Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Ижобий фикрлашнинг фойдалари

Ижобий фикрлашнинг фойдалари

Ушбу мақоламизда ижобий фикрлашнинг фойдалари ва унуми борасида ўз фикр-мулоҳазаларимизни баён этамиз.

Биз инсонларнинг шахсиятимиз тузилмасида фикрлар шу қадар кучга эгаки, улар конструктив ёки бузғунчи бўлишлари мумкин. Бинобарин, ҳаётда муваффақиятли бўлиш учун фикрларимизни ақл билан бошқаришни ўрганишимиз керак. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир кишининг фикрлари ҳаётда улкан аҳамиятга эгадир. Инсонда фикрлаш қудратининг мавжудлиги уни бошқа мавжудотлардан ажратгани каби унинг ҳаётига чуқур таъсир ўтказади. Шу боис, инсон фикрларининг қандайлиги, уларнинг қай тарзда шаклланганлиги ва айрим фикрларнинг инсон онгини қамраб олиши доимий равишда психолог ва руҳшунос олимларни қизиқтириб келган.

Одам онги фикрларни ғайриихтиёрий равишда ишлаб чиқаради ва инсон онги фикр ишлаб чиқарувчи бир ишхонага ўхшайди. Бу ишхона инсоннинг тақдирини қўлга олган бўлиб уни абадий шақоват (бахти қаролик) ёки саодат сари етаклайди. Чиндан ҳам одам фикри, ўйловининг тури ва сифати унинг қандай яшаши ва турмуш тарзини белгилайди. Гўзал ва ижобий фикрлаш инсоннинг ҳаётини гўзал ва осойишта жаннатга айлантира олади, аммо бунга зид ўлароқ, салбий ва умидсизлантирувчи фикрлаш эса қоронғилик ва бўҳрон келтириб чиқариши ва ҳаётни жаҳаннамга айлантириши тургани гап. Инсонлар қандай фикрлашга эга бўлсалар, уларнинг ҳаётлари ҳам худди шундай бўлади, яъни нимани фикрласалар, ўшанга эга бўладилар. Бинобарин, инсоннинг турмуш тарзи унинг ҳаётга бўлган қарашига боғлиқ.

Ижобий фикрлар, конструктив ўйловлар салбий туйғуларни ўйғотади ва инсонга ижобий қувват бағишлайди ҳамда инсоннинг ижобий ҳаёт йўналишини танлашига сабаб бўлади. Ҳақиқатан ҳам ижобий фикрлашдан, ҳаётдаги барча ижобий ва умид бахш этувчи қарашлардан инсон онгида пайдо бўладиган салбий иллюзияларга таслим бўлмаслик учун фойдаланиш мумкин. Салбий фикрлар инсонни ҳаракатланишдан тўхтатувчи ва бузғунчи фикрлар бўлиб, инсоннинг онгига йўл топган пайтда ривожланадилар ва тезлик билан инсон миясини ишғол этадилар. Бундай ҳолатда инсон салбий фикрлар қамровида қолиб уларнинг ихтиёрида бўлади.

Руҳшуносларнинг фикрига кўра, воқелик ва бошқаларнинг муомаласидан таъсирланиб, ўз онгида ёмон фикрларга йўл қўймайдиган, салбий фикрлар ҳамда хаёлларни ўзидан узоқ тутадиган киши ижобий фикрловчи саналади. Бундай кишилар ҳаётда рўй берадиган қийинчиликлар баробарида шикастланмайдилар, жамиятда яккаланиб қолишдан сақланиб, келажакка умид билан боқадилар ҳамда ҳаётдан қувониб – қониқиб яшайдилар.

Ижобий фикрлашнинг қадри ҳаётдаги умид ва ишонч оптимистик қараш билан ҳосил бўлишини билган вақтдагина маълум бўлади. Ислом динининг пешволари ўз сўзларида бу мавзуни баён этиб таъкидлаганлар ва шунингдек, олим ва фақиҳлар ҳам китобларининг алоҳида бўлимларини ушбу мавзуга бағишлаганлар. Мўъминлар амири имом Али (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар: «Ижобий фикрлаш инсоннинг энг яхши сифатларидан ва илоҳий туҳфалардандир.»

Ижобий қараш ислом ахлоқининг асосий принципларидан ҳисобланади. Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрадилар: «Аллоҳ таоло ижобий қараш билан муомала қилишни ёқтиради.» Қуръони Карим ўгитлари ва кўрсатмаларига биноан, иймонли жамият ўз ишларида ижобий ва яхши амал қилиш билан бирга, жамиятнинг бошқа кишилари борасида ҳам ижобий назарга эга бўлган ҳамда уларнинг амаллари ва фикрларини ижобий назар билан баҳолайдиган кишилардан ташкил топганлиги таъкидланган. Ислом бир шахс ёки жамиятнинг бошқа бир шахс ёхуд жамиятга нисбатан салбий қарашга эга бўлишини қабул қилмайди. Бошқа сўз билан айтганда, ислом доимий равишда жамиятни турли масалаларга нисбатан салбий қарашга эга бўлмасликка чақиради.

Диний тушунчаларда ҳаётдан маъюс бўлган, ҳаётдан безор бўлиб тушкунликка тушган ҳамда яшаш беҳуда деб ўйлаган киши кўз ва қулоққа эга бўла туриб, Аллоҳ таолонинг неъматлари ва оламдаги ҳақиқатларни кўриш ва англаш кучига эга бўлмаган кишига ўхшашлиги айтилган. Шу боис, бундай инсонларни тўғри томонга йўналтириш ва даволаш қийиндир. Илоҳий пайғамбарлар ҳам салбий қарашга эга бўлган маъюс кишиларни ҳидоят сари йўналтиришда қийинчиликка дуч келганлар. Аллоҳ таоло Ўз элчисига хитобан шундай буюради: «(Эй пайғамбар,) Сиз карларга эшиттира олурмисиз ёки кўрлар ва очиқ залолатда бўлган кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?!»

Хушбинликни яратиш ва уни кучайтириш учун вақтдан тўғри фойдаланиш ва шароитни идрок этиш керак. Бу борада имом Содиқ (алайҳис салом)нинг йўл-йўриқларини ҳаётга татбиқ этиш билан ижобий фикрларни тарқатиш мумкин. Ривоят қилинишича, ул ҳазрат буюрадилар: «Ҳаёт уч кундан иборатдир: Ўтиб қайтиб келиши мумкин бўлмаган кунлар, инсон кун кечираётган кунлар (уларни қадрлаши керак бўлган кунлар) ва ҳали етиб келмаган ва унинг орзусида бўлган эртанги кундир.»

Кўп кишилар ўтган кунлардан афсусланиш ва номаълум келажакдан хавотирланиш билан яшайдилар. Бу ёлғон хаёллар баъзида инсонни шу даражада қўрқувга солиб қўядики, ушбу хаёллар жаҳаннамида куюшига яқин қолади. Баъзан эса инсон номаълум келажакдан гўзал бир боғ тасвирлайдики, хурсандликдан ўз вужудига сиғмайди. Бундай фикрлаш дастлаб ижобий фикрлашдек кўриниши мумкин бўлса-да, аммо воқеликка асосланмагани боис, муваффақиятга эришолмаса, руҳий қийинчиликларга дучор этиши мумкин.

Умуман, руҳшунос олимлар фикрича, ижобий фикрлаш ўзи билан бирга хавфсизлик, хотиржамлик, осойишталик, муваффақият, алоқалар ва соғликнинг яхшиланишини таъминлайди. Ижобий фикрлашга таяниш билан кундалик ишларни осонлик билан амалга ошириш мумкин, ёрқин бир ҳаёт сари интилиш мумкин ва оқибат, кўпроқ қувноқлик ва қониқиш юзага келиши муқаррар.

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.