Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (3)

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (3)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Таҳоратда оёқларни ювиш фарз деганларнинг бошқа далиллари

Аммо Қуръони Каримнинг таҳорат олиш масаласига доир кўрсатмасини ўзларининг мазҳабига уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда кўрмаган тоифадаги мусулмонлар инсонни ҳайратга соладиган тушунтиришларни кўтариб чиқишди. Биз бу ерда уларни айтиб ўтамиз:

  1. Таҳорат ҳақидаги ояти карима пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари ва у зотдан ривоят қилинган ҳадислар орқали насх бўлган, яъни бекор қилинган эмиш!

Ибн Ҳазм ўзининг «Ал-Иҳкаам фий усулил Аҳкаам» китобида таҳорат оятининг оёқларга масҳ тортиш кераклигига далолат қилганини ҳамда «وَأَرْجُلَكُمْ» «оёқларингиз» сўзи «وُجُوهَكُمْ» «юзларингиз» сўзига атф қилинган, яъни боғланган ва натижада таҳорат олганда оёқларингизни ювинглар, деган гапнинг ботил ва асоссиз эканлигини аниқ тушиниб етгач айтади:

لا يجوز البتة أن يحال بين المعطوف والمعطوف عليه بخبر غير الخبر عن المعطوف، لأنّه إشكال وتلبيس وإضلال لا بيان. لا تقول: ضربت محمدًا وزيدًا ومررت بخالدٍ وعمرًا، وأنت تريد أنّك ضربت عمرًا أصلًا، فلما جاءت السنّة بغسل الرجلين صحّ انّ المسح منسوخ عنهما.

«Албатта, маътуф [боғланувчи] ва маътуфун алайҳи [унга боғланувчи] ўртасини маътуфга тегишли бўлмаган бошқа бир гап билан ажратиш мутлақо жоиз эмас. Зероки, бу иш баён этиш эмас, балки чалкашлик, нотўғри талқин қилиш ва адаштиришдир. Сиз: «Муҳаммад ва Зайдни урдим ва Холиднинг ёнидан ўтдим ҳамда Умарни ҳам урдим», деб Умарни ҳам урганингизни назарда тутганингизни айта олмайсиз. Лекин Пайғамбарнинг суннатлари оёқларни ювиш учун келгани сабаб, оёқларга масҳ тортиш насх, яъни бекор қилинган».[1]

Ибн Ҳазмнинг билдирган ушбу назарига нисбатан шуни айтиш лозимки,

Биринчидан; барча муфассирлар Моида сурасининг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил бўлган энг охирги сура эканлиги ва ушбу суранинг ҳеч бир ояти насх, яъни бекор қилинмагани ҳақида ижмо қилганлар, яъни ҳаммалари якдиллик билан ушбу мавзуни қабул қилганлар. Бу ҳақда саҳобалардан ривоятлар етишган бўлиб, бу ерда уларнинг баъзиларини келтирамиз:

أخرج أحمد، وأبو عبيد في فضائله، والنحاس في ناسخه، والنسائي وابن المنذر، والحاكم وابن مردويه، والبيهقي في سننه عن جبير بن نفير.

قال: حججت فدخلت على عائشة فقالت لي: يا جبير تقرأ المائدة، قلت: نعم، فقالت: أما إنّها آخر سورة نزلت، فما وجدتم فيها من حلال فاستحلّوه، وما وجدتم فيها من حرام فحرّموه.

وأخرج أبو عبيد، عن ضمرة بن حبيب، وعطية بن قيس قالا: قال رسول الله صلى‌الله‌عليه‌وآله‌وسلم: «المائدة من آخر القرآن تنزيلا، فأحلّوا حلالها، وحرّموا حرامها».

وأخرج الفريابي وأبو عبيد، وعبد بن حميد، وابن المنذر، وأبو الشيخ، عن أبي ميسرة، قال: في المائدة ثماني عشرة فريضة ليس في سورة من القرآن غيرها وليس فيها منسوخ، وعدّ منها ﴿إِذا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فَاغْسِلُوا﴾.

وأخرج أبو داود والنحاس كلاهما في الناسخ عن أبي ميسرة عمرو بن شرحبيل قال: لم ينسخ من المائدة شيء.

وأخرج عبد بن حميد قال: قلت للحسن: نسخ من المائدة؟ قال: لا.

«Аҳмад ва Абу Убайд ўзининг Фазоил китобида ва Наҳҳос ўзининг Носих китобида ва Насоий, Ибн Мунзир, Ҳоким, Ибн Мардавайҳ ва Байҳақий ўзининг «Сунан» китобида Жубайр ибн Нафирдан ривоят қилган.

Жубайр ибн Нафир айтади: «Мен ҳаж қилдим, сўнгра Оиша онамиз ёнига кирдим. Шунда у ҳазрат менга: «Эй Жубайр, «Моида» сурасини ўқийсанми?», деб сўрадилар. Мен: «Ҳа, ўқийман», дедим. У ҳазрат: «Огоҳ бўлингизки, Моида энг охирги нозил бўлган сурадир. Шундай экан, унда нимани ҳалол деб топсангиз, уни ҳалол деб билинг ва унда нимани ҳаром деб топсангиз, уни ҳаром деб билинг!», дедилар».

Ва Абу Убайд, Замра ибн Ҳабиб ва Атийя ибн Қайсдан ривоят қилади. У иккаласи айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар: «Моида Қуръоннинг энг сўнгги нозил бўлган сурасидир. Шундай экан, унинг ҳалолини ҳалол деб қабул қилинг ва ҳаромини ҳам ҳаром деб қабул қилинг».

Фарёбий, Абу Убайд, Абд ибн Ҳамид, Ибн Мунзир ва Абу аш-Шайх Абу Майсарадан ривоят қиладилар. Абу Майсара деди: «Моида сурасида ўн саккизта фарз бор бўлиб, улар Қуръоннинг ундан бошқа сураларда мавжуд эмас ва Моида сурасида насх бўлган [бекор қилинган] оят ҳам йўқ.» Ва «қачон намозга турсаларингиз, юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсаклари ила ювингиз» оятини ушбу фарзлардан бири деб ҳисоблади.

Абу Довуд ва Наҳҳос, иккаласи ҳам Ан-Носих асарида Абу Майсара Амр ибн Шараҳбилдан ривоят қилишди. Абу Майсара деди: «Моида сурасидан ҳеч бир нарса насх бўлмаган [бекор қилинмаган]».

Абд ибн Ҳамид ривоят қилиб деди: «Мен Ҳасанга: «Моида сурасидан бирор нарса насх бўлганми?», деб сўрадим. У эса йўқ, деди».[2]

Иккинчидан; Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони Карим оятларини фақат Сарвари оламнинг қатъий суннатларигина насх қила олади. Чунки, Қуръони Карим оятлари қатъий далил бўлиб, фақат унинг ўзи каби қатъий далилгина уни насх қила олиши мумкин.

Аммо вузу олиш масаласига келсак, Пайғамбарнинг оёқларни ювишга далолат қилувчи суннатлари ул ҳазратнинг оёқларга масҳ тортишга далолат қилувчи суннатларига зид ва қарама-қаршидир. Шундай бир пайтда қандай қилиб бир-бирига зид бўлган икки нарсадан бирини ҳеч бир сабабсиз Қуръони Каримдан устун қўйишимиз мумкин?

Суҳбатимиз давомида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва у зотнинг саҳобалари таҳорат олганда ювиш ўрнига оёқларга масҳ тортганликларига далолат қилувчи кўплаб ҳадисларни келтирамиз.

Энди ўзингиз айтинг-чи, қандай қилиб бундай вазиятдаги ҳадислар, яъни уларга зид ва қарама-қарши бўлган саҳиҳ ҳадислар бўла туриб, Қуръон оятини насх ва бекор қилиши мумкин?!

Ахир бир-бирига зид бўлган ҳадислар ҳақида қандай йўл тутиш кераклиги айтилган-ку! Қачонки бир-бирига зид ва қарама-қарши бўлган ҳадислар бирор масала хусусида ворид бўлган бўлса, уларни Қуръон кўрсатмалари билан таққослаш лозим. Шунда Қуръонга уйғун ва мувофиқ бўлган ҳадислар қабул қилинади, бироқ Қуръонга мухолиф ва зид бўлган ҳадислар эса рад этилади.

Аҳли суннатнинг йирик тафсирчи олими Фахриддин Ар-Розий бу ҳақда шундай ривоят қилади:

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

قال النبي صلى‌الله‌عليه‌وآله‌وسلم: «إذا روي لكم حديث فأعرضوه على كتاب الله، فإن وافقه فاقبلوه، وإلاّ فردّوه».

«Агар сизларга бирор ҳадис ривоят қилинса, уни Аллоҳнинг китобига кўрсатинг, [яъни Қуръоннинг кўрсатмалари билан таққосланг]. Агар ўша ҳадис Аллоҳнинг китобига мувофиқ бўлса, уни қабул қилинг ва акс ҳолда эса уни рад этинг».[3]

Учинчидан; Ибн Ҳазм таҳорат ҳақидаги оятни Пайғамбаримизнинг таҳоратда оёқларни ювиш хусусидаги суннатлари насх қилинганига далил қилиб олиши керак эди. Ва агарда Пайғамбаримиз таҳоратда оёқларни маълум вақт оралиғида ювганликлари исботланса-да, бироқ ушбу оят ул ҳазратнинг суннатларини насх, яъни бекор қилувчидир ва суннат эса Қуръон оятини насх қилувчи эмасдир!!

2. Таҳоратда оёқларни ювганда, уларга масҳ тортиш ҳам амалга ошади.

Али суннат уламоларидан бўлган Жассос ўзининг «Аҳкомул Қуръон» номли китобида таҳорат ояти мужмал, яъни ноаниқ ва муҳмал эканлигини айтиб, эҳтиётга амал қилиш кераклигини кўтариб чиққан. Унинг фикрича, эҳтиётга амал қилмоқлик оёқларни ювиш бўлиб, бу амал оёқларга масҳ тортишни ҳам ўз ичига олади. Лекин бунинг акси ўлароқ, оёқларга масҳ тортиш бундай эмасдир. Чунки, оёқларга масҳ тортиш уларни ювишни ўз ичига қамраб олмайди. Кейин Жассос ҳамма мусулмонлар таҳоратда оёқлар ювилса, фарз бажарилган бўлади, деб ижмо қилишган деган даъвони илгари суриш билан оятдаги ноаниқликни бартараф этмоқчи бўлган.[4]

Жассоснинг билдирган ушбу фикр-мулоҳазаси тўғри бўлмай, бир неча жиҳатдан муаммога дуч келади:

Биринчидан; Таҳорат оятининг маъно-мазмуни аниқ ва ошкор ҳолда бўла туриб, қандайига Жассос уни мужмал деган. Ҳолбуки, таҳорат ояти барча намозхонларга намоз ўқимоқчи бўлишганида қандай таҳорат олишлари кераклигини баён қилмоқда. Бундай оятнинг маъно-мазмуни очиқ ва равшан бўлиб, фақат бир маънонигина англатмоғи зарур. Лекин оятнинг зоҳирий маъносидан қочиш Жассосни ушбу ояти кариманинг маъносини мужмал деб айтишга ундаган. Ваҳоланки, юқорида айтиб ўтилганидек, таҳорат оятининг маъноси оёқларни ювиш эмас, балки масҳ тортиш фарз эканлигига ошкора далолат қилади.

Иккинчидан; Ҳаммамизга маълумки, «ювиш» ва «масҳ тортиш» қарама-қарши бўлган икки хил тушунчани англатиб, ювиш ҳеч қачон масҳ тортишни ўз ичига олмайди. Зеро, ювишдан аъзога сув қуйиш назарда тутилади, лекин масҳ тортишдан эса қўлда қолган намлик билан аъзони силамоқлик назарда тутилади. Демак, ювиш ва масҳ тортиш бир-биридан фарқланадиган икки хил амал экани маълум бўлади. Натижада ювиш масҳ тортишни ўз ичига олмайди ва шунингдек масҳ тортиш ҳам ювишни ўз ичига қамраб ололмайди.

Учинчидан; Ҳамма мусулмонларнинг ижмоси билан агар оёқлар ювилса, фарз бажарилган бўлади деган фикр-мулоҳаза билан оятдаги ноаниқликни бартараф этиш даъвосини қилмоқлик далил келтирмай туриб, натижа олиш демакдир. Зеро, қандай қилиб ҳамма мусулмонлар вузу олганда оёқларни ювишга ижмо қилганлар деб даъво қилиш мумкин, ваҳоланки саҳобалар ва тобеинлар орасида оёқларга масҳ тортишни тўғри деб билганлар оёқларни ювишни қабул қилганлардан оз бўлмаган?! Суҳбатимиз давомида оёқларга масҳ тортишни тўғри деб билган саҳоба ва тобеинларнинг исмларини айтиб ўтамиз. Бунга қўшимча, мусулмонларнинг тўртдан бир қисми бўлган Имомия шиалар ҳам таҳоратда оёқларни ювишни ботил амал деб билиб, оёқларга масҳ тортадилар. Шундай экан, таҳоратда ҳамманинг оёқларни ювишга қилган ижмоси қаердан пайдо бўлди экан?!

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ибн Ҳазм Андулусий (вафот этган санаси: 456-ҳижрий йил), «Ал-Иҳкаам фий усулил Аҳкаам», Байрут-Ливан, Дорул Жайл нашриёти, 1-жилд, 510-бет.

[2]. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур» тафсири, 3-жилд, 3 ва 4-бетлар.

[3]. Фахри Розий, «Ат-тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 3-жилд, 252-бет, Миср чопи, 1308-ҳижрий йил.

[4]. Жассос, «Аҳкомул Қуръон», 2-жилд, 346-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

2 comments

  1. Ассалому алайкум, ушбу мақолани ўқиганимдан кейин youtube каналига кириб моида сурасини таржима вариантини топиб тингладим, айнан у ерда юзингиз ва оёқларингизни тўпиқгача ювинглар дейилган, шунда таржима нотўғри бўладими?

    • Tahririyat boshqarmasi

      Ва Алайкум Ассалом Ҳурматли Биродар.
      Аҳли суннат биродарларимиз ўзларининг фиқҳий қарашлари асосида таҳорат ҳақида нозил бўлган Моида сурасининг 6-оятини таржима қилишган ва шунинг учун ҳам, ушбу оятни оёқларингизни тўпиқларигача ёқи ошиқларигача ювинглар деб таржима қилишган.
      Ҳолбуки, Араб тилининг грамматикасига кўра, бундай таржима тўғри эмас ва мақоламизда келтирганимиздек кўпгина Аҳли суннат уламолари ушбу ҳақиқатни қабул қилганлар.
      Асосан, Қуръон оятларининг таржимони ўзининг фиқҳий ва ақидавий қарашларини оятларнинг таржимасига қўшмаслиги керак ва таассуфки, Қуръон оятларининг таржимасида ушбу қоидага риоя қилинмаган.
      Агар таҳорат оятини Араб тили грамматикасига асосан холис ва бетараф ҳолда таржима қиладиган бўлсак, қуйидагича таржима қилинади:

      ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ ۚ﴾

      «Эй иймон келтирганлар, қачон намозга турсаларингиз, юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсаклари ила ювингиз. Ва [таҳорат сувидан намланган қўлларингиз билан] бошларингизга ҳамда оёқларингизга бўғимларгача масҳ тортингиз» (Моида сураси, 6-оят)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.