Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Исломда муроса-мадора қилишнинг аҳамияти

Исломда муроса-мадора қилишнинг аҳамияти

Picture16Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларининг буюк саҳобалари Абу Зар Ғифорийга шундай насиҳат қиладилар: «Эй Абу Зар кимники қиёмат кунида уч нарса унинг билан ҳамроҳ бўлмаса зиён кўргувидир.» Абу Зар деди: Ота-онам сизга фидо бўлсин, бу уч нарса нималардан иборат? Ул зот (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар:

Биринчиси одамни ҳаром ишлардан қайтарадиган парҳезкорлик ва тақводорлик бўлса, иккинчиси ақллилик ва вазминлик билан нодонликка қарши туришдир. Учинчиси эса халқ билан хушхулқ ва хушмуомала бўлишдир. Биз ушбу мақоламизда сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг учинчи насиҳатлари, яъни халқ билан яхши муомалада бўлиш хақида сўз юритамиз. Халқ билан чиройли муносабатда бўлмоқ, мулойимлик ҳамда катталикларга ва озорларга сабр қилиш; мана шулар муросачилик деганидир. Муросасозлик борасида ҳадислар жуда кўп, бунинг дунё ва охиратда кўплаб фойдалари бор. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда: «Халқ билан муроса-мадора қилмоқлик ярим иймондир» деб марҳамат қилганлари шулар жумласидандир. Ва яна бошқа жойда халқ билан муроса-мадора қилишни вожиб бўлган вазифалардан санаганлар: «Биз пайғамбарлар халқ билан муроса-мадора қилишга маъмур этилдик».

Машиналар миллионлаб инсонларни ва минглаб тоннали оғир юкларни бир жойдан бошқа жойга олиб боради, агар бу машиналарда эгилувчи пуржина ва ғилдираклари бўлмаганда эди, бундай ҳаракатларни қилишга қодир бўла олмасди. Машинанинг пуржиналари яхши ва кучли бўлса, ҳар қандай нотекис йўллардан ҳам тез ва осонлик билан ўта олади, аммо машинанинг пуржиналари ишдан чиққан бўлса, кичкина жойдан ўтишда ҳам қийинчиликка дуч келади. Шундай экан инсон ҳам ҳаётда муроса қилишга муҳтождир. Агар ижтимоий алоқаларда ҳам муросачилик бўлмаса, турли тўқнашувларга олиб келади. Кўпгина уруш – жанжаллар, бир – биридан узоқлашишлар; буларнинг ҳаммаси муросасозлик йўли билан бекилади ҳамда жамиятда меҳр – оқибат уруғлари экилади. Инсон ўз ҳаётида шундай одамларга дуч келадики, улар ўзларига муносиб бўлмаган ҳаракатлар қилишади ва бу билан бошқа инсонларга зарар етказишади. Биз бундай кишилар билан қандай муомала қилишимиз керак?

Кимки бирор шахсга душманлик, хиёнат ва ёки одобсизлик қилса, унга ҳам худди шундай ёмон муносабат билдирилади, натижада уруш – жанжални келтириб чиқаради. Инсон бундай ҳолатда шунга ўхшаган тўқнашувлардан ўзини сақлаб қолиши учун феъл – атворини яхшилаши, ўтган ишлардан кўз юмиши, муросасоз бўлиши ва қарши томонга тез ҳаракат қилмаслиги лозим. Ҳатто баъзи ўринларда инсон бошқаларнинг ёмонликларини кўрмасликка олиши, унга қарши душманлик қилсалар-да, қарши тарафга душманлик билан жавоб бермаслиги, балки уларга очиқ юз билан қараши лозим бўлади. Агар инсон ўз ҳаётида шундай хулқ – атворга эга бўлса, яъни бошқаларнинг озор-азиятлари баробарида муроса қила олса, шундагина мақсадига етади. Шу боис, бундай шахсларга юзма-юз бўлганда, энг яхши йўл муросачиликдир. Чунки, бошқаларга мулойим ва муросасоз бўлмоқлик олим ва оқилларнинг йўлидир ҳамда яхшилик ва тўғриликнинг калитидир.

Бошқаларга хушмуомала, кечиримли ва муросасоз бўлиш билан ўртада бўлган гина-кудуратлар меҳр – мухаббатга айланади. Ислом дини нуқтаи назаридан жамиятдаги инсонлар орасида муҳаббат, бирдамлик ва иттифоқ бўлиши улкан аҳамиятга эга, шу сабабли икки иймонли одамнинг ўратаси бузилишига ижозат бермайди. Имом Боқир (алайҳис салом) бу борада шундай деганлар: «Қачонки икки мўъмин бир – бирлари билан биродарлик ипини узсалар, учинчи куни биз ҳар иккисидан ҳам безормиз.»

Бошқа бир ҳадисда икки мўъмин уришиб қолса, булардан қайси бири биродари билан ярашиб тезроқ гапиришни бошласа, қиёматда «тезроқ жаннатга киради» дейилган. Қачон кимки бировга ёмонлик қилса, қарши томондан ҳам худди шу нарса унга нисбатан содир бўлишини эҳтимол беради, аммо унга ёмонлик билан жавоб бермаганини, балки яхшилик қилишини кўргач, вужудида ўзгариш пайдо бўлади, виждони уйғонади, ўша қарши томонни буюк бир инсонлигини тушуниб етади. Бундай ҳолда ўртадаги совуқлик, нафрат, гина-кудурат йўқолади, ўрнига иссиқлик, меҳр – муҳаббат, дўстлик пайдо бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларининг ҳаётларида бундай амаллар жуда кўп кўзга ташланади.

Бу масалага бир воқеани намуна сифатида келтирамиз. Бир киши Шомдан Мадинага келади-да, унинг кўзи бир четда ўтирган кишига тушади ва ўша киши унинг эътиборини ўзига жалб этади. Бу киши ким деб сўраганда, «Ҳасан ибни Али» деб, унга жавоб беришади. Ушбу Шомлик шахс Уммавийларнинг Шомдаги «оли Алига» (ҳазрати Алининг фарзандларига) қарши қилган тарғиботлари таъсири остида қолгани боис, жаҳли чиқиб у зотни ҳақорат қила бошлайди, оғзига келганини айтиб ичини бўшатади. Имом Ҳасан (алайҳис салом) аччиғланиб хафа бўлиш ўрнига меҳр – муҳаббатга тўла кўзлари билан унга қарайдилар, унга хушмуомалалик ва кечиримли бўлиш тўғрисидаги бир неча Қуръон оятларини ўқиб бериб: «Биз сенга қандай ёрдам керак бўлса тайёрмиз, Шомликмисан?» деб сўрайдилар. «Ҳа, Шомликман» деб жавоб беради. Шунда ул ҳазрат: «Сен бизнинг шаҳримизда мусофир экансан, агар бирор нарсага эҳтиёжинг бўлса ёрдам бериб, уйимга олиб бориб меҳмон қилай, агар пулинг бўлмаса пул бериб кўмак берай» деб айтадилар.

Мазкур Шомлик киши у зотдан қаттиқ жавобни кутган эди. Бироқ бундай хушмуомалалик ва муросачиликни кўриб: «Шундай ҳолатга тушдимки, ер ёрилса ерга кириб кетишни орзу қилдим, менга шу вақтгача ер юзида Ҳасан ва унинг отасидан кўра ёмонроқ одам йўқ эди. Аммо бу воқеадан кейин менинг олдимда Ҳасан ва унинг отасидан яхшироқ киши йўқдир.» деб айтади. Демак, муросасоз ва кечиримли бўлган инсон халқ орасида муҳаббатга сазовор бўлади, нодонлар билан жанжаллашиш эса халқ наздида инсоннинг қадр – қимматини пастга туширади. Имом Содиқ (алайҳис салом) айтадилар: «Агар қадрли ва ҳурматли бўлишни хоҳласанг мулойим бўл, хор ва паст бўлишни истасанг ғазабли бўл».

Ислом динининг буюк пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хушмуомала ва муросасоз бўлганлари сабабли ислом дини дунёда кенг тарқалди, мусулмонлар сони кўпайди ва бу хислат ислом тарихида катта аҳамиятга эгадир.

Макка мушриклари йиллар давомида мусулмонларни озор – азиятлар билан қийноққа солган ҳамда уларни ўз уй – жой ва ватанларидан ҳайдаб чиқаришган бўлса-да, азиз пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Маккани забт этгач, мана шу мушрикларига умумий авф – кечирим фармонини эълон қилдилар. Бу сахийлик ва олийжаноблик билан қилинган авф натижасида кофир халқ гуруҳ-гуруҳ бўлиб мусулмон бўла бошлади.

Айтиб ўтиш лозимки, муроса қилмоқлик доимий қонун эмас. Чунки, шундай одамлар борки, бу йўлдан фақат ўз манфатлари учун фойдаланишади ва ёмон кирдикорларидан ортга чекинишмайди.

Бошқа тарафдан қараганда, исломнинг усули муросасозлик бўлса ҳам, беҳад кўнгилчанлик ва хушмуомалалик ҳам инсонни қатъиятсиз ва кучсиз қўрқоққа айлантиради. Ислом дини нуқтаи назаридан буткул ғазабли ёки ҳаддан ортиқ муросачи бўлиш ҳам ярамайди. Балки баъзан шароит муросачиликни бир четга суриб қўйиб, қатъиятли ва қаттиққўл бўлишни тақозо қилади. Бундан маълум бўладики, бошқалар билан муомала қилишнинг тўғри йўли «муросачилик ва қатъият» бўлиб, бу иккисидан ўз ўрнида фойдаланиш лозим бўлади. Баъзида муросасозлик билан риёкорлик алмашиб қолади, бунга диққат қилиш керак. Зеро, инсон тўғри йўлда юришда ва Аллоҳнинг динига даъват қилишда сустлик қилиб, ҳақ душманлари билан муроса-мадора қилиш йўлига ўтса ёки бошқаларнинг йўлдан адашганини кўриб туриб эътироз билдирмаса, бундай ҳолатлар риёкорликнинг иллатлари ҳисобланади. Риёкорлик эса жамиятнинг бузилиши ҳамда иззату шавкат қўлдан кетишининг асосий сабабидир.

Хазрат Али (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар: «Кимки хақга душманлик қилса ва залолат йўлида гумроҳликка қадам қўйса, унга қарши жанг қилишда ҳеч қачон бепарволик ва сустлик қилмайман.» Шунингдек, ул ҳазрат ҳақиқатга қарши бўлган кимсалар билан дўстлик ва яхши муносабатда бўлишни маломат қилганлар. Шу боис, ул зот Жамал жангида аҳд-паймонини бузувчи айрим саҳобаларга қарши, Сиффийн жангида ҳаддидан ошган зулмкор Муовияга қарши ва Наҳравон жангида эса ҳақ йўлдан озган Хаворижга қарши қаттиқ курашиб, улар билан заррачалик ҳам муроса қилмадилар.

Шунингдек, сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳам ислом динини кучли тарғибот қилиб уни кенг ёйиш йўлида Макка мушриклари билан сира муросага бормадилар. Балки бу йўлда қаттиқ туриб мушрикларга қарши шиддатли жиҳод олиб бордилар.

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.