Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (с.а) риҳлатлари ҳақида

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (с.а) риҳлатлари ҳақида

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

images582-63Бугун сафар ойининг 28-куни Аллоҳ таолонинг сўнгги элчиси ва пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг риҳлат қилган кунлари, ҳамда имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг шаҳид бўлган кунларига тўғри келади. Бу қайғули кунлар муносабати билан барча мусулмонларга таъзия изҳор этамиз.

Ҳижрий қамарийнинг ўн биринчи йилида сарвар олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ҳақ дийдорига ноил бўлдилар. Ҳолбуки, ул зот энг комил динни инсоният учун ўзларидан мерос қолдирган эдилар. Бу бузруквор шахсият дунё аҳли учун раҳмат ва меҳрибонлик бўлиб, ўзларининг рисолат ва пайғамбарликларидан кўзланган мақсад борасида шундай марҳамат қилганлар:

«Мен ахлоқий кароматларни (олийжанобликларни) камолотга етказиш учун мабъус бўлганман (юборилганман).»

Бундан 1428 йил муқаддам ҳижрий қамарийнинг ўн биринчи йили, сафар ойининг йигирма саккизинчисида, ислом динининг суюкли пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) 63 ёшларида дунёдан кўз юмдилар. Ул ҳазрат ҳижратдан 52 йил бурун Макка шаҳрида таваллуд топдилар. Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) болалик даврларидан бошлаб ўзларининг садоқат ва туғриликлари туфайли Макканинг ўша вақтдаги жамият орасида махсус ўрин эгаллаган эдилар. Шунинг учун ул ҳазратга «Амин», яъни омонатли, ишончли деб лақаб беришган эди. Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) 40 ёшга етганларида, Аллоҳ таолонинг буйруғи билан халқни ягона Худо, адолат ва биродарлик сари ҳидоят этиш учун юксак мартабали нубувват ва рисолат мақомига эришдилар. Ул ҳазрат исломни абадий қоладиган, комил ва оламшумул дин шаклида дунё аҳлига тақдим этдилар.

Энди ўша замондан асрлар ошиб ўтди. Аммо ислом дини ҳозирга қадар тирик ва устувор дин бўлиб қолди ва дунё аҳлининг бир ярим миллиардан ортиқ аҳолиси ушбу самовий ва илоҳий динга издошлик қилишади. Бугунги кунда бу буюк Пайғамбарнинг риҳлатларидан бир неча юз аср ўтаётган бўлса-да, ҳалигача ушбу беназир шахсиятнинг ном ва ёдлари дилларда ўзгача шавқ ва туйғу уйғотади. Дунёнинг кўплаб ўлкаларида бир ярим миллиардан кўпроқ мусулмонлар кундалик ўқиётган намозларида Аллоҳнинг буюк элчиси Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг рисолатларига гувоҳлик берадилар ҳамда ул ҳазратга салом ва салавотлар йўллаб, ул зот армуғон келтирган ислом динига эргашадилар.

Шак-шубҳасиз, ул ҳазратнинг чақириқлари илоҳий ваҳийга асосланганлиги учун ул ҳазратнинг даъватларида ҳеч қандай хато-нуқсон, камчилик ва иккиланишларга ўрин йўқдир.

Дин ниҳолини суғориб, парвариш айлаган бир юз йигирма тўрт минг пайғамбар инсоният жамиятида адолат ва поклик уруғларини экиш учун Аллоҳ таоло томонидан масъул этиб танланганлар. Уларнинг мақсади элни ягона Аллоҳ таоло сари чорлаш, жамиятда адолатни жорий этиш, одамларни жаҳл-нодонлик ва хурофотдан узоқлаштириш, бандаларни камолотлар сари етаклаш бўлган. Ана шу илоҳий пайғамбарларнинг сўнгги ҳалқаси сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дир.

Раҳмат ва меҳр-муҳаббат элчиси бўлган Пайғамбаримиз ўзларидан олдинги пайғамбарлар асос солган бинони қуриб битказишга буюрилган эдилар ва ушбу вазифани шарафли ўтаб, ўзларидан сўнг комил динни башариятга қолдирдилар. Ул зот жамиятда асос солган ҳукуматнинг энг муҳим ва асосий кўрсаткичлари Аллоҳнинг ваҳдонияти (ягоналиги)га ва охират кунига иймон – эътиқоддан иборат. Шу сабабдан, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Нажот топиш учун Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, деб айтинг» нидоси билан инсонлар ҳаётининг барча тармоқларида Аллоҳ таолони ҳозиру нозир деб билиб, тавҳид ва яккахудоликни барча ишларнинг марказида туриши зарурлигини таълим бердилар. Шунга биноан, ул ҳазрат тавҳидий ва илоҳий дунёқараш асосида мангу ва арзирли бир тизим яратдилар.

Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) яратган жамиятда муҳим бўлган бошқа нарса илм ва маърифатга катта эътибор қаратишдан иборат эди. Бу нарсани ул ҳазратга нозил этилган дастлабки оятлардаги «ўқигин, қалам ва илм» каби ибораларда яққол кўриш мумкин.

Ул ҳазрат тузган сиёсий ҳукуматда муҳим бўлган бошқа кўрсаткич адолатга эътибор қаратиш эди. Зеро, борлиқ оламдаги зарур нарсалардан бири адолатдир. Чунки, Аллоҳнинг яратишдаги қонун-қоидалари ҳам адолат асосида қурилган. Жамиятда ижтимоий адолат бўлмас экан, инсонлар саодатга етолмайдилар.

Мутафаккирларнинг таъбири билан айтганда, қуёш чиққач, унинг зиёлари бутун оламни нурафшон айлагани каби, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳам инсоният жамиятидаги тафаккур ва турмуш тарзини ўзгартиришда қуёш вазифасини бажардилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) одамларнинг янгиланиш ва камол топиш қутби эдилар. Тарихнинг гувоҳлик беришича, ул ҳазратга илоҳий ваҳийнинг нозил бўлиши инсониятнинг ақл-идрок ва тафаккури ривожланишига сабаб бўлди. Ул зот маданиятсиз бир қавмдан фидоий, меҳрибон, бир-бирига дўст-биродар бўлган халқни тарбияладилар ва ислом динини тарғиб этиб, умумий таълим-тарбия соҳасида улкан бир ирғишни вужудга келтирдилар. Натижада мусулмонлар ўша замонанинг барча илм-фан ва ҳикматларини зудлик билан ўзлаштиришди. Бу эса Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вужудларининг биз мусулмонларга берган шарофати ва баракотидир.

Аллоҳнинг сўнгги элчиси Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) самовий китоб – Қуръони Каримда турли улкан сифатлар билан таъриф ва тавсиф этилганлар. Қуръони Каримнинг оятларида Сарвари оламга итоат қилиш Аллоҳ таолога итоат қилиш эканлиги ва ул зотнинг кўрсатмаларидан бўйин товлаш Аллоҳдан бўйин товлаш эканлиги уқтирилади. Аллоҳ таоло жуда кўп оятларда сўнгги Пайғамбарнинг шахсият ва юксак аҳлоқларини баён айлаган. Жумладан, муборак «Аҳзоб» сурасининг 56-ояти каримасида ул ҳазратга салому салавотлар йўллаб, эҳтиромли сўзларни қуйидагича баён этган:

﴿إِنَّ اللَّـهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ ۚ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар!»

Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг шахсияти ҳақида нафақат мусулмонлар, балки бошқа динлар вакиллари, ҳатто ҳеч бир динга эътиқод қилмайдиган шахслар ҳам турли ибора ва сўзлар билан ўз фикрларини баён этишган. Бу ўринда Стейнли Лин Пол томонидан Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳақларида баён этилган сўзларга диққатингизни жалб этамиз.

У шундай ёзади: «У тафаккур қудрати, олий фикрлаш, меҳрибонлик, гўзаллик ва ҳис-туйғунинг мусаффолиги нуқтаи назаридан ўзига хос афзалликларга эга эди. Суҳбат қилишда унинг суҳбатлари ҳаммадан ҳам ширин ва қулай эди. Унга яқинлашган ҳар бир шахс зудлик билан унга нисбатан меҳр-муҳаббати ошарди. Бу шахсни кўрган одамлар уни шундай тавсиф этишади: На ушбу тарихдан олдин ва на ушбу тарихдан кейин унга ўхшаган шахсни кўрганимиз йўқ!»

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) адолатсизлик, зулм-истибдод ва жаҳолатга тўлиб-тошган замонда борлиқнинг энг чиройли каломини дунё аҳлига келтириб баралла дедилар:

«Эй ширк ва нодонлик бандида гирифтор бўлган инсонлар, парҳизкор бўлмоқ учун ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб, айтинглар.»

Ул ҳазрат бу нуроний калом остида энг юксак таълимотларни инсонларга тақдим этдилар. Улар ислом динини қабул қилиб, Аллоҳ таолонинг ягоналигига ва Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг рисолатларига (пайғамбарликларига) шаҳодат беришди.

Тарих ушбу ҳақиқатнинг гувоҳидирким, Сарвари коинот томонларидан инсонларнинг қалбларини жалб эта олиш сабаби ҳам улар билан чиройли шаклда муомала қилишларида эди. Эзгу хулқ-атвор, халқ билан муроса-мадора қилиш, эзилган ва йўқсилларга нисбатан ғамхўрлик қилиш ва уларга нисбатан очиқкўнгил бўлиш, ҳамда мансабталаблик ва худбинлик хусусиятларидан ўзоқлашиш Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни барча инсонларнинг қалбидан ўрин эгаллаб, уларнинг меҳр-муҳаббатига сазовор этган эди.

Ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) халқни исломга даъват этишда қатъийлик, устуворлик ва иқтидорни меҳрибонлик ва меҳр-муҳаббат билан ҳамроҳ этган эдилар. Бошқа томондан эса ул ҳазратнинг амал ва сўзлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик халқни исломга жалб этишда катта таъсир кўрсатган эди.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг сийратларида муҳим бўлган асосий нарса бу – халқда ақл юргизиш ва тафаккур қилиш руҳиятини тарбия этиш эди. Ул ҳазратнинг илк таълимотларида билим олишнинг аҳамиятига махсус эътибор қаратилган. Ул зот инсонларни чуқур тафаккур юритиш билан бирга Аллоҳ таолога бандалик ва итоат қилишга даъват этардилар.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) биъсат топган (юборилган) замонда арабларнинг эътиқодлари Парвардигори олам ва маъбуд ҳақида хурофот ва афсоналарга боғлиқ бўлиб қолган эди. Уларнинг ўрталарида тафаккур ва илмдан бирон-бир нишона йўқ эди ва уларнинг аксарияти эса илм ва саводдан баҳра олмаган эдилар. Аёллар ҳеч қандай мавқега эга эмас эдилар ва янги туғилган қиз болаларни тириклайин дафн этардилар.

Бу ўринда илгари суриладиган савол шуки, Сарвари коинот қисқа бир муддат ичида жоҳилият замонида яшаган халқнинг қалбларини забт этиш учун босиб ўтиш қийин бўлган бу йўлни қандай босиб ўтдилар?

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даъватларининг дастлабки хусусиятларидан бири ул ҳазратнинг ақл ва билимга асосланган йўл-йўриқлари эди. Ул зот инсонларни тарбиялашда ақл юритишга чорлаб, ваҳийга асосланган илм ва маърифатга таянардилар ҳамда онгларни жоҳиллик ва қолоқликлардан тозалардилар. Маълумки, ҳидоят топишга ҳозир бўлган ҳар бир соғлом ақл ва фитрат ушбу таълимотларни қабул қилишдан ортга чекинмайди. Ул зот ҳеч қачон бирор шахсни динни қабул қилишга мажбур этмаган эдилар. Уларнинг истак – хоҳишларини эътиборга олиб динга даъват этардилар. У ҳазратда меҳрибонлик ва меҳр-муҳаббат шу даражада юксак эдики, оила аъзоларидан бошлаб ўз саҳобалари ва ёронлари ҳамда болалар ва етим- есирлар, ҳатто мусулмон бўлмаган кишиларни ҳам ўз ичига қамраб олган эди.

Аллоҳ таоло муборак Наҳл сурасининг 125 – ояти каримасида Пайғамбаримизнинг ислом динига даъват қилишларини қуйидагича баён этади:

﴿ادْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَ‌بِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ ۖ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ ۚ إِنَّ رَ‌بَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ ۖ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ

«[Эй Муҳаммад,] Парвардигорингнинг йўлига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат ила даъват қилгин. Сен [билан талашиб – тортишадиган кимсалар] билан энг гўзал услубда мужодала – мунозара қилгин. Албатта, Парвардигорингнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни ўта яхши билгувчи ва У зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам ўта яхши билгувчидир.» (Наҳл сураси, 125-оят)

Шундай экан, нимага мусулмонлардан бир гуруҳининг қалблари гина-кудурат ва ғафлатдан хиралашиб қолиб жаҳолат уларнинг ақлларини қамраб олган?!!

Нима учун ўзини мусулмон деб билган бир тоифа Аллоҳ ва Унинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) номи билан энг фожиали жиноятларни содир этишади ва бунинг билан фахрланишади!!?

Қуръони Каримда Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг рисолат ва нубуввати баракоти билан уруш ва биродаркушлик оловининг сўндирилгани ва ислом нури ила улар бир-бирлари билан меҳрибон бўлганлари таъкидлаб айтилмаганми!!?

Сарвари олам ўзларининг эзгу ва гўзал хулқ-атворлари билан Қуръони Каримда таъриф ва тавсиф этилмаганларми ва ўзларининг меҳрибонлик ва жонкуярликлари туфайли инсонлар қалбларини жалб этмаганларми?!!

Шак-шубҳасиз, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ислом ёғдуси остида энг ёмон хулқ-атворга эга бўлган инсонларни ўзгартирдилар ва улардан буюк ва таъсирчан инсонларни вужудга келтирдилар. Шундай экан, нима учун бугунги кунда мусулмонлардан бир гуруҳи фириб-найрангга дучор бўлиб жоҳилият замонига қайтишмоқда?!!

Исломдаги бошқа мазҳабларга тобе бўлганлигининг баҳонаси билан кекса ёшдаги бегуноҳ инсонлар, болалар, аёл ва эркакларни оммавий қатл этиш пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг меҳр-муҳаббатга асосланган сийратларининг олий таълимотларига ва ислом дини мантиғига ошкора қарама-қарши ва зид эмасми?!! Бундай террорчи ва экстремист гуруҳларни қандайига мусулмон деб аташ мумкин?!!

Аллоҳ таолонинг сўнгги элчиси бўлмиш Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хулқ-атвор ва сийратлари билан ошно бўлмоқлик ислом динини ўрганиш йўлларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръонда Ўзининг сўнгги элчисини бутун инсоният учун комил ўрнак ва намуна деб, таништиради:

﴿لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَ‌سُولِ اللَّـهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْ‌جُو اللَّـهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ‌ وَذَكَرَ‌ اللَّـهَ كَثِيرً‌ا

«Шубҳасиз, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор.» (Аҳзоб сураси, 21-оят)

Ҳижрий қамарийнинг ўн биринчи йили, сафар ойининг йигирма саккизинчи кунида Аллоҳнинг биз бандалар орасидан танлаган ҳабиби ва сўнгги элчиси, инсоният тарихидаги энг улуғ шахсият одамлар орасидан кетиб, уларнинг қалбини ғам-ғуссага ботирган бўлсалар-да, аммо ул ҳазратнинг халқ орасида замонлар ўтган сайин ёлқинланиб ривожланаётган, жозибаси кун сайин янги-янги одамлар гуруҳини ўзига жалб этаётган муқаддас ислом динини қолдириб кетдилар.

Исломга иймон келтирган инглис олими Линкс Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) динининг бу даражада кенг тарқалиши сабаби икки нарсада эканлигини таъкидлайди:

1. Ҳидоят қудратига эга бўлган Қуръони Каримнинг нуроний оятлари;

2. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) юксак шахсиятлари.

Доктор Линкснинг фикрича, Аллоҳ Расулининг инсоният учун келтирган энг яхши ҳадяси башарият аҳли учун келажакнинг порлоқ йўлини очиб бериши ва умматини ўз ҳолига ташлаб қўймасликка ваъда қилиши эди.

Раҳмат ва меҳрибонлик элчиси ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг риҳлат этган кунларида Аллоҳ таолодан ҳақиқий исломдан ғофил бўлган қалбларга огоҳлик нурини ато этишини ва исломнинг ҳақиқий душманлари баробарида мусулмонларнинг сафларини янада мустаҳкамлашни тилаб қоламиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.