Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / ТЎҒРИЛИК ВА ЯХШИЛИК МЕЗОНИ НИМАДАН ИБОРАТ?

ТЎҒРИЛИК ВА ЯХШИЛИК МЕЗОНИ НИМАДАН ИБОРАТ?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Биз яшаётган мусулмонлар жамиятида кўп ҳолатларда намозхон киши тўғри ва яхши инсон деб тилга олинади. Шу боис, фарз намозларини ҳамда таҳажжуд ва шаб намози каби айрим мустаҳаб намозларни адо этиб ва Рамазон ойида рўза тутиб, ҳаж ва умра каби ибодатларни бажарган ҳамда муқаддас зиёрат сафарларига борган кишилар жамиятда жуда тўғри ва яхши инсонлар деб қабул қилиниб эъзозланадилар ва бундай кишиларнинг айтган сўзлари-ю қиладиган ишлари юқори эътибор ва аҳмиятга эга.

Аммо Ислом дини кўрсатмалари ва таълимотларида эса юқоридаги амаллар ҳар бир мусулмоннинг бандалик бурчи бўлиб, Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи восита ҳисобланади, деб айтилган. Унда Ислом дини нуқтаи назаридан тўғрилик ва яхшилик мезони нимадан иборат? Қандай инсонни яхши, тўғри ва ҳалол инсон деб билиш мумкин? деган савол туғилади. Ушбу саволнинг жавобини Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан қидирамиз:

﴿فَإِنْ أَمِنَ بَعْضُكُم بَعْضًا فَلْيُؤَدِّ الَّذِي اؤْتُمِنَ أَمَانَتَهُ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ ۗ ﴾‏.

«Агар баъзингиз баъзингизга ишонсангиз, бас, ишонилган киши омонатни адо этсин ва Парвардигори бўлмиш Аллоҳга қарши чиқишдан сақлансин» (Бақара сураси, 283-оят).

﴿إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَىٰ أَهْلِهَا﴾

«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига топширишни буюради» (Нисо сураси, 58-оят).

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ ﴿٢٧﴾

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Пайғамбарга хиёнат қилмангиз ва билган ҳолингизда сизларга ишониб топширилган омонатларингизга хиёнат қилмангиз» (Анфол сураси, 27-сураси).

وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ ﴿٨﴾‏

«Улар [мўминлар] омонатларига ва қилган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир» (Мўминун сураси, 8-сураси ҳамда Маориж сураси, 32-оят).

Юқоридаги оятлардан маълумки, жамиятдаги кишилар орасида шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва бошқа турдаги муомалаларда инсонлар бир-бирига ишониб топширадиган омонатлар бўлади. Чунки, ижтимоий ҳаётдаги муомалаларнинг ҳаммасида ҳам одамлар бир-бирига бирор нарсани ишониб топширишади, хоҳ ўша нарса сўз бўлсин ёки бирор мол ва мато бўлсин. Ана ўша ишониб топширилган нарса омонат бўлади. Омонатларни ўз ўрнига қўйиш ёки ўз эгаларига топшириш омонатлилик ва бунинг акси эса хиёнат ҳисобланади.

Мазкур ояти карималарга кўра, тақво йўлини тутган мўминлар омонатдор кишилар бўладилар. Демак, Қуръон нуқтаи назаридан тўғрилик, ҳалоллик ва яхшилик мезонларидан бири – бу омонатлиликдир.

﴿قَالَ اللَّهُ هَٰذَا يَوْمُ يَنفَعُ الصَّادِقِينَ صِدْقُهُمْ ۚ

«Аллоҳ деди: Бу кун [Қиёмат куни] ростгўйларга ростгўйликлари фойда берадиган кундир» (Моида сураси, 119-оят).

وَقُل رَّبِّ أَدْخِلْنِي مُدْخَلَ صِدْقٍ وَأَخْرِجْنِي مُخْرَجَ صِدْقٍ وَاجْعَل لِّي مِن لَّدُنكَ سُلْطَانًا نَّصِيرًا﴿٨٠﴾‏

«Ва дегин: Эй Парвардигорим, мени ҳар бир ишга ростгўйлик ила киритгин ва мени ростгўйлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи бир қувват ато этгин» (Исро сураси, 80-оят).

إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَنَهَرٍ ﴿٥٤﴾ فِي مَقْعَدِ صِدْقٍ عِندَ مَلِيكٍ مُّقْتَدِرٍ ﴿القمر: ٥٥﴾‏

«Албатта, тақводорлар жаннату анҳорларда. Ростгўйлик ўриндиқда қудратли Подшоҳ ҳузурида бўлурлар» (Қамар сураси, 54 ва 55-оятлар).

Юқоридаги оятларга кўра, ростгўйлик ва тўғрисўзлик хусусияти ҳалоллик ва яхшилик мезонларидан бири бўлиб, жамиятдаги кишиларни баҳолаш учун асос бўла олади. Энди ушбу масалани ҳадислар нуқтаи назаридан ўрганиб чиқамиз.

عن أحمد بن علي التفليسي، عن أحمد بن محمد الهمداني عن أبي جعفر الثَّاني، عن آبائه: عن النبيِّ صلَّى الله عليه وآله وسلَّم قال: لا تَنظُروا إلى کثرَةِ صَلاتِهِم وَصَومِهِم، وَکثرَةِ الحَجِّ، وَالمَعروفِ، وَطَنطَنَتِهِم بِاللَّيلِ، وَلکنِ انظُروا إلى صِدقِ الحَدیثِ وَأداءِ الأمانَةِ.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилганлар:

«Одамларнинг кўп намоз ўқишлари-ю, рўза тутишларига, кўп ҳаж қилишлари-ю, яхши амалларига ва кечалари ибодатга туриб нола қилишларига қараманг. Лекин уларнинг ростгўйлигига ҳамда омонатдорлигига қаранг».

📚Манбалар: Шайх Садуқ, «Уюну Ахборир-Ризо (алайҳис салом)», 2-жилд, 51-бет. «Ал-Амолий Шайх Садуқ», 182-бет. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 75-жилд, 114-ҳадис.

مُحَمَّدُ بْنُ يَحْيَى عَنْ أَحْمَدَ بْنِ مُحَمَّدٍ عَنِ ابْنِ مَحْبُوبٍ عَنْ أَبِي وَلَّادٍ الْحَنَّاطِ عَنْ أَبِي عَبْدِ اللَّهِ عليه السلام قَالَ: أَرْبَعٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ كَمُلَ إِيمَانُهُ وَإِنْ كَانَ مِنْ قَرْنِهِ إِلَى قَدَمِهِ ذُنُوباً لَمْ يَنْقُصْهُ ذَلِكَ قَالَ: وَهُوَ الصِّدْقُ وَأَدَاءُ الْأَمَانَةِ وَالْحَيَاءُ وَحُسْنُ الْخُلُقِ‌.

🌹Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) айтадилар:

«Кимда бу тўрт хислат бўлса, унинг иймони комил бўлур. Агарчи бошидан оёқларига қадар гуноҳларга тошган бўлса ҳам, иймонини озайтирмас. Ўша хислатлар: ростгўйлик, омонатдорлик, ҳаё ва гўзал хулқ-атвордир».

Манба: Шайх Кулайний, «Ал-Кофий», 4-жилд, 325-бет.

عِدَّةٌ مِنْ أَصْحَابِنَا عَنْ سَهْلِ بْنِ زِيَادٍ عَنْ بَعْضِ أَصْحَابِهِ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ سِنَانٍ عَنْ أَبِي عَبْدِ اللَّهِ عليه السلام قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ ص‌ ثَلَاثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ كَانَ مُنَافِقاً – وَإِنْ صَامَ وَصَلَّى وَزَعَمَ أَنَّهُ مُسْلِمٌ مَنْ إِذَا ائْتُمِنَ خَانَ وَإِذَا حَدَّثَ كَذِبَ وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَ جَلَّ قَالَ فِي كِتَابِهِ‌ ﴿إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ الْخَائِنِينَ﴾‏ وَقَالَ‌ ﴿أَنَّ لَعْنَتَ اللَّهِ عَلَيْهِ إِن كَانَ مِنَ الْكَاذِبِينَ﴾‏ وَفِي قَوْلِهِ عَزَّوَجَلَّ – ﴿وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِسْمَاعِيلَ ۚ إِنَّهُ كَانَ صَادِقَ الْوَعْدِ وَكَانَ رَسُولًا نَّبِيًّا﴾‏.

📖 Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилиб дедилар:

«Кимда бу уч хислат бўлса, у мунофиқдир, агарчи рўза тутиб, намоз ўқиса ва ўзини мусулмон деб билса ҳам: Кимки унга бирор омонат ишониб топширилса хиёнат қилади ва қачонки гапирса ёлғон сўзлайди ва қачонки ваъда берса, ваъдасини бузади. Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол сураси, 58-оят). Ва деди: «Агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» (Нур сураси, 7-оят). Аллоҳнинг каломида шундай дейилган: «Ва ушбу китобда Исмоилни эсла. Дарҳақиқат, у ваъдасида ростгўй ҳамда Расул ва Набий эди» (Марям сураси, 54-оят)».

📚 Манбалар: Шайх Кулайний, «Ал-Кофий», 2-жилд, 290 ва 291-бетлар. Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 69-жилд, 108-ҳадис.

أبو علي الأشعري، عن محمد بن عبد الجبار، ومحمد بن إسماعيل، عن الفضل ابن شاذان، جميعا، عن صفوان بن يحيى، عن أبي أسامة زيد الشحام قال: قال لي أبو عبد الله (عليه السلام): اقرأ على من ترى أنه يطيعني منهم ويأخذ بقولي السلام وأوصيكم بتقوى الله عز وجل والورع في دينكم والاجتهاد لله وصدق الحديث وأداء الأمانة وطول السجود وحسن الجوار فبهذا جاء محمد (صلَّى الله عليه وآله)، أدُّوا الأمانة إلى من ائتمنكم عليها بَرًّا أو فاجرًا، فإنَّ رسول الله (صلَّى الله عليه وآله) كان يأمر بأداء الخيط والمخيط صلُّوا عشائركم واشهدوا جنائزهم وعودوا مرضاهم وأدُّوا حقوقهم فإنَّ الرجل منكم إذا ورع في دينه وصدق الحديث وأدَّى الأمانة وحسَّن خلقه مع الناس قيل: هذا جعفريٌّ فيسرُّني ذلك ويدخل عليَّ منه السُّرور وقيل: هذا أدب جعفرٍ وإذا كان على غير ذلك دخل عليَّ بلاؤه وعاره وقيل: هذا أدب جعفر، فوالله لحدَّثني أبي (عليه السلام) أنَّ الرَّجل كان يكون في القبيلة من شيعة عليٍّ (عليه السلام) فيكون زينها آداهم للأمانة وأقضاهم للحقوق وأصدقهم للحديث، إليه وصاياهم وودائعهم، تسأل العشيرة عنه فتقول: من مثل فلان إنَّه لآدانا للأمانة وأصدقنا للحديث.

🌹Абу Усома Зайд ал-Шаҳҳом олтинчи пешвоимиз Абу Абдиллоҳ Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан ривоят қилиб деди: Ул ҳазрат менга шундай дедилар:

«Менга итоат қиладиган ва сўзимга амал қиладиган ҳар бир кишини кўрганингда унга менинг саломимни айтгин. Мен сизларга Аллоҳ Азза ва Жаллага тақво қилишни, яъни Унга қарши чиқиб, маъсият қилишдан сақланишни ва динингизда парҳизкор бўлишни, Аллоҳ учун саъй-ҳаракат қилишни, ростгўй ва тўғрисўз бўлишни, омонатни ўз эгасига адо этишни, узоқ саждага боришни ва яхши қўшничиликни тавсия этаман. Ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мана шуларни келтирганлар.

Демак, омонатни сизларни омонатли ва ишончли деб билган кишига хоҳ яхши киши бўлсин ёки фосиқ-фожир бўлсин, адо этинг. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ип ва игнани ҳам ўз эгасига топширишни буюрардилар. [Аҳли суннатдан бўлган] қариндошларингиз билан намоз ўқинг, уларнинг дафн маросимларига қатнашинг, беморларини бориб кўринг ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этинг. Зеро, агар сизлардан бирор киши динида парҳизкор ва тўғрисўз бўлса, омонатни ўз эгасига топширса ва инсонлар билан қиладиган муомаласида хулқ-атворини яхшиласа, шунда бошқалар бу Жаъфарий, яъни Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)нинг издоши дейишади ва бу нарса мени хурсанд қилади, бу сўздан менга сурур ва қувонч етади. Шунда одамлар «бу Жаъфарнинг одоби», – деб айтишади. Ва агар бунинг акси бўлса, унинг балоси ва шармандалиги менга етиб келади ва шунда ҳам одамлар «бу Жаъфарнинг одоби», – деб айтишади.

Аллоҳга қасамки, отам Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) менга дедилар: Бир киши бирор қабилада, яъни шаҳарда ё қишлоқда ёки маҳаллада Али (алайҳис салом)нинг шиаси бўладиган бўлса, ўша ернинг зийнати бўлур; одамлар орасида омонатни энг адо этувчироғи, ҳақ-ҳуқуқларга энг риоя қилувчироғи ва уларнинг энг ростгўйроғи бўлади. Ўша ернинг одамлари ўз васият ва омонатларини унга ишониб топширишади. Одамлар унинг ҳолидан хабар олиб шундай дейишади: Фалончига ўхшаш ким бор?! Чиндан ҳам у бизнинг орамизда омонатни энг адо этувчироқ ва бизнинг энг ростгўй ва тўғрисўз кишимиздир».

Манба: Шайх Кулайний, «Ал-Кофий», 2-жилд, 636-бет.

ХУЛОСА ВА НАТИЖА

Юқоридаги оятлар ва ҳадислардан ошкора маълум бўладики, бирор бир кишини қандай инсон эканлигини билиб олиш учун унинг намозхонлигига, кечалари таҳажжуд намозига туриб дуо-илтижо қилишларига, рўзадорлигига, Маккага бориб ҳаж ва умра амалларини бажарганига, хайру эҳсонлар қилганига ва шунга ўхшаш бошқа яхши амалларни бажарганига қарамаслик керак. Зеро, бу амалларнинг барчаси Аллоҳ таоло билан банда ўртасида содир бўлган бўлиб, банда бу амалларни холис Аллоҳнинг ризолиги учун бажарган бўлиши мумкин ёки риё қилиб бошқаларга кўрсатиш учун амалга оширган бўлиши мумкин.

Шу боис, кишининг бундай амаллари уни яхши, тўғри ва ҳалол инсон деб баҳолаш учун далил ва асос бўла олмайди. Балки бир кишини яхши, тўғри ва ҳалол инсон деб баҳолаш учун унинг шахсий ва ижтимоий ҳаётдаги муомаласи ва юриш-туришларига қараш керак. Агар киши инсонлар билан қиладиган муомаласида ростгўйлик – тўғрисўз, омонатли, ҳаёли ва хушмуомала, яъни чиройли хулқ-атворли бўлса, у ҳолда уни яхши, тўғри ва ҳалол инсон деб айта оламиз. Лекин бунинг акси ўлароқ, киши ёлғончи, хиёнаткор, ҳаёсиз ва қўпол муомалали бўлса, у ҳолда агарчи у намозхон, рўзадор, ҳаж ёки умрага борган ва хайр-эҳсон қилувчи киши бўлса ҳам, уни яхши, тўғри ва ҳалол инсон деб баҳолаб бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, тўғрилик, ҳалоллик ва яхшилик мезони бу – ростгўйлик, омонатдорлик, ҳаёлилик ва хушмуомалаликдан иборат.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Имом Маҳдий (а.ж) ва ул ҳазратнинг келишлари учун энг яхши иш нима?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Жавоб шуки, энг яхши иш деганда бунга икки томондан қараш мумкин; 1. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.