Татҳир ояти

Пайғамбаримиз хонадонларининг Пок ва Маъсумлиги хусусидаги Татҳийр ояти

وَقَدْ أَعْلَى اللَّهُ تَعَالَى عَلَى الأُمَّةِ دَرَجَتَكُمْ وَرَفَعَ مَنْزِلَتَكُمْ وَأَبَانَ فَضْلَكُمْ وَشَرَّفَكُمْ عَلَى الْعَالَمِينَ فَاَذْهَبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ وَطَهَّرَكُمْ تَطْهِيراً.

«Ҳолбуки, Аллоҳ таоло сизларнинг даражаларингизни умматга устун қилиб, юксалтирди ва мартабангизни юқори этди ва сизларнинг фазилатингизни барчага ошкор қилди ва сизларга оламлар устидан шарофат бағишлади.

  Яъни: Бутун оламлар ичра шарофат, юксаклик ва улуғворликда ҳеч ким сизларга тенг ва баробар бўла олмас), демак, Аллоҳ таоло сизлар (яъни: Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ва хонадонлари бўлмиш  имом Али, ҳазрати Фотима, имом Ҳасан ва имом Ҳусайн  ва у ҳазратнинг зурриётларидан бўлган тўққиз имом(а.с.))дан гуноҳ ва нопокликларни кетказди ва сизларни бутунлай пок қилди». Изоҳ:    Мана шу олий мазмунли дуонинг юқори қисмидаги банди, қуйидаги ояти каримага қаратилиб баён қилинган:

﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهَلَ البَيْتِ وَ يُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾

   «Эй Пайғамбар хонадони аҳли, Аллоҳ фақатгина сизлардан нопоклик ва гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай покиза қилишни истайди, холос».(Аҳзоб сураси33-оят) Ушбу татҳир ояти фавқулодда муҳим ва чуқур мазмунга эга бўлиб, ҳар қандай гуноҳ ва нопокликлардан покиза бўлган беш инсон (яъни: Пайғамбар, Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн(алайҳимус салом))нинг юксак ва улуғвор эканликлари, ушбу оятда очиқ-ойдин баён этилган.

  Ушбу мазкур ояти карима имом Али (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг зурриётларидан бўлган покиза ўн бир имомнинг пешво, валий, бошлиқ ва йўлбошчи эканликларига далолат қиладиган оятлардан биридир.   У «اِنَّمَا» сўзи билан бошланган бўлиб, араб тилида «чекланиш ва таъкид» маъносини англатади. Шунинг учун, ушбу ояти карима Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг хонадонлари учун ато этилган махсус неъматга далолат берадиган ёрқин далилдир.

  Сўнгра эса «يُرِيدُ» (яъни: ирода қилади) Аллоҳнинг Таквиний иродасига эга бўлган мазмуннигина англатади. Зероки, Аллоҳнинг Ташриий иродаси, бошқача айтганда; инсон ўзини гуноҳлардан сақлаб қолишининг зарурий эканлиги, Пайғамбаримизнинг хонадонлари билан чекланибгина қолмай, барча инсонларни ўз ичига олади, чунки, ҳамма инсонлар ҳар қандай гуноҳ ва нопокликлардан сақланиб, покиза бўлишлари лозим ва Аллоҳнинг ушбу «Ташриий иродаси»дан ҳеч ким мустасно бўла олмас.

  Демак, ушбу мазкур ояти шарифада Аллоҳнинг ирода қилишидан назарда тутилган маъно, «Таквийний ирода» бўлиб, борлиқ Оламнинг яратилишига оид бўлган Аллоҳнинг ирода-истаги маъносидадир. Зероки, юқорида зикр этилган ояти каримада, Аллоҳнинг ирода-истаги, ўзининг ишига тааллуқли бўлиб, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳ ва нопокликларни Пайғамбаримизнинг хонадонларидан кетказишни ва уларни бутунлай покиза қилишни ирода қилган.

  Шунга биноан, Аллоҳнинг иродаси Ўз ишига мансуб бўлгани учун, «Таквийний ирода»дир. Аммо Аллоҳнинг намоз, рўза, закот, хумс, ҳаж ва … лар каби бизлардан истаган вожиб кўрсатмалари ва шунингдек, гуноҳ ва ҳаромдан сақланишга оид бўлган бўйруқлари, Аллоҳнинг «Ташриий иродаси» деб, айтилади.

 Пайғамбаримизнинг хонадонлари ҳар қандай гуноҳ ва нопокликлардан узоқ бўлиб, бутунлай покиза бўлганликлари, Аллоҳнинг «Таквийний иродаси»нинг натижасидан келиб чиққан  бўлиб, улар покиза-маъсум эканликларида мажбурдирлар, деган шубҳа шу борада туғилади. Зероки, Аллоҳнинг «Таквийний иродаси» ниманики қамраб олса, ўша нарса ташқи оламда вужудга келиши зарурийдир. Шу боис, Пайғамбаримизнинг хонадонлари, Аллоҳнинг «Таквийний иродаси» сабабли, ҳар қандай гуноҳлардан йироқ, покиза ва маъсум бўлишлари, зарурий бўлган нарсадир.

 Шунинг учун улар ўзларининг маъсум бўлишларини танламаганлар, балки улар маъсум эканликларида мажбурдирлар. Аллоҳнинг гуноҳ ва нопокликлардан йироқ бўлган маъсум бандалари, икки хусусиятга эгадирлар.

  1. Биринчиси; маъсум инсонлар ўзларининг бажарадиган амаллари туфайли, касб қилган ва қўлга киритган сазовор ва лойиқ мартабага эгадирлар, яъни: Барчадан кўра қиладиган амалларини Аллоҳ учунгина холис қилганликлари, уларни Аллоҳ ҳузурида лойиқ ўринга эга қилган.

  2. Иккинчиси; бутун инсонларга намуна ва ўрнак бўлишлари учун Аллоҳ таоло томонидан уларга ато қилинган фазлу марҳамат, уларни сазовор ва юксак ўринга кўтарди.

  Бошқача айтганда; Аллоҳнинг у маъсум инсонларни қўллаб қувватлаши ва маъсум инсонлар бажарган покиза амаллари сабабли, шундай бир даражага эришганларки, гуноҳ ва нопок амалларни қилишга қудрат ва ихтиёрлари бўла туриб, гуноҳ ва нопок амаллар томон бормайдилар. Мисол қилиб айтганда: ҳеч бир ақлли инсон ёниб турган оловнинг бир бўлагини қўлига олиб, уни оғзига қўйиб, ютиб юбормайди, агарчи, ушбу ишни бажармасликка мажбур эмас, яъни: агар истаса, оловнинг бир бўлагини ютиб юбора олади ва бу ишга ҳам қудрати етади ва ҳам ихтиёрга эгадир, лекин шунга қарамасдан бу ишга қўл урмайди.

   Шу ишни бажармаслик шундай бир ҳолатдирки, инсон ушбу ишнинг оқибатидан огоҳ бўлгани туфайли, ҳеч қандай мажбурий ҳолатни ўзида сезмай туриб, ўз ирода ва истаги билан уни бажармайди.

  Шунга биноан, пайғамбарлар ва ўн икки имомлардан иборат бўлган маъсум инсонлар, тақводорликнинг шундай бир даражасига эришганларки, гуноҳ ва нопок амалларни қилишга қудратлари ва ҳам ихтиёрлари бўла туриб, ўз ирода ва истаклари билан барча гуноҳ ва хатолардан кўз юмадилар. Бундай юксак ва улуғвор инсонлар барча кишилардан фарқланиб, ҳар бир гуноҳнинг оқибатидан огоҳ бўлиб, олий даражали маърифатга эга бўлганликлари ва барча амалларнинг моҳияти яъни: ботиний ҳолатидан хабардор бўлганликлари сабабли, бутун гуноҳлардан юз ўгирадилар.

  Ушбу оятдаги «الرِّجْس» сўзи, нопоклик маъносида бўлиб, инсоннинг табиати нафратланадиган нопок нарса, ёки ақлнинг ҳукм қилиши асосидаги нопок нарса ва ё шариат ҳукми бўйича нопок бўлган нарсаларни ўз ичига олади.

  Айрим муфассирлар «الرِّجْس» сўзи мазкур оятда гуноҳ ёки ширк келтириш, ё бахиллик ва ҳасад қилиш, ёки зино қилиш, ёхуд буюк гуноҳлар ва шунингдек, нотўғри, ботил этиқод маъноларини англатади, деганлар. Лекин ушбу сўзни юқоридаги маънолар билангина чеклаб қўйишга ҳеч қандай далил йўқ, балки айтиб ўтилган маънолар, фақатгина шу сўз қайси ўринларда ишлатилишини билдиради.

  Шунингдек, «алиф ва ломи жинс» билан ҳеч бир қайд-шартсиз (мутлақ) келтирилган ушбу сўз, яъни: «الرِّجْس» умумий ва кенг маънода келган бўлиб, ҳар қандай гуноҳ, нопоклик ва ифлосликларни ўз ичига олади.

 Шунинг учун, ушбу сўз Қуроъни Каримда ширк келтириш, маст қиладиган ичимликларни ичиш, қимор ўйнаш, мунофиқлик, ўзи ўлиб қолгани сабабли гўшти нопок бўлган ҳайвон ва шунингдек, тўнғиз каби гўшти ҳаром қилинган жониворларни ёхуд Аллоҳдан ўзганинг номига сўйилган гўшти ҳалол ҳайвонларни истеъмол қилишга ўхшаш ўринларда қўлланилган. Ҳаж сураси30-оят. Моида сураси90-оят. Тавба сураси125-оят. Анъом сураси145-оят.    Ушбу мазкур ояти каримада «تَطْهِير» сўзи, покиза қилиш ёки поклаш маъносида келган бўлиб, дарҳақиқат, «гуноҳ, нопоклик ва ифлослик»ни кетказиш хусусидаги мазмунни таъкид қилиб келган. Шу сўз «Мафъули мутлақ» шаклида зикр қилингани, ушбу ояти каримада яна бир бора таъкид қилиб келганини англатади.

 Ушбу мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг аҳли-байтлари (хонадонлари)дан ҳар қандай гуноҳ, нопоклик ва ифлосликни кетказишни ирода қилганлиги, махсусан таъкид ва чекланиш маъносини англатадиган «اِنَّمَا» сўзи билан Ўз иродаси вужудга келиши зарурий  ва қатъий эканлигини изҳор қилганлиги, Пайғамбаримиз хонадонлари барча гуноҳ ва нопокликлардан покиза ва йироқ, (маъсум) эканликлари очиқ-ойдин тушунилади.

 Дарҳақиқат, мазкур оятнинг маъно-мазмуни, имомларимизни зиёрат қилиш учун бўлган «Зиёрати Жомиаи кабира»да қуйидагича баён қилинган:

عَصَمَكُمُ اللهُ مِنَ الزَّلَلِ وَ آمَنَكُم مِنَ الْفِتَنِ وَ طَهَّرَكُمْ مِنَ الدَّنَسِ وَ أَذْهَبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ وَ طَهَّرَكُمْ تَطْهِيرًا.

   «Аллоҳ сизларни гуноҳ ва хатолардан сақлади ва сизларни фитна ва оғишлардан омонда қилди ва сизларни нопоклик ва ифлосликлардан покиза қилди ва нопоклик ва гуноҳни сизлардан кетказди ва сизларни бутунлай покиза қилди».

Share

Check Also

Qur’оn va imоmat

  Qur’оn bu biz musulmоnlarning buyuk samоviy va ilоhiy kitоbimiz bo`lib, har taraflama hidоyatga bоshlоvchi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.