Home / Шариат қонунлари / Намоз / Таҳорат / Оёқ кийимга масҳ тортиш ақл ва шариат тарозисида!!

Оёқ кийимга масҳ тортиш ақл ва шариат тарозисида!!

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аввал айтиб ўтганимиздек, Аҳли суннат таҳоратда оёқларга масҳ тортишни инкор этишда қаттиқ туриб олиб, оёқларни ювишни фарз деб билишса-да, айни пайтда таҳорат олаётганда оёқ кийимга масҳ тортишни жоиз деб билишади ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган баъзи ҳадисларни ўзларига асос қилиб оладилар. Ҳолбуки, Сарвари олам Аҳли-Байтларининг ҳадисларида оёқ кийимга масҳ тортиш масаласи буткул рад этилган ва Аҳли суннатнинг мўътабар манбаларида келган кўплаб саҳиҳ ҳадисларда ҳам бу амалнинг акси очиқ айтилган.

Масалага бир оз ойдинлик киритадиган бўлсак, имомия фуқаҳо ва мужтаҳидларининг Аҳли-Байт ҳадисларига асосланиб қилган ижмолари шундан иборатки, оёқ кийимга масҳ тортиш мутлақо жоиз эмас. Бироқ Аҳли суннат фуқаҳо ва уламоларининг кўпчилиги ҳазарда (юртида) ва сафарда оёқ кийимга масҳ тортишни мутлақо жоиз деб билишган. Албатта, уларнинг баъзилари ҳам ушбу амални фақат зарурий ҳолатлардагина жоиз билиб, уни чеклаганлар.

Бу ерда таҳоратда оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақида баъзи саволлар туғилади, жумладан:

  1. Қандай қилиб таҳоратда оёқларга масҳ тортиш жоиз эмас-у, лекин оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз бўларкан?! Ҳайратланарли жойи шундаки, таҳоратда оёқларни ювишга келганда, оёқ ифлосланади, шу боис, оёққа масҳ тортишдан кўра, уни ювиш афзал, дейишади. Аммо оёқ кийимга масҳ тортишни тўғри ва жоиз деб айтишади.

Ифлосланган оёқ кийимларга масҳ тортиш оёқларни ювиш ўрнини боса олармикан? Аҳли суннатнинг кўп уламолари таҳоратда оёқларни ювиш билан оёқ кийимга масҳ тортиш ўртасида бирини танлашни ихтиёрий деб билганлар.

  1. Нега энди Аҳли суннатга мансуб мусулмонлар Қуръони Каримнинг таҳорат олганда бошларингизга ва оёқларингизга бўғимларгача масҳ тортингиз, деган кўрсатмасидан воз кечиб, оёқ кийимларга масҳ тортишга ўтишган?
  2. Нега Аҳли суннат биродарларимиз Сарвари коинот Аҳли-Байтларининг оёқ кийимга масҳ тортишни бир овоздан рад этган ҳадисларини ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг у зотларни Қуръони Карим билан биргаликда ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатувчи деб таништирган кўрсатматларини эътиборга олишмайди?
  3. Тўғри, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг оёқ кийимга масҳ тортганликлари ҳақида айрим ҳадислар ворид бўлган, лекин бунинг акси ўлароқ, ул зотнинг таҳоратда оёқларига масҳ тортганликлари ҳақида ҳам саҳиҳ ҳадислар етишган. Нега ҳадислар бир-бирига зид ва қарама-қарши бўлганда, Қуръон Каримга юзланиб, ҳадислар ўртасидаги зиддият ва ихтилофни ҳал қилиш учун Қуръонни ҳоким қилиб, унинг кўрсатмаларига таслим бўлмаймиз?

Ахир Қуръони Карим бизга таҳорат олганда бош ва оёқларга масҳ тортишни буюрган-ку! Ва биз бу масалани қанчалик кўп ўрганиб тадқиқ қилсак, шунчалик кўп ғароиб нарсаларга дуч келамиз:

«Ал-Фиқҳ Алал-Мазааҳибил-Арбаъа» китобида бу борада шундай дейилган: Таҳоратда оёқларни ювиш афзал ва яхшироқ бўлса-да, бироқ зарурат ва ночорлик пайти оёқ кийимга масҳ тортиш вожиб бўлиб, зарурат бўлмаганда эса бу амал жоиздир. Сўнг “Ҳанбалийлар”нинг бу борадаги фиқҳий қараши иқтибос келтирилган: Оёқ кийимларни ечиб оёқларни ювишдан кўра, оёқ кийимга масҳ тортиш афзал ва бу эса бизга берилган рухсатни маҳкам ушлаб, неъматга шукр қилмоқликдир. Абу Ҳанифанинг баъзи издошлари ҳам ушбу масалага розилик билдиришган.[1]

Сўнгра ушбу китобда таҳоратда оёқ кийимга масҳ тортиш бир талай ҳадислар билан исботланган бўлиб, қарийб мутавотир даражасига етган деб айтилган.[2]

Энг қизиғи шундаки, ушбу китобда бундай оёқ кийимларнинг шартлари, унга масҳ тортишнинг миқдори ва масҳ тортиш муддати, яъни оёқ кимийга масҳ тортиш неча кун давом этиши жоиз ва мумкинлиги, оёқ кимийга масҳ тортишнинг мустаҳаб ва макруҳ амаллари ҳамда оёқ кимийга масҳ тортишни ботил қиладиган (бузадиган) амаллар ҳақида ва шунингдек, бир оёқ кийимни бошқа оёқ кийим устидан кийиб масҳ тортишнинг ҳукмлари ва оёқ кийимнинг нимадан ясалгани, оёқ кийимга масҳ тортиш учун унинг чармдан ясалган бўлмоқлиги ёки чармдан бўлмаса ҳам, бўлавериши ҳамда усти очиқ ёки ёпиқ бўлган оёқ кийимларга масҳ тортишнинг ҳукми ҳақида муфассал сўз юритилган бўлиб, ушбу китобнинг муҳим қисмини ўз ичига қамраб олган.[3]

  1. Нега Аҳли суннат уламолари оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақидаги ҳадисларни зарурат ва ночорлик ҳолатларига ёки сафарда бўлган ва урушлар рўй берган пайтлар каби оёқ кийимни оёқдан ечиб бўлмайдиган жуда қийин ва ўта оғир шароитларга қарата ворид бўлган хос ҳадислар деб айтишмаган?

Бу саволларнинг деярли ҳеч бирига жавоб йўқ! Фақат кўр-кўрона муҳокамалар ва нотўғри қарашлар бир оддий масалада шов-шувга сабаб бўлган.

Бу саволлардан сўнг масаланинг асосий далилларига ўтиб, ҳадислар орасидан мазкур фатвонинг асл маъно-моҳиятини ва унинг оқилона ечимини топиш лозим бўлади. Таҳоратда оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақидаги ҳадислар бир неча гуруҳдан иборат:

А. Сарвари олам Аҳли-Байтларидан ривоят қилинган ҳадисларда бир овоздан оёқ кийимга масҳ тортиш қатъий тарзда инкор этилган. Мисол тариқасида айрим ҳадисларни бу ерда келтирамиз:

  1. Шайх Тусий Абу Ал-Варддан ривоят қилади. Абу Ал-Вард айтади: Мен Имом Абу Жаъфарга, яъни Имом Боқир (алайҳис салом)га дедим: Абу Забённинг ривоят қилишича, у ҳазрат Али (алайҳис салом)ни сув қуйиб, сўнг чориққа масҳ тортган ҳолда кўрган эмиш. Бас у ҳазрат шундай дедилар:

«كَذِبَ أَبُو ظَبْيان، أمَا بَلَغَكَ قَوْلُ عَلِيٍّ (عليه السلام) فِيکُمْ سَبَقَ الْكِتَابُ الخُفَّينِ؟ فَقُلْتُ: هَلْ فِيهِمَا رُخْصَةٌ؟ فَقَالَ: لاَ، إلَّا مِنْ عَدُوٍّ تَقِيةً أوْ ثَلْجٍ تُخَافُ عَلَى رِجْلَيْكَ».

«Абу Забён ёлғон айтган. Ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг Қуръони Карим (Моида сурасининг таҳоратда оёқларга масҳ тортиш ҳақидаги ояти) оёқ кийимга масҳ тортишдан ошиб ўтди, деган сўзлари сенга етиб келмадими? Шунда мен: Оёқ кийимга масҳ тортиш учун рухсат этилганми? дедим. Ул ҳазрат: «Йўқ! Магар душманга дуч келганда тақия юзасидан паноҳ топмоқчи бўлсанг ёки қор ерни қоплаб, оёқларингга зарар етказишидан қўрқсанг, у ҳолда бу ишни бажариш жоиз бўлади», дедилар».[4]

Бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан ривоят қилинган бу ҳадисдан очиқ-ойдин шуни тушуниш мумкинки:

Биринчидан, ҳазрат Али (алайҳис салом)дан кўп ўринларда «Қуръони Карим оёқ кийимга масҳ тортишдан ошиб ўтди», деб ривоят қилинган ҳадис бизга ҳеч нарса Аллоҳнинг Каломи Қуръони Каримдан олдинга ўта олмаслигини ва агар бирор ҳадиснинг маъно-мазмуни Қуръон оятларига, у ҳам бўлса, ҳеч бир оятлари насх (бекор) қилинмаган Моида сурасидаги таҳорат оятига зид топилса, у ҳадисни бошқа маънога тафсир қилиш ва изоҳлаш кераклигини ошкора англатади.

Иккинчидан, Имом Боқир (алайҳис салом)нинг юқоридаги ҳадисда бизга йўл кўрсатиб айтишларидан ушбу маъно яққол тушуниладики, агарда оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақида бирор ҳадис етишган бўлса-да, уни қаттиқ совуқ каби оёқларга зарар етиш хавфи бўлган зарурат ва ночор ҳолатларга хос ва чекланган деб билмоқлик керак.

  1. Марҳум Шайх Садуқ ўзининг «Ман Лаа Яҳзуруҳул Фақиҳ» номли китобида мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)дан ушбу ҳадисни ривоят қилади:

«إنّا اَهْلَ بَيْت لاَ نَمْسَحُ عَلَي الخُفَّيْنِ فَمَنْ کَانَ مِنْ شِيعَتِنَا فَلْيَقْتَدِ بِنَا وَلْيَسْتَنَّ بِسُنَّتِنَا».

«Биз Аҳли-Байт [пайпоқ ва чориқ каби] оёқ кийимга масҳ тортмаймиз. Бас кимда-ким бизнинг шиаларимиздан бўлса, бизга эргашсин ва бизнинг йўлимизни тутсин».[5]

  1. Бошқа бир ҳадисда Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан шундай ривоят қилинади:

«مَنْ مَسَحَ عَلَى الخُفَّيْنِ فَقَدْ خَالَفَ اللهَ وَرَسُولَهُ وَکِتَابَهُ وَوُضُوئُهُ لَمْ يَتِمَّ، وَصَلاَتُهُ غَيْرُ مُجْزِيَةٍ»

«Ким [пайпоқ ва чориқ каби] оёқ кийимга масҳ тортса, унда Аллоҳга, Унинг Расулига ва Китобига қарши чиққан бўлур ва унинг олган таҳорати тўлиқ бўлмас ҳамда ўқиган намози ҳам кифоя эмасдир».[6]

Оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз эмаслиги ҳақида ҳазрат Али (алайҳис салом)дан ворид бўлган ҳадисларни эътиборга олган ҳолда Аҳли суннатнинг йирик тафсирчи ва илоҳиётчи олими Фахриддин Ар-Розийнинг намозда “Бисмиллаҳ”ни жаҳр ҳолда, яъни овоз чиқариб ўқиш ёки ихфот ҳолда, яъни секин ўқиш масаласига доир айтган сўзларини эсга оламиз. Бир тоифа мусулмонлар “Бисмиллаҳ”ни намозда секин ўқиш кераклигини айтсалар, ҳазрат Али (алайҳис салом) эса “Бисмиллаҳ”ни намозда овоз чиқариб ўқиш лозим деб билганлар. Фахриддин Ар-Розий ушбу масалада ҳазрат Али (алайҳис салом)га эргашиш тўғри эканлигини уқтириб айтади:

«من اتخذ عليًّا إماماً لدينه فقد استمسك بالعروة الوثقى في دينه ونفسه».

«Кимки Али (алайҳис салом)ни ўз динига раҳнамо қилиб олса, динида ҳам, жонида ҳам энг мустаҳкам тутқични ушлаган бўлур».[7]

Юқорида келтирилган далиллардан таҳоратда оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз эмаслиги исботланган бўлса-да, шунга қарамай ушбу масала ҳақида ворид бўлган ҳадисларни ўрганиб чиқамиз.

Таҳоратда оёқ кийимга масҳ тортиш жоизлиги ҳақидаги ҳадислар икки тоифадан иборат:

Биринчи тоифа: Таҳоратда оёқ кийимга масҳ тортишга мутлақо рухсат этувчи ҳадислар. Мисол тариқасида, Саъд ибн Абул Ваққоснинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан таҳоратда оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақида ривоят қилган марфуъ ҳадиси, яъни ровийлар силсиласида узилиш бўлган ҳадис:

«أَنَّهُ لاَ بَأْسَ بِالْوُضُوءِ عَلَي الْخُفَّينِ».

«Пайпоққа масҳ тортиб, таҳорат олишнинг ҳеч бири зарари йўқ [бу иш жоиз]».[8]

Абу Бакр Байҳақий ўзининг «Ас-Сунанул Кубро» номли китобида ушбу мазмунда бошқа бир ҳадисни Ҳузайфадан қуйидагича ривоят қилади:

«مشى رسول الله (صلى الله عليه وآله) إلى سباطة قوم فبال قائماً، ثمّ دعا بماء فجئته بماء فتوضَّأ ومسح على خفَّيْه».

Узр сўраб буткул шармандалик билан ночорлик юзасидан ҳадисни таржима қиламиз: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир қавмнинг ахлатхонасига бориб, тик турган ҳолда сийдик қилдилар. Кейин ул зот сув сўрадилар ва мен (Ҳузайфа) ул ҳазратга сув олиб келдим. Шунда у зот таҳорат олиб, чориқларига масҳ тортдилар».[9]

Минг маротаба таассуфлар бўлсинки, ушбу уятли ҳадис Аҳли суннатнинг энг мўътабар манбалари бўлмиш «Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим» китобларига ҳам кириб келишга улгурган. Мазкур ҳадис «Саҳиҳи Бухорий» китобининг бир жойида юқоридаги таъбир билан ривоят қилинган ва бошқа жойда эса бир оз лафзий ихтилоф билан қуйидагича ривоят қилинган:

٢٢٣ – حَدَّثَنَا عُثْمَانُ بْنُ أَبِي شَيْبَةَ قَالَ: حَدَّثَنَا جَرِيرٌ، عَنْ مَنْصُورٍ، عَنْ أَبِي وَائِلٍ، عَنْ حُذَيْفَةَ قَالَ: رَأَيْتُنِي أَنَا وَالنَّبِيُّ ﷺ نَتَمَاشَى، فَأَتَى سُبَاطَةَ قَوْمٍ خَلْفَ حَائِطٍ، فَقَامَ كَمَا يَقُومُ أَحَدُكُمْ، فَبَالَ، فَانْتَبَذْتُ مِنْهُ، فَأَشَارَ إِلَيَّ فَجِئْتُهُ، فَقُمْتُ عِنْدَ عَقِبِهِ حَتَّى فَرَغَ.

Ҳузайфа айтади: «Мен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан биргаликда йўл юриб кетаётгандик. Кейин ул зот бир қавмнинг девор орқасидаги ахлатхонасига етиб келгач, сизлардан бирингиз тик турганидек тик туриб пешоб қилдилар. Шунда мен у ҳазратдан узоқлашдим. Сўнг у зот менга ишора қилгач, олдиларига келиб, у зот бўшагунларига қадар орқа томонларида турдим».[10]

Ушбу ҳадис «Саҳиҳи Муслим» китобида ҳам лафзий ихтилоф билан қуйидагича ривоят қилинган:

٧٣ – (٢٧٣) حدثنا يحيي بن يحيي التميمي. أخبرنا أبو خَيْثَمَةَ عَنِ الأَعْمَشِ، عَنْ شَقِيقٍ، عَنْ حُذَيْفَةَ؛ قَالَ: كُنْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. فَانْتَهَى إِلَى سُبَاطَةِ قَوْمٍ. فَبَالَ قَائِمًا. فَتَنَحَّيْتُ. فَقَالَ “ادْنُهْ” فَدَنَوْتُ حَتَّى قُمْتُ عِنْدَ عقبيه. فتوضأ، فمسح على خفيه.

Ҳузайфа айтади: «Мен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга эдим. Шунда у зот йўлда бир қавмнинг ахлатхонасига дуч келдилар. Бас ул ҳазрат тик турган ҳолда ёзилдилар. Шунда мен бир четга чиқиб узоқлашдим. Кейин у зот менга: «яқин кел», дедилар. Шунда мен у зотга яқинлашиб, орқа томонларида турдим. Бас, у зот таҳорат олиб, оёқ кийимларига масҳ тортдилар».[11]

Юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг мақом ва мавқеларига тўғри келмайдиган ва фақат нопок кишилар томонидангина содир этиладиган ўта қабиҳ ва номақбул амалнинг у зотга нисбат берилиши ушбу ҳадиснинг заиф эканлигини билиш учун кифоядир.

Қандай қилиб Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дек буюк зотга «тик турган ҳолда пешоб қилганлар», деб нисбат бериш мумкин. Ваҳоланки, буюк саҳоба бўлган Ибн Масуд розияллоҳу анҳудан бу борада шундай ривоят қилинган:

وقد رُوِيَ عن ابن مسعود قال: «إنه من الجفاء أن تبولَ وأنتَ قائم».

«Тик турган ҳолда сийдик қилишинг зулм-жафодандир».[12]

Сарвари оламнинг завжалари Оиша онамиз ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бундай жирканч ишни зинҳор қилмаганлар ва бу маънодаги ҳадисни қабул қилмангиз, деганлар:

عَنْ عَائِشَةَ – رضي الله عنها – قَالَتْ: مَنْ حَدَّثَكُمْ أَنَّ النَّبِيَّ – صلى اللهُ عليه وسلَّم – كَانَ يَبُولُ قَائِمًا فلَا تُصَدِّقُوهُ، مَا كَانَ يَبُولُ إِلَّا قَاعِدًا.

«Ким сенга Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) тик турган ҳолларида пешоб қилганлар, деса, уни тасдиқ этма. У зот фақат ўтирган ҳолдагина ёзилардилар».[13]

Бизнинг ишончимиз комилки, Сарвари коинотга бундай ножўя ва номақбул амални нисбат берган ушбу ҳадис тўқима ҳадислардан бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг юксак мақом ва мартабаларини ерга уриш учун баъзи мунофиқ шахслар томонидан тўқилган ва кейин эса “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” каби китобларга уларнинг муаллифларининг соддалиги туфайли кириб келган.

Сарвари олам ҳар тугул, озгина ҳурмат-иззатга эга бўлган бирор бир киши кўп номақбул оқибатларга олиб келадиган бундай жирканч ишни қилади, деб ўйлайсизми?! Ҳатто қалам ҳам уни тасвирлашга уялади. Аҳли суннатнинг “Сиҳоҳ” китобларига ҳам ушбу мазмундаги ҳадислар кириб келгани жуда ачинарли ҳолат ва таассуфки сунний уламолар ҳозиргача бундай ҳадисларга асосланиб, хутбалар ўқиб маърузалар қилишади.

Ҳаттоки баъзи бир сунний уламоларнинг айтишича, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) тик турган ҳолда ёзилиш жоиз эканини кўрсатиш учун ўзлари амалда бу ишни қилганлар. Токи, ўтирган ҳолда пешоб қилиш мумкин бўлмаган ночорлик ҳолатида тик турган ҳолда ҳам ёзилиш жоиз эканлиги ҳаммага маълум бўлсин. Ҳолбуки, ночорлик пайтида тик турган ҳолда пешоб қилиш жоиз эканини мусулмонларга етказиш учун ҳадис шаклида сўз билан айтишнинг ўзи кифоя эди, бир қавмнинг ахлатхонасига бориб, у ерда тик туриб ёзилишга ва бу ишни амалда кўрсатиб беришга ҳеч ҳожат йўқ эди!!

Шак-шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги каломига биноан, ҳамма учун энг гўзал намуна ва ўрнак бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан бундай ахлоқсиз, жирканч иш ҳатто бир марта ҳам содир бўлмаган, балки Аҳли суннат наздида иккинчи халифа деб тан олинган Умар ибн Хаттобни тик туриб ёзилаётган ҳолда кўрган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уни бу ишдан қайтарганлар. Ибн Можаҳ ўзининг «Сунан» китобида бу борада шундай ривоят қилади:

عن عمر بن الخطاب قال: «رآني النبيُّ – صلَّى الله عليه وسلَّم- أبُولُ قائماً، فقال: يا عمرُ لا تَبُلْ قائماً».

Умар ибн Хаттоб айтади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) менинг тик турган ҳолда сийдик қилаётганимни кўриб: «Эй Умар, тик турган ҳолда ёзилма», дедилар».[14]

Энди Умар ибн Хаттобнинг ушбу ножўя ва номақбул ишини оқлаш учун бундай ахлоқсиз ишни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳам қилганлар, деб у зотга ҳам тўнкаш Исломдан ҳамда мусулмонлик хулқидан йироқдир!!

Ҳар ҳолда юқорида келтирилган ҳадисларда ва шуларга ўхшаш бошқа ҳадисларда оёқ кийимларга масҳ тортиш учун махсус шарт ва талаблар зикр қилинмаган.

Иккинчи тоифа: Ушбу ҳадислардан оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз бўлган тақдирда фақат зарурат ва ночор ҳолатларгагина хос эканлигини тушуниш мумкин. Мисол тариқасида:

Миқдом ибн Шурайҳ Оишадан шундай ривоят қилади: Мен Оиша онамиздан оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақида сўрадим. Шунда у менга: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга сафарда бўлган ҳазрат Алининг ҳузурига бориб сўра, деди. Мен у ҳазратнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда сўраганимда, шундай дедилар:

«کنّا إذا سافرنا مع رسول الله – صلَّى الله عليه وسلَّم- يأمرنا بالمسح على خفافنا».

«Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга сафарга чиққанимизда, ул зот чориқларимизга масҳ тортишни бизга буюрардилар».[15]

Ҳадисда келган таъбир оёқ кийимга масҳ тортиш сафарга чиқиш каби зарурат ва ночорлик ҳолатларигагина хос эканлигини очиқ айтиб турибди. Чунки, ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бизга сафарда бўлган пайтларда чориқларимизга масҳ тортишни буюрардилар, дейилган ва шунга ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам ушбу мазмунда ворид бўлган.

Биз олдиндан ҳукм чиқармасдан Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида келган ҳадислар тўпламига диққат-эътибор қаратсак, қуйидаги хулосаларга келишимиз мумкин:

Биринчидан; Усул илмидаги машҳур қоида, яъни мутлақ билан муқайяд ўртасини мутлақни чеклаш орқали жамлашга доир қоидага кўра, оёқ кийим устидан масҳ тортишга мутлақо рухсат берган ҳадислар зарурат ва ночорлик ҳолатларига қарата айтилган бўлиб, ушбу ҳолатларга хос деб билишимиз керак. Масалан: Сафар ёки жанг майдони ёки шунга ўхшаш ҳолатлар. Қизиғи шундаки, “Сунани Байҳақий” китобида қанча вақт миқдорида оёқ кийимга масҳ тортиш жоизлиги ҳақида муфассал боб тузилган бўлиб, унда бир неча ҳадислар билан оёқ кийимга масҳ тортиш сафарда уч кунгача ва ҳазарда (ўз юртида) эса бир кунгача чеклаб қўйилган.[16]

Ушбу мазмундаги ҳадисларнинг барчаси оёқ кийимга масҳ тортиш фақат зарурат ва ночорлик ҳолатларига хос экалигига очиқ далил эмасми? Ва оддий ҳолатда эса оёқ кийимларни ечиб, тўғридан-тўғри оёққа масҳ тортмасликка нима далил бўлиши мумкин?

Баъзиларнинг маҳси, пайпоқ ва чориқ каби оёқ кийимларга масҳ тортиш Ислом умматидан машаққат ва қийинчиликни олиб ташлаш учун бўлган, деб айтишлари ҳам қабул қилинадиган гап эмас. Чунки маҳси, пайпоқ ва чориқ каби оддий оёқ кийимларни ечишнинг озгина қийинчилик жойи ҳам йўқ.

Иккинчидан; Аҳли Байт ва Аҳли Суннатнинг машҳур манбаларида ҳазрати Али (алайҳис салом)дан кўп маротаба ривоят қилинган ҳадисга кўра, ул ҳазрат оёқ кийимга масҳ тортишни Моида сурасининг 6-ояти нозил бўлишидан олдин бўлган, деганлар. Демак, ушбу ҳадисга биноан, агарда оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз бўлган бўлса ҳам, таҳорат ҳақидаги ояти кариманинг нозил бўлгунига қадар жоиз бўлган. Бироқ мазкур оят нозил бўлгандан кейин ҳатто урушлар ва сафарда ҳам оёқ кийимга масҳ тортиш жоиз бўлмаган. Зероки, мусулмонлар оёқ кийимни ечиш қийин ва муаммоли бўлган ҳолатларда таҳорат ўрнига таяммум қилганлар. Чунки таяммум қилиш кўрсатмаси ҳам худди шу оятнинг остида умумий ҳолда зикр қилинган.

Учинчидан; Агар баъзи саҳобалар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ҳазарда, яъни яшайдиган жойларида оёқ кийимларига масҳ тортаётган ҳолда кўрган бўлсалар, бунинг сабаби у зотнинг оёқ кийимларининг усти очиқ бўлиб, унинг орасидан бевосита оёққа масҳ тортиш мумкин бўлган.

Бу баҳснинг ҳайратланарли томони шундаки, оёқ кийимга масҳ тортиш ҳақидаги ҳадисларни ривоят қилган шахслар гоҳида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига шарафёб бўлганлар. Лекин доимо Пайғамбарнинг ҳузурларида бўлган ҳазрат Али (алайҳис салом) эса Аҳли суннатнинг машҳур ҳадисларига кўра, оёқ кийимга масҳ тортиш масаласини ҳеч қачон қабул қилмаганлар.

Бундан ҳам ҳайратланарлироғи шундаки, кўп вақтлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни кўриб юрган Оишадан оёқ кийимга масҳ тортиш масаласи борасида шундай ривоят қилинган:

«لئن تقطع قدماي أحبّ إليّ من أن أمسح على الخفّين».

«Чориққа масҳ тортишимдан кўра икки оёғим кесиб ташланса, менга суюклироқдир».[17]

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. «Ал-Фиқҳ Алал-Мазааҳибил-Арбаъа», 1-жилд, 135-бет.

[2]. Юқоридаги манба, 1-жилд, 136-бет.

[3]. Юқоридаги манба, 1-жилд, 135-бетдан 147-бетларгача.

[4]. Шайх Тусий Муҳаммад ибн Ҳасан, «Таҳзийбул аҳком», 1-жилд, 362-бет, 1092-ҳадис.

[5]. Шайх Садуқ, «Ман Лаа Яҳзуруҳул Фақиҳ», 4-жилд, 298-бет, 898-ҳадис.

[6]. Шайх Ҳур Омилий, «Васоилуш-шиа», 1-жилд, 279-бет, 18-ҳадис, 15-боб, вузу бобларидан.

[7]. Фахриддин Ар-Розий, «Ат-тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 1-жилд, 207-бет.

[8]. Ҳофиз Байҳақий Шофеий, «Ас-Сунанул Кубро» ёки «Сунани Байҳақий», 1-жилд, 269-бет.

[9]. Юқоридаги манба, 1-жилд, 270-бет.

[10]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», 1-жилд, 90-бет, 4-Китобул вузу, 60-Боб: ал-бавлу қоиман ва қоъидан, 222-ҳадис ва шунингдек, 61-Боб: ал-бавлу ъинда соҳибиҳи ваттасаттуру бил-ҳоити, 223-ҳадис.

[11]. Муслим ибн Ҳажжож, «Саҳиҳул Муслим», 1-жилд, 228-бет, 2-Китобут-таҳораҳ, 22-Боб: Ал-масҳу ълал хуффайн, 273-ҳадис.

[12]. Ибн Можаҳ Қазвиний, «Сунану Ибн Можаҳ», 1-жилд, 112-бет, 308-рақамли ривоят.

[13]. Суҳайб Абдул Жаббор, «Ал-Жомиъус-соҳиҳу лиссунани вал-масонид», 23-жилд, 150-бет, Китоб: Одобу духулил халои ва қазоул ҳожати, Боб: Ал-Бавлу жолисан.

[14]. Ибн Можаҳ Қазвиний, «Сунану Ибн Можаҳ», 1-жилд, 112-бет, 309-ҳадис.

[15]. Ҳофиз Байҳақий Шофеий, «Ас-Сунанул Кубро» ёки «Сунани Байҳақий», 1-жилд, 272-бет.

[16]. Ҳофиз Байҳақий Шофеий, «Ас-Сунанул Кубро» ёки «Сунани Байҳақий», 1-жилд, 275 ва 276-бетлар.

[17]. Муҳаммад бин Аҳмад Ас-Сарахсий (483 ҳижрий йилда вафот этган), «Ал-Мабсут», 1-жилд, 98-бет, Байрут, Дорул маърифа нашри, 1406 ҳижрий қамарий йил.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.