Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Кавсар сураси / Кавсар сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

Кавсар сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Ушбу суҳбатимизда Қуръоннинг 108-сураси бўлган Кавсар сурасининг тафсири билан хизматингиздамиз. Ушбу дастурда биз қуйидаги саволларга жавоб берамиз:

  1. Ушбу сура Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) душманларининг қайси хатти-ҳаракатларига жавобан нозил бўлган?
  2. Аллоҳ таоло қайси ҳолларда бирлик олмоши бўлган أنَاْ яъни «Мен» билан ва қайси ҳолларда эса кўплик олмоши бўлган إنَّا «Биз» билан сўз юритган?
  3. Қуръоннинг нечта сураси إنَّا «Биз» сўзи билан бошланган ва қайси бир муҳим мавзуларга ишора қилган?
  4. Кавсар сўзи нима маъноларга эга ва ушбу сурада қайси маъно назарда тутилган?
  5. Қуръон қиз фарзандга Кавсар унвонини бериш билан жоҳилиятнинг қайси маданияти билан курашишга киришган?

Кавсар сурасининг тафсири билан юқоридаги саволларга жавоб беришда бизга ҳамроҳ бўлинг!

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ ﴿١﴾‏ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ ﴿٢﴾‏ إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ ﴿٣﴾‏

  1. Албатта, Биз сенга Кавсарни, яъни кўп яхшиликларни ато этдик.
  2. Демак, Раббинг учун намоз ўқи ва (жонлиқ туяни) сўйиб қурбонлик қил.
  3. Дарҳақиқат, сени тили билан ранжитган душманинг ўзи зурриётсиздир, сен эмас.

Кавсар сураси уч оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган ва Қуръони Каримнинг энг кичик сураси ҳисобланади. Ушбу сурага «Кавсар» деб берилган ном унинг биринчи оятидан олинган бўлиб, кўп яхшиликлар деган маънони англатади.

Шиа ва Аҳли суннат ривоят қилган бир қанча ҳадисларга кўра, Макка мушрикларининг катталаридан бўлган Амр Оснинг отаси Ос ибн Воил, Пайғамбарнинг ўғиллари вафот этиб, ул ҳазратнинг бирор ўғили қолмаганидан сўнг ул ҳазратга таъна қилиш ва тил билан ранжитиш юзасидан Пайғамбарни «أَبْتَرُ» «Абтар», яъни «орқаси кесик» ва «зурриётсиз» деб атади.

Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг қалби таскин топиши ҳамда душманларнинг ноўрин сўзларига жавоб бериш учун Кавсар сурасини нозил қилиб, душманларнинг муваффақиятсизлиги ҳамда Пайғамбарнинг насли ва ғояси давом этиб боқий қолиши ҳақида хабар берди.

Ҳадиси шарифларда ушбу сурани фарз ва суннат, яъни мустаҳаб намозларида ўқиган кишининг қиёматда Кавсар ҳовузидан сероб қилиниши ваъда қилинган.

Аллоҳ таоло тавҳид ва яккахудоликка чақириш ўринларида бирлик олмошини қўллаган. Мисол тариқасида:

﴿إِنَّ هَٰذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ﴾

«Албатта, сизнинг бу умматингиз бир умматдир ва Мен сизнинг Роббингизман. Демак, Менгагина ибодат қилинг». (Анбиё сураси, 92-оят)

﴿وَإِنَّ هَٰذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاتَّقُونِ﴾‏

«Албатта, сизнинг бу умматингиз ягона умматдир ва Мен сизнинг Роббингизман. Демак, Менга итоатсизлик қилишдан сақланинг». (Мўминун сураси, 52-оят)

﴿إِنَّنِي أَنَا اللَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدْنِي وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي﴾

«Дарҳақиқат, Мен ўша Аллоҳдирман. Мендан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ. Демак, Менгагина ибодат қил ва Мени ёд этиш учун намозни тўкис адо эт». (Тоҳо сураси, 14-оят)

Шунингдек, Аллоҳ таоло бирор ишни бевосита бажарган ҳолларда ёки Яратувчи билан яратилганлар ўртасидаги яқин муносабатни баён этиш ҳолатида бирлик олмоши қўлланилган, масалан:

﴿نَبِّئْ عِبَادِي أَنِّي أَنَا الْغَفُورُ الرَّحِيمُ﴾‏

«[Эй Элчимиз Муҳаммад (с.а.в),] Менинг бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина мағфиратли, меҳрибон эканлигим хабарини айтгин». (Ҳижр сураси, 46-оят)

﴿وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ﴾

«[Эй Муҳаммад (с.а.в)], бандаларим Менинг ҳақимда сендан сўраганларида, [уларга айтгин:] албатта, Мен уларга жуда яқинман». (Бақара сураси, 186-оят)

Лекин баъзан ояти карима Аллоҳ таолонинг буюклигини ва Унинг неъматларининг шарофатини баён этиш учун келади ва бундай ҳолатларда эса «إِنَّا» “иннаа”, яъни албатта, Биз каби кўплик олмоши қўлланилади. Худди шу йўсинда Кавсар сурасининг биринчи оятида шундай марҳамат қилинган:

﴿إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ﴾‏

«Албатта, Биз сенга Кавсарни, яъни кўп яхшиликларни ато этдик». Зероки, Аллоҳ таолонинг яратган халойиқи орасида энг яхши зотга берган инъоми, у ҳам бўлса Кавсарнинг ато этилиши, албатта азамат ва буюклик ила тилга олиниши керак.

Шунингдек, Аллоҳ таоло бирор ишни билвосита бажарадиган бўлса, масалан; қуёш нурларининг ярқираши ҳамда буғ ва булутларнинг пайдо бўлиши воситасида ёмғир ёғади, бундай ҳолатларда кўплик олмоши қўлланилади. Мисол тариқасида:

﴿وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَآءِ مَآءً طَهُورًا﴾

«Ва Биз осмондан пок сув туширдик». (Фурқон сураси, 48-оят)

Қуръоннинг бир юз ўн тўрт сураси орасида тўрт сура «إِنَّا» «иннаа» сўзи билан бошланган: Фатҳ, Нуҳ, Қадр ва Кавсар суралари;

﴿إِنَّا فَتَحْنَا لَكَ فَتْحًا مُّبِينًا﴾

«Дарҳақиқат, Биз сенга очиқ-равшан ғалаба ато этдик». (Фатҳ сураси, 1-оят)

﴿إِنَّا أَرْسَلْنَا نُوحًا إِلَىٰ قَوْمِهِ﴾

«Биз Нуҳни ўз қавмига юбордик». (Нуҳ сураси, 1-оят)

﴿إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ﴾

«Албатта, Биз Қуръонни Қадр кечасида нозил қилдик». (Қадр сураси, 1-оят)

﴿إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ﴾‏

«Албатта, Биз сенга Кавсарни, яъни кўп яхшиликларни ато этдик».(Кавсар сураси, 1-оят)

Ушбу тўрт сурадан бирининг аввалида Улул-Азм, яъни шариат соҳиби бўлмиш пайғамбарларнинг биринчиси бўлган ва Одам (алайҳис салом)дан кейин инсониятнинг иккинчи отаси ҳисобланган Нуҳ пайғамбар ҳақида сўз юритилган. Қолган учта суранинг аввалида Қуръон нозил бўлиши, очиқ-равшан ғалаба ва Кавсарнинг ато этилиши каби Аллоҳнинг махсус неъматларига ишора қилинган. Балки бу тўрт мавзу ўртасида боғлиқлик бор бўлиб, дастлаб биринчи Улул-Азм пайғамбар бўлган ҳазрати Нуҳнинг рисолати, иккинчиси охирги самовий китоб бўлмиш Қуръоннинг нозил бўлиши, учинчиси Ислом дини ғоясининг ғалабаси ва тўртинчиси эса сўнгги Пайғамбарнинг кўрсатган йўл-йўриқлари давом этиб, унинг тўхтаб қолмаслигидан иборат.

«Кавсар» калимаси «Касрат» сўзидан олинган бўлиб, кўп ва мўл-кўл яхшиликлар деган маънони англатади ва маълумки, ушбу маъно ваҳий, пайғамбарлик, Қуръон, шафоат қилиш мақоми, кўп ва теран илм-маърифат ва гўзал ахлоқ каби кўплаб намуналарни ўз ичига олиши мумкин. Аммо ушбу суранинг охирги ояти Кавсардан мурод пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг муборак насллари эканлигига гувоҳ ва далил бўла олади. Чунки, аразли душман Пайғамбарга нисбатан ўз жасоратини кўрсатиб, ул зотни «أَبْتَرُ» «Абтар», яъни «орқаси кесик» ва «зурриётсиз» деб атайди ва Аллоҳ таоло эса Ўз Пайғамбарини ҳимоя қилиб:

﴿إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ﴾‏

«Дарҳақиқат, сени тили билан ранжитган душманинг ўзи зурриётсиздир», деб марҳамат қилади.

Демак, агар ушбу сурадаги Кавсар сўзидан Сарвари коинотнинг насллари назарда тутилмаган бўлса, у ҳолда суранинг биринчи ва учинчи оятлари ўртасидаги алоқа ва боғлиқликни баён қилиш учун қониқарли изоҳ ва тафсирни айта олмагаймиз.

Ояти каримадаги «أَبْتَرُ» «Абтар» сўзи аслида думи кесилган жониворга нисбатан қўлланилади, истилоҳда эса ўзидан авлод ва насл қолдира олмаган одамга «أَبْتَرُ» «Абтар», яъни зурриётсиз ва наслсиз дейилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўғил фарзандлари болалик чоғидаёқ вафот этгани учун ғаразгўй душманлар у зотга нисбатан: «Муҳаммаднинг вориси ва насли йўқ! У зурриётсиз кишидир!», дея бошлашди. Чунки Ислом динидан олдинги жоҳилият маданиятида қиз отасининг исмини сақлаб қолишга лойиқ эмас эди. Бинобарин, «إِنَّ شانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ» «Инна Шаниака Ҳувал-Абтар» жумласи Кавсар сўзидан Пайғамбарнинг кўп авлод ва насллари назарда тутилганига очиқ далил бўлиб, шак-шубҳасиз, у зотнинг насллари онамиз Ҳазрати Фотима Заҳро (алайҳас салом) орқали бутун дунёга кенг тарқалган.

Ушбу хайру баракотли насл Аллоҳ таоло томонидан онамиз Ҳазрати Хадича орқали Саййидул анбиё Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ато этилди. Ҳа, Ҳазрати Хадича онамиз кўплаб мол-мулкларини Аллоҳ йўлида бердилар ва унинг эвазига Аллоҳдан Кавсар мукофотини олдилар. Биз ҳам кўп нарсалардан воз кечмагунимизча, Кавсарга етолмагаймиз.

Аҳли суннатнинг йирик тафсирчи олими Фахриддин Ар-Розий ўзининг «Ат-Тафсирул Кабийр» унвонли китобида Кавсар сурасининг тафсирида айтади:

«Ҳазрати Фотиманинг наслларидан ҳам хайру баракотлироқ ва саодатлироқ бирор насл борми? Ул ҳазратнинг наслидан Имом Боқир, Имом Содиқ ва Имом Ризо каби буюк инсонлар етишиб чиққан. Тарих бўйлаб, уларнинг кўплари айниқса, Бани Уммайя ва Бани Аббос ҳукмронлиги даврида ўлдирилиб шаҳид қилинган бўлсалар-да, лекин бугунги кунда ҳам ул ҳазратнинг авлодлари аксарият ислом ўлкаларида кенг тарқалишган».

Ислом динидан олдинги жоҳилият даврида қиз фарзанд туғилгани ҳақидаги хабар отанинг чуқур қайғуга ботишига сабаб бўлар, шу даражадаки, юзи ғам-ғуссадан қорайиб, халқ орасидан бошқа бир жойга қочиб кетиш ёки қизини тириклайин кўмиб ташлаш ҳақида ўй-хаёлларга борар эди. Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُم بِالْأُنثَىٰ ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدًّا وَهُوَ كَظِيمٌ ﴿٥٨﴾‏ يَتَوَارَىٰ مِنَ الْقَوْمِ مِن سُوءِ مَا بُشِّرَ بِهِ ۚ أَيُمْسِكُهُ عَلَىٰ هُونٍ أَمْ يَدُسُّهُ فِي التُّرَابِ ۗ أَلَا سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ ﴿٥٩﴾

«Қачонки улардан бирига қиз кўрганининг хушхабари берилса, ғам-ғуссага тўлиб, юзи қорайиб кетур. Унга берилган хабарнинг ёмонлигидан орланиб қавмидан яширинади. У қиз фарзандимни хорлик-ла сақлаб катта қилайми ёки уни тириклайин тупроққа кўмайми, деб ўй-хаёллар сурар. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу қилган ҳукмлари нақадар ёмондир!». (Наҳл сураси, 58 ва 59-оят)

Мана шундай жоҳиллик ҳукм сураётган бир пайтда Қуръони Карим жоҳиллик маданиятини илоҳий бир маданиятга айлантириш учун қиз фарзандга «Кавсар», яъни кўп хайру баракот ва яхшиликлар деган унвонни беради.

Ҳа, яратилганларнинг энг шарафлиси бўлган зотга «أَبْتَرُ» «Абтар», яъни «зурриётсиз» деган кимсага берилган жавоб шуки, Аллоҳ таоло ул зотга ҳамманинг кўзини қамаштирадиган ва барчанинг ақлини лол қолдирадиган «Кавсар»ни ато этди.

Аллоҳ таоло оятда Кавсарга айний бир намуна ва мисол келтирмади, токи у ноаниқ бўлиб қолсин, токи зора бу ато этилган Кавсар хайру баракотининг теранлиги ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзларига ҳам ноаниқ ҳолатида эканлигига ишора бўлса.

Кавсар сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда эътиборингизга тақдим этамиз. Яна кўришгунча, сиз азизларни Кавсарни ато этган Аллоҳга топшираман ҳамда дунё ва охиратда Кавсар билан бирга бўлишингизни Аллоҳдан сўраб қоламан.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.