Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Неъматлар қаршисида инсонларнинг турлари

Неъматлар қаршисида инсонларнинг турлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таоло берилган неъматлар қаршисида одамлар қиладиган амалларига кўра тўрт гуруҳга бўлинадилар:

1. Биринчи гуруҳ одамлар берилган неъматларни инкор қилувчилар бўлиб, улар ушбу неъматлар моддий бўладими ёки маънавийми, ундан тўғри фойдаланиш фикрида бўлмайдилар. Бундайлар кўпинча Аллоҳнинг дини ва Унинг кўрсатмаларини ҳам қабул қилмайдилар, аксинча ер юзида фасод ва бузғунлик кўпайишида ўз ҳиссаларини қўшадилар.

2. Иккинчи гуруҳ одамлар эса гарчи неъматларни қабул қилиб унга шукр қилсалар-да, бироқ уни бошқалар билан баҳам кўришда қизғанадилар. Агар ўша неъмат молу дунё бўладиган бўлса, уни инфоқ-эҳсон қилишдан ва агар ушбу неъмат илм бўладиган бўлса, уни бошқаларга ўргатишдан сақланиб, бахиллик қиладилар.

3. Учинчи гуруҳ одамлар Аллоҳ таоло берган неъматларни қабул қиладилар ва уни бошқаларга ҳам берадилар. Аммо бу улашиш ҳақ йўлда бўлмайди. Мисол тариқасида, гуноҳкорлар ва бузғунчиларга тақдим этиладиган инфоқ-эҳсонни ёки золим ҳокимларга хизмат қиладиган олимларнинг илмини келтириш мумкин.

4. Тўртинчи гуруҳ вакиллари эса неъматларни қабул қилиб, уни фақат ҳақ ва тўғри йўлда инфоқ-эҳсон қилувчилардир. Бу тоифа одамларни Қуръони карим «ҳақиқий шукр қилувчи бандалар» деб атаган. Қуйидаги ҳадиси шарифда бу борада шундай дейилади:

Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу борада айтадилар:

قَالَ الصَّادِقُ (عَلَيْهِ السَّلَامْ): فِي كُلِّ نَفَسٍ مِن أَنْفَاسِكَ شُكْرٌ لازِمٌ لكَ، بَل ألفٌ وأكثَرُ، وأَدْنَى الشُّكرِ رُؤْيَةُ النِّعْمَةِ مِنَ اللهِ مِنْ غَيْرِ عِلَّةٍ يَتَعَلَّقُ الْقَلْبُ بِهَا دُونَ اللهِ، وَالرِّضَا بِمَا أَعْطَىٰ، وَأَن لَا يَعْصِیَهُ بِنِعْمَتِهِ وَيُخَالِفَهُ بِشَىْ‏ءٍ مِنْ أَمْرِهِ وَنَهْیِهِ بِسَبَبِ نِعْمَتِهِ، وَكُنِ للهِ عَبْدًا شَاكِرًا عَلَىٰ كُلِّ حَالٍ تَجِدُ اللهَ رَبًّا كَرِيمًا عَلَىٰ كُلِّ حَالٍ لَوْ كَانَ عِنْدَ اللهِ عِبَادَةٌ يَتَعَبَّدُ بها عِبادُهُ الْمُخْلِصُونَ أَفْضَلَ مِنَ الشُّكْرِ عَلَىٰ كُلِّ حَالٍ لَأطلَقَ لَفْظَهُ فِيهِمْ مِنْ جَمِيعِ الْخَلْقِ بِهَا، فَلمَّا لَمْ يَكُنْ أَفْضَلُ مِنْهَا خَصَّهَا مِنْ بَيْنِ الْعِبَادَاتِ وخَصَّ أَرْبَابَها، فَقَالَ تَعَالَىٰ: ﴿وَقَلِيلٌ مِّنْ عِبَادِيَ الشَّكُورُ

«Ҳар бир оладиган нафасингда бир шукр қилишинг, балки минг шукр ва ундан ҳам кўпроқ лозимдир. Шукр қилишнинг энг ози, қалб Аллоҳдан ўзгага боғлиқ бўладиган иллат ва касалликдан йироқ ҳолда неъматни Аллоҳдан кўриши, Аллоҳ берганига рози бўлиши ва Аллоҳнинг неъмати билан Унга маъсият [итоатсизлик] қилмаслик ҳамда Аллоҳнинг неъматидан олган куч-қувват билан Унинг бирор бир буйруғида ёки наҳйида [қайтаришида] Унга қарши чиқмасликдир. Ва ҳар бир ҳолатда Аллоҳга шукр қилувчи банда бўлгин! Шунда Аллоҳни ҳар қандай ҳолатда саховатли Парвардигор ҳолда топгайсан. Агар Аллоҳ ҳузурида Унинг холис бандалари бажарадиган ибодат, ҳар бир ҳолатда қилинадиган шукрдан афзал ва яхшироқ бўлса эди, бутун яратганлари орасидан ушбу ибодат сабабли улар ҳақида сўз очган бўларди. Лекин ўша ибодат ҳар бир ҳолатда шукр қилишдан афзал бўлмагани учун, шукр қилишни ибодатлар орасидан хос қилиб кўрсатди ва шукр қилувчи кишиларни ҳам хос этиб кўрсатди. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир» (Сабаъ сураси/ 13-оят), – деб марҳамат қилган».

Манба: Аллома Мажлисий, «Биҳорул анвор», 68-жилд, 52-бет, 77-ҳадис.

Аллоҳ ато этган неъматлар билан гуноҳ қилмайлик!

Шукр қилувчи банда шундай бир инсонки, Аллоҳ таоло ато этган неъматларини Яратганнинг буюрганларини бажаришга сарф этиб, қайтарилган ишлардан ўзини тияди. Ҳеч қачон унга берилган неъматлар билан ато этувчи Раббига қарши бўлган ишларни амалга оширмайди, яъни гуноҳ қилмайди.

Энди ўйлаб кўринг, инсоннинг бутун аъзойи бадани унга берилган Аллоҳнинг неъматидир. Энди ана шу тана аъзолари билан уларни ато этган Парвардигори оламга исён қилсак, нима деган одам бўламиз? Ахир гуноҳкорнинг исён қилиб гуноҳга йўл қўйиши учун қўллайдиган асбоб-анжоми – бу Аллоҳ неъмати бўлган аъзои баданидир. Берилган кўзлар номаҳрамларга, ҳаром қилинган манзараларга қарашга сарф этилса, эшитувчи қулоқлар ҳаром ашулалар-у кўйларни, ғийбат ва туҳмат сўзларни эшитишга, бир сўз билан айтганда, Шайтон йўлида ишлатилса, юрадиган оёқлар Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ҳаром йўлда бўлса, қўллар, қалблар, ўй-фикрлар ва ҳоказолар ҳамма-ҳаммаси яратишдан кўзланган мақсад бўйича ўз вазифаси йўлида эмас, балки адашганлик ва гумроҳлик йўлининг хизматида бўлса, бундай банданни қандай қилиб шукр қилувчи банда, – деб айта оламиз?!

Ёлғон сўзларни, ғийбат ва туҳмат гапларни, ҳақоратлаш, сўкиш ва инсонлар қалбини оғритадиган сўзларни айтувчи тилни қандай қилиб Аллоҳнинг ушбу неъматидан тўғри фойдаланган деб айта оламиз?!

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, Аллоҳ ҳаром деб айтган ишни бажараётган одам У Зот берган неъмат билан Яратганга қарши чиқиб, гуноҳ ишга қўл урган бўлади. Ёдимиздан чиқмасин, Аллоҳ таоло юқорида айтилган неъматларни бизлар бахтли бўлишимиз учун ато этган. Гуноҳ ва маъсият ишларни қилишда бизга берилган неъматлардан, яъни танамиз аъзоларидан фойдаланиб бахти қаролардан бўлиб қолмайлик.

Сўзимиз ниҳоясида яна бир бор шуни таъкидлаб айтамизки, Аллоҳ таоло бизга берган неъматларнинг шукрини қилиш фақат тилда «Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, Алҳамдулиллоҳ», – деб айтиш билангина адо этиб бўлмайди. Балки ушбу неъматларни Аллоҳ таоло яратишдан кўзлаган мақсад йўлида, яъни Унинг амри-фармонига таслим бўлиб Унинг ибодати ва итоати йўлида ҳамда Унга қарши чиқиб гуноҳ-маъсият қилмаслик йўлида, бир сўз билан айтганда, Яратган Эгамизга бандалик қилиш йўлида ишлатиш билан неъматларнинг шукрини адо қила олиш мумкин. Агарчи тилда доимо «Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, Алҳамдулиллоҳ», – деб айтишни ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Лайлатур Рағоиб кечаси ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳадиси шарифларда Ражаб ойининг биринчи жума оқшоми “Лайлатур Рағоиб”, яъни орзу-истаклар кечаси деб номланган. “Лайлатур Рағоиб” кечаси оламнинг барча ўлкаларида ислом аҳли учун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.