Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (5)

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (5)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Саҳиҳ ҳадисларда оёққа масҳ тортиш масаласи

Юқоридаги илмий-таҳлилий суҳбатимиздан маълум бўлдики, таҳорат ояти таҳорат олаётганда оёқларга масҳ тортиш фарз эканлигини ошкора англатади ҳамда ушбу ояти карима пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг умрлари охирида нозил бўлганлиги ва шу боис, насх, яъни бекор қилинмаганлиги учун таҳоратда оёқларга масҳ тортиш фарз эканлигини ифодалашда ушбу таҳорат оятининг ўзи кифоядир.

Аммо шунга қарамай, биз таҳорат масаласини янада чуқурроқ ўрганиш ва мустаҳкамлаб олиш учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қандай таҳорат олганликлари ҳақида ривоят қилинган ҳадисларни кўздан кечирамиз. Бироқ дастлаб шуни эслатиб ўтиш лозимки, Аҳли суннатнинг ҳадисий манбаларида вузу олиш масаласида келтирилган ҳадислар бир-биридан буткул фарқ қилади. Ўнлаб ҳадисларда таҳоратда оёққа масҳ тортиш айтилган, яъни пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вузу олганда бошга масҳ тортгандан кейин оёққа масҳ тортганликлари айтилган бўлса, бошқа ҳадисларда ул зотга оёқларни ювиш нисбат берилган ва учинчи тоифа ҳадисларда эса Пайғамбар (с.а.в) чориққа [оёқ кийимга] масҳ тортганликлари айтилган!

Имомия шиаларнинг фуқаҳолари иттифоқи назарига кўра, таҳоратда оёқларга масҳ тортишдан бошқа ҳеч нарса қабул қилинмайди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли Байтларидан ворид бўлган жуда кўп ҳадисларда ҳам таҳоратда фақат оёққа масҳ тортиш зарурлиги очиқ-ойдин айтилган.

Таҳоратда фақат оёқларга масҳ тортиш фарзлигини баён этган биринчи тоифа ҳадислар Аҳли суннатнинг қуйидаги машҳур китобларида ривоят қилинган:

  1. Саҳиҳул Бухорий
  2. Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал
  3. Сунани Ибн Можаҳ
  4. Сунани Нисоий: Аҳмад ибн Шуайб Ан-Нисоий
  5. Ал-Мустадраку алас-соҳиҳайн: Ҳоким Нисобурий
  6. Тафсири Табарий
  7. Аддурул мансур: Жалолиддин Суютий
  8. Канзул-уммол: Ал-Муттақил Ҳиндий ва булардан ташқари Аҳли суннат наздида мўътабар бўлган манбаларда мазкур ҳадислар ривоят қилинган.

Ушбу мазмундаги ҳадисларни ривоят қилган кишилар қуйидагилардан иборат:

  1. Мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)
  2. Абдуллоҳ ибн Аббос
  3. Анас ибн Молик (Пайғамбар (с.а.в)нинг махсус хизматкорлари)
  4. Усмон ибн Аффон
  5. Буср ибн Саъид
  6. Руфоъа ибн Рофиъ
  7. Абу Зибён ва бошқалар ҳадиснинг машҳур ровийларидирлар.

Биз бу ерда ушбу мазмундаги ҳадислардан намуна сифатида бир неча ҳадисларни келтириш билан кифояланамиз. Ушбу ўринда Аҳли суннатнинг таниқли буюк тафсирчи олими Олусий каби кишилар томонидан таҳоратда оёққа масҳ тортиш ҳақида фақат битта ҳадис бор бўлиб, шиалар уни ўзларига далил ва исбот қилиб олишган, деб айтилган гап нақадар ғалати!![1]

  1. Мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) дедилар:

«عَنْ عَلِي بْنِ أبِي طَالِب(عليه السلام) قَالَ: کُنْتُ أَرَى أنَّ بَاطِنَ الْقَدَمَيْنِ أَحَقُّ بِالْمَسْحِ مِنْ ظَاهِرِهِمَا حَتّى رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ (صلَّى الله عليه وآله) يَمْسَحُ ظَاهِرَهُمَا.

«Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) оёқларнинг устига масҳ тортаётганларини кўрмагунимча, оёқларнинг устига масҳ тортишдан кўра оёқларнинг остига тортишни муносиброқ деб ўйлардим».[2]

Юқоридаги ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳазрат Али (алайҳис салом) каби зот орқали таҳоратда оёққа масҳ тортиш кераклиги ошкора айтилган.

  1. Абу Матар айтади:

عن أبي مطر قال: بينما نحن جلوس مع عليٍّ (عليه السلام) في المسجد جاء رجل إلى علي (عليه السلام) وقال: أرني وضوء رسول الله (صلى الله عليه وآله) فدعا قنبر فقال: «إئتني بکوز من ماء، فغسل يده و وجهه ثلاثاً فأدخل بعضَ أَصابَعه في فيه واستنشق ثلاثاً وغسل ذارعيه ثلاثاً ومسح رأسه واحدة و رجليه إلى الکعبين».

«Биз масжидда ҳазрат Али (алайҳис салом) билан бирга ўтирганимизда, бир киши Али (алайҳис салом) ҳузурларига келиб: «Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таҳоратларини кўрсатинг», деди. Шунда ул ҳазрат Қамбарни чақириб: «Менга бир кўза сув олиб келгин», дедилар. Сўнгра ул ҳазрат уч марта қўл ва юзларини ювиб, бармоқларини оғзларига солиб (тишларини ювдилар) ва уч марта бурунга сув олиб ювдилар. Уч марта (юз ва) қўлларини ювиб, кейин эса бир марта бошларига ва оёқларига бўғимларгача масҳ тортдилар».[3]

Ҳар икки ҳадис амирул мўминин ҳазрат Али (алайҳис салом) орқали Пайғамбар (с.а.в)дан ривоят қилинган бўлиб, ушбу икки ҳадисда икки хил воқеа-ҳодиса ҳақида хабар берилган, бироқ уларнинг умумий жиҳати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) таҳорат олганларида оёққа масҳ тортганликларидир.

  1. Буср ибн Саъид айтади:

عن بسر بن سعيد قال: أتى عثمان المقاعد فدعا بوضوء فتمضمضو واستنشق ثمّ غسل وجهه ثلاثاً ويديه ثلاثاً ثلاثاً ثمّ مسح برأسه و رجليه ثلاثاً ثلاثاً، ثمّ قال: «رأيت رسول الله (صلَّى الله عليه وآله) هکذا توضّأ، يا هؤلاء أكذلك؟ قالوا: نعم، لنفر من أصحاب رسول الله (صلَّى الله عليه وآله) عنده».

«Усмон ўриндиққа келиб, таҳоратга сув сўради ва оғиз-бурнини чайқаб, сўнгра уч марта юзини ва уч марта қўлларини ювди. Кейин бошига ва оёқларига уч марта масҳ тортди-да, сўнгра деди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шундай таҳорат олаётганларини кўрдим». Кейин у ўша ерда ҳозир бўлган саҳобаларга юзланиб: «Эй бу одамлар, шундайми?», деб сўради. У ердагиларнинг ҳаммаси: Ҳа, дея жавоб беришди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларидан бир неча киши унинг ёнида бор эди».[4]

Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, нафақат Усмон ибн Аффон, балки бошқа бир гуруҳ саҳобалар ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) таҳорат олганда оёққа масҳ тортганликларига очиқ гувоҳлик беришган. Агарчи ушбу ҳадисда бош ва оёқларга масҳ тортиш уч марта деб айтилган бўлса-да, аммо баъзиларнинг фикрига кўра, уч марта деб айтилгани мустаҳаб бўлишига ишора ёки ровийнинг хатоси бўлиши мумкин.

  1. Руфоъа ибн Рофиъ айтади:

عن رفاعة بن رافع أنّه سمع رسولَ الله (صلى الله عليه وآله) يقول: «أنّه لا يجوز صلوة أحدكم حتّى يسبغ الوضوء، کما أمره الله عزَّ وجلَّ، ثمّ يغسل وجهه ويديه إلى المرفقين ويمسح برأسه و رجليه إلى الکعبين».

Руфоъа ибн Рофиъ айтади: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шундай деганларини эшитдим: «Ҳеч бирингизнинг намози Аллоҳ таоло амр қилганидек вузу олмагунича тўғри бўлмайди: Юзи ва қўлларини тирсагигача ювади ҳамда боши ва оёқларига бўғимигача масҳ тортади».[5]

  1. Абу Молик Ашъарий ўз қавмига деди:

عن أبي مالك الأشعري أنّه قال لقومه: «اجتمعوا أُصلّي بکم صلوة رسول الله (صلَّى الله عليه وآله) فلمَّا اجتمعوا قال: هل فيکم أحد غيرکم؟ قالوا: لا، إلَّا ابن أُخت لنا، قال: ابن أُخت القوم منهم، فدعا بجفنة فيها ماء فتوضّأ ومضمض واستنشق، وغسل وجهه ثلاثاً وذراعيه ثلاثاً ومسح برأسه و ظهرَ قدميه، ثمّ صلّى بهم».

«Сизларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг намозлари каби бир намоз ўқиб беришим учун тўпланинглар. Улар йиғилганларида: «Орангизда сизлардан бошқа бирор киши борми?», деди. Улар: «Йўқ, фақат синглимизнинг бир ўғли бор», дейишди. У: «Қабиланинг синглиси ўғли ўша қабиладан ҳисобланади», деди ва бир идишда сув сўраб, таҳорат олди-да, оғиз ва бурнини чайқаб уч марта юзини ҳамда уч марта қўлларини ювди, кейин боши ва оёқлари устига масҳ тортди. Сўнгра улар билан намоз ўқиди».[6]

Абу Молик Ашъарий ўз қавмига: «Орангизда сизлардан бошқа бирор киши борми?», деб сўраши ўша замондаги ҳукмрон тузум томонидан сиёсий сабабларга кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) намозларининг ўқилиш тарзини ёки ул зот қандай таҳорат олганликларини тушунтирилишига тўсқинлик қилинганини кўрсатади.

  1. Абдуллоҳ ибн Амр шундай ривоят қилади:

ما روي عن عبد الله بن عمرو، قال: تخلَّف عنّا رسول الله صلَّى الله عليه وآله وسلَّم في سفرة سافرناها، فأدركنا وقد أرهقتنا الصَّلاة ونحن نتوضّأ فجعلنا نمسح على أرجلنا، فنادى بأعلى صوته: «ويل للأعقاب من النَّار» مرَّتين أو ثلاثًا.

«Биз йўл олган сафарда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) биздан ортда қолиб, сўнг бизга етиб олдилар. Намоз вақти етиб келгач, таҳорат олаётганимизда оёқларимизга масҳ торта бошладик. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) икки ёки уч марта баланд овозда: «Дўзах ўтидан товонларга вой бўлсин!», дедилар».[7]

Агар ушбу ҳадис саҳиҳ ва тўғри бўлса, у ҳолда таҳоратда оёққа масҳ тортишга далил бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларнинг оёқларига масҳ тортишларини рад ва инкор этмадилар, балки ушбу амални ўз каломлари билан қўллаб-қувватладилар ҳам. Сарвари коинот уларни қайтариб рад этган нарсалари товонларининг кир бўлганлиги эди.[8] Ва у зотнинг ушбу инкор ва рад этишлари тўғри ва ўринлидир. Чунки мусулмонлар орасида товонига сийдик сачрайдиган араблар ҳам бор эди. Айниқса, улар сафарда юрганларида бундай ҳолат кўп юз берарди. Бадавий араблар пешобнинг нажаслигидан сақланмай риоя қилмаганлари учун улар бундай нажас товонлар билан намоз ўқимасинлар, деб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларни дўзах оловидан қўрқитадилар.

Юқорида келтирилган ҳадислар Аҳли суннатнинг таниқли китобларида машҳур ровийлар томонидан ривоят қилинган ҳадисларнинг жуда оз бир қисми эди. Бинобарин, таҳоратда оёқларга масҳ тортиш тўғрисида бирорта ҳадис ривоят қилинмаган ёки таҳоратда оёқларга масҳ тортишга далолат қиладиган фақат битта ҳадис бор, деб айтадиганлар ҳақиқатдан кўз юмиш ёки уни инкор этиш билан ҳақиқатни ўртадан кўтариш мумкин деб ўйлайдиган нодон ва мутаассиб кимсалардир.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Шаҳобуддин Олусий, «Руҳул Маъоний», 6-жилд, 87-бет, таҳорат оятининг тафсирида.

[2]. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Ал-Муснад», 1-жилд, 153-бет, 739-ҳадис ҳамда 183-бет, 91-ҳадис.

[3]. Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 9-жилд, 448-бет, 26908-ҳадис.

[4]. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Ал-Муснад», 1-жилд, 109-бет, 489-ҳадис.

[5]. Ибн Можаҳ Қазвиний, «Сунани Ибн Можаҳ», 1-жилд, 156-бет, 460-ҳадис ва шунингдек, Аҳмад ибн Шуайб Ан-Нисоий, «Сунанун-Нисоий», 2-жилд, 226-бет.

[6]. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Ал-Муснад», 5-жилд, 342-бет.

[7]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 1-жилд, 23-бет, 1-ҳадис, Китобул илм, бобу ман рофаъа совтаҳу бил-илм.

[8]. Аҳли суннатнинг замондош тафсирчи олими Муҳаммад Рашид Ар-Ризо ўзининг «Тафсир ал-Манор» китобида 6-жилд, 288-бет билдирган фикр-мулоҳазаси худди шундай.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.