Home / Шариат қонунлари / Намоз / Таҳорат / Вузу / Оёққа эмас, оёқ кийимларга масҳ тортиш масаласи!

Оёққа эмас, оёқ кийимларга масҳ тортиш масаласи!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳар бир холис тадқиқотчини ҳайратга соладиган ўта ғалати нарса – бу таҳоратда оёқларга масҳ тортиш жоиз эмаслигини айтиб, оёқларни ювиш зарурлигини таъкидлаган Аҳли суннат биродарларимизнинг кўпинча таҳоратда оёқларни ювиш ўрнига маҳси ва чориқ каби оёқ кийимларга масҳ тортиш мумкинлигини ошкора айтишларидир. У ҳам бўлса, ночор аҳволда эмас, балки ихтиёрий ҳолда, фақат сафардагина эмас, балки ўзининг яшаб турган жойида ва ҳар қандай вазиятда, бу амал жоиздир.

Чиндан ҳам, бундай ҳукм; оёқларни ювиш ёки оёқ кийимига масҳ тортиш одамни машаққатга солади!

Албатта, Аҳли суннат фиқҳида афсуски озчилик деб қабул қилинган бошқа бир гуруҳ оёқ кийимига масҳ тортишни жоиз деб билмас эдилар. Улар Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом), Ибн Аббос, Пайғамбаримиз завжалари Оиша ва Аҳли суннат пешволаридан бири бўлган Молик (унинг фатволаридан бирига кўра) каби шахслардан иборат.

Қизиғи шундаки, Аҳли суннат наздида фатвоси ва ривоятлари улкан аҳамиятга эга бўлган “Оиша” оёқ кийимига масҳ тортиш хусусида айтади:

«لئن تقطع قدماي أحبّ إليّ من أن أمسح على الخفّين».

«Чориққа масҳ тортишимдан кўра икки оёғим кесиб ташланса, менга суюклироқдир».[1]

Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан бу борада шундай ривоят қилинган:

ما روي عن ابن عباس (رض) قال: سلوا هؤلاء الذين يروون المسح هل مسح رسول الله صلى الله عليه وآله وسلَّم بعد نزول المائدة؟ والله ما مسح رسول الله صلى الله عليه وآله وسلَّم بعد نزول المائدة، ولئن أمْسَحُ على ظهر عنز في الصلاة أحب إليّ من أن أمسح على الخفّين.

«Чориққа масҳ тортишни ривоят қилган ўша кишилардан сўранг: Қани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Моида сураси нозил бўлганидан кейин ҳам чориққа масҳ тортганларми? Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Моида сураси нозил бўлганидан сўнг, чориққа масҳ тортмаганлар. Агар намоз учун таҳорат олганда эчкининг белига масҳ тортсам, бу иш менга чориққа масҳ тортишдан кўра маҳбуброқдир».[2]

Баъзилар ҳазрати Али (алайҳис салом) ва Оиша розияллоҳу анҳо таҳоратда чориқ ва маҳсига масҳ тортиш жоиз эмас деган қавлдан (фикрдан) қайтиб, бу амал таҳоратда жоиз деб айтганлар, дейишган. Бироқ, бу зотларнинг таҳоратда чориқ ва маҳси каби оёқ кийимларга масҳ тортишни жоиз эмас деган қавллари ҳаммага маълум ва исботланган ҳам, лекин уларнинг бу қавлдан қайтганликлари ҳақида етишган ривоят «хабари воҳид», яъни ишонч ҳосил қиладиган даражага етмаган ривоятлар бўлиб, бундай қалтис масалада уларга таяниб бўлмайди.

Тағин, ҳазрати Али (алайҳис салом) ва Оиша кечаю кундуз пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга бўлиб, у зотнинг таҳоратларини кўрган бўлсалар, қандайига Пайғамбарнинг таҳорат олишлари тартиби уларга яширин бўлгани учун оёқ кийимига масҳ тортишни ҳаром деб фатво берганлар, лекин ҳақиқат аён бўлгач, ўзларининг фатволаридан воч кечиб, ушбу амал таҳоратда жоиз деганлар, деб айтиш мумкин?!

Агар Аҳли суннат биродарлар Қуръонга мувофиқ бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларининг ҳадисларига амал қилганларида, оёқларга масҳ тортишдан бошқа нарсани қабул қилмаган бўлардилар.

Сарвари коинотнинг Аҳли-Байтларидан бўлган бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) мўътабар ҳадисда айтадилар:

«ثَلاَثَهٌ لاَ اتَّقِي فِيهِنَّ أحَداً شُرْبُ المُسْکِرِ، وَمَسْحُ الخُفَّينِ وَمُتْعَةُ الحَجِّ».

«Уч нарса борки, мен уларда ҳеч кимдан тақия қилмасман: Маст қилувчи ичимликларни ичиш, чориққа (оёқ кийимига) масҳ тортиш ва ҳаж мутъасини бажариш».[3]

Фақиҳларнинг оёқ кийимига масҳ тортишнинг жоизлиги ёки жоиз эмаслиги борасидаги қаттиқ ихтилофи бу амални жоиз деб айтган ривоятлар ҳамда тақиқловчи ривоятларнинг соқит бўлишига олиб келади. Бундай пайт масаланинг ҳукмини аниқлаш учун Аллоҳ таолонинг Каломи бўлмиш Қуръони Каримга мурожаат қилинади. Ва юритилган баҳслардан маълум бўлдики, Моида сурасининг 6-оятига кўра, таҳорат олганда оёқларга масҳ тортмоқлик фарз қилинган, оёқларни ювиш эмас ва маҳсига масҳ тортиш ҳам эмас.

Таҳоратда оёқларни ювиш ёки унга масҳ тортиш ўрнига ихтиёрий равишда маҳсига ёки чориққа масҳ тортиш шариатда жоиз бўлса эди, саҳобаларнинг ҳаммаси бу масалани билган бўларди ва улар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф юз бермаган бўларди ҳамда бу масала мутавотир даражасига етган бўларди. Бироқ кўриб турибмизки, таҳорат масаласида саҳобалар ўртасида мунтазам равишда ихтилоф мавжуд.

Буларнинг ҳаммаси таҳоратда маҳсига ёки чориққа масҳ тортиш жоиз ва мумкин эмаслигига далолат қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таҳоратда чориққа масҳ тортганликлари исботланган тақдирда, бу амал билан Моида сурасининг 6-ояти ўртасини қуйидаги икки услубда бирлаштириш мумкин:

А. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) “Моида” сурасидаги таҳорат ояти нозил бўлишидан олдинги маълум бир муддат давомида чориққа масҳ тортганлар. Бироқ “Моида” сурасининг 6-ояти нозил бўлиши биланоқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бу амаллари, яъни чориққа масҳ тортиш насх (бекор) қилинди. Шу тартибда чориққа масҳ тортиш жоизлиги билан тўғридан-тўғри оёқларга масҳ тортиш зарурлигининг ўртасини жамлаш мумкин. Ҳазрати Али (алайҳис салом)дан бу борада қуйидаги ҳадис кўп маротаба ривоят қилинган:

«سبق الكتاب المسح على الخفّين».

«Аллоҳнинг Китоби [Қуръони Карим] чориққа масҳ тортишдан ошиб ўтди».[4]

Ушбу ҳадис айнан шу масалага далолат қилиб, унинг маъноси чориқ ва маҳсига масҳ тортиш пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан маълум муддатга рухсат этилган, лекин Қуръони Каримдаги “Моида” сурасининг 6-ояти нозил бўлиб, ушбу рухсатни насх (бекор) қилган, демакдир.

Б. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ҳабашистон подшоси Нажоший томонидан ул зотга ҳадя берилган чориқнинг устига масҳ тортганлар. Ушбу чориқнинг устки қисми очиқ бўлиб, масҳ тортганда қўл оёқнинг терисига тегишига ҳеч бир тўсиқ йўқ эди. Шу боис, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) оёқларига чориқ кийган бўлсалар-да, масҳ тортганлар. Лекин ул зотни кўрган баъзи одамлар: «Пайғамбар (с.а.в) чориқларига масҳ тортдилар», деб ўйлашди ва ул ҳазрат чориқнинг ўзига эмас, балки чориқ кийган икки оёққа масҳ тортганликларига эътибор қилишмаган. Натижада айрим саҳобалар томонидан чориққа масҳ тортиш жоиз эканлиги хусусида ҳадислар ривоят қилина бошлаган.

Имомия мазҳабининг таниқли ҳадисчи олимларидан бўлган марҳум Садуқ ўзининг «Ман Лаа Яҳзуруҳул Фақиҳ» номли машҳур асарида бу ҳақда шундай дейди:

ولم يعرف للنبيّ صلى الله عليه وآله وسلَّم خفّ إلَّا خفّ أهداه له النجاشي وكان موضع ظهر القدمين منه مشقوقا، فمسح النبي صلى الله عليه وآله وسلَّم على رجليه وعليه خفّاه، فقال الناس: إنّه مسح على خفّيه».

«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Нажоший томонидан у зотга ҳадя қилинган чориқдан бошқа бирор бир чориқлари борлиги маълум эмасдир. У чориқнинг устки қисми очиқ ҳолда эди. Пайғамбар (с.а.в) ўша чориқни кийган ҳолда оёқларига масҳ тортдилар. Лекин у зотни кузатиб турган одамлар: Ул ҳазрат чориқларига масҳ тортдилар, дейишди».[5]

Аҳли суннатнинг таниқли ва буюк ҳадисчи олими Байҳақий ўзининг «Ас-Сунанул Кубро» номли китобида: “Баабул хуффиллазий масаҳа ъалайҳи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)”, яъни “Расулуллоҳ (с.а.в) унинг устига масҳ тортган чориқ ҳақидаги Боб” сарлавҳаси остида бир БОБни битган бўлиб, ушбу бобнинг баъзи ҳадисларидан аксари муҳожир ва ансор саҳобаларнинг чориқлари усти очиқ ҳолда эканлигини тушуниш мумкин. Байҳақий бу борада айтади:

«وكانت كذلك خفاف المهاجرين والأنصار مخرقة مشققة».

«Ва шунингдек, муҳожир ва ансорларнинг чориқлари ҳам йиртиқ ва усти очиқ эди».[6]

Шунга биноан, муҳожир ва ансор саҳобалар ҳам оёқларининг ўзига масҳ тортган бўлишларининг эҳтимоли жуда кучли.

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБАЛАР:

[1]. Муҳаммад бин Аҳмад Ас-Сарахсий (483 ҳижрий йилда вафот этган), «Ал-Мабсут», 1-жилд, 98-бет, Байрут, Дорул маърифа нашри, 1406 ҳижрий қамарий йил.

[2]. Ушбу ривоятнинг манбаи:

Фахриддин Ар-Розий, «Ат-тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 11-жилд, 163-бет, таҳорат оятининг тафсирида.

Муҳаммад бин Аҳмад Ас-Сарахсий, «Ал-Мабсут», 1-жилд, 98-бет.

[3]. Шайх Муҳаммад ибн Яъқуб Кулайний, «Ал-Кофий», 3-жилд, 32-бет.

[4]. Ушбу ҳадиснинг Аҳли суннат наздидаги манбалари:

Ҳофиз Байҳақий Шофеий, «Ас-Сунанул Кубро» ёки «Сунани Байҳақий», 1-жилд, 272-бет.

Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний ал-Ҳанафий, «Умдатул Қорий фий шарҳи Саҳиҳил Бухорий», 3-жилд, 97-бет, Миср чопи.

Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Аш-Шавконий, «Найлул Автор», 1-жилд, 223-бет, Байрут, Дорул кутубил илмия чопи.

[5]. Шайх Садуқ, «Ман Лаа Яҳзуруҳул Фақиҳ», 1-жилд, 48-бет, 10-ҳадиснинг изоҳида.

[6]. Ҳофиз Байҳақий Шофеий, «Ас-Сунанул Кубро» ёки «Сунани Байҳақий», 1-жилд, 283-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу шароитларининг аҳкоми

Вузу сувининг шартлари  1. Нажис ва музоф (аралашма) сув билан олинган вузу ботилдир, ўша сув …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.