Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Моъун сураси / МОЪУН СУРАСИНИНГ ТАРЖИМАСИ ВА ТАФСИРИ (1)

МОЪУН СУРАСИНИНГ ТАРЖИМАСИ ВА ТАФСИРИ (1)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Бу суҳбатимизда Қуръоннинг 107-сураси бўлган Моъун сурасининг тафсири билан хизматингиздамиз.

  1. Бу сурадаги салбий кишилар нима хусусиятларга эга?
  2. Ишонч ва қарашларнинг ҳаётимизга ҳамда бошқаларга бўлган муносабатларимиз турига қандай таъсир кўрсатади?
  3. Қиёмат кунини инкор этишнинг таъсири инкор этувчининг амалларида қандай кўринишда бўлади?
  4. «Моъун» сўзининг маъноси нима ва ушбу сурада қандай турмуш тарзига ишора бор?
  5. «Риё» ва «Сумъа» нима? Ва бу иккисининг орасидаги фарқлар қандай?
  6. Риёкор киши нима хусусиятларга эга?

Моъун сурасининг тафсири билан юқоридаги саволларга жавоб беришда бизга ҳамроҳ бўлинг!

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

أَرَأَيْتَ الَّذِي يُكَذِّبُ بِالدِّينِ ﴿١﴾‏ فَذَٰلِكَ الَّذِي يَدُعُّ الْيَتِيمَ ﴿٢﴾‏ وَلَا يَحُضُّ عَلَىٰ طَعَامِ الْمِسْكِينِ ﴿٣﴾‏ فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ ﴿٤﴾‏ الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ ﴿٥﴾‏ الَّذِينَ هُمْ يُرَاءُونَ ﴿٦﴾‏ وَيَمْنَعُونَ الْمَاعُونَ ﴿٧﴾‏

  1. Қиёматни инкор қиладиган кимсани кўрганмисан?!
  2. Агар уни танимасанг, у етимларни ўзидан қаттиқ қувадигандир.
  3. Ва одамларни мискин-муҳтожларга таом беришга ундамайдигандир.
  4. Ва яна намоз ҳам ўқийди. Бу намозхонларнинг ҳолига вой бўлсин!
  5. Улар намозларига енгил қарайдиганлардир.
  6. Улар ибодатларида риё қиладиганлардир.
  7. Ва бошқаларни закот [ва ҳаётнинг зарурий буюмларини] беришдан тиядиганлардир.

Бу сурада салбий одамларнинг чеҳраси таништирилган:

Динга нисбатан салбий қарашга эга бўлган кишилар: «يُكَذِّبُ بِالدِّينِ»

Улар етимлар ва мискин-муҳтожларга нисбатан салбий муносабатда бўлиб, уларни ўзларидан қаттиқ қувадилар: «يَدُعُّ الْيَتِيمَ وَ لا يَحُضُّ»

Улар ибодат ва намозга нисбатан салбий ҳолатда бўлиб, ихлослари ҳам йўқ: «ساهُونَ‏ يُراؤُنَ»

Улар одамларга хизмат қилишда салбий муносабат билдирадилар: «يَمْنَعُونَ الْماعُونَ»

Бу сурада келган “дин”дан мурод қиёмат кунидир, ушбу оят каби: «مالِكِ يَوْمِ الدِّينِ»

«دعَّ» “Даъъа” сўзи қўпол муомалада бўлиб ҳайдашни ва «حضَّ» “Ҳазза” сўзи эса бошқаларни рағбатлантириш ва ундашни англатади.

Бу сурадаги Қиёмат куни ва қайта тирилишни инкор қилишдан кўзланган маъно қалб билан инкор этишдир, сўз билан эмас. Чунки ушбу сурада назарда тутилган кишилар намоз ўқийдиганлар бўлиб, улар ўз намозларида риёкорлик, бошқаларга ўзини кўз-кўз қилиш, ғафлат – бепарволик ва енгил қараш ҳолатида бўладилар.

“Моъун” сўзи «معن» калимасидан олинган бўлиб, қўшнилар одатда эҳтиёж сезганларида бир-бирларига қарз берадиган уй-рўзғор буюмлари ва анжомлари маъносини англатади, меҳмондорчиликдаги идиш-товоқлар каби.

Дин бир-бирига боғлиқ бўлган бир тўплам бўлиб, динда буюрилган намоз мискин-муҳтожларга таом бериш ҳамда эҳтиёжмандларга ғамхўрлик ва кўмак қилишдан ажралмайди.

Ҳадиси шарифларда «ساهُونَ» “Соҳуун” сўзи намозга сустлик қилувчи, енгил қаровчи, намозни тарк ва зое этувчи маъноларини англатади, дейилган. (Манба: Нурус-Сақалайн тафсири)

Бу ерда бир ингичка масалага ишора қилмоқ лозимки, илоҳий шаъоир ва маросимларни сақлаб қолиш учун жамоат намозига қатнашиш масаласи ғаразли нафсоний мақсадлар юзасидан риёкорлик ва ўзини кўз-кўз қилиш масаласидан буткул фарқланиб туради.

Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ким уй-рўзғор буюмларини қўшниларига беришдан тийилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло ундан Ўз фазл-марҳаматини дариғ тутади. (Манба: Канзуд-дақоиқ тафсири)

Албатта, бошқа бир ҳадиси шарифда маъсум имомдан бу борда шундай деб сўралган: “Бизнинг шундай қўшниларимиз борки, қачон уларга уй-рўзғор буюмларини омонатга берсак, уни синдиришади ёки шикаслантиришади. Агар ундайларга уй-рўзғор буюмларини омонатга бермасак гуноҳ бўладими? Имом ҳам: Ундай ҳолда бермасликнинг ҳеч бир айби йўқ, деб жавоб берганлар. (Манба: Нурус-Сақалайн тафсири)

Ҳадиси шарифда айтилишича: Кимки намоз вақтларига эътиборсиз бўлса ва намозни биринчи вақтида ўқимаса, унинг ҳолига вой бўлур. (Манба: Нурус-Сақалайн тафсири)

Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) дедилар: «Моъун қарз бериш, одамларга қилинган ҳар қандай яхшилик ва хайрли ишларни, уй-рўзғор буюмларини [қўшниларга] беришни жумладан, закотни ўз ичига олади».

Манба: Шайх Кулайний, «Ал-Кофий», 3-жилд, 499-бет.

Инсоннинг бағри тошлиги шу даражага етиб борадики:

Қашшоқликнинг энг оғир тури бўлган мискин-муҳтожга нисбатан,

Энг зарурий эҳтиёж бўлган егулик ва таомга нисбатан,

У ҳам бўлса истеъмол миқдорида, жамғариш учун эмас,

На унинг ўзи бирор саъй-ҳаракат қилади, на бошқаларни бу ишга рағбатлантиради.

Манба: Нурус-Сақалайн тафсири, 10-жилд, 604-бет.

РИЁ ВА ЎЗИНИ КЎЗ-КЎЗ ҚИЛИШ МАСАЛАСИГА БИР НАЗАР

“Риё” ва “Сумъа” мўмин кишиларга таҳдид соладиган икки катта хавф ва офатдир. Киши бирор ишни одамларнинг кўзи учун бажарса, “Риё” дейилади ва “Сумъа” эса бир ишни одамларнинг қулоғига етиб бориши мақсадида амалга оширишга айтилади. Бу икки иш мунофиқлик аломатларидандир. Қуръонда мунофиқлар ҳақида шундай дейилган:

﴿وَإِذَا قَامُوا إِلَى الصَّلَاةِ قَامُوا كُسَالَىٰ يُرَاءُونَ النَّاسَ﴾‏

«Ва қачон улар [мунофиқлар] намозга турсалар, ялқовлик билан одамларга кўз-кўз қилиш юзасидан турадилар» (Нисо сураси, 142-оят)

Мунофиқ кишиларнинг намозга туришлари ялқовлик ва риёкорлик билан бўлганидек, худди шундай одамларга ёрдам беришлари ҳам ёқтирмаслик ва норозилик ҳолатида бўлади.

﴿وَلَا يُنفِقُونَ إِلَّا وَهُمْ كَارِهُونَ﴾‏

«Улар [мунофиқлар] ўзлари ёқтирмаган ҳолларидагана инфоқ-эҳсон қиладилар» (Тавба сураси, 54-оят)

Ҳадисларга кўра, риёкор кишининг зоҳири ва ташқи кўриниши гўзал, лекин ботини ва ички олам эса бемор ва нохўш бўлади. У ташқи кўринишида Аллоҳдан қўрқадиган ва камтарин кишидир, лекин ботинида эса гуноҳ қилишдан тийилмайди. У ташқи томондан қўй бўлиб кўринади, бироқ ички оламида эса бўридир. Бу дунёдан охиратни қўлга киритиш ўрнига охиратдан юз ўгириб дунёга талпинади ва Аллоҳнинг беркитувчилигини суиистеъмол қилиб, гуноҳ амалларни содир этади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

«Энг оғир азоблар одамлар ундан яхшилик кўрсалар-у, лекин унда бирор бир яхшилик бўлмаган киши учундир. Фаришталар баъзи одамларнинг амалларини юқорига олиб чиқаётганларида, уларга: Бу инсонларнинг мақсади Худо бўлмаган, амалларини қайтаринг, деб нидо келади».

Келгуси суҳбатимизда Моъун сурасининг давомини эътиборингизга тақдим этамиз. Яна учрашгунча барчангизни Меҳрибон Аллоҳга топшираман. Унинг паноҳида омон бўлинг! 

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.