Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Илоҳий Пайғамбарларнинг Қуръондаги Сиймоси

Илоҳий Пайғамбарларнинг Қуръондаги Сиймоси

   Қуръони Каримнинг кўпгина оятлари Аллоҳнинг юборган пайғамбарлари ҳақида нозил қилингандир. Айрим оятлар охирги Пайғамбар Муҳаммад (с.а.а) га бағишланган. Уларнинг ҳаммасида ҳам пайғамбарлар хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи сифатида тасвирланганлар.

  Пайғамбарлар имонли ва саховатли инсонларга нажот топиш ва Аллоҳнинг мангу жаннатига киришни башорат қилиб, кофир ва золим кимсаларни эса Аллоҳнинг жаҳаннамдаги дардли азобидан огоҳлантирганлар.

  Пайғамбарлар инсонларни очиқ-ойдин белгилар ва ҳужжатлар билан тўғри йўлга ҳидоят қилардилар. Аммо кўпгина инсонлар пайғамбарларнинг даъватини қабул қилмасдан, ушбу оят-мўъжизаларга ишонмасдилар. Имонли инсонларгина Оллоҳнинг кўрсатган тўғри йўлига ҳидоят қилинганлардир.

   Қуръони Карим ноҳақ ва ботил нарсаларга имон келтириб, Ягона Аллоҳга кофир бўлган кимсаларни ҳақиқий зиён кўрувчилар, Аллоҳга имон келтириб, пайғамбарларга эргашган кишиларни эса ҳақиқий нажот топувчилар деб баён қилади.

Пайғамбарлар даъвати

  Аллоҳ таоло пайғамбарларни инсонлар орасидан танлаган. Барча пайғамбарлар ҳалқни Аллоҳнинг ибодатига чорлаб, Унинг азобидан қўрқишга даъват этганлар.

   Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида пайғамбарлар даъвати борасида сўз юритган. Турли хил замонлар ва сарзаминларда яшаб ўтган барча пайғамбарлар бир сўзга эга бўлиб, инсонларни бир нарсага даъват қилганлар ва уларнинг даъватида ҳеч қандай ихтилоф бўлмаган. Пайғамбарлар бир даъватга эга бўлганликлари, улар Ягона Аллоҳ томонидан юборилган инсонлар эканини билдиради. Гарчи пайғамбарлар турли хил қавмлардан бўлсаларда, лекин Аллоҳ уларнинг барчасини бир динга эга бўлган бир умматдан эканликларини уқдириб, Ўзини Ягона Парвардигор ва ҳамма инсонларнинг Эгаси деб бизларга таништиради ва барчани Ўзининг ибодатига буюради.

   Инсонлар Аллоҳга ибодат қилиш ва Унинг азобидан сақланишдан ташқари, пайғамбарларга эргашишлари лозим. Улар ниманики инсонларга етказсалар, инсонлар ҳаётлик чоғларида ўшани амалга оширишлари билан гуноҳлари кечирилиб, жонлари покиза бўлган ҳолда нажот топгайлар.

  Инсонларнинг бир гуруҳи пайғамбарларга имон келтирмай, фақатгина фоний дунёнинг зебу зийнатлари билан машғул бўладилар. Бундай кофир ва мушрик кимсаларга Қиёмат кунида жаҳаннам оловидан бошқа нарса насиб этмагай.

Қуръон – ҳидоят йўли ва абадий мўъжиза

  Пайғамбарларнинг оят-мўъжизаларга эга бўлганликлари улар Оллоҳ билан алоқада эканликларига очиқ-ойдин далилдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.а) нинг мангу мўъжизалари Қуръони Карим бўлиб, Оллоҳ таоло ушбу китобни Пайғамбаримизга инсонлар жаҳолат, нодонлик ҳамда ҳавои нафснинг қоронғулигидан донолик ва нажот йўли сари ҳидоят бўлсинлар деган мақсадда нозил қилган.

  Қуръони Карим барча инсонлар учун нур ва ҳидоят бўлиб, ҳар ким тўғри ва ҳақ йўлни излаб, гуноҳлар ва ёмонликлардан сақланса, Қуръонда кўрсатилган ҳидоят йўлига эриша олади.

  Пайғамбаримиз яшаган замонларидаги айрим кофирлар дунё ҳаётига боғланиб, ёмон амаллар билан булғанганликлари туфайли Қуръоннинг ҳидоятидан маҳрум бўлишган. Қуръоннинг юксаклиги олдида ожиз бўлиб қолганликлари сабабли инсонларни алдаб, уларни гумроҳ қилиш мақсадида, ушбу Илоҳий Китобни сеҳр ва жодуга чиқаришган. Қуръони Карим инсонларни фикр юритишга чорлаб, шундай буюради: “Агар ушбу Китоб Аллоҳ томонидан бўлмаганида эди, албатта унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар”.

Аллоҳ яхшироқми ёки мушриклар ибодат қиладиган нарсаларми?

  Қуръони Карим турли хил услублар билан инсонларнинг назарини Аллоҳ таоло Ёлғиз Зот эканлигига жалб қилади. Бу дарсда ўрганиладиган оятларда Аллоҳ ўзининг неъматларини баён қилиш билан мушриклардан “Чинакам «Аллоҳ» яъни, Ягона Зот яхшироқми ёки сизлар Унга шерик қилаётган нарса (бут)ларми?” деб сурайди.

   Аллоҳ шундай Зотдирки, ер ва осмонларни яратган.

  У шундай Зотдирки, пок ва зилол сув ва ёмғирни бизлар учун осмондан ёғдиради ва у (сув) билан ям-яшил яшнаб турган боғ-роғлар ва бўстонларни ундиради.

  У шундай Зотдирки, ерни яшаш учун қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёларни оқизган, баланд ва мустаҳкам тоғларни тутқи қилиб, унда ўрнатган.

  Аллоҳ шундай Зотки, биёбон ва денгизларнинг қоронғу кечаларида йўлдан адашмаслик учун юлдузларни йўл кўрсатгувчи қилиб қўйган.

  Аллоҳнинг ёнида яна бошқа бир худони тасаввур қилиб бўладими? Оллоҳ таоло уларнинг Унга шерик қилиб олган нарсаларидан юксакдир.

Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.