Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Наср сураси / Наср сурасининг таржимаси ва тафсири (2)

Наср сурасининг таржимаси ва тафсири (2)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 110-Наср сураси тафсирининг иккинчи қисми билан хизматингиздамиз.

Олдинги суҳбатимизда Наср сурасини қисман таржима ва тафсир қилган эдик. Ушбу суҳбатимизда эса Наср сурасининг тафсирини давом эттириш билан қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз:

  1. Макка шаҳри қандай фатҳ ва забт этилди?
  2. Наср сурасининг оятларидан қандай сабоқларни олишимиз мумкин?

Наср сураси тафсирининг давомида бизга ҳамроҳ бўлинг!

Ҳудайбия сулҳидан кейин мушриклар мусулмонлар билан тузилган битимни бузгач, Пайғамбар алайҳиссалом бир қўшин тўплаб, Макка шаҳрини қон тўкмасдан фатҳ қилдилар. Макканинг фатҳ этилиш воқеаси қуйидагича рўй берган:

Мусулмонлар Маккадан бир неча километр узоқликда ҳарбий қароргоҳ қуришди ва кечаси Макка шаҳрининг атрофини кўздан кечириш учун шаҳардан ташқарига чиққан Абу Суфён Пайғамбарнинг амакилари Аббос билан учрашди. Аббос унга: «Пайғамбар (с.а.в) ўн минг аскар билан сизлар томонга келмоқда», деди. Ушбу хабарни эшитган Абу Суфён қаттиқ қўрқиб, Аббосдан паноҳ ва ҳимоя сўради ва Аббос ҳам Абу Суфённи ўз ҳимоясига олиб, унга омонлик берди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) ҳам Аббоснинг омонлик берганини қабул қилиб: «Ким Масжидул Ҳаромга кириб, у ерда паноҳ топса ёки Абу Суфённинг уйига борса ёки ўз уйида қолса, омонда бўлади», дедилар.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) Аббосга: «Абу Суфённи Макка довонига олиб боринг, токи у ердан Аллоҳнинг қўшинлари ўтаётганини Абу Суфён кўрсин», дедилар. Абу Суфён бу ҳарбий юришни кўриб даҳшатга тушди ва Аббосга: «Оғайнингиз ўғлининг салтанати жуда буюк бўлибди», деди. Аббос унга: «Салтанат эмас, нубувватдир, яъни пайғамбарликдир», деди. Кейин Аббос сўзини давом эттириб унга: «Макка аҳлининг олдига бориб, уларни Ислом қўшини билан тўқнаш келишдан қайтаргин», деди.

Абу Суфён Масжидул Ҳаромга кириб, одамларга: «Муҳаммад бир оломон билан Маккага кириб келаётир! Сиз уларга қарши тура олмайсиз. Шунинг учун Масжидул Ҳаром ёки менинг уйим ёки ўз уйингиздан паноҳ топинглар ва омон қолиш учун Исломни қабул қилинглар», деди.

Шундай қилиб пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) Маккага кириб келдилар ва у зот Маккадан яширинча чиқиб кетган кунни эслаб, Аллоҳ таоло ато этган ушбу ғалаба учун шукрона сажда қилдилар. Кейин Пайғамбар (с.а.в) Фатҳ сурасини ўқиганча Масжидул Ҳаромга кирдилар ва у зот билан бирга бўлган мусулмонлар ҳам такбир айтардилар. Сарвари олам Каъбага яқинлашгач, бутларни бирин-кетин синдириб, ушбу ояти каримани:

﴿جَاءَ الْحَقُّ وَزَهَقَ الْبَاطِلُ ۚ إِنَّ الْبَاطِلَ كَانَ زَهُوقًا﴾‏

«Ҳақ келди ва ботил йўқолди. Асосан, ботил нобуд бўлгувчидир». (Исро сураси, 81-оят) такрор ўқирдилар. Пайғамбар (с.а.в)нинг қўллари Каъбанинг тепасидаги катта бутларга етмагани учун ҳазрати Али (алайҳис салом)га оёқларини Пайғамбарнинг елкаларига қўйиб, бутларни ағдариб ташлашни буюрдилар. Каъбанинг атрофига ва тепасига илиб қўйилган ҳамма бутлар ағдариб ташлангач, кейин ул зот Каъба эшигининг ҳалқасини тутиб, Макка аҳлидан: «Бугун сизлар мендан нимани кутмоқдасиз?», дедилар. Улар: «Афв этишни», деб жавоб қайтаришди. Шунда Пайғамбарнинг муборак кўзлари ёшга тўлди ва одамлар ҳам йиғлаб юборишди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) ҳазрати Юсуфнинг ўз оға-иниларига:

﴿لَا تَثْرِيبَ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ ۖ

«Энди бугун сизларни айблашга ўрин йўқ» (Юсуф сураси, 92-оят) деб айтган сўзини тилга келтириб, Макка аҳлига: «Ҳаммангиз озодсиз», дедилар. Сўнгра ул ҳазрат тавҳид калимасини:

لَاٰ إِلٰهَ إِلَّا اللّٰهُ وَحْدَهُ وَحْدَهُ وَحْدَهُ أَنْجَزَ وَعْدَهُ وَنَصَرَ عَبْدَهُ وَأَعَزَّ جُنْدَهُ وَهَزَمَ اَلْأَحْزَابَ وَحْدَهُ فَلَهُ اَلْمُلْكُ وَلَهُ اَلْحَمْدُ يُحْيِي وَيُمِيتُ وَيُمِيتُ وَيُحْيِي وَهُوَ حَيٌّ لاٰ يَمُوتُ بِيَدِهِ اَلْخَيْرُ وَهُوَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

«Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Яккаю Ягонадир, Ягонадир, Ёлғиздир. У Ўз ваъдасини амалга оширди. Ва У Ўз бандасини ғолиб қилди. Ва У Ўз қўшинини эъзозлади ҳамда Унинг ёлғиз Ўзи қарши томон қўшинларини мағлуб этди. Демак, ҳукмронлик Уникидир ва барча ҳамд-мақтов Унга хосдир. У тирилтиради ва ўлдиради ҳамда ўлдиради ва тирилтиради. У доимо Барҳаёт бўлиб, зинҳор ўлмайди. Ҳар бир яхшилик Унинг қўлидадир ва У ҳамма нарсага қодирдир» ўқиб, Масжидул Ҳаромда тўпланган одамларга: «Ҳеч ким илгариги тўкилган қонлар ва талон-тарож қилинган мол-мулклардан сўз очмасин! Ўтмишдаги барча ишлар ёпилиб, ҳаммангиз афв этилдингиз. Демак, янги ҳаётга кирингиз», дедилар.

Наср сурасидан олинадиган сабоқлар:

  1. Ғалаба Аллоҳнинг нусрати ва ёрдами билан амалга ошади:

﴿إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ﴾

«Қачонки, Аллоҳнинг нусрати ва ғалаба келса».

  1. Куфр ва ширк раҳбарларининг нобуд бўлиши одамларнинг тавҳид ва яккахудоликка кириши учун замин яратади:

﴿وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا﴾

«Ва одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кираётганларини кўрсанг».

  1. Мусулмонлар бошқаларнинг Ислом динига киришига замин ва шароит яратиш учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишлари шарт ва бу иш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир:

إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ ﴿١﴾‏ وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا ﴿٢﴾

«Қачонки, Аллоҳнинг нусрати ва ғалаба келса. Ва одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кираётганларини кўрсанг».

  1. Агар тўсиқлар бартараф этилса, одамлар тўп-тўп бўлиб иймон келтирадилар: يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا‎﴿
  2. Макка фатҳ қилинишидан олдин одамлар бирма-бир Ислом динини қабул қилаётган эдилар, лекин Макка фатҳ қилинганидан кейин эса тўп-тўп бўлиб Ислом динини қабул қила бошладилар: «يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْواجاً»
  3. Фатҳ ва ғалаба бизни мағрурлантирмаслиги керак. Чунки, нимаики рўй берса, Аллоҳдандир:

﴿فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ ۚ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا﴾‏

«Шунда Парвардигорингга ҳамд-мақтов айтиш ила Уни барча айб-нуқсонлардан пок деб ёд эт ва Ундан мағфират сўра! Зеро, У тавбаларни кўплаб қабул қилгувчидир».

  1. Аллоҳ таолони айб-нуқсон ва жабру зулмдан пок деб билиш Унинг неъматларига шукр қилиш ва Унга ҳамду мақтов айтиш билан бирга бўлиши керак: «فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ»
  2. Аллоҳга шукр қилиб, Унга ҳамд ва тасбеҳ айтиш, истиғфор айтиб мағфират сўрашнинг муқаддимасидир: «فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ»

«Парвардигорингга ҳамд-мақтов айтиш ила Уни барча айб-нуқсонлардан пок деб ёд эт ва Ундан мағфират сўра!».

  1. Солиҳ ва пок кишилар қудратга етганларида, кибр-мағрурлик ва ғафлат ўрнига руҳ ва жонларини Аллоҳни ёд этиш билан хушбўй қиладилар:

«إِذا جاءَ نَصْرُ اللَّهِ‏ … فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ‏»

  1. Аллоҳ таоло Унинг динига ёрдам берганларни ёлғиз қолдиришдан йироқдир: «إِذا جاءَ نَصْرُ اللَّهِ‏ … فَسَبِّحْ‏»
  2. Ҳар бир инсон, ҳатто Пайғамбар ҳам қанчалар Аллоҳга тасбеҳ ва ҳамд айтмасин, яна охирида истиғфор айтиши керак: «وَاسْتَغْفِرْهُ»
  3. Тавбаларни қилиш Аллоҳнинг Суннати, яъни ўзгармас қонунидир: «إِنَّهُ كانَ تَوَّاباً»

وَآخِرُ دَعْوَانَا أَنِ الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ

«Охирги тилагимиз эса бутун оламлар Парвардигори – Аллоҳга ҳамду мақтов айтишдир».

Келгуси суҳбатимизда Қуръоннинг 109-Кофирун сурасининг таржима ва тафсирини тақдим этамиз. Яна учрашгунча барчангизни Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳга топшираман. Унинг паноҳида омон бўлинг!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.