозир бўлган даврларида у зотларга эргашиш ва маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган пайтда эса одил фуқаҳо ва мужтаҳидларнинг кўрсатган йўлидан боришдир.

Ҳазрати Али (алайҳис салом) ўғиллари Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)га ёзган мактубларида шундай марҳамат қиладилар:

«لو كان لربِّك شريكٌ لأتتك رسلُهُ»

«Агар Парвардигорингнинг шериги бўлганида, шубҳасиз, унинг пайғамбарлари сен ва одамлар томон келган бўларди».

Аллоҳнинг ягоналигига яна бир далил – яратилганлар ўртасидаги уйғунлик ва ҳамоҳангликдир. Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) “Иттисолут-тадбир”ни, яъни борлиқ оламнинг бошқарувидаги ҳамоҳангликни Яратганнинг ягоналиги белги-нишонаси деб биладилар. Қуёш, ой, ер, сув, шамол, тупроқ, тоғлар, қир-адирлар, чўл-биёбонлар ва денгизларнинг ўзаро бир-бирига боғлиқлиги ва уйғунлиги ҳамда уларнинг барчасининг инсон эҳтиёжлари билан мувофиқлиги борлиқ тизимидаги бошқарувнинг яхлитлигидан далолатдир. Инсонлар кислородни ютиб, углеродни қайтиб чиқаришади, лекин ўсимликлар углеродни ўзига олиб, кислородни ташқарига чиқаришади. Боланинг эҳтиёжлари ота-онанинг меҳр-муҳаббати билан қондирилади ва кун давомидаги чарчоқлар туннинг уйқуси билан бартараф бўлади. Пайдан яралган кўз шўр сув билан сақланади ва таомнинг ошқозонга кириш йўли бўлган оғиз овқатнинг ҳазм бўлишида самарали бўлган ширин сув билан намланади.

Жамал жангида бир бадавий, яъни чўлда яшовчи араб ҳазрати Али (алайҳис салом)дан тавҳиднинг маъноси ҳақида сўради. Бошқа жангчилар бу қандай ноўрин савол деб норозилик билдиришганида, ҳазрати Али (алайҳис салом) уларга:

«Бизнинг урушимиз тавҳид ва яккахудолик учундир», дедилар ва кейин у шахсга тавҳиднинг асл маъносини тушунтириб бердилар.

Аллоҳ таоло нафақат зотида, балки сифатларида ҳам ягонадир. Унинг биз каби сифатлари зотидан ажралган эмас. Биз билим ва қудратга эгамиз, лекин болалик давримизда бу сифатларга эга эмасдик ва қарилик чоғида ҳам уларни қўлдан берамиз.

Аллоҳ илм ва қудратга эга, лекин бу сифатлар У учун кейин пайдо бўлмаган, балки бу сифатлар доимо Унинг зоти билан бирга бўлган ва Унинг сифатлари Зотининг айнан ўзидир. Худди шундай яралганлик, ожизлик, муҳтожлик сифатлари ҳеч қачон биздан айрилмаган ва ажралмайди ҳам.

Ихлос сурасидан олинадиган сабоқлар:

  1. Пайғамбарлар Аллоҳ таоло томонидан юборилган ваҳийни етказишда ишончли кишилардир. Аллоҳ таоло Пайғамбарга: قُلْ‏ … Айт, деб буюрди ва у зот ҳам тўла-тўкис етказдилар.
  2. Аллоҳ таоло ҳамма ерда ҳозир бўлса-да, лекин У моддий кўзлардан ғойиб бўлиб, кўзларга кўринмайди. Шу боис, У «هُوَ» деб айтилган. Тавҳид ва яккахудолик аҳлининг эътиқодига кўра:

«لا تُدْرِكُهُ الْأَبْصارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصارَ»

«Кўзлар Уни идрок эта олмас ва У кўзларни идрок этар». (Анъом сураси, 103-оят)

  1. Ақидавий саволларга жавоб бериш керак: قُلْ هُوَ اللَّهُ‏
  2. Тўғри ва ҳақ эътиқодни бошқаларга эълон қилиш керак: قُلْ هُوَ اللَّهُ‏
  3. Аллоҳ таоло ҳамма нарсада ягонадир; Зот ва сифатларда, илм ва қудратда, ҳаёт ва ҳикматда, яратиш ва вужудга келтиришда У ягона Зотдир: قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ﴿

Ихлос сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда тақдим этамиз. Яна учрашгунча ягона Зот бўлган Аллоҳнинг паноҳида омон бўлинг!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.