Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз:

Неъмат сўзи, Ризқ сўзи, Барака сўзи.

Инсон ҳаётига кириб келадиган нарсаларга «неъмат» дейилади. Демак, топган пулингизга ва уйингизга кириб келган нарсага «неъмат» дейилади. Топганингиздан ҳаётингизда ишлатиш билан сизга тақдир қилган нарсага «ризқ» дейилади. Аммо натижа берган нарсага эса «барака» дейилади. Мисол тариқасида, сиз икки килограмм олма сотиб олдингиз. Ушбу икки килограмм олмадан уйингизга кириб келгани «неъмат» бўлиб, ўша икки килограмм олмадан фақат биттасини едингиз. Демак, ўша битта олма сизнинг ризқингиз бўлиб, қолгани эса ризқингиз эмас экан. Ўша еган биргина олмангиздан куч-қувват олиб, намоз ўқидингиз, дуо-илтижо қилдингиз, хайрли ва савоб ишларни қилдингиз. Бу эса ўша битта олмадан ҳосил бўлган «барака» ҳисобланади.

Баъзи инсонларнинг ҳаётида «неъмат» бор, лекин уларда «ризқ» йўқ. Баъзиларнинг эса «ризқи» бор, аммо «баракаси» йўқ.

Неъматнинг кўплигига «Такосур» дейилади, «Такосур»дан эҳтиёт бўлинг! Аммо бараканинг кўплигига «Кавсар» дейилади. Маълум бўлишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларининг йўлини тутганлар Такосурий эмаслар, балки улар Кавсарийдирлар. Бундайларнинг уйи кичкина бўлиши мумкин, лекин жуда хайру-баракотлидир, кўп одамларнинг важига ярайди, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб беради. Баъзиларнинг фақат катта уй-жойи бор, аммо унинг уйи «Такосур»дан иборат. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: أَلْهَاكُمُ التَّكَاثُرُ «сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш машғул қилди» (Такосур сураси, 1-оят), деса, бошқа томондан эса إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ «Албатта, Биз сенга Кавсарни, яъни кўп хайру-баракотни ато этдик» деб марҳамат қилади.

Уйингизга қанча пул келганига қараманг, қаерга ишлатилганига қаранг! Фалончи доктор жаноблари бугун 20 миллион сўм даромад қўлга киритдим деб айтади. Лекин айтинг-чи, ўша йигирма миллион сўм қаёққа кетди? Ундан 200 минги Инстаграмда қизи яланғоч танасини номаҳрамга юбориши учун интернетга кетди. Икки миллион сўм ҳам авто ҳалокат каби бахтсиз ҳодиса учун сарфланди ва тўрт миллиони ҳам даволаниш учун шифохонага тўланди. Бунча пуллар қаерга кетиб қолаяпти? Бу ҳақда ҳеч ўйлаганмисиз?! 

Шунинг учун айтиладики, қўлингизга келган пул, молу-давлат ва нозу-неъматлардан хурсанд бўлманг, чунки, бу «Такосур»дир. Аммо қаерга ишлатилишидан хурсанд бўлинг. Чунки, бу ўша «Кавсар», яъни хайру баракотнинг кўплигидир.

Баъзан кўрасизки, бир киши икки миллион сўм маош олади, лекин баракаси бор. Демак, унинг пули Кавсарийдир. Бунинг акси ўлароқ, йигирма миллион сўм маош олаётган шахснинг пули Такосурий бўлиб, шунчаки молу дунё тўплаган холос, бу фақат «неъмат»дир. Бу жуда муҳим масала! Йўл ёқасида жойлашган олти квадрат метрли намозхона Кавсарийдир. Чунки, унда уч минг киши намоз ўқиган, агарчи у ернинг гилами эски ва йиртиқ бўлса-да, лекин у шу ҳолати билан Кавсарийдир. Бунинг акси ўлароқ, бир масжидни кўрасизки, шунчаки ҳашаматли ва катта кўриниши бор, тўрт минг квадрат метрли масжид, бироқ у Такосурийдир. Чунки, ундай масжиднинг намозхонларга ҳеч фойдаси йўқ. Сиз кўплаб Такосурий масжидларни кўргансиз.

Такосурий бўлмайлик, Кавсарий бўлайлик. Акс ҳолда ҳолимизга вой бўлади. Бу жуда ҳам чиройли масала, инсон кайфиятини яхшилайди. Шунинг учун ҳам ҳаётимиздаги кўп нарсалар фақат неъматдир. Энди бундан ҳам бахтсизроғи «хайру баракот» у ерда турсин, ризқи ҳам бўлмаган кишилардир. Бундай одамлар жуда бахтсиздирлар. Демак, баъзиларнинг ҳаёти давомида тўплаган молу дунёси тамоман меросхўрларнинг ризқи бўлади. Бундайлар қандай ҳам бахтсиз одамлар! Уларнинг молу дунёси «хайру баракот» у ерда турсин, ўзларига «ризқ» ҳам бўлмайди, балки ўша «неъмат» поғонасида қолиб кетади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизга: «Мендан бунчалик кўп неъмат сўраманг, чунки, «неъмат» бор ва Мен сизларга «неъмат» бераман, лекин бу «неъмат»ни нима қилмоқчисиз?», деб айтади! Биз эса эй Аллоҳим, ҳозирдаёқ бизга бергин! бергин! фақат бергин! – деб айтамиз.

Аллоҳ таоло бизга жавобан: «Мана буларнинг ҳаммаси сиз учун, олинглар», деб марҳамат қилади! Мана «неъмат»ни ҳам олдингиз. Энди нима қилмоқчисиз? Худога шукр, ҳозир сизнинг иккита ҳовлингиз бор, иккита ерингиз бор, иккита квартирангиз бор! Хўш, қолгани-чи… Кўрдингизми эплай олмадингиз! Шу учун Аллоҳ таоло айтади: «Буларни қўйинг бир четга, балки уларни Кавсарий қилинг, яъни хайру баракотли қилинг!».

Ҳар бир иш ва касбу-корда Худо кўрсатмасин, ризқлар муаммоли бўлса, неъматлар муаммоли бўлса, у ҳолда неъмат ризқга ва ризқ эса баракага айланмайди. Қуръони Каримда ошкора айтилишича, ҳаром мол ҳеч қачон хайру баракотли бўлишга лойиқ эмас! Ҳаром мол ҳаётингизга кириб келади, лекин у хайру баракотли бўла олмайди, хайру баракотга айланмайди, фақат кишининг гуноҳини ортиради, холос. 

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Лайлатур Рағоиб кечаси ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳадиси шарифларда Ражаб ойининг биринчи жума оқшоми “Лайлатур Рағоиб”, яъни орзу-истаклар кечаси деб номланган. “Лайлатур Рағоиб” кечаси оламнинг барча ўлкаларида ислом аҳли учун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.