Home / Долзарб мавзулар / Саҳобалар / Менинг саҳобаларим юлдузларга ўхшайди, уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳидоят топгайсиз!

Менинг саҳобаларим юлдузларга ўхшайди, уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳидоят топгайсиз!

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Кўп ўринларда салафийлар ва ҳатто мўътадил Аҳли суннат томонидан тўғри йўл ва ҳидоят йўли – бу саҳобаларга эргашиш ва уларнинг йўлини тутиш эканлигини исботлаш учун «Саҳобаларни юлдузларга ўхшатган ҳадислар» асос ва далил сифатида тилга олиб айтилади. Шу боис, биз ушбу мазмундаги ҳадисларни илмий-таҳлилий услубда кенг қамровли ўрганиб чиқишни лозим топдик.

أخرج ابن حميد عن نافع عن ابن عمر، أنَّ رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ قال: مَثَلُ أصحابي مَثَلُ النُّجوم يُهتدىٰ به، فأيُّهم أخذتم بقوله اهتديتم.

Ибн Ҳамид Нофиъдан, у эса Ибн Умардан ва Ибн Умар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ривоят қилади. Ул ҳазрат шундай деб марҳамат қилганлар:

«Менинг саҳобаларимнинг мисоли улар орқали тўғри йўл топиладиган юлдузлар мисоли кабидир. Бас, уларнинг ҳар қайсисининг сўзини ушласангиз, ҳидоят топгайсиз».[1]

Дастлаб, ушбу ҳадисга доир бир неча фикр-мулоҳазаларни ўрганиб чиқамиз:

Юқоридаги ҳадиснинг матни ушбу ҳадис пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан айтилганини ёлғонга чиқаради. Зероки, ҳар қандай юлдуз ҳам қуруқликда ва денгизда йўл кўрсатувчи бўлавермайди, балки йўл кўрсатиш учун махсус йўлчи юлдузлар мавжуд. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилган:

﴿وَعَلَامَاتٍ ۚ وَبِالنَّجْمِ هُمْ يَهْتَدُونَ﴾‏

«Ва яна аломатлар [ерга ўрнатди] ҳамда [кечалари] юлдузлар ила улар йўл топурлар» (Наҳл сураси, 16-оят).

Бошқа ояти каримада бу борада шундай дейилган:

﴿وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ النُّجُومَ لِتَهْتَدُوا بِهَا فِي ظُلُمَاتِ الْبَرِّ وَالْبَحْرِ ۗ قَدْ فَصَّلْنَا الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ﴾

«У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни яратиб қўйган Зотдир. Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик» (Анъом сураси, 97-оят).

Араб тили грамматикасига кўра, юлдузлардаги Алиф-Лом маълум нарсани кўрсатиш учун келган, яъни оятда муайян юлдузлар назарда тутилган, ҳамма юлдузлар ҳам эмас. Зеро, араблар ўша пайтда қуруқликда ва денгизда муайян юлдузлар орқали йўлни топардилар.

Шундай экан, мазкур ҳадисда фақат бир гуруҳ саҳобаларгина назарда тутилган деб айтиш мумкин, ҳамма саҳобалар ҳам эмас. Лекин ушбу ҳадис умумлаштирилган ҳолда айтилган бўлиб, ҳар бир саҳобани ўз ичига қамраб олади. Чунки, ҳадисда: «فأيُّهم أخذتم بقوله اهـتـديتـم» «Уларнинг ҳар қайсисининг сўзини ушласангиз, ҳидоят топгайсиз» дейилган. Демак, саҳобалар «юлдузларга ўхшайдилар» деган таъбирни кенг қамровли умумий маънога суришдан бошқа илож йўқдир. Аммо ҳақиқат шуки, ҳар бир юлдуз ҳам йўл кўрсатувчи бўла олмайди.

Осмондаги ҳар бир юлдузни йўл кўрсатувчи, деб фараз қилган тақдирда, ҳар бир саҳоба Ислом умматига тўғри йўлни кўрсатувчи порлоқ юлдуз бўла оладими?! Мисол тариқасида, Қуддома ибн Мазъун исмли шахс Бадр жангида қатнашган саҳоба бўлиб, биринчи пешқадамлардан ҳамда икки марта ҳижрат қилган муҳожирлардан эди. Шунга қарамай, у Аллоҳ ҳаром қилган ичимлик – май ичгани учун иккинчи халифа саналган Умар ибн Хаттоб унга ҳадд, яъни шаръий жазони қўллаб, унга шаллоқ урган. Шунингдек, Умар бин ал-Хаттобнинг Абдураҳмон ал-Асғар исмли ўғли ҳаром қилинган ичимлик – шароб ичгани ҳам тарих саҳифаларида битилган.[2]

Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан сўнг баъзи саҳобалар бегуноҳ инсонларнинг қонини ноҳақ тўкишган. Кимки Ислом тарихини кўздан кечириб, саҳоба бўлмиш Буср ибн Артот ҳаётини ўрганса, у жуда кўп жиноятлар содир этганини, ҳаттоки Пайғамбарнинг амаки ўғиллари Убайдуллоҳ ибн Аббоснинг икки фарзандини ўлдирганини билиб олади!!

Саҳобалар орасида қанчадан-қанча кишилар бор эдики, уларнинг ножўя қилмишлари тарих саҳифаларида ёзиб қолдирилган. Шунча ёрқин далил-исботлардан сўнг яна бирон бир киши саҳобаларнинг ҳаммаси истисносиз ҳолда юлдузлар сингари тўғри йўлни кўрсатувчилар ҳисобланади, деб айтса, тўғри ва ўринли гапни айтмаган бўладими?

Аҳли суннатнинг кўпгина тадқиқотчи олимлари ушбу ҳадиснинг тўқима эканлигини эътироф қилганлар. Жумладан, Аҳли суннатнинг буюк олими Ибн Ҳазм ўзининг «Ибтолур-раъйи валқиёси валистиҳсони ват-таълийли ват-тақлид», яъни раъй-у қиёс, истеҳсон ва сабаб келтириш ва тақлидни бекор қилиш унвонли рисоласида айтади:

«وهذا أي حديث النّجوم – خبر مكذوب موضوع باطل لم يصحُّ قطُّ».

«Бу – юлдузлар ҳадиси – ёлғон, тўқима ва ботил бўлиб, асло саҳиҳ эмасдир».[3]

Аҳли суннатнинг рижол олими Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий ўзининг «Мийзонул-иътидол фий нақдир-рижол» номли китобида Зайд бин Ал-Ҳаворий Ал-Аммий таржимаи ҳолида айтади:

روی نعيم بن حماد، حدثنا عبد الرحيم بن زيد العمي، عن أبيه، عن سعيد بن المسيب، عن عمر مرفوعاً: سألت ربي بين ما اختلف فيه أصحابي من بعدي، فأوحى الله إليَّ: يا محمَّد إنَّ أصحابك عندنـا بمنزلة النّجوم بعضهم أضـوأ من بعض، فمن أخذ بشيء ممّا هم عليه من اختلافهم فهو عندي على هدًى. فهذا باطل، وعبد الرحيم تركوه، ونعيم صاحب مناكير.

«Наим ибн Ҳаммод ривоят қилади: Абдурраҳим ибн Зайд ал-Аммий бизга отасидан, отаси эса Саид ибн ал-Мусаййибдан, у эса Умардан марфуъ ҳолда, яъни ҳадис санади узилган ҳолда ривоят қилди: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар:

Мен Роббимдан мендан кейин саҳобаларим нима ҳақида ихтилоф қилишларини сўрадим. Шунда Аллоҳ менга ваҳий қилиб деди: Эй Муҳаммад, саҳобаларинг бизнинг ҳузуримизда юлдузлар ўрнидадирлар, уларнинг баъзилари баъзисидан ёрқинроқдир. Кимки уларнинг ихтилофларидан бирор нарсани ушласа, у менинг наздимда ҳидоят узрададир», Бу ҳадис ботилдир ва муҳаддислар Абдурраҳимнинг ҳадисларини тарк этишган ҳамда Наим инкор этилган ҳадислар соҳибидир».[4]

Ушбу ҳадис заиф ва тўқима эканлигини Аҳли суннатнинг бошқа уламолари ҳам айтишган. Бундан ташқари, ушбу ҳадис турли таъбирлар билан ривоят қилинган. Биз уларни ҳам кўздан кечирамиз:

أ. أصحابي كالنّجوم بأيّهم اقتديتم اهتديتم

А. «Менинг саҳобаларим юлдузларга ўхшашдирлар. Уларнинг қайси бирига эргашсангиз, ҳидоят топгайсиз».

Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий ўзининг «Жомиъул-илм» номли китобининг 2-жилди, 91-бетида ҳамда Ибн Ҳазм «Ал-Аҳком» унвонли китобининг 6-жилди 82-бетида мазкур ҳадисни Салом ибн Сулаймдан ривоят қилишган. Салом ибн Сулайм деди: Ҳорис ибн Ғусайн бизга Ал-Аъмашдан, у Абу Суфёндан ва Абу Суфён эса Жобирдан марфуъ ҳолда, яъни ҳадис санади узилган ҳолда ривоят қилди. Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий ушбу ҳадиснинг санади ҳақида айтади:

وقال ابن عبد البر: هذا إسناد لا تقوم به حجّة، لأنّ الحارث بن غصين مجهول.

«Бу ҳадисда айтилган нисбатга далил-ҳужжат келтириб бўлмайди. Зероки, Ал-Ҳорис ибн Ғусайннинг кимлиги номаълум».

Ибн Ҳазм ҳам ушбу ҳадиснинг санади ҳақида айтади:

وقال ابن حزم: هذه رواية ساقطة، أبو سفيان ضعيف، والحارث بن غصين هذا هو أبو وهب الثقفي، وسلام بن سليم يروي الأحاديث الموضوعة، وهذا منها بلا شكٍّ».

«Ҳадиснинг ушбу ривояти асоссиздир. [Ҳадис санадидаги] Абу Суфён заифдир ва Ҳорис ибн Ғусайн эса ўша Абу Ваҳб Сақафийдир ҳамда Салом ибн Сулайм ҳам тўқима ҳадисларни ривоят қилади ва бу ҳадис шакшубҳасиз, ўша тўқима ҳадислардандир».[5]

ب. مهما أوتيتم من كتاب الله فاعملوا به، لا عـذر لأحدكم في تركه، فإن لم يكن في كتاب الله، فسنَّة منِّي مـاضية، فـإن لم يكن سنَّـة منِّي مـاضيـة، فـما قـال أصحابي، إنَّ أصحابي بمنزلة النُّجوم في السَّماء فأيُّها أخذتم به اهتديتم، واختلاف أصحابي لكم رحمة.

Б. «Сизларга Аллоҳнинг Китобидан нима берилган берилса, унга амал қилинг. Сизларнинг бирортангизга уни тарк этишда узр йўқ. Агар Аллоҳнинг китобида бўлмаса, унда менинг суннатимда келган нарсага амал қилинг ва агар менинг суннатимда ҳам бўлмаса, кейин саҳобаларим айтганларига амал қилинг. Зеро, менинг саҳобаларим осмондаги юлдузлар кабидирлар. Уларнинг қайси бирини ушласангиз, ҳидоят топурсиз. Саҳобаларимнинг ихтилофи сизлар учун раҳматдир».

Ал-Хатиб Бағдодий “Ал-Кифояту фий илми ад-Дирояҳ” унвонли китобининг 48-бетида ва шунингдек, Абул Аббос ал-Асом ва Ибн Асокир “Тариху Мадинати Дамашқ” номли китобининг 7-жилди, 315-бетида мазкур ҳадисни Сулаймон ибн Абу Каримадан, у Жувайбирдан, у Заҳҳокдан ва Заҳҳок эса Ибн Аббосдан марфуъ ҳолда ривоят қилишган. Бу ривоятнинг ҳам санади жуда заиф. Ибн Абу Ҳотам отасидан Сулаймон ибн Абу Кариманинг ривоят қилган ҳадиси заиф, деб айтган.

Саид Ал-Аздийнинг ўғли Жувайбир ривоят қилган ҳадислар тарк қилинган. Дора Қутний, Нисоий ва бошқалар айтганидек, ҳадис санадида келган Заҳҳок ибн Мазоҳим ал-Ҳилолий эса Ибн Аббос билан учрашмаган. Шунга қарамай, ундан ҳадис ривоят қилган.[6]

ج. سألت ربي فيما اختلف فيه أصحابي من بعدي فأوحى الله إليَّ، يا محمد: إنَّ أصحابك عندي بمنزلة النُّجوم بعضها أضوأ من بعض، فمن أخذ بشيء ممَّا هم عليه فهو عندي على هدًى.

В. «Мендан кейин саҳобаларим нима ҳақида ихтилоф қилишларини Роббимдан сўрадим. Шунда Аллоҳ менга ваҳий қилиб деди: Эй Муҳаммад, сенинг саҳобаларинг юлдузларга ўхшаш бўлиб, уларнинг баъзилари баъзисидан ёрқинроқдир. Ким улар тутган йўлдан бирор нарсани ушласа, демак, у менинг наздимда ҳидоят узрадир».

Ибн Баттоҳ «Ал-Ибона» китобининг 4-жилди 11-бетида, шунингдек, Ал-Хатиб ва Низомул-Мулк «Ал-Амолий» китобининг 2-жилди, 13-бетида, Дайламий ўзининг «Ал-Муснад» китобининг 2-жилди, 190-бетида, Аз-Зиё ўзининг Марвда эшитган “Ал-Мунтақо” асарининг 2-жилди, 116-бетида ва шунингдек, Ибн Асокир “Тариху Мадинати Дамашқ” китобининг 6-жилди, 303-бетида мазкур ҳадисни Наим ибн Ҳаммод орқали ривоят қилишган. Наим ибн Ҳаммод ушбу ҳадисни ривоятида айтади:

Абдурраҳим ибн Зайд ал-Аммий бизга отасидан, отаси эса Саид ибн ал-Мусаййибдан, у эса Умар ибн Хаттобдан марфуъ ҳолда, яъни ҳадис санади узилган ҳолда ривоят қилади.

Ҳадиснинг ушбу санади тўқимадир. Наим ибн Ҳаммод заифдир. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий: У [Наим ибн Ҳаммод] кўп хато қилади, деган. Абдурраҳим ибн Зайд ал-Аммий эса ёлғончи бўлиб, унинг офати шудир.[7]

Бу Аҳли суннатнинг замондош ҳадисчи олими Шайх Албоний ўзининг «Силсилатул аҳодийс аз-заифаҳ вал-мавзуъаҳ» унвонли китобида мазкур ҳадиснинг санадини ўрганаётиб айтган сўзларининг озгина қисми эди. Биз уни муносиб кўрганимиз учун шу ерда келтирдик. Ким бу борада батафсилроқ маълумотга эга бўлишни хоҳласа, худди шу китобга мурожаат қилиши мумкин.

Шайх Албоний саҳобаларни юлдузларга ўхшатиш ҳақидаги ҳадисни ўрганиб чиқиш якунида шундай хулоса чиқаради:

لو صحَّ هذا الخبر يكون المراد إنَّ ما قالوه برأيهم يجب العمل به، وهذا دليل آخر على أنَّ الحديث موضوع، وليس من كلامه صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ، إذ كيف يسوغ لنا أن نتصوَّر أنَّ النَّبيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ يبرِّر لنا أن نقتدي بكل رجل من الصحابة مع أنّ فيهم العالم والمتوسط في العلم، ومن هو دون ذلك وكان فيهم مثلاً من يرى أنَّ البرد لا يفطر الصائم بأكله.

«Агар ушбу ҳадис тўғри бўлса, ундан мурод саҳобалар ўз раъй-фикрлари асосида айтган нарсаларга амал қилиш вожиб бўлади дегани. Ва бу эса ҳадиснинг тўқима эканлигига яна бир далилдир. Бу ҳадис Пайғамбар (с.а.в)нинг сўзлари эмас. Зеро, қандайига Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бизни саҳобалардан ҳар бир кишига эргашишимизни бизга оқлаб кўрсатмоқчи бўлганлар, деб тасаввур қилишимиз мумкин? Ҳолбуки, саҳобалар орасида олим кишилар ва илмда ўртамиёна кишилар ҳамда ундан ҳам қуйироқ поғонадагилар бўлган. Улар орасида масалан, рўзадор музни еса, рўзаси бузилмайди, деб ўйлайдиганлар ҳам бўлган».[8]

«Менинг саҳобаларим юлдузларга ўхшайди» ҳадисини Умавийлар тўқишган.

Қандайига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Менинг саҳобаларим юлдузларга ўхшайди. Уларнинг қайси бирига эргашсангиз, ҳидоят топасиз», деб айтишлари мумкин?! Ушбу ҳадисни тўғри деб қабул қилган тақдирда шубҳасиз, Шом аҳли ҳам ҳидоятда бўлимоғи зарур ва уларнинг қаршисида турган Ироқ аҳли ҳам ҳидоятда бўлимоғи лозим. Зеро, Шом аҳли Абу Суфён ўғли Мувояга эргашган, Ироқ аҳли эса ҳазрат Али (алайҳис салом)га эргашган. Бир-бирининг қонини тўккан ҳар икки тоифа мусулмон ҳидоят топган. Чунки, ҳар иккиси ҳам саҳобага эргашган. Буюк саҳоба Аммор ибн Ёсирнинг қотили ҳам ҳидоят топган бўлмоғи лозим. Чунки, ўша қотил саҳоба бўлмиш Муовияга эргашган эди. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда ул ҳазрат Аммор ибн Ёсирга хитоб қилиб айтадилар:

تَقْتُلُكَ الْفِئَةُ الْبَاغِيَةُ وَأَنْتَ مَعَ الْحَقِّ وَالْحَقُّ مَعَكَ

«Сени тажовузкор бир тоифа қатл этади. Ҳолбуки, сен ҳақ билан ва ҳақ сен билан биргадир».[9]

Аллоҳ таоло Қуръонда бу борада шундай буюрган:

﴿فَقَاتِلُوا الَّتِي تَبْغِي حَتَّىٰ تَفِيءَ إِلَىٰ أَمْرِ اللَّهِ ۚ

«Сизлар тажовуз қилган тоифага қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинглар» (Ҳужурот сураси, 9-оят)

Юқоридаги ояти каримага кўра, кимки Аллоҳ таолонинг амру фармонидан четга чиқса, у ҳидоят топгувчи бўла олмайди. Аммо саҳобаларни юлузларга ўхшатган мазкур ҳадисга кўра эса Қуръон оятига қарама-қарши ўлароқ, Убайдуллоҳ ибн Аббоснинг икки ёш ўғлининг бошини кесиб ўлдирган Буср ибн Артот ҳидоят топган киши бўлмоқлиги лозим. Чунки Буср ибн Артот саҳобалардан бўлган!! Ва шунингдек, намоз ортидан ҳазрат Алини ва у кишининг икки ўғлини доим лаънатлаб келган Амр ибн Ос ва Муовия ҳидоят топгувчи бўлмоқликлари даркор. Чунки бу иккиси Сарвари коинот саҳобаларидан бўлишган.

Тарих гувоҳлик беришича, Ибн Муҳжин Сақафий ва Қуддома ибн Мазъун каби саҳоба номини ўзи билан ташиб юрган айрим кишилар май ичиб, зино қилганлар. Юқоридаги саҳобаларни юлузларга ўхшатган ҳадисга кўра, ким булар каби саҳобаларга эргашса, ҳидоят топган бўлади!!

Шак-шубҳасиз, бу ҳадис Бани Умайя ҳукмронлиги даврида уларнинг ҳокимиятини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида сарой уламолари томонидан тўқилган ҳадислардандир.

Саҳобаларни таърифлаб мақтаган Қуръон оятлари ҳақида

Сарвари оламнинг саҳобаларини таърифлаб мақтаган Қуръон оятларига келсак:

﴿لَّقَدْ رَضِيَ اللَّهُ عَنِ الْمُؤْمِنِينَ إِذْ يُبَايِعُونَكَ تَحْتَ الشَّجَرَةِ﴾‏

«Дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди» (Фатҳ сураси, 18-оят)

﴿مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّآءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَآءُ بَيْنَهُمْ﴾

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида [мўъминларга нисбатан] эса раҳм- шафқатлидирлар» (Фaтҳ сурaси, 29-oят).

﴿وَالسَّابِقُونَ الْأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ﴾‏

«Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир» (Тавба сурaси, 100-oят).

Саҳобаларни мақтаб уларнинг фазилатини баён қилган оятларнинг ҳаммасида бир шарт бор. Ўша шарт; саҳобалар ўз ҳаётлари давомида Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўрсатган йўлларидан бориб, нуроний ва покиза ҳаёт кечиришлари ва бунинг натижасида яхши ва хайрли оқибат билан бу дунёни тарк этишларидан иборат. Бироқ агар бунинг акси бўлса, яъни саҳобалар маъсият ва итоатсизлик йўлини тутиб, Аллоҳ таолога итоат ва бандалик қилишдан узоқлашсалар, унда юқоридаги оятлар бундай саҳобаларга тааллуқли бўлмайди, балки Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига кескин тарзда айтган ушбу сўзлари саҳобаларни ҳам ўз ичига олади:

﴿لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ﴾‏

«Қасамки, агар ширк келтирсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва шубҳасиз, зиёнкорлардан бўлурсан» (Зумар сураси, 65-оят)

﴿قُلْ إِنِّي أَخَافُ إِنْ عَصَيْتُ رَبِّي عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ﴾

«[Эй Пайғамбар, айтгин:] «Албатта, мен агар Парвардигоримга итоатсизлик қилсам, улуғ кун азобидан қўрқаман» (Анъом сураси, 15-оят)

﴿فَاحْكُم بَيْنَ النَّاسِ بِالْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعِ الْهَوَىٰ فَيُضِلَّكَ عَن سَبِيلِ اللَّهِ ۚ إِنَّ الَّذِينَ يَضِلُّونَ عَن سَبِيلِ اللَّهِ لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا نَسُوا يَوْمَ الْحِسَابِ﴾‏

«Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм қилгин. Ҳою ҳавасларга эргашмагин! У ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан озадиган кимсаларга ҳисоб-китоб кунини унутганлари учун шиддатли азоб бор» (Сод сураси, 26-оят)

ХУЛОСА ВА НАТИЖА

Кимки мутаассибликни бир четга суриб қўйиб, инсоф билан саҳобаларнинг яшаш тарзини кўздан кечирса, улар ҳам бизга ўхшаган оддий инсонлар эканлигини кўради. Бизга жоиз ва мумкин бўлган ишлар уларга ҳам жоиз ва мумкиндир ва шунингдек, бизга ҳаром қилинган амаллар уларга ҳам ҳаром бўлган. Биз билан саҳобалар ўртасида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ҳамроҳ ва ҳамсуҳбат бўлишдан бошқа ҳеч бир фарқ йўқдир.

Албаттаки, Сарвари коинотга ҳамроҳ ва ҳамсуҳбат бўлиш буюк шараф ва мартабадир. Лекин кимки бир кун ёки бир ой ёхуд ундан ҳам кўпроқ вақт давомида Пайғамбар (с.а.в)ни кўриб, ул ҳазрат билан ҳамсуҳбат ва ҳамроҳ бўлса, демак, у бутун ҳаёти давомида ҳеч бир хатога йўл қўймайдиган ва ҳеч қачон йўлдан адашмайдиган инсонга айланади дегани эмас. Балки саҳобалар ҳам бошқа мусулмонлар каби гоҳида тўғри йўлни тутганлар ва баъзан эса хатога йўл қўйганлар. Шунинг учун, саҳобалар орасида адолатли ва солиҳ кишилар ҳам бўлган, ҳаддидан ошган тажовузкор ва золим кишилар ҳам бўлган. Демак, саҳобаларнинг ҳаммаси адолатли ва солиҳ кишилар бўлган деб айтишни илмий далиллар ва тарихий ҳужжатлар қўллаб-қувватламайди.

Шундай экан, саҳобаларнинг қайси бири адолатли ва солиҳ киши бўлган-у, қайси бири йўлдан адашган тажовузкор ва золим киши бўлганини ҳамма вақт ҳам аниқлаб олиш мумкин бўлмагани учун саҳобалар мусулмонларга ҳидоят йўлини кўрсатувчи пешволар ва раҳнамолар бўла олмайдилар. Балки пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан мутавотир даражасида ривоят қилинган Сақалайн ҳадиси, Ғадийр Хум ҳадиси ва бошқа кўплаб саҳиҳ ҳадисларга кўра, Саййидул анбиёдан сўнг Ислом умматига пешволик ва раҳнамолик қилишга лойиқ бўлган кишилар фақат ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки маъсум имомлардир, холос. Уларнинг биринчиси мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) бўлиб, охиргиси эса замонамиз Соҳиби ва Сарвари Имом Маҳдий (алайҳис салом)дирлар.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Саййид Абул Муотий Муҳаммад Ал-Нурий, «Ал-Муснадул Жомиъ», 10-жилд, 783-оят, 8220-ҳадис.

[2]. Ибн Асийр Ал-Жазарий, «Усудул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ», 3-жилд, 312-бет.

[3]. Ибн Ҳайён Андулусий, «Тафсийрул Баҳрил Муҳийт», 5-жилд, 528-бет.

[4]. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Мийзонул-иътидол фий нақдир-рижол», 2-жилд, 102-бет, 3003-рақамли ҳадис.

[5]. Шайх Албоний, «Силсилатул аҳодийс аз-заифаҳ вал-мавзуъаҳ», яъни Заиф ва тўқима ҳадислар силсиласи унвонли китоб, 1-жилд, 144-бет.

[6]. Шайх Албоний, «Силсилатул аҳодийс аз-заифаҳ вал-мавзуъаҳ», 1-жилд, 146-бет.

[7]. Шайх Албоний, «Силсилатул аҳодийс аз-заифаҳ вал-мавзуъаҳ», 1-жилд, 148-бет.

[8]. Юқоридаги манба, 1-жилд, 147 ва 148-бетлар. 

[9]. Ибн Асокир, «Тариху Мадинати Дамашқ», 3-жилд, 170-бет, ва 8-жилд, 120-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.