Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (2)

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (2)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Таҳорат ояти ва оёқларни ювиш масаласи

Юқорида юритган баҳсимиздан маълум бўлдики, «وَأَرْجُلكُمْ» сўзининг икки хил: «Фатҳа» ва «Касра» билан ўқилиши оёқларга масҳ тортиш кераклигига далолат қилади. Демак, «وَأَرْجُلكُمْ» сўзини хоҳ «Фатҳа» билан ўқийлик ёки «Касра» билан, ҳар иккала ҳолатда ҳам оёқларга масҳ тортиш кераклиги тушинилади. Натижада «وَأَرْجُلكُمْ» сўзининг омили «وَامْسَحُوا» «масҳ тортинглар» феъли бўлиб, «وَأَرْجُلكُمْ» сўзи «رُءُوسِكُمْ» сўзига атф қилинган ё лафзига ёки маҳаллига.

Агар таҳорат ҳақидаги ояти карима оёқларни ювишга далолат қилади, деб айтадиган бўлсак, унда омил олдинги жумлада келган «فَاغْسِلُوا» «ювинглар» феъли эканлиги ва «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзи «وُجُوهَكُمْ», яъни «юзларингиз» сўзига атф қилиниши керак бўлади ва бу эса «маътуф», яъни боғланувчи «أَرْجُلَكُمْ» билан «маътуфун алайҳи», яъни унга боғланувчи «وُجُوهَكُمْ» ўртасига бир ёт-бегона гап тушишини талаб этади ва ўша ёт-бегона гап ﴿وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ﴾ «бошларингизга масҳ тортинглар» жумласидир. Ҳолбуки, маътуф ва маътуфун алайҳ ўртасини оддий бир сўз билан ажратиб бўлмайди, ажнабий жумла у ёқда турсин. Шу боис, арабларнинг фасоҳатли нутқида:

 «ضَرَبْتُ زيدًا» و «مَرَرْتُ ببكرٍ وعمروًا» «Зайдни урдим» ва «Бакрнинг ёнидан ўтдим ва Амрни ҳам, яъни урдим», деб Амрни Зайдга атф қилиш ҳолати асло ишлатилмайди.

Аҳли суннат уламоларининг «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзи «وُجُوهَكُمْ» сўзига атф бўла олмаслиги ҳақида айтган сўзларини кўздан кечирамиз:

١. قال ابن حزم: لا يجوز عطف أرجلكم على وجوهكم، لأنّه لا يجوز أن يحال بين المعطوف والمعطوف عليه بقضية مبتدئة.

  1. Ибн Ҳазм айтади: «Оятдаги «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзини «وُجُوهَكُمْ» сўзига атф қилиш жоиз эмас. Чунки, янги бошланувчи бир гап «маътуф» ва «маътуфун алайҳ»нинг ўртасида келиб уларни бир-биридан ажратиши жоиз эмас».[1]

٢. وقال أبو حيان: ومن ذهب إلى أنّ قراءة النصب في «وَأَرْجُلَكُمْ» عطف على قوله «فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ» وفصل بينهما بهذه الجملة التي هي قوله «وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ» فهو بعيد، لأنّ فيه الفصل بين المتعاطفين بجملة إنشائية.

Абу Ҳайён айтади: «Кимда-ким «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзининг Насб ҳолда, яъни Фатҳа ҳолда ўқилишини «فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ», яъни «юзларингни ва қўлларингизни ювинглар» гапига атф қилинган ва натижада «وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ», яъни «бошларингизга масҳ тортинглар» деган жумла «маътуф» ва «маътуфун алайҳ»нинг ўртасида келиб, уларни бир-биридан ажратган, деб билса, бу нарса эҳтимолдан узоқдир. Зеро, бундай ҳолатда бир-бирига атф қилинган икки нарсанинг ўртаси иншоий жумла билан ажратилган».[2]

٣. وقال الشيخ الحلبي في تفسير الآية: نصب «وَأَرْجُلَكُمْ» على المحل وجرها على اللفظ، ولا يجوز أن يكون النصب للعطف على وجوهكم، لامتناع العطف على وجوهكم للفصل بين المعطوف والمعطوف عليه بجملة أجنبية هي «وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ» والأصل أن لا يفصل بينهما بمفرد فضلا عن الجملة، ولم يسمع في الفصيح نحو «ضربت زيدًا ومررت ببكرٍ وعمرًا» بعطف عمرًا على زيدٍ.

  1. Шайх Ҳалабий ояти кариманинг тафсирида айтади: «Оятдаги «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзининг Насб ҳолда, яъни Фатҳа билан ўқилиши «رُءُوسِكُمْ» сўзининг маҳаллига атф бўлгани учун ва ушбу сўзнинг Жар, яъни Касра билан ўқилиши эса «رُءُوسِكُمْ» сўзининг лафзига атф бўлгани учундир. Ва «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзининг Насб ҳолда ўқилиши «وُجُوهَكُمْ» сўзига атф бўлгани учун бўла олмайди. Зеро, бир ажнабий жумла бўлмиш «وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ», яъни «бошларингизга масҳ тортинглар» жумласи «маътуф» билан «маътуфун алайҳ»нинг ўртасини ажратгани учун «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзининг «وُجُوهَكُمْ» сўзига атф қилиниши номумкиндир. Араб тили қоидасига кўра, «маътуф» билан «маътуфун алайҳ»нинг ўртасини бир сўз билан ажратиб бўлмайди, бир жумла билан ажратиш ҳар тугул ва Араб тилининг фасоҳатли каломида:

«ضَرَبْتُ زَيْدًا و مَرَرْتُ بِبكرٍ وعمرًا»

«Зайдни урдим ва Бакрнинг ёнидан ўтдим ва Умарни ҳам, яъни урдим», деб Умарни Зайдга атф қилиш билан айтилгани эшитилмаган». [3]

٤. وقال الشيخ السندي: وحمل قراءة النصب بالعطف على المحل أقرب لاطّراد العطف على المحل، وأيضا فيه خلوص عن الفصل بالأجنبي بين المعطوف والمعطوف عليه، فصار ظاهر القرآن هو المسح.

  1. Шайх Синдий айтади: «Оятдаги «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзини Насб ҳолда, яъни Фатҳа билан ўқиш «رُءُوسِكُمْ» сўзининг маҳаллига атф қилингани сабабли бўлиб, бу ҳолат эса сўз маҳаллига атф қилиш узлуксиз қўлланишига яқинроқдир. Ва шунингдек, бу ҳолатда «маътуф» ва «маътуфун алайҳ»нинг ўртасини бир ёт-бегона билан ажратишдан холислик бор. Демак, Қуръоннинг зоҳирий маъноси оёқларга масҳ тортишдан иборат».[4]

Яна бошқа Аҳли суннат уламолари ҳам худди шу тарзда билдирган фикр-мулоҳазаларига кўра, «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзини Насб ҳолда, яъни Фатҳа билан ўқиб таҳорат олганда оёқларни ювиш кераклигини тушиниш Араб тилининг грамматик қоидасини бузишга тўғри келади, яъни маътуф [боғланувчи] ва маътуфун алайҳи [унга боғланувчи] ўртасини бир ажнабий гап билан ажратиш керак бўлади. Ва бу эса Қуръоннинг фасоҳат ва балоғатига тўғри келмайди. Фасоҳат ва балоғатнинг мукаммал намунаси бўлган Қуръони Карим у ёқда турсин, оддий одамлар ҳам бу тарзда сўзламайдилар.

«Ал-Жарру бил-жаваар» қоидаси ва оёқларни ювиш масаласи

Таҳоратда оёқларни ювиш керак дейдиганлар «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзини Насб ҳолда, яъни Фатҳа билан ўқишни «وُجُوهَكُمْ» сўзига атф қилишга, яъни боғлашга уриниб, ўзларича таҳоратда оёқларни ювиш кераклигини исботламоқчи бўлишади, лекин юритган илмий суҳбатимиздан «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзини «وُجُوهَكُمْ» сўзига атф қилишни оқлаб кўрсатиш нақадар асоссиз ва заиф эканлиги ҳамда Араб тилининг грамматика қоидаларига тўғри келмаслиги ошкора маълум бўлди. Бироқ улар «وَأَرْجُلِكُمْ» сўзини Жар ҳолда, яъни Касра билан ўқиш қироатига келганда эса ушбу ояти карима таҳорат олганда оёқларни ювиш эмас, балки фақат оёқларга масҳ тортиш кераклигига далолат қилишини кўриб, таҳоратда оёқларни ювишни оқлаш учун боши берк кўчага кириб қолган кишидек ҳайратда қолишди. Чунки, «وَأَرْجُلِكُمْ» сўзини Жар ҳолда Касра билан ўқиганда ушбу «وَأَرْجُلِكُمْ» сўзи «بِرُؤُسِكُمْ» сўзига атф қилингани, яъни боғлангани ойдин бир масала бўлиб, таҳорат олганда оёқларнинг ҳукми ҳам айнан бошнинг ҳукми каби эканлиги шубҳасиздир, яъни таҳорат олганда бошга масҳ тортиш керак бўлганидек, оёқларга ҳам масҳ тортиш зарур. Шундай бир пайтда таҳоратда оёқларни ювиш керак дейдиганлар «وَأَرْجُلِكُمْ» сўзини Жар ҳолда Касра билан ўқиганда, қандай йўл тутишни ва нима дейишни билмай, «وَأَرْجُلِكُمْ» сўзининг касрали бўлиб келиши фақатгина «Ал-Жарру бил-жаваар» қоидасига кўрадир, яъни ушбу «وَأَرْجُلِكُمْ» сўзи касрали сўз бўлмиш «بِرُؤُسِكُمْ» билан қўшни ва ёнма-ён бўлиб келгани учунгина Касрани қабул қилгандир, дейишди.

Бу ерда шуни айтиш лозимки, «Ал-Жарру бил-жаваар» қоидаси Араб тилининг фасоҳатли каломида ё келгани йўқ ёки келган тақдирда ҳам унинг ўзига хос шартлари бор бўлиб, таҳорат оятида ушбу шартлар мавжуд эмас. Мазкур шартлардан бири ёнма-ён келган сўзлар ўртасида وَ فـَـ ثُمَّ каби отифа, яъни боғловчи калималар келмаслиги керак. Аммо ушбу оятда وَ «Ва» боғловчиси келган бўлиб, «Ал-Жарру бил-жаваар» қоидаси жорий этилишининг олдини олади.

Демак, юқорида юритган илмий баҳсимиздан келиб чиқиб шу хулосага келамизки, таҳорат оятидаги «وَأَرْجُلَكُمْ» сўзини хоҳ Насб ҳолда Фатҳа билан ўқисак ёки Жар ҳолда Касра билан ўқисак-да, ҳар иккала ҳолатда ҳам ушбу ояти карима маъно-мазмунни англатади ва у ҳам бўлса, таҳорат олганда бошга масҳ тортганимиздек оёқларга ҳам масҳ тортишимиз шарт ва вожибдир. Демак, Қуръони Карим бизга таҳорат олганда оёқларга масҳ тортишни буюрган, ювишни эмас.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ибн Ҳазм, «Ал-Муҳалло шарҳул Мужалло», 2-жилд, 56-бет.

[2]. Абу Ҳайён Андулусий, «Тафсирун-Наҳрил Мод минал Баҳрил Муҳийт», Байрут-Ливан, Муассасатул кутубис-сиқофийяҳ ва дорул жинон, 1407-ҳижрий йил, 1-жилд, 558-бет.

[3]. Шайх Ҳалабий, «Ғунятул-Мутамаллий фий шарҳи Мунятил Мусоллий» ёки «Ал-Ҳалабий ал-Кабир» номи билан танилган 16-саҳифа.

[4]. Шайх Синдий, «Шарҳу Сунани Ибн Можа», 1-жилд, 88-саҳифа.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.