Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Кофирун сураси / Кофирун сурасининг таржимаси ва тафсири

Кофирун сурасининг таржимаси ва тафсири

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 109-Кофирун сурасининг тафсири билан хизматингиздамиз.

Ушбу суранинг тафсирида қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз:

  1. Бу сура Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мухолифларининг қайси хатти-ҳаракатларига жавобан нозил бўлган?
  2. Ушбу сурадаги оятларнинг такрорланиши қайси ҳақиқатга ишорадир?
  3. Ушбу оятлардан қандай сабоқлар оламиз?

Энди юқоридаги саволларга жавоб бериш учун Кофирун сураси тафсири билан бизга ҳамроҳ бўлинг!

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ‏

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

قُلْ يَا أَيُّهَا الْكَافِرُونَ ﴿١﴾‏ لَا أَعْبُدُ مَا تَعْبُدُونَ ﴿٢﴾‏ وَلَا أَنتُمْ عَابِدُونَ مَا أَعْبُدُ ﴿٣﴾‏ وَلَا أَنَا عَابِدٌ مَّا عَبَدتُّمْ ﴿٤﴾‏ وَلَا أَنتُمْ عَابِدُونَ مَا أَعْبُدُ ﴿٥﴾‏ لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ ﴿٦﴾‏

  1. [Эй Элчимиз Муҳаммад,] айт: Эй кофирлар!
  2. Сизлар ибодат қиладиган нарсаларга Мен ибодат қилмасман.
  3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган Аллоҳга ибодат қилувчи эмассиз.
  4. Ва сизлар ибодат қилган нарсага мен ибодат қилувчи эмасман.
  5. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган Аллоҳга ибодат қилувчи эмассиз.
  6. [Шундай экан,] сизларнинг динингиз ўзларингиз учун ва менинг диним ўзим учундир.

Диққатга сазовор бир неча фикр-мулоҳазалар:

Бу суранинг нозил бўлиши ҳақида шундай ривоят қилинган: Қурайшнинг баъзи бошлиқлари Пайғамбарга: «Эй Муҳаммад, сен бир йил бизнинг динимизга эргаш, кейинги йил эса биз сенга эргашамиз. Кейин қайси бири яхши бўлса, ўшани давом эттирамиз», дейишди. Лекин Пайғамбар уларнинг бу таклифини қабул қилмадилар. Яна улар: «Ҳеч бўлмаганда, бизнинг худоларимизни табаррук юзасидан қўл тегиз, шунда биз ҳам сенинг Худойингга ибодат қилгаймиз», дейишди. Шу пайт ушбу Кофирун сураси нозил бўлди.

Ушбу суранинг аввалидаги «قُلْ» “Қул”, яъни айт сўзи кофирларнинг Пайғамбарга бўлган гина-кудуратини бироз бўлса-да, озайтиради. Зеро, бу сўздан улар Аллоҳнинг каломи уларга етказилганини ва Пайғамбар фақат Унинг элчиси эканлигини тушуниб етадилар.

Баъзан мухолифларни ўз ҳолига қўйиб уларга: «لَكُمْ دِينُكُمْ» «Сизнинг динингиз ўзингиз учун», деб айтиш керак. Шунингдек, Қасас сурасининг 55-оятида бу ҳақда шундай дейилган:

﴿لَنَا أَعْمَالُنَا وَلَكُمْ أَعْمَالُكُمْ﴾

«Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун ва сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир». (Қасас сураси, 55-оят)

Бундай баён қилмоқлик аслида таҳқирлаш ва таҳдид қилишнинг бир туридир, ҳар қандай амал ва ақидага рухсат этиш эмас. Қуръоннинг баъзи оятларида такрорланиб келиши бир нарсага урғу бериб таъкидлаш учундир. Мисол тариқасида:

كَلَّا سَوْفَ تَعْلَمُونَ ﴿٣﴾‏ ثُمَّ كَلَّا سَوْفَ تَعْلَمُونَ ﴿٤﴾‏

«Йўқ, сизлар яқинда [турмуш тарзингиз нотўғри эканини] билиб олурсиз. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билиб олурсиз». (Такосур сураси, 3 ва 4-оятлар)

فَقُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ ﴿١٩﴾‏ ثُمَّ قُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ ﴿٢٠﴾‏

«Унга ўлим бўлсин, қандай ҳам режа тузди-я?! Яна унга ўлим бўлсин, қандай ҳам режа тузди-я?!». (Муддассир сураси, 19 ва 20-оятлар)

Кофирун сурасидаги оятларнинг такрорланиши ҳам мушриклар мусулмонларнинг таслим бўлишидан умидларини узсинлар, деб таъкидлаш учун келган бўлиши мумкин ва шунингдек, мўминлар ўз мавқеларида мустаҳкам турсинлар, деб уларга қарши туришни уқтириш учун ҳам бўлиши мумкин.

Бир гуруҳ кофирларнинг иймон келтирмаслиги хабари Қуръонда кўп маротаба зикр қилинган бўлиб, жумладан Бақара сурасининг олтинчи оятида ва Ёсин сурасининг еттинчи оятида бу ҳақда очиқ-ойдин баён қилинган:

﴿إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا سَوَاءٌ عَلَيْهِمْ أَأَنذَرْتَهُمْ أَمْ لَمْ تُنذِرْهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ﴾‏

«Чиндан ҳам, кофир бўлганларни хоҳ огоҳлантиргин, хоҳ огоҳлантирмагин, уларга баробардир, ҳар ҳолда улар имон келтирмаслар». (Бақара сураси, 6-оят)

﴿لَقَدْ حَقَّ الْقَوْلُ عَلَىٰ أَكْثَرِهِمْ فَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ﴾

«Уларнинг кўпларига азоб ваъдаси қатъий бўлгандир ва энди улар иймон келтирмаслар». (Ёсин сураси, 7-оят)

Кофирун сурасидан олинадиган сабоқлар:

  1. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ваҳийнинг Амини, яъни ишончли кишиси бўлиб, у зот ўзига нозил бўлган барча нарсаларни тўла-тўкис етказадилар: «قُلْ»
  2. Мусулмонлар мантиқсиз таклифларга қарши аниқ ва қатъий жавоб бериб, душманларни ўзларидан умидсизлантиришлари керак:

لَا أَعْبُدُ مَا تَعْبُدُونَ ﴿٢﴾‏

«Сизлар ибодат қиладиган нарсаларга Мен ибодат қилмасман». (Кофирун сураси, 2-оят)

  1. Ваҳдат ва бирлик номи билан тамойиллар ва қадриятлардан бош тортмаслик керак: «لا أَعْبُدُ ما تَعْبُدُونَ»
  2. Куфр олами мусулмонларнинг таслим бўлишидан ноумид бўлиши керак:

«لَا أَعْبُدُ وَلَا أَنَاْ عَابِدٌ»

  1. Кофирлардан безор эканлигини эълон қилиш қайта-қайта ва қатъий тарзда ҳамда ошкора бўлиши керак:

قُلْ يَا أَيُّهَا الْكَافِرُونَ ﴿١﴾‏ لَا أَعْبُدُ مَا تَعْبُدُونَ ﴿٢﴾

«[Эй Элчимиз Муҳаммад,] айт: Эй кофирлар, сизлар ибодат қиладиган нарсаларга Мен ибодат қилмасман». (Кофирун сураси, 2-оят)

  1. Динингиз савдо қилинишига йўл қўйманг! Душман билан муроса қилманг, яъни улар билан келишувли йўл тутманг! Уларнинг ноўрин таклифларининг такрорланишига қарши сизлар ҳам ўз мавқеингизни қатъий тарзда такрорланг:

«لا أَعْبُدُ لا أَنْتُمْ عابِدُونَ‏ وَلا أَنا عابِدٌ »

  1. Ўзгаларни динга даъват этиб, уларни жалб қилиш учун ҳар ишни ҳам қилаверманг: «لا أَعْبُدُ وَ لا أَنْتُمْ عابِدُونَ‏»
  2. Қуръон ғайбдан хабар бериб, ҳатто Пайғамбар (с.а.в)га таклиф киритганларнинг бирортаси ҳам Исломни қабул қилишни истамагани ҳақида олдиндан хабардор қилди:

﴿وَلَا أَنتُمْ عَابِدُونَ مَا أَعْبُدُ﴾

«Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган Аллоҳга ибодат қилувчи эмассиз». (Кофирун сураси, 3 ва 5-оятлари)

  1. Мустаҳкамлик ва қатъиятлилик раҳнамоликнинг шартидир:

﴿وَلَا أَنَا عَابِدٌ مَّا عَبَدتُّمْ﴾‏

«Ва сизлар ибодат қилган нарсага мен ибодат қилувчи эмасман». (Кофирун сураси, 4-оят)

  1. Аллоҳга ибодат ва итоат қилиш мўминни кофирдан ажратадиган мезондир:

«يَا أَيُّهَا الْكَافِرُونَ ‏ وَلَا أَنتُمْ عَابِدُونَ مَا أَعْبُدُ»

  1. Инсон динни танлашда эркиндир, мажбур эмас:

﴿لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ﴾‏

«Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун ва менинг диним ўзим учундир». (Кофирун сураси, 6-оят)

  1. Сафлар бир-биридан ажралиб, ҳақ ботилдан ва куфр иймондан фарқланиб бир-биридан ажратилиши керак: «لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ»
  2. Ҳар кимнинг маъбуди ва илоҳи унинг дини ва эътиқодини баён этувчидир:

«لا أَنا عابِدٌ لا أَنْتُمْ عابِدُونَ‏ لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ‏»

﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ﴾

«Барча ҳамд-мақтов, оламлар мураббийси бўлмиш Аллоҳга хосдир».

Келгуси суҳбатимизда Қуръоннинг 108-Кавсар сурасининг таржима ва тафсири билан хизматингизда бўламиз. Яна учрашгунча барчангизни Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳга топшираман. Унинг паноҳида омон бўлинг! 

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.