Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Қурайш сураси / ҚУРАЙШ СУРАСИНИНГ ТАРЖИМАСИ ВА ТАФСИРИ

ҚУРАЙШ СУРАСИНИНГ ТАРЖИМАСИ ВА ТАФСИРИ

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум, қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурининг ҳурматли томошабинлари ва тингловчилари. Бу суҳбатимизда Қуръоннинг 106-сураси бўлган Қурайш сурасининг таржимаси ва тафсири билан хизматингиздамиз. Суҳбатимизни ушбу саволларга жавоб бериш билан давом эттирамиз:

  1. Абраҳа қўшинининг нобуд бўлиши Ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбар бўлишлари учун қандай замин яратди?
  2. Қурайш қабиласи билан Макка замини ўртасидаги улфат ва иноқлик Арабистон ярим оролининг келажаги учун нима оқибатларга эга эди?
  3. Қурайш сўзининг келиб чиқиши ва маъноси нима?
  4. Оятдаги «إِيلَافِهِمْ» «Ийлофиҳим» сўзининг маъноси нима?
  5. Қурайш сурасининг оятларидан қандай сабоқларни олиш мумкин?

Қурайш сурасининг тафсири билан юқоридаги саволларга жавоб беришда бизга ҳамроҳ бўлинг!

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

لِإِيلَافِ قُرَيْشٍ ﴿١﴾‏ إِيلَافِهِمْ رِحْلَةَ الشِّتَاءِ وَالصَّيْفِ ﴿٢﴾‏ فَلْيَعْبُدُوا رَبَّ هَٰذَا الْبَيْتِ ﴿٣﴾‏ الَّذِي أَطْعَمَهُم مِّن جُوعٍ وَآمَنَهُم مِّنْ خَوْفٍ ﴿٤﴾‏

  1. [Абраҳанинг филларга минган лашкарини мағлуб этишимиз] Қурайшни [муқаддас Макка замини билан] улфатлаштириш [ва Пайғамбарнинг зоҳир бўлишига замин яратиш] учун эди.
  2. Уларни қишки ва ёзги сафарлар билан улфатлаштириш [тинчлик ва осудаликда ўз ҳаётларини таъминлашлари] учун эди.
  3. Демак, улар [бу неъматнинг шукронаси учун] ушбу Уйнинг, яъни Каъбанинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!
  4. У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирган ва уларни душман қўрқувидан осуда этган Зотдир.

Баъзи муфассирлар бу сурани олдинги суранинг давоми деб билиб, бу борада етишган ҳадислар асосида ушбу икки сурани, яъни Фил ва Қурайш сураларини намозда бир-биридан ажратишни жоиз деб билмайдилар. Икки сура Зуҳо ва Иншироҳ каби. Агар Абраҳа ғолиб бўлганида Қурайшнинг иқтисодий таъминоти барҳам топарди. Қурайшнинг иқтисодий таъминотини сақлаб қолиш учун Аллоҳ таоло Абраҳанинг филларга минган қўшинини тор-мор этди.

«رِحْلَةَ» “Риҳлат” сўзининг маъноси йўлни бирор улов устида босиб ўтиш демакдир. Қурайш қабиласи йилига икки марта тижорат ва олди-сотди сафарига чиқардилар, бири қишда Яман диёрига бўлса, иккинчи эса ёзда Шом диёрига эди.

Қон тўкиш ва урушни қадрли деб билган жоҳилият одатига қарши ўлароқ, “Ийлоф” ва “Улфат” калималарининг такрорланиши Аллоҳнинг Қурайшга бўлган фазлу марҳаматини ифодалайди.

Тижорат ва савдо сафарлари экспорт ва импортнинг равнақ топишига сабаб бўлиб, ҳаётнинг яхшиланишига ва маданият алмашинувига олиб келади.

Абраҳанинг филларга минган қўшини тор-мор бўлгач, одамлар Ҳарам аҳлига муқаддас жой сифатида алоҳида эътибор қаратишарди.

Балки, “Ийлоф”дан кўзланган маъно Қурайшликларни ушбу муқаддас замин билан улфатлаштириш бўлса, токи улар ўзларининг қишки ва ёзги сафарлари давомида бу муқаддас заминга бўлган меҳру муҳаббатларини қўлдан бериб қўймасинлар ва у ердаги осуда ҳаёт туфайли унинг томон қайтсинлар. Қурайшликлар Яман ва Сурия заминидаги ҳаётнинг афзалликлари таъсирига тушиб, “Макка” шаҳрини тарк этиб кетмасинлар.

Ёки “Ийлоф”дан кўзланган маъно бу икки узоқ сафар давомида Қурайш қабиласи билан бошқа халқлар ўртасида улфат ва иноқлик пайдо қилиш бўлган. Негаки Абраҳа қўшинининг бошига келган воқеа-ҳодисадан кейин одамлар Қурайшликларга бошқача қарашарди ва Маккадан келган Қурайш карвонига алоҳида ҳурмат-эҳтиром, аҳамият ва хавфсизлик ила эътибор қаратишар эди.

Кўп муфассирлар ва луғатшунос олимларнинг айтишларича, “Қурайш” сўзи аслида ҳар қандай ҳайвонни осонлик билан ейдиган йирик денгиз ҳайвонларининг бир тури маъносини англатади! Тарихдан маълум бўлишича, «Ибн Аббос»га: «Нимага Қурайшни «Қурайш» деб атаганлар? деган савол берилганида, ушбу машҳур таъбир, яъни “Қурайш” сўзи йирик денгиз ҳайвонларининг бир тури деган таъбир ундан ривоят қилинган.

Бинобарин, «Қурайш» қабиласига бу номнинг берилиши ушбу қабиланинг куч-қудратга эга бўлгани ва ўз қудратини суиистеъмол қилгани учун бўлган.

Лекин баъзилар «Қурайш» сўзини “Фараша” вазнидаги “касб-кор” маъносини ифодаловчи “Қараша” сўзидан олинган деб билганлар. Негаки ушбу қабила кўпинча савдо ва тижорат билан шуғулланган.

Баъзилар ҳам «Қурайш» сўзи ундан олинган “Қараша” сўзини “текшириш ва тафтиш қилиш” маъносини англатади деб билганлар. Зеро, Қурайш Маккага ҳаж қилишга келган ҳожиларнинг аҳволидан хабар олгани ва гоҳида эса уларга ёрдам ва хизмат кўрсатгани учун уларга «Қурайш» деган ном берилган.

“Қараша” сўзи луғатда “тўпланиш” ва “жамланиш” маъносида ҳам келган. Ушбу қабила ўзига хос жамланиш ва жипслашиш хусусиятига эга бўлгани учун «Қурайш» номи уларга танланган.

Лекин ҳар ҳолда бугунги кунда «Қурайш» номи кишига асло ижобий тушунчани англатмайди. Қурайшликлар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қабиладоши бўлсалар-да, лекин улар Ислом динининг энг ашаддий душманларидан ҳисобланиб, ҳамиша Исломга зарба бериб келар, адоват ва душманлик қилар эдилар. Ҳаттоки Макка шаҳри фатҳ этилиб, Ислом дини ғалаба қозониши билан Қурайш қабиласининг куч-қудрати парчаланган бир пайтда ҳам улар яширинча фитналар уюштиришни давом эттирдилар ва Пайғамбар (с.а.в) вафотларидан кейин ҳам Ислом тарихи ҳеч қачон унутмайдиган оғриқли воқеаларни юзага келтирдилар. Тарихдан маълумки, ўта золим ва тоғут ҳукуматининг энг ёрқин намунаси бўлган “Бани Уммайя” ва “Бани Аббос” тоифаси ҳам Қурайш қабиласидан чиққанлар. Улар бу муқаддас замин билан улфат ва иноқ бўлмаганлар ҳам.

Қурайш сурасидан олинадиган сабоқлар:

  1. Душманларнинг мағлубияти бирдамлигингиз омилидир: «فَجَعَلَهُمْ كَعَصْفٍ مَأْكُولٍ»
  2. Жамият қатламлари орасидаги бирлик ва улфат-иноқлик Аллоҳ таолонинг неъматларидандир: «لِإِيلافِ قُرَيْشٍ»
  3. Жамиятнинг иқтисодий ва хавфсизлик масалалари ҳал бўлмагунча, уларни ибодатга чақириб бўлмайди: «فَلْيَعْبُدُوا … الَّذِي أَطْعَمَهُمْ‏ … وَآمَنَهُمْ‏»
  4. Ибодат қилиш ва сиғинишнинг фалсафаларидан бири НЕЪМАТ БЕРУВЧИга шукр қилишдир: «فَلْيَعْبُدُوا رَبَّ هذَا الْبَيْتِ»
  5. Аллоҳ таолонинг Ўзи Макка ва Каъба ишларини идора этади: «رَبَّ هذَا الْبَيْتِ»
  6. Жамиятнинг тирикчилиги ва хавфсизлигини таъминлаш Аллоҳга бандалик ва ибодат қилиш йўлида бўлмоқлиги лозим: «فَلْيَعْبُدُوا … الَّذِي أَطْعَمَهُمْ‏ … وَآمَنَهُمْ‏»
  7. Очлик ва таомга эҳтиёжмандлик инсониятга хос хусусият бўлиб, ушбу эҳтиёжни қондириш Аллоҳнинг фазлу раҳматидан далолатдир: «أَطْعَمَهُمْ مِنْ جُوعٍ»
  8. Хавфсизликни ўрнатиш ва қўрқув омилларини ўртадан кўтариш Аллоҳнинг ишидир: «آمَنَهُمْ مِنْ خَوْفٍ»
  9. Пул топиш учун сафарга чиқиш Ислом динида қабул қилинган:

«رِحْلَةَ الشِّتاءِ وَالصَّيْفِ»

﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ﴾

«Барча ҳамд-мақтов, оламлар мураббийси бўлмиш Аллоҳга хосдир».

Келгуси суҳбатимизда Қуръоннинг 105-сураси бўлган Фил сурасининг таржима ва тафсири билан хизматингизда бўламиз. Яна учрашгунча сизларни Каъбанинг Парвардигорига топшираман.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.