Home / Шариат қонунлари / Намоз / Таҳорат / Вузу / Таҳорат оятида қўлларни қандай ювиш кераклиги ҳақида
Нима учун шиаларнинг таҳорат олиши суннийлардан фарқ қилади?

Таҳорат оятида қўлларни қандай ювиш кераклиги ҳақида

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Шубҳасиз, таҳорат ояти Ислом умматига қандай таҳорат олишни ҳамда таяммум қилишни ўргатиш учун Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган бўлиб, ушбу ояти карима асрлар давомида қиёматга қадар бўлган барча мусулмонларга қарата айтилган. Шунинг учун, бундай оятнинг маъно-мазмуни ва ундан нима назарда тутилгани аниқ, равшан ва тушунарли бўлиши керак. Токи пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида яшаган саҳобалар ҳам, ундан кейинги даврда яшайдиган қолган мусулмонлар ҳам бу оятни тушуниб, ундан фойдалана олсинлар.

Таҳорат оятини икки жиҳатдан тадқиқ қилиш ва ўрганиб чиқиш мумкин:

Биринчиси: Таҳоратда қўлларни қандай ювиш кераклиги тўғрисида. Таҳоратда қўлларни юқоридан пастга ювиш фарзми ёки аксинча, пастдан юқорига қараб ювиш фарз қилинганми?

Иккинчиси: Таҳоратда оёқларнинг ҳукми қандай? Оёқларга масҳ тортиш фарзми ёки уларни ювишми?

Биз шу ерга қадар иккинчи масалани батафсил ўрганиб чиқиш натижасида таҳоратда фақат оёқларга масҳ тортиш буюрилгани ва фарз қилинганини, оёқларни ювиш эса насх, яъни бекор қилинганини ёки кейинчалик пайдо бўлган бидъат амал эканини далил-исботлар билан маълум қилдик. Энди эса биринчи масалани, яъни таҳоратда қўлларни ювиш тартибини ўрганиб чиқамиз.

Дастлаб, таҳорат оятини келтириб, унинг маъно-мазмунини кўздан кечирамиз:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ ۚ

«Эй иймон келтирганлар, қачон намозга турсаларингиз, юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсаклари ила ювингиз. Ва [таҳорат сувидан намланган қўлларингиз билан] бошларингизга ҳамда оёқларингизга бўғимларгача масҳ тортингиз» (Моида сураси, 6-оят)

Ислом умматининг уламо ва фуқаҳолари таҳоратда икки қўлни ювиш тартиби борасида ихтилофга борганлар. Сарвари коинот Аҳли-Байтларидан бўлган имомлар ва у зотларга эргашган шиалар таҳоратда икки қўлни тирсакдан бошлаб бармоқлар учигача ювишни тўғри ва суннат, деб биладилар. Уларнинг бунга далиллари эса таҳорат оятининг урф наздидаги тушунилган зоҳирий маъносидир. Бундай ҳолатларда инсонлардаги умумий урф тушунчасига кўра, таҳорат каби иш-фаолиятларни амалга ошираётганда юқоридан бошлаб пастгача давом эттириш керак бўлади. Мисол тариқасида, агар шифокор беморга: Оёғингизни илиқ сув билан тиззагача ювинг, деса, бемор ҳам ўша умумий урф тушунчасига асосан амалда кенг қўлланадиган тартиб бўйича, оёқларини юқоридан пастга қараб ювади.

Ёки уй эгаси ганчкорга: “Бу хонанинг деворларини шифтигача бўянг”, деса, ганчкор амалда кенг қўлланадиган одатий тартиб бўйича деворларни юқоридан бошлаб пастгача ранглайди. Ганчкорнинг хаёлига уй эгаси ёки беморнинг фикрига шифокор «إلى», яъни «гача» сўзини иш-фаолиятнинг тугалланиш нуқтасини кўрсатиш учун ишлатгани сира келмайди ҳам. Яъни беморнинг фикрига оёқларини илиқ сув билан ювиш бармоқлар учидан бошланиб тиззаларда тугаши сира келмайди, шунингдек деворларни бўяш пастдан бошланиб шифтда тугаши ганчкорнинг хаёлига асло келмайди, балки улар «إلى», яъни «гача» сўзи зарур бўлган миқдорни белгилаш учун ишлатилган деб тушунишади.

Қўлларни ювиш тартибига келсак, бу иш ҳам шубҳасиз, умумий урф тушунчаси бўйича одатий тарзда амалга оширилади, у ҳам бўлса, юқоридан бошланиб пастгача давом этадиган энг осон ва енгил услубда бажарилади. Бунинг маъноси таҳорат оятида қўлларни ювишга чақирилганда, фақат ювиладиган миқдорни белгилаб берилиши назарда тутилгандир, холос. Яъни қўлни ювмоқлик қаердан бошланиб, қаерда тугаши назарга олинмай фақатгина ювиш миқдори назарда тутилган. Агар умумий урф тушунчаси шундай бўлса, унда юқорида келтирилган таҳорат оятида ҳам икки қўлни ювиш худди шу йўсинда амалга оширилмоғи лозим. Шу боис, тафсирчи олимлар ушбу оятнинг тафсирида икки мазҳабдан бирини қўллаб-қувватлаш учун турли жиҳатлар ва маъно-мазмунларни кўтариб чиқиб, машаққат ва такаллуфга тушишлари тўғри иш бўлмаган.

Тўғри, муфассирлар ўртасида таҳоратда икки қўлни ювиш тирсакдан бошланиб, бармоқларнинг учигача давом этадими ёки бунинг акси ўлароқ, бармоқлардан бошланиб тирсаккача ювиладими, ихтилоф мавжуд ва бу борадаги асосий ихтилоф эса оятдаги «إلى», яъни «гача» сўзи қайси сўзга боғлиқ эканини аниқлашда юзага келган. Яъни «إلى» «гача» сўзи ювилиши лозим бўлган «الأيدي», яъни “қўллар” учун қайд-шарт сифатида келтирилганми ёки «واغسلوا» “ювинглар” феъли учун қайд-шарт бўлиб келганми?

Агар «إلى» «гача» сўзи «الأيدي», “қўллар” учун қайд-шарт бўлиб келган бўлса, унда оятнинг маъноси “қўлларни тирсакгача бўлган миқдорда ювиш вожиб” демакдир. “Қўл” сўзи бармоқларни, билакни ва тирсакни то елкагача ўз ичига қамраб олган умумий сўз бўлгани учун қўлнинг ювилиши зарур бўлган миқдорини белгилаш мақсадида «إلى» «гача» сўзи келтирилган. Токи, қўлнинг ювиладиган миқдори “тирсакларга” қадар чегараланганлиги ҳаммага маълум ва тушунарли бўлсин. Агар қўл сўзи турли қисмларни ўз ичига олган кенг қамровли сўз бўлмаганида ва қўлнинг ювиладиган миқдори айрим қисмлар бўлмаганида эди, «إلى», яъни «га» предлоги зикр қилинмаган бўларди. Демак, ушбу «إلى», яъни «гача» предлоги қўлнинг ювиладиган миқдорини чеклаш учун келтирилган.

Бироқ агар «إلى» «га» предлоги «واغسلوا» “ювинглар” феъли учун қайд-шарт бўлиб келган, деб айтадиган бўлсак, у ҳолда зора, қўлни бармоқлардан бошлаб тирсакгача ювиш зарурлигини англатар ва гўё Аллоҳ таолонинг каломи: “Қўлларингизни тирсакларгача ювинглар” деган маънода бўлар.

Аммо ушбу маънодаги ноаниқлик яшириладиган нарса эмас. Зеро, маълумки, бундай ўринларда амалда кенг қўлланадиган одатий тартиб бўйича юқоридан бошланиб пастга қараб ювилади.

Бунга қўшимча қилиб яна шуни айтиш лозимки, агар ҳам «إلى» «га» предлоги «واغسلوا» “ювинглар” феъли учун қайд-шарт ва чеклаш бўлиб келганини қабул қилсак-да, аммо ушбу предлогнинг маъноси иш-фаолиятнинг тугалланиш нуқтасини айтиш учун ишлатилганини қабул қилмаймиз, балки «إلى» «га» предлоги ушбу ояти каримада “билан”, “бирга” маъносини англата олади, яъни «қўлларингизни тирсаклари билан ювинглар». Албатта, «إلى» «га» предлогининг “билан” ва “бирга” маъносида қўлланиши Қуръони Каримда ва Араб тили адабиётида жуда кўп учрайди. Бу борада Қуръон оятларидан бир неча намуналар келтирамиз:

﴿‏وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَهُمْ إِلَىٰ أَمْوَالِكُمْ ۚ﴾‏

«Уларнинг [етимларнинг] молларини ўзингизнинг молларингиз билан бирга еб юборманг» (Нисо сураси, 2-оят).

﴿فَلَمَّا أَحَسَّ عِيسَىٰ مِنْهُمُ الْكُفْرَ قَالَ مَنْ أَنصَارِي إِلَى اللَّهِ ۖ﴾‏

«Қачонки Ийсо улардан кофирликни сезиб қолгач: «Кимлар Аллоҳ билан бирга менга ёрдамчи бўлади?!» деди» (Оли Имрон сураси, 52-оят).

﴿وَيَزِدْكُمْ قُوَّةً إِلَىٰ قُوَّتِكُمْ﴾

«Ва У куч-қувватингиз билан яна куч-қувватни зиёда қилар» (Ҳуд сураси, 52-оят).

Араб тилидаги мақолда шундай дейилади:

«ولى فلان الكوفة إلى البصرة، أي مع البصرة»

«Фалончи киши Куфага Басра билан бирга ҳоким бўлди, яъни Басрага ҳоким билиши билан бирга Куфага ҳам ҳоким бўлди».

Кўриб турганингиздек, «إلى» «га» предлоги юқоридаги ўринларда иш-фаолиятнинг тугалланиш нуқтасини баён қилиш маъносида эмас, балки “билан” ва “бирга” маъносида келган.

Юқорида айтилганлар таҳоратда қўлларни ювиш тепадан, яъни тирсакдан бошланиб пастга қараб, яъни бармоқлар томон амалга оширилиши зарур экалигига аниқ далиллардир. Ушбу далилларга кўра, юқорида ҳам айтиб ўтилганидек, таҳоратда қўлларни ювиш амалда кенг қўлланадиган одатий тартибга бўйсунган ҳолда тепадан пастга қараб амалга оширилмоғи зарур.

Сарвари коинотнинг Аҳли-Байтларидан бўлган имомлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таҳоратларини қуйидаги тартибда ривоят қилганлар:

أخرج الشيخ الطوسي بسنده عن بكير وزرارة بن أعين، أنّهما سألا أبا جعفر عن وضوء رسول الله صلى الله عليه وآله وسلَّم فدعا بطست أو بتَوْر فيه ماء، فغسل كفّيه، ثمّ غمس كفّه اليمنى في التور فغسل وجهه بها، واستعان بيده اليسرى بكفّه على غسل وجهه، ثمّ غمس كفّه اليسرى في الماء فاغترف بها من الماء فغسل يده اليمنى من المرفق إلى الأصابع لا يردّ الماء إلى المرفقين، ثمّ غمس كفّه اليمنى في الماء فاغترف بها من الماء فأفرغه على يده اليسرى من المرفق إلى الكفّ لا يردّ الماء إلى المرفق كما صنع باليمنى، ثمّ مسح رأسه وقدميه إلى الكعبين بفضل كفّيه ولم يجدد ماء.

Шайх Тусий ўз санади билан Букайр ва Зурора ибн Аъяндан ривоят қилади:

«Улар Абу Жаъфар, яъни Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таҳоратлари ҳақида сўрашди. Шунда Имом ҳазратлари бир тоғора ёки кичик бир идишда сув келтиришни сўрадилар. Сўнгра ул ҳазрат ўнг кафтлари ила сув олиб, юзларини ювдилар ва юзларини ювишда чап қўлларининг кафтидан ёрдам олдилар. Сўнг чап қўлларининг кафти билан идишдан бир ҳовуч сув олиб, ўнг қўлларини тирсакдан бошлаб бармоқларигача ювдилар, ювиш асносида сувни тескари ҳолда тирсак томонга қайтармадилар. Сўнгра ўнг қўлларининг кафти билан бир ҳовуч сув олдилар-да, ўша сувни чап қўлларига қуйиб, чап қўлни тирсагидан бошлаб кафтигача ювдилар. Ўнг қўлни ювганларидек ювиш асносида сувни тескари ҳолда тирсак томонга қайтармадилар. Кейин эса кафтларидаги намлик билан бошларига ҳамда икки оёқларига бўғимларигача масҳ тортдилар ва масҳ тортиш учун идишдан сув олмадилар».[1]

Аллоҳ таоло таҳорат оятининг охирида шундай марҳамат қилади:

﴿مَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُم مِّنْ حَرَجٍ وَلَٰكِن يُرِيدُ لِيُطَهِّرَكُمْ وَلِيُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ﴾

«Аллоҳ сизларга машаққатли бўлишни истамас. Лекин У сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. Шоядки шукр қилсаларингиз» (Моида сураси, 6-оят).

Фойдаланилган манба:

[1]. Шайх Тусий, «Таҳзийбул аҳком», 1-жилд, 59-бет, 158-ҳадис.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу шароитларининг аҳкоми

Вузу сувининг шартлари  1. Нажис ва музоф (аралашма) сув билан олинган вузу ботилдир, ўша сув …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.