Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Тавба қилиш Аллоҳнинг адолатига хилоф эмасми?

Тавба қилиш Аллоҳнинг адолатига хилоф эмасми?

Ассалому алайкум Нажот Кемаси жамоаси, бир савол бор эди. Инсон қилган гуноҳлари учун тавба қилиши Аллоҳнинг адолатига хилоф эмасми? Ахир ҳеч гуноҳ қилмаган одам билан гуноҳ қилиб кечирилган одамнинг нима фарқи қолади?

  • Ҳурман билан
  • Улуғбек

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ ҳурматли биродар.

Жуда ўринли ва юқори аҳамиятли масалани илгари сурдингиз. Аввало берган саволлингизни бир оз изоҳлаб, кейин ўз жавобимизни тақдим этамиз. Шак-шубҳасиз, қилган гуноҳларидан надомат чеккан одамлар учун Аллоҳнинг даргоҳи ва тавба эшиклари ҳар доим очиқ эканлиги ҳаммамизга маълум. Аммо баъзида «гуноҳ қилгач, тавба билан покланиш – Аллоҳнинг адолатига тўғри келармикан, ахир ундай бўлса, ҳеч гуноҳ қилмаган одам билан гуноҳ қилиб кечирилган одамнинг нима фарқи қолади?», – деган савол туғилиши табиий ҳолат.

Ушбу саволга жавобан дастлаб шу нарсага диққат қилмоқлик лозимки, тавба қилиш – бу тили билан фақат «тавба қилдим» деб айтиш эмас, балки ҳақиқатдан ҳам хато ва нотўғри иш қилганлигини бўйнига олиб, қилган ишидан пушаймон бўлмоқлик ва бу ишни қайта қилмасликни аҳд қилмоқликдир.

Иккинчидан, агар бирор одам бировнинг ҳақини бермасдан ва бировнинг ҳаққи унинг бўйнида бўла туриб тавба қилса, унда Аллоҳ таоло токи ҳақи зое бўлган одам уни кечирмагунича ва ўз ҳақидан воз кечмагунича, Худо ҳам уни бировнинг ҳақини еганлик гуноҳини кечирмаслигини айтади. Бу ҳақга «ҳаққун-нос» дейилади ва бундай гуноҳ «ҳаққун-нос» гуноҳи ҳисобланади. Масалан, агар бозорда биронта савдогар харидорнинг ҳақини ошиғи билан олиб қўйган бўлса, то пулини эгасига қайтариб бермагунича ёки ундан розилигини олмагунича, Аллоҳ таоло ҳам унинг бировларнинг ҳақини зое қилганлик гуноҳини кечирмай, тавбасини қабул қилмайди.

Аммо агар бирор одам Аллоҳ қаршисида бошқа турдаги гуноҳга йўл қўйган бўлса, мисол учун бўйнидаги бандалик вазифаси бўлган тоат-ибодатини бажармай ёки Аллоҳ таоло томонидан ҳаром қилинган нарсаларни истеъмол қилиш билан гуноҳ қилган бўлса, у ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳақ-ҳурматини оёқ ости қилган ва Унинг ҳақига нисбатан гуноҳ содир этган бўлади. Бундай ҳолда Аллоҳ таоло Ўз ҳақидан кечиб уни кечириши мумкин. Зероки, у одам «Ҳаққуллоҳ»ни, яъни Аллоҳнинг ҳақини зое қилиб, «Ҳаққуллоҳ» гуноҳини содир этган бўлади. Аллоҳ таолонинг нуроний каломи бўлмиш Қуръони каримда У Ўзининг ҳақидан тезлик-ла кечиб тавба қилган банданинг гуноҳини кечиришини айтган. Бунга Аллоҳнинг фазлу марҳамати дейилади.

Албатта, Алоҳнинг мағфирати ва кечириши гуноҳни содир этгач, пушаймон бўлганлар учундир. Аммо ҳали гуноҳ қилмай туриб: «мен фалон гуноҳни қилиб олай, кейин тавба қиларман», дейдиган бўлса, унда гуноҳни кичик санаган бўлади ва бунинг ўзи катта бир кечирилмас гуноҳ эканлиги диний таълимотларда айтилган. Ёки тавбани умрининг охирги лаҳзаларида, Аллоҳнинг қудратини кўраётган пайтда тавба қилиши бефойдадир. Масалан, сувга ғарқ бўлаётган пайтида иймон келтириб тавба қилган Фиръавннинг на иймони ва на тавбаси қабул бўлмади.

Шундай қилиб, аввало гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилайлик, агар ҳам гуноҳ қилиб қўйсак, ҳақ эгаларини рози қилиб дарров тавба қилишга шошилиш керак. Айтилган талаб ва шартларни амалга ошириб, пушаймон бўлган ҳолда қилган хато ва гуноҳларидан холисона тавба қилган кишининг тавбаси Ўз бандаларига ўта меҳрибон, раҳмли ва ғамхўр бўлган Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилинади ва гуноҳкор банданинг тавбаси қабул қилиниши на фақат Аллоҳнинг адолатига хилоф эмас, балки Аллоҳнинг Ўз бандаларига кўрсатган кенг фазлу-марҳамати ва лутфу-иноятининг энг олий жилвасидир. Аксинча, агар Аллоҳ таоло Ўзининг ожиз бандаларининг билиб-билмай қилган маъсият ва гуноҳларини кечирмаганида эди, Унинг адолатли Зот экани савол остида қоларди.

Демак, Аллоҳ таоло Ўз бандаларининг гуноҳларини кечириши – бу Унинг айни адолатидандир. Бу борада Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳикматли каломи бўлмиш Қуръони каримда гуноҳкор бандаларига қарата шундай марҳамат қилган:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

«Эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), Менинг томонимдан айтгин: Эй ўз жонларига (турли гуноҳ ва маъсиятларга йўл қўйиш билан) исроф (жабр) қилган Менинг бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиргайдир. Албатта, Унинг Ўзигина ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир», (Зумар сураси/ 53-оят).

  • Эҳтиром ила:

  • Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Лайлатур Рағоиб кечаси ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳадиси шарифларда Ражаб ойининг биринчи жума оқшоми “Лайлатур Рағоиб”, яъни орзу-истаклар кечаси деб номланган. “Лайлатур Рағоиб” кечаси оламнинг барча ўлкаларида ислом аҳли учун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.