Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Наср сураси / Наср сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

Наср сурасининг таржимаси ва тафсири (1)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Қуръоннинг 110-Наср сурасининг тафсири билан хизматингиздамиз.

Ушбу суранинг биринчи қисми тафсирида қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз:

Шу вақтгача пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва мусулмонлар Макка шаҳрини қандай фатҳ ва забт этганлари ҳақида бирор нарса эшитганмисиз?

Қурайш кофирлари томонидан Маккадан қувилган мусулмонлар ҳамда ҳазрати Аммор каби оталари Ёсир ва оналари Сумайя у кишининг кўз ўнгида қийноққа солиб ўлдирилган баъзи мусулмонлар Маккани фатҳ ва забт этиш пайти Қурайш кофирларига қандай муносабатда бўлишлари мумкинлигини тасаввур қилганмисиз?

Азият-озор кўрган ва таъқибга учраган мусулмонлар Макка аҳлидан қасос олишлари керакмиди?

Ёки Макка аҳлидан қотиллик ва талончиликлар қилиб, мусулмонларга қарши урушларда қатнашганлар қилмишлари учун жазоланишлари керак, лекин урушларда қатнашмаганлар эса авф этилишлари керак эдими?

Агар Пайғамбарга қарши бўлган Бадр, Уҳуд ва Аҳзоб урушларига қўмондонлик қилган Абу Суфён ва унинг ўғли Муовия Макка фатҳ ва забт этилган куни ўлдирилса эди, Карбало фожиаси юз берармиди?

Бу саволларга жавоб олиш учун Наср сураси тафсири билан бизга ҳамроҳ бўлинг.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ‏

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ ﴿١﴾‏ وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا ﴿٢﴾‏ فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ ۚ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا ﴿٣﴾‏

  1. Қачонки, Аллоҳнинг нусрати ва ғалаба келса.
  2. Ва одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кираётганларини кўрсанг.
  3. Шунда Парвардигорингга ҳамд-мақтов айтиш ила Уни барча айб-нуқсонлардан пок деб ёд эт ва Ундан мағфират сўра! Зеро, У тавбаларни кўплаб қабул қилгувчидир.

Аксарият муфассирлар ушбу сура ҳижрийнинг саккизинчи йилида Макка фатҳ қилинган пайт нозил бўлган деб айтишади. Мусулмонлар ғалаба қозониб Маккани фатҳ этишганида, бир гуруҳ одамлар Ислом динининг ҳақлиги сабабли иймон келтирадилар ва Абу Суфён сингари баъзилар эса қўрқувдан ўзларини Ислом динига кирган қилиб кўрсатадилар. Бундай шахслар ҳақида ҳазрати Али (алайҳис салом) шундай деганлар:

«ما أسلموا ولكن استسلموا و أسرّوا الكفر»

«Улар исломни қабул қилмадилар, лекин таслим бўлиб юзаки мусулмон бўлдилар ва қалбларида эса кофир бўлиб қолдилар».

Манба: Аллома Мажлисий «Биҳорул анвор», 32-жилд, 325-бет.

Қуръонда иймон учун икки хил кириш айтилган: Биринчиси одамларнинг Ислом динига кириши бўлиб, ушбу Наср сурасида бу ҳақда шундай дейилган:

وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا ﴿٢﴾

«Ва одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кираётганларини кўрсанг». (Наср сураси, 2-оят)

Иккинчиси эса иймоннинг инсонлар қалбига кириб бориши бўлиб, “Ҳужурот” сурасида бу борада шундай дейилган:

﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا ۖ قُل لَّمْ تُؤْمِنُوا وَلَٰكِن قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ ۖ

«Аъробийлар: «Биз иймон келтирдик», дедилар. Сен уларга: «Сизлар иймон келтирганингиз йўқ, лекин сизлар: «Биз ислом келтириб таслим бўлдик» денглар ва ахир ҳали иймон қалбларингизга кирган эмас», дегин». (Ҳужурот сураси, 14-оят)

Охирзамонда бутун дунё халқларининг иймон келтириш борасида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Ҳазрати Маҳдий (алайҳис салом) ғойиблик ҳолатидан чиқиб зоҳир бўлганларида, дунё халқлари тўп-тўп бўлиб, у ҳазратга иймон келтиришади.

Манба: Шайх Абду Али ибн Жумъа Ал-Арусий Ал-Ҳувайзий, «Нурус-Сақалайн тафсири», Наср сурасининг иккинчи ояти тафсирида.

Қуръони Каримда такбир ва ҳамд-мақтов айтишдан ҳам кўпроқ Аллоҳга тасбеҳ айтиш буюрилган. Тасбиҳ сўзи Қуръонда такбир ва ҳамд-мақтов сўзларидан кўра кўпроқ келган.

Ҳадиси шарифларда айтилишича, Макка шаҳри фатҳ қилинганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи олиҳи васаллам) дастлаб Масжидул-Ҳаромга кириб, намоз ўқидилар.

Манба: Мирзо Муҳаммад Қумий Машҳадий, «Канзуд-Дақоиқ тафсири», Наср сурасининг тафсирида.

Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг нусрати одамларнинг Унинг динига ёрдам беришларига боғлиқ. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللَّهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ﴾‏

«Эй мўминлар, агар сиз Аллоҳнинг динига ёрдам берсангиз, Аллоҳ ҳам сизларга ёрдам беради ва қадамларингизни мустаҳкамлайди». (Муҳаммад сураси, 7-оят)

Қуръонда «تَوَّابٌ» «Таввааб» сўзи ўн бир марта келган бўлиб, тўққиз марта «Раҳийм» калимаси билан бирга: «تَوَّابًا رَّحِيمًا» «Тавваабар-роҳиймаа» шаклида, бир марта «Ҳакийм» калимаси билан бирга: «تَوَّابٌ حَكِيمٌ» шаклида, Нур сурасининг 10-оятида ва бир марта ҳам мутлақ ва ёлғиз ҳолда ушбу Наср сурасида келган.

Макка фатҳ этилганидан кейин Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) умумий афв этишни эълон қилиб, ҳаммани кечирдилар ва Макка шаҳри қон тўкилмасдан фатҳ ва забт этилди. Ҳатто ул ҳазрат Саъд ибн Убодани интиқом олиш шиорини баралла тилга келтириб: «اليوم يوم الملحمة» «Бугун қон тўкиш кунидир», деб айтаётганини кўрганларида, дарҳол ундан байроқни олиб, ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг қўлига топширдилар-да, шиорни ўзгартириб: «اليوم يوم المرحمة» «Бугун раҳм-шафқат кунидир, ўч олиш куни эмас», деб айтинглар, дедилар.

Шак-шубҳасиз, ҳақиқий ғалаба ва нусрат Аллоҳ таоло томонидандир. Шундай экан, фақат асбоб-ускуналар, қурол-яроқлар ва инсоний кучларга таянмаслик керак. Негаки барча моддий имкониятлар бўла туриб ҳам барибир мағлубиятга учрашингиз мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилган:

﴿وَمَا النَّصْرُ إِلَّا مِنْ عِندِ اللَّهِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ﴾

«Аслида ғалаба фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридандир». (Оли Имрон сураси, 126-оят)

Макка шаҳри фатҳ этилгач, бутпарастларнинг умиди сўниб, ширк ва бутпарастлик маркази тавҳид ва яккахудолик марказига айланди. Мўминлар йўлини тўсиб турган тўсиқлар ўртадан кўтарилди ва Ислом дини мустаҳкам ўрнашди ҳамда ушбу дин бошқа ўлкаларга етиб бориши учун шароит муҳайё бўлди.

Наср сурасида Аллоҳдан мағфират сўраш буйруғи ё қалбнинг кўпроқ нуронийлашиши учун ёки ғалаба қозониш ғурурини кетказиш учун ёки Ислом умматининг гуноҳлари учун ёхуд Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аллоҳ таолога нисбатан юқори маърифатлари сабабли айтилган.

Манба: Муҳсин Қироатий, «Тафсири Нур», 10-жилд, Қуръон дарслари маданий маркази, Эрон – Теҳрон, биринчи чоп: 1388 ҳижрий шамсий йил.

Наср сураси тафсирининг давомини кейинги суҳбатимизда тақдим этамиз. Яна учрашгунча барчангизни ягона Зот бўлган Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳга топшираман. Унинг паноҳида омон бўлинг!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.