Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Ихлос сураси / Ихлос сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

Ихлос сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 112-Ихлос сурасининг тафсири билан хизматингиздамиз.

Бутун борлиқнинг Яратувчисини тасвирлаш ва таништириш инсониятнинг илк ташвишларидан бири бўлиб, ушбу масала инсоният тафаккурининг тарихи бўйлаб ихтилофли ва мунозарали масалалардан бири ҳисобланган.

Бутун борлиқнинг Яратувчиси бўлмиш Аллоҳни қандай тасаввур этиш ва тасвирлаш мумкинлиги масаласи ҳар доим инсонлар жамияти орасида саволларга дуч келган. Бу ҳақдаги муҳим саволлардан бири шундан иборат: Аллоҳнинг зоти қандайлиги ҳақида илму-маърифат ва тушунчага эга бўлиш ва кейин Уни бошқаларга айтиш мумкинми ёки йўқми?

Биз Аллоҳнинг зоти ва сифатларини тасвирлаш ва ифодалашда ишлатадиган тушунчаларимиз бошқа мавжудотлар учун қўллаганимиздек бир хил маънога эгами ёки бошқа маънони англатадими?

Баъзилар Аллоҳнинг сифатларини баён этиб ва таърифлаб бўлмайди, десалар, бошқа баъзилар эса аксинча, Худонинг инсонийлашганлигига ишонишади ва Аллоҳ сифатларга эга бўлишда одамларга ўхшашдир, деб эътиқод қилишади.

Бу борада туғиладиган саволлардан бири шуки, Аллоҳ таоло бошқа мавжудотлар сингари замон ва маконга боғлиқ ва тобеми ёки йўқми? Яъни У замон ва макон қўршовидами ёки замон ва макон тушунчасидан ташқаридами?

Ушбу саволларнинг жавобини билиб олиш учун Ихлос сурасининг тафсири билан бизга ҳамроҳ бўлинг.

Аҳли китоб ва мушриклардан баъзилари пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига келиб, у зотдан бизга Илоҳингизни таништиринг, деб сўрашди. Шунда Худони таништирувчи бўлган ушбу Ихлос сураси нозил бўлиб, Аллоҳнинг ота-онаси, фарзанди, умр йўлдоши ёки Унинг ўхшаши ва шериги борлигидан пок ва йироқ эканлигини уқтирди.

Бу сурада тавҳид ва яккахудоликнинг энг холис ва соф эътиқодлари айтилган. Шунинг учун ушбу сурага «Тавҳид» ёки «Ихлос» сураси деб ном берилган.

Бу суранинг фазилати ҳақида жуда кўп ҳадислар етишган бўлиб, бу ерда улардан баъзиларига ишора қиламиз:

«Ҳар кечаю кундуз намозингизда бу сурани камида бир марта ўқинг ва ундан сўнг: «كذلك الله رَبِّي» «Менинг Раббим шундайдир», деб айтинг».

Манба: «Нурус-Сақалайн» тафсирида келтирилган ҳадислар йиғиндиси (5-жилд, 699-бетдан 715-бетларгача).

Ҳадисларга кўра, Ихлос сурасининг аҳамияти ва ўрни шу даражада юқорики, ушбу сура аҳамият нуқтаи назаридан Қуръоннинг учдан бирига тенг деб айтилган. Шу боис, ушбу сурани бир марта ўқиш Қуръоннинг учдан бир қисмини ўқишга тенг, уни икки марта ўқиш Қуръоннинг учдан иккисини ўқишга баробар ва уни уч марта ўқимоқлик эса Қуръонни тўлиқ ўқиб туширишга тенгдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилганлар:

«Тавҳид сураси худди Али ибн Абу Толибга ўхшайди. Ким уни чин қалбдан яхши кўрса, иймонинг учдан бирига эга бўлади. Кимки уни қалби ва тили билан яхши кўрса, иймоннинг учдан икки қисмига эга бўлади. Кимда-ким қалби, тили ва амалда унга итоат қилиши билан яхши кўрса, иймони комил бўлади».

Бу сурани намоздан кейин ўқиш намознинг таъқиботи, яъни давоми саналиб, ҳадисда бу борада шундай дейилган:

Кимки Ихлос сурасини ҳар намоздан кейин ўқишни тарк этмаса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратнинг яхшиликларини беради ҳамда уни, унинг ота-онасини ва фарзандларини мағфират қилади.

Тўртинчи пешвоимиз Имом Зайнулобидин (алайҳис салом) ушбу сура ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло охирзамонда ингичка фикрли ва чуқур тафаккур юритувчи бир гуруҳ келишини билгани учун “Тавҳид” сурасини ва “Ҳадид” сурасининг дастлабки олти оятини нозил қилди».

Ихлос сурасини олти томонга ўқиш кишининг турли хавф-хатарлардан сақланишига ва бахтсиз ҳодисалардан омон қолишига сабаб бўлади.

Манба: Ал-Кафъамий «Мисбоҳ», 246-бет.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ‏

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ ﴿١﴾‏

  1. Айт: «У Аллоҳ ягонадир».

Оятнинг тафсири борасида диққатга сазовор бир неча фирк-мулоҳазалар:

“Аллоҳ”«اللَّهُ»  сўзи «وله» “Валаҳа”дан олинган бўлиб, ҳайратланмоқ маъносидадир, яъни яралган мавжудотлар Аллоҳнинг ҳақиқатини англаб етишга ожиз бўлиб, Унинг зотини танишда ҳайратда қолишган. Амирул мўминин ҳазрати Али (алайҳис салом) айтганларидек: «Аллоҳнинг маъноси яралган мавжудотлар Унда ҳайратланиб қолган илоҳ, демакдир. Чунки, У кўзларнинг идрокидан яширин ҳамда фикрлар ва ақлларнинг тушиниш ҳудудидан йироқдадир».

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 3-жилд, 222-бет.

“Воҳид” «واحد» ва “Аҳад” «أَحَدٌ» сўзлари ўртасида фарқ бор. “Воҳид”, яъни Бир сўзи унинг учун иккинчи ва учинчи фараз қилинган жойда ишлатилади, лекин “Аҳад” «أَحَدٌ» сўзи “Воҳид”дан фарқли ўлароқ, иккинчи ва учинчиси бўлмаган бир ва ягона ҳақида қўлланади. Мисол тариқасида, агар сиз: Бир киши унинг рақиби эмас, десангиз, бунинг маъноси бир неча киши унга рақиб бўла олади, дегани. Лекин агар сиз: Ҳеч ким унинг рақиби эмас, десангиз, бунинг маъноси унга тенг келадиган ҳеч бир рақиб йўқ, демакдир.

Манба: Устоз Қироатий, «Тафсири Нур», 10-жилд, 638-бет.

Тавҳид ва яккахудолик иймон билан куфр ўртасидаги чегара бўлиб, тавҳидга иқрор бўлмасдан туриб иймон қалъасига кириш мумкин эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг энг биринчи сўзлари тавҳид калимаси эди:

«قولوا لا إله إلَّا الله تُفْلِحُوا».

«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб айтинг, токи нажот топгайсиз».

Ушбу «لا إله إلَّا الله» «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» тавҳид шиори уч ҳарф (Алиф, Лом ва Ҳо) ҳарфларидан ташкил топган бўлиб, уни айтганда ҳатто лаблар қимирламайди ҳам, бироқ ушбу тавҳид тушунчасига амал қилиш маъсум бўлган сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ва ул ҳазратнинг ҳақиқий ворис ва давомчиларига итоат қилишгача давом этади. Чунки саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳимас салом) сўзларига кўра, тавҳиднинг шарти, маъсум имомга иймон келтириш ва унга итоат қилишдир.

Ихлос сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда тақдим этамиз. Яна учрашгунча ягона Зот бўлган Аллоҳнинг паноҳида омон бўлинг!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.