Home / Қурони Карим / Қуръоний сабоқлар / Қуръоннинг Инсон Ҳаётдаги Ўрни

Қуръоннинг Инсон Ҳаётдаги Ўрни

  Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан юборилган охирги илоҳий китоб бўлиб, барча инсонлар саодатли, бахтли ҳаёт кечиришлари учун энг мақбул йўлларни кўрсатиб берган. Шунинг учун улар доимо Қуръон таълимоти ва кўрсатмаларидан фойдаланиб, тўғри ва ҳақ йўлни топишга, яшаб турган даврларининг залворли ҳамда буҳронли шароитида ўз дардларини даволашга муҳтождирлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақда шундай буюради:

{يَأَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُم مَّوْعِظَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَ شِفَاءٌ لِّمَا فىِ الصُّدُورِ وَ هُدًى وَ رَحْمَةٌ لِّلْمُؤْمِنِين‏}

  «Эй инсонлар, сизларга Павардигорингиз томонидан панд-насиҳат ва қалбларингиздаги нарсаларга шифо ва мўъминлар уФчун ҳидоят ва раҳмат (Қуръон) келди» (Юнус сураси 57-оят)

  Мазкур ояти шарифадан маьлум бўладики, инсонларнинг ҳаётини аччиқ қилган ва уларнинг яшашга интилиб, қизиқишига тўсқинлик қилган, бошқача қилиб айтганда, инсонларнинг яшашга бўлган умидларини сўндириб, уларни ҳаётдан безор қилган, жамиятнинг кўринмас ботиний дардларига шифо бергувчи нарса, шак-шубҳасиз, фақатгина Аллоҳнинг охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримдир.

   Шундай экан, Қуръони Карим биринчи навбатда, маросимларни ўтказиш ва ота-боболарнинг руҳларини шод қилиш учунгина тиловат қилинмасдан, бу дунёда бахту – саодатли, иззатли ва юксак инсоний ҳаёт кечиришимиз учун ҳамда охират куни Аллоҳнинг ҳузурида амалларимиз ҳисоб-китоб қилинаётганда шармандаю шармсор бўлмай, юзимиз ёруғ бўлиши учун ўқиб ўрганадиган зарурий китобдир.

   Шунингдек, Қуръони Карим – барча нарсаларни яратувчиси бўлган Аллоҳ тамонидан инсониятга юборилган нурли китобдир. У энг аввало инсонларни ички дунёсини ислоҳ қилишни, тўғрилашни, тўғриликка йўналтиришни ва шу орқали ўзлари рози бўлган дунё имтиҳонидан ўта олишларини таъминловчи энг тўғри ёрдамчидир. Қуръон Карим дунё-ю охират тушинчаларини кенг қамровли берувчи китоб бўлиб, хар қандай тўғрилигу хақиқатга интилувчи инсонга чинакам раҳбар-йўлбошчидир.

  Шундай экан, Қуръонни тушуниб етиш ва унинг ҳар бир ояти ҳақида фикр юритиш, ундан панд-насиҳат ва ибрат олиш, Аллоҳнинг Қуръондаги кўрсатмаларидан баҳраманд бўлиш ва шунинг оқибатида ҳар бир киши ўзининг дунё ва охиратини обод қилишига баҳоли қудрат кўмаклашиш мақсадида қўлингиздаги «Қуръони Карим маъноларини ўрганиш дарслиги» деб номланган китоб тайёрланди. Бу борада диққатингизни Қуръоннинг баъзи оятларига қаратамиз:

{وَ لَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْءَانَ لِلذِّكْرِ فَهَلْ مِن مُّدَّكِر}

  «Дарҳақиқат, Биз Қуръонни эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Демак, бирор эслатма олгувчи борми? ». (Қамар 17- оят)

{وَ يُبَينِ‏ُّ ءَايَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُون‏}

  «Ва (Аллоҳ таъоло) Ўз оятларини инсонлар учун баён қилади, шояд улар (ушбу оятлар билан) эслатма олурлар ». (Бақара 221- оят)

{وَ تِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبهَا لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُون‏}

 «Ва Биз бу мисолларни инсонлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирурмиз». (Ҳашр,21- оят)

  Ушбу оятлардан маълум бўладики, Қуръон оятларини тиловат қилиш ва уларни баён этиш, инсонни фикр юритишга ва панд-насиҳат ва ибрат олишга олиб келиши лозим. Қуръони Карим 77 мингга яқин калималардан ташкил топган бўлиб, улар баъзиларининг такрорланиб келиши ҳисобга олинмаганда, Қуръон сўзлари 11 мингга яқиндир. Диққатимизни ўзига жалб қиладиган нарса шундан иборатки, Қуръонда мингга яқин сўзгина кўп қайта такрорланиб келган ва мана шу рақамдаги сўз Қуръон калималарининг 70% дан ортиқроғини ўз ичига олади. Ушбу минг атрофидаги сўзлар «луғотул аксар» яъни, кўп такрорланган сўзлар (луғатлар) деб айтилади.

Share

Check Also

Пардоз-андознинг энг моҳир устаси

Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим Дунёдаги энг моҳир пардоз устаси ким эканлигини ва унинг ишxонаси қаерда эканлигини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.