Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Аллоҳдан бошқаларни ёрдамга чақириш ширк ва уларга сиғиниш деганими?

Аллоҳдан бошқаларни ёрдамга чақириш ширк ва уларга сиғиниш деганими?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Қуръони Каримдаги баъзи бир оятларнинг зоҳирий ва сиртқи маъносига назар ташласак, Аллоҳдан ўзгани ёрдамга чақиришдан қайтарилганининг шоҳиди бўламиз. Ушбу саволнинг туғилишига қуйидаги оятлар сабаб бўлган бўлса ажаб эмас:

﴿وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا﴾

«Ва Албатта, [барча] масжидлар Аллоҳникидир. Демак, [мажидларда] Аллоҳ билан бирга яна бирор кимсани [ёрдамга] чақирмангиз» (Жин сурaси, 18-oят)

Ёки мана бу оят:

﴿وَلا تَدْعُ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لا يَنْفَعُكَ وَلا يَضُرُّكَ فَإِنْ فَعَلْتَ فَإِنَّكَ إِذًا مِنَ الظَّالِمِينَ﴾

«Аллоҳни қўйиб, сенга фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларни [ёрдамга] чақирма. Агар шундай қилсанг, унда албатта, Сен золимлардансан». (Юнус сурaси, 106-oят)

Ўзини мусулмон деб билган айримлар юқоридаги оятларни ўз фикрларига дастак қилиб олиб, Аллоҳнинг танлаган валийлари ва солиҳ инсонларни оламдан ўтганларидан сўнг нидо қилиб, ёрдамга чақиришни ширк ва уларга сиғиниш деб билганлар.

Жавоб: Юқоридаги саволнинг жавобига ойдинлик киритиш учун аввало, «дуо» ва «ибодат» сўзларининг маъносини аниқлаб олиш керак бўлади.

Шубҳасиз, «дуо» сўзи араб тилида «нидо қилмоқ», «чақирмоқ» маъноларини ва «ибодат» эса «сиғинмоқ» маъносини билдиради. Шунинг учун, бу икки сўзни бир хил тусдаги маънодош калималар сирасидан билиш асло тўғри бўлмайди. Бошқа таъбир билан айтганда, ҳар қандай «нидо қилмоқ», «чақирмоқ»ни ибодат ва сиғиниш деб бўлмайди. Зероки:

Биринчидан; Қуръони Каримнинг баъзи оятларида келган «даъват қилмоқ», «чақирмоқ» калимасидан зинҳор «ибодат қилмоқ» маъноси назарда тутилмаган. Мисол учун:

﴿قَالَ رَبِّ إِنِّي دَعَوْتُ قَوْمِي لَيْلا وَنَهَارًا﴾

[Нуҳ пайғамбар] деди: «Эй Раббим, мен ўз қавмимни кеча-ю кундуз [Сенинг томонингга] даъват этдим». (Нуҳ сурaси, 5-oят)

Бу ерда ҳазрати Нуҳ (алайҳис салом) мен кеча-ю кундуз ўз қавмимга ибодат қилдим, деган маънони кўзлаганлар деб айта оламизми?!

Шунга биноан, «даъват» ва «ибодат» сўзларини бир хил маънога эга бўлган калималардир деб бўлмайди. Шунингдек, кимда-ким Пайғамбар ёки солиҳ кишилардан мадад ва кўмак истаб, уларни нидо қилса, уларга ибодат қилди деб айтолмаймиз. Негаки, даъват ва нидонинг доираси ибодат ва сиғинишдан кўра кенгроқдир.

Иккинчидан; Юқоридаги оятлардан ташқари Қуръони Каримнинг бошқа бир оятларида келган «дуо» ва «даъват» сўзининг маъноси чақирмоқ ва нидо қилмоқнинг кенг ва умумлашма маъносини билдирмайди. Аксинча, ушбу сўз xос маънода кўзланган «чақириқ» ва «нидо»ни билдириб, сиғиниш ва ибодатнинг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Зеро, ўша оятлар бутпарастлар ҳақида нозил қилинган бўлиб, улар ўз бутларини «кичик xудолар», деб эътиқод қилар эдилар.

Шак-шубҳасиз, бутпарастларнинг бутларни нидо қилиб улардан ёрдам сўраб, уларнинг қаршида тавозе кўрсатиб бўйин эгишлари ўша бутларни мустақил ҳолда шафоат қилувчилик ва гуноҳларни кечирувчилик мартабасига эга бўлган зотлар деб билишлари учун эди. Бутга сиғинувчиларнинг эътиқоди бўйича, бутлар дунё ва оxиратга тааллуқли бўлган ишларни Аллоҳнинг мустақил кўмакчилари сифатида бошқарадилар. Маълумки, бундай ақидага эга бўлган мушрикларнинг бутларга қарата қилган нидо ва чақириқлари ҳам уларга сиғиниш ва ибодат қилиш билан баробар бўлади. Қуйидаги ояти карима бутпарастларнинг қилган нидо ва чақириқлари бутларни Худо ўрнида кўрганларига асос сифатида ёрқин далилдир:

﴿فَمَا أَغْنَتْ عَنْهُمْ آلِهَتُهُمُ الَّتِي يَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ شَيْءٍ﴾

«Аллоҳни қўйиб, нидо қиладиган [сиғинадиган] худолари уларга ҳеч бир фойда бермади» (Ҳуд сурaси, 101-oят)

Бинобарин, келтирилган мазкур оятлар биз назарда тутган масалага дахлсиздир. Зероки, биз кўзлаган масала шундан иборатки, бир банда Аллоҳнинг бошқа бир бандасидан уни илоҳ ва парвардигор ўрнида кўрмай ёки дунё ва охират ишларини бошқаришда мутлақо ирода-ихтиёрга эга бўлган зот деб билмай, ундан мадад ва кўмак сўрайди. Ушбу ҳолда фақатгина бундай инсонни Аллоҳ тарафидан набийлик ёки имомлик мақомига танланган Унинг азиз ва ардоқли бандаси деб қабул қилади ва Аллоҳ бундай азиз бандаларининг дуосини ижобат қилишни ваъда берганига ишонади.

Демак, агар биз пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ёки ул зотнинг барҳақ ворислари бўлмиш имомлардан мадад ва ёрдам сўрасак-да, уларни Аллоҳнинг бандалари доирасидан ташқарига чиқармаймиз. Фақат уларга Аллоҳнинг азиз бандалари сифатида қараймиз ва Аллоҳнинг Ўзи уларнинг восита бўла олиши хусусида берган ваъдасига биноан, биз уларни восита қилиб Аллоҳдан сўраймиз. Қуйидаги ояти карима ушбу сўзимизга очиқ далилдир:

﴿وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذْ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ جَاءُوكَ فَاسْتَغْفَرُوا اللَّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُوا اللَّهَ تَوَّابًا رَحِيمًا﴾

«Агар улар ўзларига зулм қилиб қўйган чоғларида, дарҳол Сизнинг ҳузурингизга келиб, Аллоҳдан мағфират сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун мағфират сўраганида эди, шубҳасиз, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар.» (Нисo сурaси, 64-oят)

Учинчидан; Жин сурасида келтирилган ушбу оятда: «Албатта, [барча] масжидлар Аллоҳникидир. Демак, [мажидларда] Аллоҳ билан бирга яна бирор кимсани [ёрдамга] чақирмангиз», деб айтилгандан мақсад, Аллоҳдан ўзга бирор кимсага сиғиниш ва ибодат қилишдан қайтаришдир ҳамда бу оятда «чақириқ» ва «нидо»дан кўзланган маъно мадад ва ёрдам сўрашнинг умумий маъноси бўлмай, балки ушбу сўздан мурод, сиғиниш ва ибодат маъносидаги «чақириқ» ва «нидо» эканига ойдин ва қатъий далил бўла олади. Шунга кўра, қуйидаги ояти каримада ҳам «даъват» ва «чақириқ» сўзидан сўнг бевосита «ибодат» ва «сиғиниш» калимаси келтирилган:

﴿وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ﴾

«Парвардигорингиз: «Мени нидо қилиб чақиринглар, токи, Мен сизлар(нинг чақириғингиз)ни ижобат қилай. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилган кимсалар хору зор ҳолларида жаҳаннамга кирурлар», деди.» (Ғoфир сурaси, 60-oят)

Юқоридаги ояти каримага назар ташласак, оятнинг аввалида «нидо қилинглар», «чақиринглар» дейилган бўлса, унинг давомида эса «ибодатимдан» сўзи келтирилган. Демак, бундан шу хулосага келиш мумкинки, бу ерда «даъват» ва «чақириқ»дан кўзланган мақсад, унинг умимий маъноси бўлмай, балки бирор кишини Худо деб билиб, унда Тангрига хос сифатлар мавжуд эканлигига иқрор бўлиб Унинг баробарида бўйин эгиб, Ундан мадад ва ёрдам сўрамоқликдир. Демак, «даъват» ва «чақириқ»нинг ушбу хос маъноси ибодат ва сиғиниш саналади.

Натижа:

Юқорида баён этилган уч муқаддимага таянган ҳолда, қуйидаги натижага келиб чиқамиз:

Қуръони Каримнинг мазкур оятларидан кўзланган асосий мақсад, бутга сиғинувчи мушрикларнинг бут-санамларни Худонинг шериги, оламни бошқарувчи ва мустақил равишда шафоат қилувчи даражасида билиб, қиладиган нидо ва чақириқларидан қайтариш бўлган. Шунинг учун, Аллоҳдан ўзгага қарата қилинадиган нидо ва чақириқлардан қайтарувчи оятлар бутпарастларга тегишли бўлиб, уларнинг бут-санамлар қаршисида кўрсатадиган ҳар қандай тавозе ва хоксорликлари ёки бутларга бўйин эгиб нола-фарёд билан улардан мадад ва кўмак истаб ҳожатларининг раво бўлишини улардан сўрашлари ва уларнинг шунга ўхшаш амаллари ўша бут-санамларни «xудо» деб тан олганлик эътиқоди юзасидан бажарилгандир. Негаки, бутларга сиғинувчи мушриклар Аллоҳга хос бўлган дунё ва охиратнинг айрим ишларини бошқариш ўша бутлар зиммасига юкланган деб билганлар.

Шунга биноан, қандайига ушбу оятларни Аллоҳнинг xос бандалари бўлмиш Расули Акрам (солаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва маъсум имомларнинг руҳи покларидан мадад истаб, уларга дуо-илтижо қилиб сўрамоқликка алоқадор деб билиб, бу ишни уларга сиғиниш билан баробар, дея оламиз?! Зеро, уларга дуо-илтижо қилувчиларнинг эътиқоди бўйича, ушбу буюк ва пок зотлар заррачалик ҳам Аллоҳга ибодат ва бандалик қилиш чегарасидан нарига ўтмай, ҳар доим Аллоҳнинг измида бўлган Унинг азиз ва ардоқли бандалари ҳисобланадилар.

Қуръони Каримнинг қуйидаги оятидан:

﴿وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا﴾

«Ва Албатта, [барча] масжидлар Аллоҳникидир. Демак, [мажидларда] Аллоҳ билан бирга яна бирор кимсани [ёрдамга] чақирмангиз» (Жин сурaси, 18-oят) назарда тутилган даъват ва чақириқдан мурод, сиғиниш ва ибодат қилиш маъносидаги «нидо қилмоқ» ва «чақирмоқ» бўлиб, жоҳилият давридаги араблар бут-санамларни, кўкдаги сайёраларни, фаришталарни ва жинларни нидо қилиб уларга сиғинар эдилар. Юқоридаги ояти карима ва унга ўхшаш оятлар; бирор шахс ёки нарсани «худо ва илоҳ», деб билиб уни нидо қилишга ва уни ёрдамга чақиришга қарата айтилган. Шубҳасиз, бундай эътиқод билан бирор бир мавжудотни нидо қилиб, ундан мадад ва кўмак исташ унга ибодат қилмоқ саналади. Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу оятларнинг бирор бир пок ва буюк валийга дуо-илтижо қилиб, ундан мадад сўрашга ҳеч қандай дахли йўқ. Зероки, дуо-илтижо қилувчи шахс бундай буюк зотни худолик даражасига кўтариб, уни илоҳлаштирган ҳолда оламни бошқарувчи «Рабб» деб билмайди, балки Аллоҳнинг севикли, пок ва солиҳ бандаси сифатида унга юзланади.

Бу ерда Аллоҳнинг холис ва пок бандаларига дуо-илтижо қилмоқ фақатгина уларнинг ҳаётлик чоғида жоиз бўлади, аммо улар дунёдан ўтганларидан сўнг уларга дуо-илтижо қилиш ширк ҳисобланади, деган тасаввур ва тушунча ўртага келиши мумкин.

Ушбу тасаввур нотўғрилигини исботлаш учун қуйидаги икки муҳим масалага эътиборингизни қаратамиз:

Биринчидан; Биз Аллоҳнинг севимли ва солиҳ бандалари бўлмиш пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (сoллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва имомларимизнинг пок руҳларидан мадад ва ёрдам сўраймиз, уларнинг тупроққа дафн этилган жонсиз таналаридан эмас. Қуръоннинг бизга берган таълимоти бўйича, бундай буюк зотлар ҳамиша тирик бўлиб, шаҳидлардан ҳам юксакроқ ва юқорироқ даражада «Барзах» оламида ўз ҳаётларини давом эттирмоқдалар. Шунинг учун, уларни ўликка чиқара олмаймиз.

Энди эса нима учун уларнинг қабрларини зиёратгоҳ қилиб олиб, айнан ўша жойларда уларга дуо-илтижо этиб, улардан ҳожатларимиз раво бўлишини сўраймиз? деган саволга келсак. Жавоби шуки, ушбу маконлар муқаддас ва дуолар ижобат қилинадиган жойлар бўлиб, бундай буюк зотларнинг қабрлари ёнида уларни кўпроқ ҳис қилиб, улар билан руҳий жиҳатдан чуқурроқ боғланасан киши. Бунга қўшимча, бу хусусида етишган ҳадисларга кўра, ушбу муқаддас маконлар дуо мустажоб бўладиган жойлардир.

Иккинчидан; Мазкур буюк зотларнинг тириклик чоғида уларга дуо-илтижо қилмоқликни «тавҳид» ва яккахудоликдан деб айтиш, бироқ дунёдан кўз юмганларидан кейин эса ушбу амални «ширк», деб билиш тўғри эмас. Зеро, уларнинг ўлик ёки тирик эканлиги «тавҳид» ва «ширк» орасидаги чегара бўла олмайди ва асосан, уларнинг тирик ёки ўлик эканлиги «тавҳид» ва «ширк» учун меъёр ҳам бўла олмайди. Негаки, бизнинг суҳбатимиз «тавҳид» ва «ширк»нинг меъёри ҳақида бормоқда, дуо-илтижо қилиб ёрдам сўрашнинг фойдаси бор ёки йўқлиги ҳақида эмас.

Шубҳасиз, бундай мадад сўраб, дуо-илтижо қилиш фойдали ёки бефойда экани ҳақида ўз ўрнида суҳбат қилинади, иншо Аллоҳ.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.